Мажлис Қуръони карим тиловати ва эзгу дуолар ила бошланди.
Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари Рамазон ойини юқори савияда ўтказиш учун амалга оширилган ишлар ва улуғ ойда бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар. Хусусан, мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун масжидларда қулай шарт-шароитлар ташкил этиш, хатми Қуръонларни пухта тайёргарлик билан ўтказиш, ифторлик ўтказишда исрофга йўл қўймаслик, муборак ой фазилатлари ҳақида имом-хатиблар томонидан мунтазам ОАВда тарғибот ишлари олиб боришни таъкидланиб, қут-барака ойини юқори савияда ўтказиш борасида бир қатор тавсияларни бердилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, Рамазон ойининг илк оқшомида диёримизнинг 2083 та масжидида таровеҳ намозлари бошланиши, ой давомида 1520 дан ортиқ жомеда хатми Қуръонлар амалга оширилишини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков сўзга чиқиб, Ислом дини таълимотларида муборак Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини белгилашда, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифлари асос қилиб олинганини изоҳлади.
Ҳомиджон домла Ишматбеков хориждаги нуфузли астрономия марказларининг маълумоти ва диний соҳа мутахассислари кузатишларига асосан, янги ой ҳилоли 2022 йил 1 апрель куни туғилиши ва шу куни дунёнинг бир қанча мамлакатларида янги ҳилолни кўринишини билдирди. Ҳанафий мазҳабига кўра, дунёнинг қайси ерида янги ҳилол кўрингани маълум бўлса, шу ҳилол эътиборга олиниши, шунга мувофиқ, диёримизда 2022 йилда Рамазон ойининг биринчи куни 2 апрель, шанба кунига тўғри келиши ҳақида қарор қабул қилиш таклифини тақдим этди.
Шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон уламолари кузатишлари натижасида ҳам Рамазон ойининг биринчи кунини 2 апрель – шанба кунига тўғри келиши ҳақида якдил фикрга келишганларини билдирди.
Уламолар Кенгаши аъзолари диёримизда жорий йилда Рамазон ойининг биринчи куни шу йил 2 апрель, шанба кунига тўғри келиши ҳақидаги қарор қабул қилиш таклифини қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда сўзга чиққан нотиқлар Рамазон ойи диёримизда диний-маърифий соҳада улкан ўзгаришлар бўлаётган бир даврда ўтаётгани учун доимо шукрона қилиш, бундай тинч-осойишта кунлар ҳақида кенг жамоатчилик орасида имом-хатиблар томонидан тарғибот ишлари олиб бориш, муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва Ислом дини тартиб-қоидалари асосида ойни кузатиш бўйича ишчи гуруҳ тузилгани, таниқли уламолар ва малакали мутахассислардан иборат ушбу ишчи гуруҳ Рамазон ойи киришини астрономик таҳлиллар асосида кузатиб бораётганлари ва унинг натижаларини Уламолар Кенгашига ҳавола этганлари, шунингдек, мазкур йўналишда 14 давлат фатво ҳайъатлари билан мулоқотлар олиб борилганига алоҳида урғу қаратилди.
Шунингдек, сўзга чиққанлар муборак Рамазон ойи қадимдан юртимизда меҳр-оқибат, хайр-саховат ва шукроналик кайфиятида ўтказилиши, халқимиз асрлар давомида эзгулик ва саховат ойи сифатида нишонлаб келингани, Рамазон ойи жорий йилда ҳам бутун дунёда коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият давом этаётган даврга тўғри келаётгани, шунга кўра, ушбу ойни муносиб ўтказиш учун ободонлаштириш, тозалик ишлари билан бир қаторда, пандемия туфайли санитария қоидалари риоя этган ҳолда ўтказиш, бу вазият барчадан, айниқса, диний соҳа ходимлари, имом-хатиблардан янада сергак бўлиш, масъулиятни янада оширишни, диний соҳа ходимлари ушбу ишларда барча учун ўрнак, масжидлар ва диний ташкилотлар ҳудудлари эса намуна бўлиши талаб этилишини таъкидладилар.
Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.