loader
Foto

Миллатларнинг юксалиши ва таназзули

Ҳозирги даврдаги ривожланган мамлакатлар ушбу тавсияларни амалиётга татбиқ қилган ва бунинг натижасида улар иқтисодиётда қўшимча даромадларини ошириб, таълим ва инсон учун керакли бўлган бошқа соҳаларга керакли заҳираларни йўналтиришга мувоффақ бўлганлар. Ўз навбатида Ибн Халдун савдо-сотиққа ва ишлаб чиқаришни бўғиб ташлайдиган солиқ ва тарифларга қарши чиққан. Шунингдек у давлатнинг ишлаб чиқариш ва савдода иштирок этишини ҳам мақул кўрмаган. Унга кўра, бюрократлар тижорий фаолият асосларини тушунишга қодир эмас ва уларда савдогарларникидек (тижорий) мақсад бўлмайди (мотивация). У иқтисоддаги қўшимча даромад, савдо ва ишлаб чиқаришга аралашаётган мамлакатларнинг таназзулга юз тутишини башорат қилган эди. Унга кўра, катта армия тижорат, ишлаб чиқариш ва иқтисодий даромаднинг кўпайишига тўсқинлик қилади.

Ибн Халдун тарафидан таъриф берилган иқтисодиёт асосларининг соғлом томойилларини энди ривожланаётган мамлакатлар ҳам тушуниб етмоқдалар. Бу ерларда привитизацияга (хусусийлаштиришга) мойиллик кучайиши кузатилмоқда. Ривожланган мамлакатлар армия ва ҳарбий-саноат комплексларига пул ажратишни (инвестиция) камайтириш эвазига таълим, илм-фан ва техника соҳасига пул ажратиб хусусий сектор самарадорлиги ва унинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини оширишга уринишмоқда. Бундан ташқари, мазкур саноат ривожланган мамлакатлар имтёзли солиқ солиш сиёсатини ҳам юритиб, тижорат ва ишлаб чиқариш соҳаларининг гуллаб-яшнашига ёрдам беришмоқда. Қуйида сўз борадиган шу ва бошқа иқтисодий асослар Ибн Халдун фикрига кўра, цивилизациялашган жамият қуриш учун зарурий шартлар бўлиб хизмат қилади.

ИБН ХАЛДУН ИҚТИСОД ҲАҚИДА

Ибн Халдун иқтисодиёт вазифаларини биринчи бўлиб тасниф қилган олим саналади. Қўшимча фойда олиш учун ишлаб чиқариш, техник база ва ташқи савдонинг муҳимлигини асослаб беради. Ҳамда давлат, унинг барқарорлаштириш (стабилизация) сиёсати билан ишлаб чиқариш ва аҳолини иш билан таъминлашини таҳлил қилиб чиқади.

Бундан ташқари, Ибн Халдунни оптимал даражада солиқ солиш, давлат хизматларини қисқартириш, имтиёз ва моддий рағбатлантириш, ташкилий тузулмалар, қонунлар, иқтисодиётда кутилган натижалар, ишлаб чиқариш ва қиймат назариялари каби масалалар қизиқтирар эди. Ибн Халдун иқтисодаги қўшимча даромад ҳақида билимга эга бўлган энг биринчи иқтисодчи ҳамда миллатларнинг юксалиши ва таназзули ҳақидаги илк биологик назариясини тақдим қилган аллома ҳамдир. Унинг ихчам бўлган умумий иқтисод назарияси унинг тарихга ёндашувини ҳам белгилаб берди. Иқтисод назарияси тарихида ҳали ҳеч ким бу тарзда умумий иқтисод назариясини ишлаб чиқмаган, яъни Ибн Халдуннинг “Муқаддимаси”си каби цивилизациялар, мамлакат ва империяларнинг юксалиши ва таназзулини тушунтириш ва башорат қилиш фикри мавжуд бўлмаган. Унинг қарашлари (таълимоти) нафақат меҳнат тақсимоти ва инвестиция (сармоя) тушунчаларини, савдо, ишлаб чиқариш соҳасидаги давлат сиёсати оқибатларини амалий ва назарий жиҳатдан ҳам тушунтириб бера олади, балки бир ёки бошқа давлатнинг қай даражада яшовчанлигини башорат қилиш имконини беради.

