Афон монастирлари кутубхоналарини тадқиқ этар экан, археологлар Ислом вужудга келган даврга оид бўлган ноёб араб қўлёзмаларини топдилар.
«Топилган қўлёзмалар Исломнинг олтин даврига мансуб (VIII-XIII асрлар). Улар кундалик воқеа-ҳодисалар, илмий кузатувлар, диний ишлар ва ҳ.к. билан боғлиқ турли мавзуларни қамраб олади», - ал-Ажмийнинг шу сўзларини келтиради Greek Reporter.
Олимлар бу қадимги қўлёзмалар Афонга қандай келиб қолганлигини ҳали аниқлашлари лозим. Ибодатхонадаги айрим роҳиблар яширинча равишда Исломни ўрганган бўлишлари эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Археологлар бу кашфиётни Ислом тарихини ўрганувчилар учун «жуда муҳим топилма» деб атадилар.
Православлар учун муқаддас бўлган, Юнон маъмурий тизимида «Муқаддас Тоғ автоном роҳиблар давлати» деб аталадиган Афон тоғи 20 та монастирдан иборат бўлиб, уларнинг орасида Свято-Пантелеймонов рус монастири ҳам бор. Илк монастирлар тоғда V-VI асрларда пайдо бўлган деб ҳисобланади.
Ҳозир Афон тоғи дунёдаги энг машҳур зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади.