G7 давлатлари – Буюк Британия, Германия, Канада, Италия, АҚШ, Франция ва Япония Россия президенти Владимир Путин талаб қилганидек, Россия гази учун рублда тўламайди.
Бу ҳақида Германия вакили вице-канцлер Роберт Хабек ўз ҳамкасблари билан музокаралардан сўнг маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters.
G7 энергетика вазирлари президент Владимир Путиннинг “дўстона бўлмаган” давлатлар Россия гази учун рублда тўлаш ҳақидаги талабларини рад этишди, деди душанба куни Германия вакили Роберт Хабек ҳамкасблари билан музокаралардан сўнг.
“Катта еттилик”нинг барча вазирлари бу амалдаги шартномаларни бир томонлама ва очиқ-ойдин бузиш деган фикрга келишди”, деди Хабек журналистларга.
Вазирлар “тузилган шартномалар амалда эканлигини ва компаниялар уларга риоя қилишлари ва бажариши шартлигини яна бир бор таъкидладилар... рублда тўлов мақбул эмас ва биз манфаатдор компанияларни Путиннинг талабини бажармасликка чақирамиз”, деди у.
“Путиннинг бизни бўлишга уриниши яққол кўриниб турибди, аммо бу буюк бирлик ва қатъиятдан аёнки, биз бўлиниб кетмаймиз”, — дея қўшимча қилди Хабек.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина энергетика вазири Герман Галущенко “Экономическая правда” нашрига берган интервьюсида, агар Россия шундай талаб билан чиқса, Киев транзит учун тўловни рублда олишга рози бўлмаслигини айтган эди.
"Биз рублга ўтмаймиз. Бу имконсиз. Жуда мураккаб. Бу икки томонлама келишувлар эмас. Биринчидан, европаликлар рублда тўлашлари керак. Ҳаммаси боғлиқ. Бу ерда рублда тўлаш, у ерда эса евро ва долларда тўлаш ва олиш мумкин эмас”, деб тушунтирди у.
Аввалроқ Путин Россия газини “нодўст давлатлар”га экспортга етказиб бериш учун тўловни Россия рублига ўтказмоқчи бўлган ва Россия Федераияси Марказий банки ва Россия ҳукуматига бир ҳафта ичида Россиянинг ички бозорида Россия газини харидорлари томонидан рубл сотиб олиш тартибини белгилашни топширган эди.
Эслатиб ўтамиз, жаҳоннинг энг йирик компаниялари аллақачон Россия нефти ва газидан воз кечмоқда. Shell ортидан British Petroleum трансмиллий нефть ва газ компанияси Россия бозоридан чиқишини эълон қилди.