ИБН ХАЛДУН ДАВЛАТ ҲАҚИДА

Мадомики давлат, жамият, сиёсат ва мамлакат иқтисоди ҳаётида ҳамда жамият фарованлигида муҳим вазифани бажарар экан унда давлат роли ва табиатини тушунтириб бериш керак. Ибн Халдун фикрича, хўжалик фаолиятларига ёрдам бўлиши учун давлат вазифаси қонун ва тартиб-интизомни  сақлашдан иборат. Бундан ташқари, ривожланган жамиятда тижорат ва ишлаб чиқаришни амалга ошириш учун мулк ҳимояси, тижорий йўллар, тинчлик ва барқарорлик керак бўлади. Давлат сиёсати иқтисодий фаоллик учун қулайликлар яратиб берса қўшимча даромад ҳам пайдо бўлади. Зарур бўлган хизматларни ва давлат ташкилотларининг мувофиқ тарзда фаолият юритишини таъминлаш учун, давлат солиққа тортиш орқали неъматларнинг эҳтиёждан ортиқча қисмини ундириб туриши лозим. Ибн Халдун фикрича, давлат солиқлари билан ишлаб чиқариш ва савдога тўсиқ қўймасагина оптимал солиқ солиш ҳақида гапирса бўлади. Агар давлат иқтисоддаги қўшимча даромадга ҳаддан ошиқ солиқлар солиши билан бюрократик тизим ҳажмини ва ёланма армияни кўпайтиришга ҳаракат қилса ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ заифлашиб қолади. Натижада иқтисоддаги қўшимча даромаднинг тушиб кетиши юз беради. Шунинг учун ҳам, “давлатдаги ҳукуматнинг мутлоқ даражада кучайиши иқтисод равнақи мамлакат ва шаҳарнинг таназзулга юз тутишининг сабабидандир. Чунки, ҳаддан ошиқ солиқлар солиш, катта армия ва бюракратик аппарат тадбиркорларнинг иқтисодий фаоллигига тўсиқ бўлади. Бу эса давлат ялпи даромадларини камайишига олиб келади ва мазкур даромадларни кўпайтириш бўйича янги чоралар кўришни тақозо этади: натурал шаклдаги солиқлар, акцизлар, мусодара қилиш ва энг ачинарлиси, давлатнинг тижоратда иштирок этиши ҳисобига иқтисодий фаолиятга бевосита аралашуви шулар жумласидандир”.

