Украинадаги уруш Россия қўшинларининг етарлича жиҳозланмагани, озиқ-овқат билан таъминланмаётгани ва тўғри бошқарилмаётганини исботлашда давом этаётган бир пайтда, бу можаро Россия энг яхши ҳарбий техникаларга эга деган афсонани ҳам йўққа чиқарган.
Россия президенти Владимир Путин анчадан бери унинг мамлакатининг янги авлоддаги «енгилмас» қуролларга эга эканлиги билан мақтаниб келади.
2018-йилда Путин Россия янги гипертовушли «Авангард» ракета тизимини барпо этгани, у товуш тезлигидан 20 баравар тезроқ уча олиши ҳамда юқорига ва пастга маневр қила олишини таъкидлади.
«Бу ҳар қандай турдаги ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимлари олдида мутлақо енгилмас қуролдир», деган эди Путин ўша йилги миллатга мурожаатида уни «идеал» деб атаб.
Ўтган ойнинг ўзида Путин Россиянинг кейинги авлод «енгилмас» ракеталаридан яна бири – «Сармат» қитъалараро баллистик ракетаси муваффақиятли синовдан ўтказилгани эълон қилган.
«Бу чинакам ноёб қурол қуролли кучларимизнинг жанговар салоҳиятини мустаҳкамлайди, Россиянинг ташқи таҳдидлардан хавфсизлигини ишончли таъминлайди ва агрессив риторика алангасида мамлакатимизга тажовуз қилишга уринаётганларни икки марта ўйлаб кўришга мажбур қилади», деди Путин Қуролли кучлар олдида 20 апрел кунги телевидениедаги чиқишида.
«Сармат» – нишонни йўқ қилиш масофаси энг узоқ бўлган дунёдаги энг қудратли ракета бўлиб, бу мамлакатимиз стратегик ядровий кучларининг жанговар қудратини сезиларли даражада оширади», дейилади Россия мудофаа вазирлиги баёнотида.
Март ойида Россия Украинадаги нишонга зарба бериш учун илк марта яна бир «енгилмас» қурол – гипертовушли «Кинжал» ракетасини ишга солганини айтган эди.
Москвада 9 май Ғалаба куни муносабати билан ўтказилган парад Россия жамоатчилиги ва бутун дунёни мамлакатнинг ҳарбий қудратига ишонтиришга навбатдаги уриниш бўлди, бироқ байрам тантаналарида Россия ҳарбий самолётлари кўринмаган.
Расмийлар ноқулай об-ҳаво сабабли улар иштирок эта олмаганини айтганлар, аммо кузатувчиларга кўра, Россия ҳарбий самолётлари, учувчилари ва «ҳаво-ер» туридаги қуроллари Украинада жуда паст натижалар кўрсатган.
Тугаб бораётган захиралар
Путиннинг даъволаридан фарқли ўлароқ, Россия қўшинлари Украинада эскирган ва таъмирланган техникадан фойдаланишга мажбур бўлди.
10 апрел куни Украина мудофаа вазирлиги Украинада ҳалокатга учраган Россиянинг «Орлан-10» ҳарбий кузатув дронини демонтаж қилаётган аскар видеосини эълон қилган.
Аскарнинг айтишича, дрон ёпишқоқ лента билан ўралган бўлиб, унга тасодифан режимлари алмашиб кетмаслиги учун менюси ёпиб қўйилган Canon камераси ўрнатиб қўйилган.
Аскар, шунингдек, дроннинг ёқилғи баки пластик сув идишининг юқори қисми ва қопқоғидан билан ясалган бўлиши мумкинлигини айтган.
Россия қўшинларининг яхши жиҳозланмагани ва тайёр эмаслигининг яна бир белгиси ўлароқ, Украина қўшинлари жанг майдонида 1978 йилдаги Россия армиясининг бинтларини топган, деб хабар беради ITV News 23 март куни.
Кремлнинг баландпарвоз иддаолари Украинадаги жанг майдонида синовдан ўтар экан, таҳлилларнинг кўрсатишича, улар ўз тасдиғини топаётгани йўқ.
Ҳар куни 200-300 марта парвоз қилганига қарамай, Россия самолётлари Украина осмонида устунликка эга бўлолмади, деб айтган 9 май куни журналистларга АҚШ мудофаа вазирлигининг юқори мартабали мулозими.
Россия ўзининг кўплаб қанотли ракеталарини ҳамда қисқа ва ўрта масофага учадиган баллистик ракеталарини ҳам ишлатиб юборган. Руслар ўзларининг юқори аниқликдаги ўқ-дориларининг кўпини «портлатиб ташлаган», деди у исмини ошкор қилмаслик шарти билан.
