loader
Foto

Германия ва Италия Путиннинг газни рублга сотиб олиш ҳақидаги талабини рад этди

Германия канцлери Олаф Шольц ва Италия бош вазири Марио Драги табиий газ учун тўловларни рублда ўтказиш аллақачон имзоланган шартномаларга зид эканини айтди.

Шольцнинг сўзларига кўра, етказиб беришлар учун тўланадиган валюта шартноманинг бир қисмидир. Аллақачон имзоланган келишувлар доллар ва еврода кўрсатилган ва Германия айнан шу асосда кейинги қарорларни қабул қилади, деди канцлер Брюсселда G7 етакчилари учрашуви якунлари бўйича матбуот анжуманида.

Италия бош вазири Европа Иттифоқи етакчилари саммитида айтганидек, газ етказиб бериш учун тўловни рублда амалга ошириш шартномаларни бузиш ҳисобланади. Бу санкцияларни четлаб ўтишга уриниш дегани. Италия газ учун еврода тўлашда давом этади, дея қўшимча қилди у.

23 март куни Владимир Путин "Газпром"га шартномаларни "нодўст давлатлар" учун рублга айлантириш бўйича кўрсатма беришни топширди ва бу қарорни Россиянинг хориждаги активлари музлатилганлиги билан изоҳлади. Президентнинг сўзларига кўра, Россия товарларини ЕИ, АҚШга етказиб бериш ва тўловни доллар ва еврода олиш мантиққа тўғри келмайди.