Ибн Халдун фикрича, давлат тадбиркорлар кутган натижаларини ўзгартириш мажбуриятини ўзига олиши керак, янги иш жойларини ва ишончни қарор топтириш учун жамоат хизматини ташкиллаштириш билан шуғулланиши лозим.  Барқарорлик доирасида мамлакат ичида йўллар қуриши, савдо марказлари ва ишлаб чиқариш ва тижорат ривожланишини қўллаб-қувватлаши учун бошқа чораларни ҳам кўриши керак. Бироқ, “давлатнинг ўзи тижорат қилиш мақсадида иқтисодий фаолиятга тўғридан-тўғри аралашуви” давлат ва унинг иқтисодини таназзулга олиб келиши мумкин. Тижорат ишларига армиянинг аралашуви бюрократик аппарат ва армиянинг ўсишига сабаб бўлади. Давлатнинг тижорий ва иқтисодий ишларига аралашуви натижасида тадбиркорлар ўз ишларидан нормал равишда даромад кўришдан маҳрум бўлишади. Давлатнинг тиранияга айланиши унинг тижорий ҳамда иқтисодий фаолиятларга тўғридан тўғри аралашувидан келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида тижорат, ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги тадбиркорликнинг касодга учрашига сабаб бўлади. Натижада қўшимча даромад кескин равишда камайиб кетади. Шаҳар ва саноат маркази аҳолилари яшаш учун бошқа жойларни излашга тушишади. Улар шаҳарларни тарк қилишади ва бунинг оқибатида маҳсулот ва хизматларга талаб камайиб кетади, цивилизациялашган ҳаёт тарзи ҳамда иқтисод касодга учрай бошлайди. Оқибат бутун мамлакат орқага қараб, примитив ҳолатга қайтади. Ишлаб чиқариш ва иш ўринларини яратишда таклифга нисбатан талабнинг ошиб кетиши ҳақидаги ғояси билан Кейнс бутун жаҳон эътиборни ўзга қаратган пайтдан 5 аср олдин ибн Халдун  талабни керагидан ортиқча даражада бўлиб кетишида давлатни иқтисодий барқарорлашувдаги ўрни ҳақида ёзиб кетган эди. Ибн Халдуннинг ёзишича, кўп бўғинли бошқарув тизимлари (бюрократия) чекланган, вазифаси қонунийлик ва тартибни таъминлашга қаратилган камсонли қўшинга эга, фуқаролардан давлат фаолиятини молиялаштириш учун оз миқдорда солиқ олинадиган давлат - энг яхши давлатдир.

ИБН ХУЛДУН ИХТИСОСЛАШИШ ВА ҚЎШИМЧА ДАРОМАД ҲАҚИДА

Ибн Халдун инсоннинг ҳатти-ҳаракати ва унинг тарихини ўрганиш учун иқтисод, жамиятшунослик, сиёсатшунослик ва бошқа фанларни ўрганган. Ибн Халдун Адам Смитдан 300 йил олдин  меҳнатнинг тақсим бўлиши қўшимча даромаднинг муҳим манбаси деб айтган. Унга кўра, бирор бир ихтисос бўйича муҳит соғлом бўлса тадбиркор кейинчалик тижорат ва ишлаб чиқаришга қизиқади. Ҳақиқатдан ҳам инсон сарф қилган сайъ-ҳаракатлари эвазига даромад олган жойларда ихтисослашиш амалга ошади.

Қонун ва тартиб жорий бўлиши шарти билан бирон бир ихтисос ишчи кучи, ишлаб чиқариш ва солиқ миқдори  билан боғлиқ бўлади. Ибн Халдун меҳнат фаолияти турларининг махсуслашуви ҳақида қуйидагича фикр билдиради. “Ҳар қандай хунар тури ўз усталарига мухтождир, аниқроқ айтсак моҳир усталарга мухтождир. Ишлаб чиқариш қанчалик турфа (муарракаб) бўлса, унда иштирок этувчилар ҳам кўп бўлади, кўп одамлар шу иш билан банд бўладилар. Ишчиларнинг ҳар бир гуруҳи ўз иши бажаради.  Аста-секинлик билан иш жараёнида иш турлари ҳам кўпайиб, бу иш билан банд бўлган ишчилар ҳам тажрибага эга бўлиб бораверадилар. Бир нарсани қайта-қайта такрор қилиниши ва вақт хунарларнинг пайдо бўлиши ва илдиз олишига сабаб бўлади”. Ушбу сўзлар билан ибн Халдун оммавий ишлаб чиқариш асослари ҳамда тажриба асосида таълим олиш, иш самародорлиги ва моҳирлигини ошириш билан тажриба ортишига ҳам ишора қилади. Бироқ, ибн Халдун ўз асарларида зикр қилиб ўтган тушунчалар ҳақида иқтисодга оид адабиётларга фақат 50 йиллардагина зикр қилина бошланди. Ибн Халдунга кўра, “бир гуруҳ одамларнинг ўзаро ҳаракатлари туфайли ишлаб чиқарилган маҳсулот адади бир неча баробар кўпроқ одамларнинг эҳтиёжини қоплайдиган” меҳнат тақсимоти ишлаб чиқариш омилларининг турли функцияларини мувофиқлаштиришни кўзда тутади.