Россия Украинага шу қадар кўп ракета учирганки, «юқори аниқликдаги бошқарилувчи ўқ-дорилар етишмовчилиги юзага келган, уларнинг захирасини эса тўлдириб бўлмаяпти», дейди мулозим.
Урушнинг учинчи ойига қадар, Россия 2125 дан ортиқ юқори аниқликдаги қуролларини ишлатди, деб баёнот берган Пентагон 2 май куни. 9 май куни Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес урушнинг иккинчи ҳафтасидан кейин бу қуроллардан фойдаланиш кескин камайганини айтган.
АҚШ мудофаа вазирлиги вакилининг айтишича, Россия қурол саноатига халқаро санкциялар ҳам зарба берган – электрон компонентлар бўйича Москвага қарши эмбарго жорий қилингани сабабли, Россия Украинада қўлланилаётган бошқарилувчи ракеталар заҳирасини тўлдира олмаяпти.
Вашингтоннинг АҚШ разведкасига таяниб айтишича, айниқса электрон компонентларга қўйилган санкциялар Россия мудофаа саноати базасига ўз таъсирини кўрсатган.
Шу боис ҳам Мариупол ва Харковга ҳарбий ва турар жой биноларини ажратиш қобилиятига эга бўлмаган, бошқарилмайдиган бомбалар билан зарба берилган, деб айтган расмий.
Бундан ташқари, Россия кучларида таъминот ва тартиб-интизом билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда, жумладан, «буйруққа бўйсуниш ва ҳаракат қилишдан бош тортаётган зобитлар» орасида, деб қўшимча қилган мулозим.
Россияликлар моддий-техник таъминот муаммоларини ҳам ҳал қила олмаяпти ва «жон-жаҳди билан ўз қўшинлари сафини қайта тўлдиришга уринмоқда», деди расмий.
«Замонавий технология»
Бошқа асосли далилга кўра, уриб туширилган Россиянинг қирувчи самолётларида уларнинг ўзидаги навигация тизимлари шунчалик ёмонлигидан «бошқарув панелига ёпиштирилган» эски турдаги GPS приёмниклар бўлган, деди Уоллес 9 май куни.
«Уриб туширилган Россия Су-34 самолётларининг асбоблар панелига ёпиштирилган «GPS» приёмниклари топилган, самолётдаги тизимларининг сифатсизлиги туфайли учувчилар ўзларининг қаерда эканликларини билиб туриши учун шундай қилинган», деди у.
«Натижада эса Россия кўз-кўз қилишни яхши кўрадиган катта миқдордаги артиллерия ва зирҳли техникага бўлса-да, уларни умумқўшин маневрларида ишлата олмайди ва бетартиб оммавий ҳужумларни амалга оширади», деди у.
«Су-34» Совет Иттифоқида илк бор 1990-йилларнинг бошларида ишлаб чиқарилган, аммо ҳозиргача Россиянинг етакчи қирувчи самолётларидан бири ҳисобланади.
Топилган Россия машиналари ичида кўп ҳолларда «1980 йиллардаги Украина хариталари» бўлган, деди Уоллес. Аскарлар «таъминот машиналарини вақтинчалик ҳимоя қилиш учун қарағай ходаларидан фойдаланишган» ва танкларининг устини қоплама каркаслар билан ёпишган.
«Қоплама каркаслар» танкларнинг зирҳи энг ингичка бўлган юқори қисмини танкларга қарши қуроллар келиб тушишидан ҳимоя қилишга мўлжалланган, деб ёзган Insider нашри 26 март куни.
«Базука ёки Панцерфауст учирилганида улар анча эрта портлайди ва танкнинг ўзига етиб бормайди. Самарали ишлаши учун ўз қувватини нотўғри масофада ёяди», деб айтган ҳарбий ветеран ва хавфларни таҳлил қилувчи Sibylline компанияси раҳбари Жастин Крамп.
Аслида бу қафаслар Javelin ва NLAW, ёки янги авлод енгил танкларга қарши қуроллар каби Украинада қўлланилаётган замонавий танкларга қарши воситалар олдида деярли самарасиз.
«Улар қуролларга қарши фақат руҳий ҳимоя беради холос, аслида уларнинг фойдаси кам», деб айтган Крамп.
Ҳозирга келиб Россия Украинада 270 танк йўқотган, бу унинг фаол қуролли кучларининг деярли 10 фоизини ташкил этади, деб хабар беради очиқ манбали қуролларни кузатувчи Oryx сайти.
Россия армияси 1970 йилларда ишлаб чиқарилган Совет давридаги T-72 танкларидан фойдаланади, деб айтади Крамп.
«Россияда катта, замонавий армия бор деган гап бўларди», дейди у. «Замонавийлиги ҳам, катталиги ҳам қуруқ гап эканлигини кўрдик. Катта деган армиялари борган сари кичрайиб кетмоқда».