Оролбўйи минтақасини ҳар жиҳатдан ривожлантириш бўйича ҳукуматимиз томонидан амалий ишлар бажарилмоқда. Айниқса, аҳолини иш билан таъминлаш, оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш ва атроф-муҳитни ўнглашга қаратилган манзилли дастурлар ижро қилинмоқда.
Муфтий ҳазратларининг ушбу минтақага ишчи гуруҳлар қаторида уюштирган сафарлари мобайнида у ердаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар қилиш, олиб борилаётган ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмай, Давлатимиз Раҳбари томонидан белгиланган муҳим вазифаларни адо этишда соҳа ходимларининг муносиб ҳиссасини таъминлашга ундамоқдалар.
Ушбу сўзларнинг амалий ифодаси сифатида Муфтий ҳазратлари Диний идора ҳисобидан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётини маънавий-маърифий соҳадаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион сўм хайрия сифатида ажратилди. Мазкур молиявий ёрдам минтақадаги масжид-мадрасалар фаолиятини яхшилаш ва диний соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш кабиларга йўналтирилади.
Маълумки, Қорақалпоғистонда 61 та жоме масжид фаолият юритади. Уларда 16 нафар олий маълумотли, 45 нафар ўрта махсус имом-хатиблар меҳнат қилади. Шунингдек, мазкур масжидларда 5 нафар олий маълумотли, 63 нафар ўрта махсус имом ноиблари ҳам хизмат кўрсатмоқда.
Ўтган йили 8 нафар имом-хатиб Тошкент ислом институти ҳузуридаги модуль таълим тизимига олий маълумотли қилиш учун ўқишга қабул қилинди. Бундан ташқари, 2 нафар имом-хатиб Тошкент ислом институти сиртқи бўлимини муваффақиятли тамомлади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти тасарруфидаги диний ташкилотлар ва соҳа ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишларини бундан буён ҳам давом эттирилади.