Кейинчалик худди шу мавзуда, ишлаб чиқарувчи кўрадиган фойда ҳақида Адам Смит "улар ўз меҳнат маҳсулини сотаётганида, ёки очиқроқ айтганда, тайёрланган маҳсулотлар таннархига ўз ишчилари (қилган хизмат)ни ҳам қўшиб сотаётганларида", деб ёзган.

Ибн Халдун меҳнат тақсимотини ва ўз-ўзидан, унинг ички уйғунлигини иқтисодий жиҳатдан қисқача асослаб берган: “Ижтимоий меҳнат ишлаб чиқарувчиларнинг эҳтиёжига нисбатан кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга имконият беради”. Бу ҳақида у “кооперация ёрдами билан ишчилар ўзларидан бирмунча кўп бўлган ишчиларнинг талабларини қондиришлари мумкин бўлади”, деган. Ибн Халдун, ишлаб чиқариш омилларини бозор кучлари билан мослаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлашни тадбиркорчилик функцияси деб ҳисоблаган. Тинчлик, қонунчилик ва тартибот ҳукмрон бўлган шароитда аҳоли сони қанчалик кўп бўлса меҳнат фаолияти турлари ўшанчалик кўп бўлади.

Ибн Халдун фикрича меҳнат тақсимоти иқтисодий жиҳатдан ишлаб чиқаришда маҳсулотнинг ортиб қолиши билан юзага келган. Бу қўшимча даромадларнинг келиб чиқишини қисман (ўзича) тушунган Рикардо ва Маркс ишчилар синфини эксплуатация қилинаётгани ҳақида хулоса қилишларига сабаб бўлди. Яъни Рикардо ва Карл Маркслар Ибн Халдуннинг қунутсиз шогирдлари каби унинг қўшимча даромад назариясининг бир қисмига шарҳ бера олдилар. Айнан шу адашиш Маркснинг “меҳнатнинг ўзи ишлаб чиқарувчидир”, дейишига сабаб бўлган. Меҳнат қўшимча қийматнинг шаклланишининг ягона манбаси бўлгани учун ҳам капиталистлар эксплуатация билан шуғулланиб қўшимча даромадларни ўзлариники қилиб олишмоқда. Капиталистлар меҳнатни эксплуатация қилишга чек қўйиш учун Карл Маркс инқилоблар воситасида ва капиталистларни йўқ қилиб ташлаш билан жамиятнинг ижтимоий тузумини ўзгартиришни таклиф қилади. Бошқа томондан, ибн Халдун, "одам кўрадиган фойда ўз меҳнатидан олинадиган қийматнинг ўзи" эканига ҳам ишора қилади. У "ушбу фойдаларни яратувчи фойдаланиладиган катта ҳажмдаги ишчи кучи ёрдамида олинган катта фойда" ҳақида гапиради. Шу билан бирга, ибн Халдун нафақат ишчиларнинг, балки тадбиркорларнинг ҳам унумли фаолиятини инобатга олади. Бу ҳолатда эксплуатация ҳақида гапириш ноўрин.

