loader
Foto

Қозоғистон яқинлашаётган озиқ-овқат инқирози шароитида Россиянинг ғалла протекционизмига қарши чиқмоқда

Глобал озиқ-овқат инқирози кучаяр экан, Қозоғистон фермерлари Россиянинг Қозоғистонни ғалла экспортини тақиқлашга мажбурлаш уринишларидан норози.

Нур-Султон бундай қилишдан бош тортмоқда.

Москва бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқининг (ЕОИИ) назоратчи органи – Евроосиё иқтисодий комиссиясининг 20 май кунги йиғилишида Россия блокнинг барча аъзоларидан учинчи давлатларга дон экспорт қилишга квота ва божлар жорий этишни талаб қилган, деб ёзади «Коммерсант» бизнес нашри.

Россия ҳукумати март ойининг ўрталарида «ташқи чекловлар шароитида ички озиқ-овқат бозорини ҳимоя қилиш учун» ЕОИИ мамлакатларида буғдой, меслин, жавдар, арпа ва маккажўхори каби дон экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилган.

Москва катта эҳтимол билан 30 июнгача амал қилиши керак бўлган бу тақиқни узайтириши мумкин.

Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, Москва киритаётган квоталар ва божлар Россия ғалласининг ЕОИИ орқали Россия чекловларини четлаб ўтиб, қайта экспорт қилинишининг олдини олади, деб хабар қилган «Коммерсант» манбалари.

Москванинг бу ҳаракатлари Россия ҳарбий-денгиз кучлари Украинани Қора денгиздан қамал қилиб, ғалла кони бўлган мамлакатнинг асосий озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишига тўсқинлик қилаётган бир пайтда юз бермоқда.

AFP маълумотларига кўра, 24 февралда бошланган Россия босқинига қадар Украина ўз портлари орқали ойига тахминан 4,5 миллион тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан жаҳон миқёсида буғдойнинг 12 фоизини, маккажўхорининг 15 фоизини ва кунгабоқар ёғининг ярмини экспорт қилган.

Уруш ва давом этаётган қамал савдони сезиларли даражада тўхтатиб қўйган, зеро муқобил темирйўл ва юк машиналарининг маршрутлари бундай ҳажмдаги маҳсулотни халқаро бозорларга олиб чиқиш учун зарур бўлган улкан логистика ва молиявий тўсиқларни бартараф этишга қодир эмас.

Ўтган ҳафтада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш уруш «ўн миллионлаб одамларни озиқ-овқат хавфсизлигидан маҳрум қилиш билан таҳдид солаётганини» айтди.

«Бир неча йилларга чўзилиши мумкин бўлган инқироз шароитида тўйиб овқатланмаслик, оммавий очарчилик ва очлик» юзага келиши мумкин, деб огоҳлантирди у.

Украина расмийларига кўра, бугунги кунда қадар мамлакатда 20 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари қолиб кетган.

Озиқ-овқат сиёсати

ЕОИК йиғилишида Россия томони Қозоғистонни арпа ва маккажўхорига экспорт божлари ва квоталар қўймагани учун танқид қилган.

Қозоғистон божлар жорий қилгани йўқ, чунки улар маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг ўз халқаро мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиши мумкин, деб ёзади «Коммерсант» йиғилиш тафсилотларидан хабардор манбага таяниб.

Глобал қишлоқ хўжалиги маълумотларини тақдим этувчи Gro Intelligence компаниясига кўра, Қозоғистон буғдойнинг соф экспортчиси бўлиб, унинг ҳиссасига глобал буғдой экспортининг қарийб 4 фоизи тўғри келади, бироқ мамлакат ўзининг ички эҳтиёжларини қондириш учун Россиянинг арзонроқ таъминотига ҳам таянади.

Қозоғистонда Россия шартларини қабул қилишга ҳеч қандай сабаб йўқ, дейди қишлоқ хўжалиги бозорини таҳлил қилувчи Москвадаги SovEcon марказининг бошқарувчи директори Андрей Сизов «Коммерсант»га.

«Бу асосий экспортчи бўлган [Қозоғистон] фермерлари манфаатига тўғри келмайди: ун билан бирга ғалла бўйича умумий етказиб бериш бир мавсумда 7-8 миллион тоннани ташкил этади», деди у.

