loader
Foto

Россия Украинага "Сурия қассоби"ни қўмондон этиб тайинлади

Янги қўмондон 60 ёшли армия генерали, Жанубий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Александр Дворниковдир. Россия ҳарбийларининг Суриядаги ҳаракатларига раҳбарлик қилиб, салмоқли жанговар тажрибага эга бўлгани таъкидланган.

Би-би-си маълумотларига кўра, Украинага бостириб кириш мақсадларига эришишда юзага келган муаммоларнинг сабабларидан бири амалиётда иштирок этаётган Россиянинг турли ҳарбий округлари қўшинлари ўртасидаги мувофиқлаштиришнинг ёмонлиги бўлган. Генерал Дворников бу вазиятни ўзгартириши ва яхшироқ мувофиқлаштиришга эришиши керак.

Дворников 1982 йилда взвод командири лавозимидан бошлаб тўхтовсиз кўтарилиб келган ҳарбий хизматчидир. У Иккинчи чечен урушида қатнашган ва 2015 йилда Суриядаги Россия кучлари қўмондони этиб тайинлангунга қадар бир қанча юқори лавозимларни эгаллаган.

Кўпгина Ғарб ОАВлари Дворников Россия ҳарбийларининг Суриядаги ҳаракатларига раҳбарлик қилиш орқали катта жанговар тажриба орттирганини таъкидламоқда. Аммо русларнинг Суриядаги ҳарбий тажрибаси қандай эканлигини билган ҳолда, Сурия тинч аҳолини қирғин қилгани учун генерал "Сурия қассоби" номи билан танилганлиги ажабланарли эмас.

Дворниковни Суриядаги кампанияси давомида кузатган ҳарбий таҳлилчи Том Купер барча нашрларда тилга олинган тажрибага шубҳа билан қарайди. Ягона "ижобий" томон деб Купер Асадга тегишли турли қўшинларни тўплаш ва номинал мунтазам армияга ташкил қилишни айтади. Аммо Дворниковнинг "стратегик даҳоси" ўзини фақат фронтал ҳужумларда ва йирик артиллерия ўқлари ва ҳаво зарбаларидан сўнг душманга «пушка гўшти» ташлашда намоён бўлди.

Масалан, Эроннинг КСИР иттифоқчилари билан мувофиқлаштириш ҳеч қачон Дворниковнинг кучли томони бўлмаган (эсда тутингки, бу мувофиқлаштиришни янги қўмондон тузатиши керак). 2016-йилнинг феврал ва баҳор ойларида Дворников Ҳалаб жанубида ИШИДга қарши тез ва арзон ғалаба қозона олмади, ягона минимал муваффақиятни эса КСИР кўрсатди. Шунга қарамай, Дворников эронликлар билан шунчалик тўқнаш келдики, Шойгунинг ўзи Теҳронга боришга мажбур бўлди – лекин муваффақиятга эришмади, шунинг учун Дворников уйига жўнатилди.

Якунда, хулоса қилади Купер, ҳеч бўлмаганда Украинада Дворниковдан нима кутишни биламиз. Бу, албатта, "кўплаб ўқ отиш кучи ва аскарлар массаси", яъни артиллерия ўқлари ва ҳаво ҳужумлари билан қўллаб-қувватланадиган оммавий ҳужумлар. Бироқ Сурия эркин армиясининг 1 ва 2-соҳил бўлинмалари тажрибаси шуни кўрсатадики, бундай ҳужумлардан омон қолиш ва уларни қайтариш мумкин.

Аммо "Сурия қассоби" Украина қассоби бўлиш учун ҳам бор кучини ишга солишига деярли шубҳа йўқ.