Ибн Халдун ишчиларни ҳам, тадбиркорларни ҳам жамиятнинг ҳурматга сазовор аъзолари деб ҳисоблайди. Улар ўз меҳнат фаолиятларидан даромад ва иш ҳақи кўринишида тўлалигича фойда олишга ҳаракат қилишади. Ибн Халдунга кўра, фойда кўриш савдо муомалаларининг асосий сабаби бўлса, фойда олишга умид қилиш ишлаб чиқариш кенгайишига олиб келади.  “Коммерция, маҳсулотни арзон нархда сотиб олиб уни баланд нархда сотиш йўли билан, капитални кенгайтириш ҳисобига фойда олишни назарда тутади”. Яъни, умумий маъноси “арзонга олиб, қимматга сотиш”. Ибн Халдунга инсоннинг меҳнатидан топган даромади қийматга эга, аммо бу қиймат, ишчи кучининг талаб ва таклиф қонунларидан келиб чиқадиган қиймат экани равшан эди. Айнан шу нарсани Карл Маркс ва унинг қизиққон тарафдорлари инобатга олишмаган.

Ибн Халдуннинг фикрича, ишлаб чиқариш омилларининг иқтисодий неъматларнинг оширишга йўналтирилганлиги, мувофиқлаштирилганлиги ва ўзаро боғланганлиги – бу тадбиркор (учун) жуда муҳим ва бебаҳо жараён ҳисобланиб, у ўз хўжалик фаолиятидан манфаат олиш учун саъйи-ҳаракат қилади". У ўзининг вақтини, кучини ҳамда капиталини “арзонроқ олиб қимматроқ сотиб” фойда олиш учун маҳсулот ва хизматни қидиришга сарфлайди. Ибн Халдун фойдали равишда мувофиқлаштирувчи ва омилларни ишлаб чиқаришга йўналтирувчи тадбиркорлик ҳаракатини юқори баҳолайди. Шу сабабли улар ўзларининг таваккал иш қилишга асосланадиган корхоналаридан адолатли равишда фойда олишга ҳақлидир   Бу борада, Карл Маркс, Давид Риккардолар янглишишган.

ИБН ХАЛДУН ТАЛАБ ВА ТАКЛИФ ҲАҚИДА

Бошқа олимларга қараганда Ибн Халдун ишлаб чиқариш ва махсулотларнинг нархи талаб ва таклифдан келиб чиқишини қайд қилиб ўтган. Агар махсулот наёб бўлиб, унга талаб катта бўлса, унинг баҳоси ҳам қиммат бўлади. Тижортчи, бундай маҳсулотни наёб бўлмаган ва арзон жойдан олиб, унга талаб бўлаётган ва наёб жойда қиммат нархда сотади. Бундан ташқари у Маршалл тушунчасидаги узоқ муддатли даромад концепциясини таклиф қилган.

ИБН ХАЛДУН КРЕДИТ-ПУЛ СИЁСАТИ ҲАҚИДА

Ибн Халдун стабил пул-кредит сиёсатини қўллаб-қувватлайди. У ҳукуматнинг валюта баҳосида ўйин қилишга қаршидир. Олимга кўра, ҳукумат пулни қадрсизлантиришга қизиқиб кетиши мумкин. Бу жараён инфляцияга (пулнинг қадрсланишига) олиб келади. Аҳолининг валютага бўлган ишончи йўқолади. Бу эса, олимга кўра, адолатсиз ва мақул нарса эмас.  Пулларнинг ҳарид қилиш имкониятларини ҳимоя қилиш давлатнинг бирламчи вазифаси бўлса ҳам уни адолат асосларида амалга оширмоғи лозим. Бунинг учун у мустқаил кредит-молиявий ташкилотларни ташкил қилишни таклиф қилади. Мазкур ташкилот эса бош қозига (олий маҳкамага) буйинсинадиган “тақводор одамга” топширилиши керак. У ҳам ўз ўрнида ҳукуматнинг пулларнинг қадрсизланиши борасидаги ўйинларига йўл қўймаслиги керак. Ибн Халдун изидан АҚШ Федерал резерв бошқармаси, Англия Банки, Германия Бундесбанки инфляцияни чеклаш ва миллий валюта барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган мустақил молия-кредит сиёсатини олиб бормоқда. Бундан ташқари Ибн Халдун пул миқдори ҳақида ҳам гапирган. Пулнинг замонавий назарияси “пул миқдори мамлакат фаровонлиги учун аҳамиятсиз” деган унинг фикрига таянади.

Олимнинг фикрича, монетар (пул-кредит сиёсати) сиёсат пулнинг харид қобилиятини ҳимоя қилишга қаратилган ва пухта ўйланган, барқарор бўлиши лозим, бу масала адолат масаласидир. Аҳоли (фуқаролар) ҳукмдорларнинг пулларнинг қадрини туширувчи адолатсизлик сиёсатидан ҳимояланган бўлишлари шарт. Барқарор миллий валюта ҳалқнинг пуллар, савдо ва ишлаб чиқаришга бўлган ишончини ошишига олиб келади.

ИБН ХАЛДУН ҚАЙД ҚИЛИБ БОРИЛАДИГАН ҚИЙМАТ ҲАҚИДА

Ибн Халдун давлатнинг нафақат ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳасига аралашувига, балки товар ва хизматлар нархининг шаклланишига аралашувига қарши бўлган. Агар давлат аралашар экан, у албатта, ўз қудрати ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “маҳсулотни энг арзон нархда сотиб олиши”, ҳукумат “сотувчини нархни пасайтиришга мажбурлаши” ва “савдогар ёки фермерларга товар керак бўлса ундан сотиб олишга мажбурлаши мумкин”. Бундай турдаги сиёсат Ибн Халдуннинг фикрича, қуйидаги натижаларга олиб келади:

1.    “Фермерлар ва савдогарлар ўзлари ишлаб топадиган ва ўзларини таъминлай оладиган савдо билан ортиқ мустақил шуғулланишга қодир бўлмайди”.

2.    Тадбиркорликда бюджет-солиқ тизимига зарар келтирадиган (тизимни бузадиган) барча ташаббускорларни йўқ қилиш (йўқотиш)га ўхшаш тажрибанинг доимий бўлиши.

3.    “Вақт ўтиб, савдони бошқаришда қатнашиш маданият ва цивилизациянинг бузилишига олиб келиши мумкин”.

4.    Нархларни белгилаб қўйиш сиёсати “давлатнинг тижорат ёки қишлоқ  хўжалиги соҳасида тадбиркорлага салбий таъсир кўрсатадиган ва уларнинг даромадлари шунингдек маданий фаолликнинг пасайишига олиб келадиган даражадаги аралашуви тадбиркорлик субъектлари учун янада хавфлироқ, салбий ва бузғунчи бўлиши мумкин”.

Ибн Халдуннинг ушбу таҳлилларига кўра, Миср, Жазоир ва дунёнинг бошқа бир қанча давлатларидаги қолоқ яшаш даражаси савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида давлат назорати ва сиёсат билан белгиланган нархлар билан боғлиқдир. Ҳақиқатдан ҳам қайд қилинган нарх-наволар хориждан ёрдам сифатида келаётган озиқ-овқаларга мазкур мамлакатларни янада қарам қилди ва уларнинг қарзларини янада ошириб юборди. Шундай бўлса ҳам мазкур мамлакатларнинг баъзилари аста-секин Ибн Халдун тавсияларига амал қилишга ўта бошлашди. Бу эса яхшилик аломатидир.

ИБН ХАЛДУН ХУСУСИЙ МУЛКЧИЛИК ҲАҚИДА

1960 йиллардан сўнг баъзи иқтисодчилар, айниқса АҚШда хусусий мулкка эга бўлиш ҳуқуқи ва унинг иқтисод ривожланишига таъсири мавзусига кўп мурожаат қиладиган бўлиб қолди. Ибн Халдун бир неча юз олдин бу масала бўйича ўз фикрини билдириб ўтган. Мулкдорлар ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланиши ва қонуний мустаҳкамланиши цивилизация яшаб қолишининг асосидир. Ибн Халдун фикрича, “одамда мулкка эга бўлиш хоҳиши йўқолганда, у ҳеч қандай чора-тадбир кўрмайди”. Мулкдор томонидан амалга оширилган ҳуқуқбузарликлар даражаси ва сони, мулкка эга бўлишга йўналтирилган субъект ҳаракатларининг қанчалик бўшашганлигини кўрсатади.

     Ибн Халдун агар шахсий мулк ҳимоя қилинмайдиган бўлса иқтисодий фаоллик таназзулга юз тутиши ҳақида башорат беради: Агар мол-мулкка қилинган ҳужумлар кичик ҳажмда бўлса, фойда олишга қаратилган ҳаракатларнинг тўхтатилиши ҳам, ўз навбатида, қисқа муддатли бўлади. Тамаддун, унинг бойиши ва ишлаб чиқаришнинг гуллаб-яшнаши самарадорлик, меҳнат ресурслари ҳамда одамларнинг фойда олишга қаратилган турли ҳаракатларига боғлиқ. Агар одамлар тирикчилик учун зарур бўлган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни тўхтатадиган бўлса, уларга даромад келтирадиган ишлар билан ортиқ шуғулланмаса, тадбиркорликда пасайиш кузатилади бошқа нарсалар ҳам пасаяди.

Ибн Холдун мулкдорлик ва адолат ўртасида узвий алоқадорлик мавжуд деб ҳисоблайди. Унга кўра, “инсон фақат хусусий мулки учунгина мавжуд бўла олади. Хусусий мулкчиликни  таъминлашнинг ягона усули – бу рағбатлантиришдир. Рағбатлантириш эса фақат адолат нуқтаи назаридан амалга оширилади, зеро у инсониятнинг ибтдосидаги мувозанатга асосланади”. Хусусий мулкка ҳужум ҳар доим адолатсизлик ифодаси ҳисобланган. Ибн Халдуннинг айтишича, адолатсиз тарзда солиқ солаётганлар зулм қилаётган бўлади. Бировнинг мулкига кўз олайтирганлар зулм қилган бўлади. Бировнинг молини олиб қўйганлар золимдир.  Одамларга ўз ҳуқуқларидан фойдаланишга йўл бермаётганлар зулм қилаётганлардир. Умуман олганда бировнинг мулкини куч ишлатиб олиш зулм ҳисобланади, зулм эса ҳар қандай цивилизацияни йўқ қилади”. Ибн Хулдун хусусий мулк ҳуқуқи ва адолатга риоя қилиш Ислом динида ёрқин намаён бўлганини таъкидлайди  Унга кўра, адолат йўқ жойда “инсон зотини йўқ қилиш амалга оширилган бўлади”. Ислом шариати буйруқлари ва қайтариқларидан асосан инсоннинг қуйидаги беш жиҳатига манфаатни жалб қилиш ва улардан зарарни дафъ қилиш кўзланади.

1.Дин.

2.Жон.

3.Ақл.

4.Насл.

5.Мол.

Мадомики, “золимлар цивилизацияларни вайрон қилиш билан инсониятни йўқ қилишга чақирар экан, шунинг ўзигина зулмни тақиқлашга асос бўла олади”. Ривожланаётган ва коммунистик мамлакатлар нисбий қолоқлигининг сабабини мулкдорлар ҳуқуқини яхши ҳимояламаслигида деб билиш керак . Ибн Халдун назарияси шуни кўрсатадики, бошқа ўзгармас шартларда, давлатнинг кучли мулкий ҳуқуққа эга эканлиги юқори тараққиётга эришишга, мулкий ҳуқуқининг кучсизлиги эса қашшоқ ҳолда қолиб кетишига олиб келади.

