АҚШнинг Нью-Йорк штатида яшовчилар ўзларининг вафот этган яқинлари жасадини йўқотиш учун янги имкониятга эга бўлиши мумкин, яъни улар ўлган яқинларини анъанавий дафн қилиш ҳамда кремациядан ташқари уларнинг танасидан компост тайёрлашни бошлаши кутилмоқда, бунинг натижасида ўлик танаси тупроққа айланиб кетади.
Штат Сенати аллақачон бу қонун лойиҳасини маъқуллаган ва қолгани Кэти Хокулга боғлиқ. Агар у ҳужжатни имзоласа, 90 кундан кейин қонун расман кучга киради.
Ушбу қонун лойиҳасига католик черкови қарши чиқди, черков вакиллари инсон танасига катта ҳурмат билан муносабатда бўлиш кераклигини айтишди, аммо авлиё оталарни ҳеч ким эшитмаганга ўхшайди.
Табиатни муҳофаза қилувчиларнинг таъкидлашича, компост қилиш кўмиш ва кремациядан фарқли ўлароқ , нафақат атроф-муҳит учун зарарсиз, балки ажойиб органик ўғит манбаи ҳамдир. Бундан ташқари, бу жасад қолдиқларини йўқ қилишнинг энг арзон усули сифатида баҳоланмоқда.
Вашингтонда шунга ўхшаш иш билан шуғулланиб келаётган Recompose компаниясининг таъкидлашича, ўлик танадан компост тайёрлаш бир нечта оддий воситалар, жумладан, ёғоч, сомон, беда ва махсус идиш орқали амалга оширилади. Бир неча ҳафта ичида микроблар ва кислород жонсиз жасадни тупроққа айлантиради.
Қонун лойиҳасига кўра, қолдиқлардан олинган тупроқ кремациядан кейин кул билан бир хил талабларга бўйсунади - уни аралаштириб бўлмайди ва у бир хил махфийлик стандартлари билан ҳимояланган бўлиши керак. Бу ҳақда human.uz сайти хабар берди.