loader
Foto

Буюк армия ҳақида афсона фош қилинди. Нима учун Путиннинг Украинадаги фиаскоси бу – Россиянинг буюк давлат сифатидаги мақомининг якуни

Бу ҳақида илгари 10 йил давомида Time журналининг муҳаррири бўлиб ишлаган Дэвид фон Дреле Украина билан урушнинг дастлабки уч ҳафтаси якунлари бўйича The Washington Post газетасида ёзди.

Ушбу материалнинг тўлиқ таржимаси билан танишиб чиқишни таклиф қиламиз.

***

Россия Украина шаҳарларини ваҳимага солаётган бомбардимон куч намойиши каби кўриниши мумкин. Миллионлаб одамлар қочқинга айланди, бинолар вайронага айланди. Бироқ, Владимир Путиннинг ҳалокатли хатосидан уч ҳафта ўтиб, ҳақиқий воқеа Россиянинг заифлигидир.

Путиннинг блицкригида яшин тезлигининг йўқлиги дастлабки қўшинларни жойлаштиришнинг муваффақиятсизлиги эмас, балки ҳарбий кучнинг етишмаслиги бўлиб кўринади. Россия раҳбари ҳақиқатдан ҳам Владимир Зеленский ҳукумати ўз ҳаётини сақлаш учун қочиб кетишига, бу унга Киевни ўз қўлига олишга имкон беришига ишониб, хато қилди. Аммо ҳозирда Кремл томонидан қўлланиладиган қайта кўриб чиқилган тактикалар 21-аср жанговар кучларининг тактикаси эмас.

Путинча ахмоқликнинг биринчи куни, 24 февраль, ўтмишга назар ташлаганда жуда аниқ кўринади. Россия ўз босқинини 1991 йилги Форс кўрфази уруши пайтида Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари томонидан ёзилган супер куч сценарийсидан фойдаланган ҳолда бошлади. Катта қуруқликдаги кучларни жалб қилган ҳолда, руслар Украина бўйлаб радарлар, зенит батареялари ва учиш-қўниш йўлларини издан чиқариш учун аниқ бошқариладиган ракеталарни учирдилар.

Бундай аниқ зарбаларнинг мақсади душманни «кўр қилиш» ва унинг самолётларини «ерга тушириш», ҳужум қилувчи кучга осмон устидан назоратни беришдир. Кейин авиация ишончли тарзда олдинга силжиган танклар ва қўшинларни ҳимоя қилиши керак.

Аммо Россия буни қила олмади, дейди дунёдаги энг қадимги ва энг яхши ҳарбий таҳлил марказларидан бири - Қироллик мудофаа тадқиқотлари бирлашган институтидан (Royal United Services Institute) Джастин Бронк: "1-қадам 2-қадамга олиб келмади. Россия ҳаво устунлигини ўрнатмади. Унинг танклари ва пиёда аскарлари зудлик билан ботиб қолишди, украиналик жангчиларга миналар қўйиш, ўз позицияларини мустаҳкамлаш ва пистирмаларни режалаштириш учун вақт беришди", дейди эксперт.

Бронк дарҳол ушбу омилга эътибор қаратди ва бу ҳақида 28 февралдаги нашрида гапириб, уни йўқолган Россия ҳарбий-ҳаво кучларининг сири (The Mysterious Case of the Missing Russian Air Force) деб атади. Ўшандан бери таҳлилчилар осмондаги вазиятни кузатмоқда, аммо кўп нарса ўзгармади. Расмий Москва ахборот агентлиги ТАСС Россиянинг ҳавода тўлиқ устунлигини эълон қилган пайтда, ишонч билан бу энди ҳеч қачон бўлмайди деган хулосага келиш мумкин эди.

Ушбу сир ҳақида мулоҳаза юритган Бронк қуйидаги маълумотларни келтирди: Россия ҳаво кучлари учувчилари йилига 100 соат ҳавода бўлишади. Бу учинчи даражали иқтисодиётнинг қўлидан келганидир. Йилига ўртача юз соат кунига 20 дақиқадан кам парвозни ташкил қилади.