ХУЛОСА

Шундай қилиб Ибн Холдун иқтисодий ўсиш ёки пасайиш билан асосланувчи цивилизациянинг ўсиши ёки тўхташига таъсир қилувчи инсон ва жамият ҳатти-ҳаракатини яхлит тизим ва бутун инсоният бир қисми сифатида ўрганган илғор назариётчилардан бири бўлган. Даставвал “фаровон турмуш тарзи инсонни қаҳрамонона ҳатти-ҳаракатлар учун илхом бағишлайди, уни жасоратга, курашга, қийинчиликларни енгишга, яратувчанликка чорлайди. Кейин эса инсон яна курашади, аммо энди аввалгидай умидлари ушалиши учун эмас, очлик қўрқуви туфайли у ёввойи (ибтидоий) одам каби шунчаки жон сақлаш учун курашади, у энди яна  “ҳайвоний” ҳаётга қайтиб, ўзининг “ҳайвоний” табиатини ошкор қилади”. Айтиш мумкинки, ибн Халдун ҳеч қандай рецепт бермайди, цвилизациянинг барбод бўлишидан қоча оламизми, бу одамларнинг шахсий жавобгарлик ҳиссини ўстириш ёки товар ва хизмат кўрсатишда соҳаларида фан ва техник изланишлар ва уларга инвестициялар қаратиш орқали амалга оширилади. Бу  албатта иқтисодда қўшимча дарамоднинг ўсиши ва давлатнинг бюрократик машиналари ва ҳарбий кучини ақл доирасида ушлаб туриш билан амалга ошади. Бизни ҳанузгача бир савол қизиқтирмоқда, ўз даврида, Юнон, Рим ёки Ислом цивилизацияларининг таназзулини олдини олиш мумкин эдими. Биз билмаймиз Британия империяси нисбатан таназзулига йўл қўймаслик мумкинми. АҚШ ва Россия  - Япония, Европа иттифоқи, Хитой ва Ҳиндистон билан рақобатбардошликни йўқотмаслик мақсадида солиқларни камайтириш ва ҳарбий чиқимларни камайтириш ва фан, таълим, технологиялар тараққиётига инвестициялар миқдорини ошириш учун қўлидан келган барча ишни қилмоқда. Вақти келиб кўрамиз бу чоралар иқтисод ва тараққиёт даражасини кўтарилишига ижобий таъсир қиладими, йўқми.

Ибн Холдун ҳақиқатдан ҳам иқтисоднинг фундаментал тушунчаларини уларнинг расман туғилишидан анча илгари очиб берганлигига амин бўламиз.

У Адам Смитгача меҳнат тақсимотининг қиймати ва аҳамиятини кашф қилди, меҳнатнинг қиймат назариясини очишда Рикардодан, давлатнинг иқтисодиётни барқарор тутиб турувчи вазифаси борасида эса Кейнесдан ўзиб кетди. Шарқий Европада ислоҳотлар Ибн Халдун тузуклари асосида хусусийлаштириш ва хусусий мулкдорлар ҳақ-ҳуқуқ ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётганлигини кузатиш мумкин. Бу мамлакатлар маҳсулот ва хизматнинг давлат томонидан назорат қилиниши тобора камайтирилмоқда. Бундан ташқари унинг назариясига асосланиб, эркин тадбиркорлик ва тадбиркорлик ғайрат-шижоати масаласи қайтадан кўриб чиқилиши муҳимлигини аён бўлади. Бу мамлакатлар ортиқча армия захиралари ва оғир юкли давлат аппаратидан озод бўлишни қайтадан кўриб чиқади. Шу нарса аёнки, ибн Халдун юксак тараққий топган жамият қуриш борасидаги таклиф ва тавсиялари, ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг тавсияларига қулоқ тутганларни юксак тараққиёт кутмоқда, айни пайтда унга қарши чиққанларни умидсизлик ҳолати кутиб турганидек.

“Ибн Халдуннинг иқтисодий назарияси” мақоласи  асосида

Абу Муслим тайёрлади