Қозоғистонлик фермерларга кўра, ғалла экспортини тақиқлаш катта зиёнга ва сотув бозорларининг йўқотилишига олиб келади.

Қозоғистон етарли даражада ғалла захирасига эга, кузда эса янги ҳосил олинади, дейди Қозоғистон ғалла иттифоқининг расмий вакили, петропавловсклик Евгений Карабанов.

«Экспортни тақиқлаш қишлоқ хўжалигимизга жиддий зарба бўлади», деди у. Ишлаб чиқарувчилар нимадир ишлаб олиш ва хорижлик харидорларни сақлаб қолиш учун ортиқча маҳсулот экспорт қилиши керак», дейди у.

Россия ва Қозоғистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари мўл эканлиги инобатга олинса, Нур-Султон Москванинг ғалла етказиб беришни чеклаш ҳаракатларига барҳам бериши керак, дейди фермерлар.

«Ҳукуматимиз бизни қўллаб-қувватлайди ва чеклов қўймайди деган умиддан», деб айтган Олмаота вилоятилик фермер Нурбол Байгалиули.

«Биз суверен давлатмиз ва Россия манфаатлари эмас, ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда қарор қабул қилишимиз керак».

Нархларни манипуляция қилиш

Яқинлашиб келаётган озиқ-овқат инқирози таҳдиди шароитида Москванинг ЕОИИ доирасидаги ҳамкорларига дон етказиб беришни чеклаши аслида қудрат намойишидан бошқа нарса эмас, деб айтган таҳлилчилар.

Россиянинг ўзида ғалла етарлича. Бир йилда 80 миллион тонна дон истеъмол қилинадиган бир вақтда рекорд даражадаги 130 миллион тонна ғалла йиғиб олиниши кутилмоқда, деб айтган Россия президенти Владимир Путин 12 май куни.

Россия бошқа мамлакатларга босим ўтказиш ва ўз таъсирини кенгайтириш учун донни сиёсий воситага айлантириб олган, деб айтган Фермерлар бош кенгаши, Қозоғистоннинг лоббичилар гуруҳи раҳбари, чимкентлик Кирилл Павлов.

«Сўнгги йилларда Россия дунё бозорида дон нархини демпинг қилиб келган, Африка ва Жанубий Осиё мамлакатлари бозорини қўлга киритиш мақсадида ўз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархини сунъий пасайтириб, шу орқали уларни «тузоққа илинтирган», деб айтган у.

«Энди эса Россия федерацияси уларни манипуляция қилмоқда ва очарчилик билан қўрқитмоқда».

Россия Украинадаги урушдан озиқ-овқат соҳасидаги таъсирини кучайтириш режалари йўлида фойдаланмоқда, деб айтган Павлов. Россия буғдойига боғлиқ мамлакатлар озиқ-овқат инқирозига учрамаслиги учун Москва улар қандай сиёсат юритиши кераклигини белгилаши мумкин.

Босқинчи ва талончи

Бу орада Россия Украинада оккупация қилинган ҳудудлардан буғдойни мусодара қилиб, экспорт қилмоқда.

9 май куни бўлиб ўтган брифингда Украина аграр сиёсати ва озиқ-овқат вазири Микола Солскийнинг айтишича, босқинчилар Қримга умумий ҳажми 400-500 минг тоннага яқин донни (ҳар бир тоннаси 250-300 АҚШ долларига тенг) юборган.

Тахминларга кўра, ишғол қилинган ҳудудлардаги фермерлар 125 миллион доллар зарар кўрган.

Maxar Technologies компанияси тарафидан сунъий йўлдош ёрдамида суратга олинган ва 23 май куни CNN томонидан эълон қилинган суратларда Россиянинг Украина донини ўғирлаётганини кўриш мумкин.

19 ва 21 март куни олинган суратларда Россия байроғи остидаги юк кемаларига дон сақлаш омборхоналарига ўхшаш иншоотлар олдида Украинадан ўғирлангани айтилаётган донлар ортилиб, Қримдаги Севастопол бандаргоҳига боғлаб қўйилганини кўриш мумкин.

Кадрда очиқ трюмга конвейер тасмасидан дон тўкилаётгани акс этган. Иккала кема ҳам портни тарк этиб улгурган.