1. Уч кун ичида Украина ишини битирмоқчи эди, уч ойда ҳам тугамади ва ҳали-вери тугамаса керак.
2. Ҳарбий салоҳияти билан дунёда кучли давлат деган номи бор эди, икки пулга қимматлигини оламга билдириб қўйди.
3. Измига юрмаётган Украинанинг адабини бериш баҳона аслида ғарб оламини ва НАТОни қўрқитиб қўймоқчи бўлган эди, қайтага дунё энди ундан қўрқмайдиган бўлиб қолди. "Енгилмас армия" деган тасаввурлар таги пуч бир афсона бўлиб чиқди.
4. Украина ҳокимиятини ағдармоқчи эди, аксинча, ҳокимият нафақат оёқда қолди, балки мавқеини мустаҳкамлаб олди.
5. Украин миллатини, халқини, армиясини бўлиб-кучсизлантириб ташламоқчи эди, аксинча, украин жамияти ҳар қачонгидан ҳам жипслашди, давлати теварагида уюшди, армияси кучайди.
6. 2014 йили Қиримни ишғол этиб, Донетск ва Луганск вилоятларини ҳам қарийб ўзиники қилиб олганидан иштаҳаси очилиб, Шарқий Украинани тамоман босиб олмоқчи эди, аммо иши чаппа кетиб, олдинги ишғол қилган ерларидан ҳам ажралиб қолиш эҳтимоли кўриниб қолди.
7. Украинани НАТО га киришдан тўсмоқчи, улар билан алоқасини бутунлай узмоқчи эди, аксинча, НАТО га кириш эҳтимолини ҳам, алоқаларини ҳам кучайтириб юборди.
8. Оврупа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлига тўғаноқ бўлмоқчи эди, қайтага қўшилиш жараёни тезлашиб кетишига сабаб бўлди.
9. Украинанинг нигоҳини ғарбдан узиб, буткул ўзига қаратиб олмоқчи эди, Ўрисиядан тамоман узилиб, ғарбга ўгириладиган бўлди энди.
10. НАТО ташкилоти Шарқ томонга кенгаймасин деган эди, аксинча, бу уруш Финландия ва Шведсия НАТО га аъзоликка ариза беришига, Украина ҳам НАТО га қаттиқроқ боғланишига ва бу уч давлат НАТО га қабул этилса, Ўрисия шимолдан ва ғарбдан қарийб қуршаб олинадиган бўлди.
10. Ўрисия империясини тикламоқчи эди, аксинча, энди Ўрисиянинг ўзи бўлиниб-майдаланиб кетиши хавфи туғилди.
11. "Русский мир" лойиҳаси билан ўрис миллатини руҳан кучайтирмоқчи бўлган эди, қайтага уч ойлик биродаркушлик уруши ва унда кўраётган талофатлари билан миллатининг руҳини синдирди, бошини кўтара олмайдиган қилиб қўйди.
12. Путин тарихда Юлий Сезар, Чингисхон, Амир Темур, Наполеон сингари ғолиб шахс бўлиб шарафли ном қолдирмоқчи эди, миллатчи ва фашист Ҳитлер сингари лаънатланувчи ном қолдирадиган бўлди.
13. Йигирма беш йиллик ҳокимияти даврида Путин бутун дунёга майдон ўқиб келарди, бугун тили қисилиб, кўзи ер чизиб қолди.
14. Анчадан бери Ўрта Осиё ва Қозоғистонга кўз олайтириб, бу ўлкаларда ёвуз салтанатини қайта ўрнатмоқчи эканини ҳар хил имо-ишоралар билан билдириб юрган эди, империячилик иштаҳаси анчагина бўғиладиган бўлди.
15. Хуллас, ўрисбоши Путин Горбачёв билан Елсин "хатоси"ни тўғрилаб, ўрис ота-боболари узоқ асрлар давомида босиб олган тупроқларни қайтадан тўплаб, шовинист ўрис халқи хотирасида шонли-шарафли "ВЛАДИМИР (Жаҳонгир) Путин" бўлиб қолмоқчи эди, аксинча, тарихда ўрисларни ва Ўрисия давлатининг обрўйини тўккан, ичдан емирган, Ўрисия ҳақидаги афсоналарга барҳам берган, бутун дунё кўзида мамлакатини ҳартомонлама шарманда қилган бахтиқаро, толейи паст бир НИЧТОЖЕСТВО (Тубан) бўлиб қоладиган бўлди.
Ва ҳоказо.
Айтганча: бордию бу каби аянчли натижалардан қочиб, жон аччиғида ядро қуролини ишга тушириб юборса (бу тентакдан ҳар балони кутса бўлади, аҳволи шунақа ҳозир), тарихнинг энг иплос, энг ваҳший, энг ёвуз кимсаси ўлароқ то қиёматгача тавқи лаънат остида қолади...
(Буларни менинг ва ҳур фикрли инсонларнинг дуоси ўрнида қабул этса ҳам бўлади.)