Бронкнинг таъкидлашича, Россия раҳбарияти «ташқи идрок [Россия армиясининг салоҳияти] ва ҳақиқий имкониятлар ўртасидаги бўшлиқни очиб берадиган кенг кўламли жанговар операцияларни амалга оширишга журъат этолмаслиги мумкин». Замонавий самолётларнинг катта харажатларига қарамай, рус генераллари учувчиларга жанговар шароитларда қобилиятсизлигини намойиш этишдан кўра, уларни учиш-қўниш йўлагида таҳдид соладиган кўринишда сақлашни афзал кўришади.

Замонавий [ҳарбий] кучнинг дастлабки намойишини ишлаб чиқа олмаслик Россиянинг яна бир заифлигини таъкидлайди: унинг "юқори аниқликдаги" ўқ-дорилари етишмайдиган кўринади. Лазер ёки GPS ёрдамида томонидан бошқариладиган "ақлли бомбалар" 21-аср урушларида тобора асосий воситага айланмоқда. Ҳатто кичик Ғарбий давлатларнинг қуролли кучлари ҳам улар билан жуда яхши жиҳозланган. Масалан, Буюк Британиянинг арсеналида ҳар бир оддий бомбага тўққизта "ақлли" бомба тўғри келади, Россия армиясида эса бу нисбат аксинча: битта "ақлли" бомбага тўққизта оддий бомба тўғри келади, дейди Эксетер университетининг мудофаа бўйича мутахассиси Майкл Кларк.

Бу Россиянинг Суриядаги сўнгги амалиётлари тактикасини тушунтириши мумкин. Украинада бўлгани каби, Путин ҳам эскирган қуроллар ёрдамида танлаб ўтирмасдан ёппасига бомбардимонларни ўтказишни буюрди. Ваҳоланки, баъзи ғарб таҳлилчилари ўшанда Путин зиён келтираётган ким – Суриянинг ўзими ёки Россиями, деган саволда чалкаштириб юбориш учун атайлаб шундай йўл тутганини тахмин қилишди.

Энди Путин Украинани оддий бошқарилмайдиган бомбалар билан бомбардимон қилмоқда ва энди ҳеч қандай шубҳа йўқ. Унинг юқори аниқликдаги ўқ-дорилар билан биринчи зарбаси, афтидан, ўзини кўрсатишга уринишдан бошқа нарса эмас эди. Агар Украина президенти Владимир Зеленский матонат кўрсатмаганида, бу иш бериши мумкин эди. Энди маълум бўлишича, рус армияси 1970-йилларда қотиб қолганга ўхшайди.

Бу заифликнинг яна бир намоён бўлишига олиб келади. Етарли даражада аниқ бошқариладиган ўқ-дорилар йўқлиги сабабли, Россия Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун нисбатан паст учадиган бомбардимончилар ва ерга асосланган артиллерияга таяниши керак. Бу муқаррар равишда Украина қаршилиги кўпроқ [мавжуд] нишонларга, кўпроқ рус аскарлари ва учувчиларнинг жасадларига, демак, уларнинг ватанида кўпроқ қайғуга олиб келади.

Ҳозирда Путин Хитой етакчиси Си Цзинпиндан ёрдам сўрагани ажабланарли эмас. Агар унинг ўзининг жанговар машинаси етарлича кучли бўлса, биз буни ҳозиргача кўрган бўлардик, чунки Москванинг адашган диктатори ҳам ўз ҳаёти учун курашаётганини билади. Путин умидсизликка тушиб, кимёвий қуролга мурожаат қилади, деган хавотирлар бор - бу энг танлаб ўтирмайдиган қурол.

Россия учун вазият иложи борича аниқ. Путин ўз кучларини дунё нисбатан тинч жой бўлганида тўплади, аммо натижаси пиньята (одатда Лотин Америкасида папье-машедан ясалган катта ўлчамдаги ичи бўш ўйинчоқ) каби бўш эди. Мисли кўрилмаган иқтисодий санкциялар унинг пул ва технологияларга йўлини тўхтатиб қўйгани сабабли, Путиннинг ўз ҳокимиятидаги бўшлиқларни тўлдириш имконияти йўқ.

Россиянинг ядро арсенали уни тўғридан-тўғри ҳарбий тажовуздан ҳимоя қилади (гарчи ҳеч ким ҳужум билан таҳдид қилишни ўйламаган бўлса ҳам). Бироқ, Украинадаги фиаско Россиянинг супер давлат мақомининг тугаши ҳисобланади. Путин ўз васвасасида ўз халқининг таназзулга юз тутган даражасини фош қилди, аммо уни ҳеч ким бунга ундамаган.