loader
Foto

Болалар салиб юриши

Гап Болалар Салиб юриши ҳақида кетаётган бўлиб, унинг давомида мусулмон ерларига Европа шаҳарларидан минглаб болалар уруш мақсадида йўлга чиқади. Бу 1212 йил Вандом яқинидаги қишлоқлардан бирида Стефан исмли чўпон бола пайдо бўлгандан кеийн бошланди.

У ўзини худонинг вакили қилиб юборилгани ҳамда насронийлар етакчиси бўлиб, Фаластин ерларини эгаллаб олиш вазифаси топширилганини маълум қилганди. Гўёки, унинг олдига оқ роҳиб образида Исо Масиҳ ташриф буюрган ва қуролсиз, худонинг номини айтган ҳолда Қуддасни озод қилиш учун фақат болалар иштирок этадиган янги Салиб юришига бош бўлишни топширганини айтди.

Эҳтимол, болалар салиб юриши ғояси ёш қалбларнинг «олижаноблиги» ва «бегуноҳлиги», шунингдек, уларга қурол билан жисмоний зарар етказиш мумкин эмаслиги ҳақидаги мулоҳазалар билан боғлиқ эди. Болалар унинг ортидан эргашиб, уйидан қочиб кетиши учун чўпон кучли тарғиботни йўлга қўйди.

У худди Миср фиръавни асиридан қочиб кетаётган Мусо пайғамбар бошчилигидаги яҳудийлар олдида денгиз чекингани каби Фаластинга насронийлар қўшини йўлида денгиз қуриб қолиши лозимлигни айта бошлади.

У бутун мамлакатни айланиб чиқиб, ҳамма жойда ўз нутқлари билан, шунингдек, минглаб гувоҳлар олдида кўрсатган мўъжизалари билан одамларга завқ-шавқ улашарди. Тез орада кўплаб жойларда салиб тарғиботчилари сифатида ўғил болалар пайдо бўлди.

Улар атрофига қарашлари бир хил бўлган маслакдошлар оломонини тўплаб, қўлларида байроқлар ва хочлар билан, тантанавор қўшиқлар куйлаган ҳолда Стефаннинг олдига борардилар. Агар кимдир бу ақлдан озган ёшлардан қаерга кетаётганини сўраса, денгиз ортига Худонинг ҳузурига йўл олишгани ҳақида жавоб эшитарди.

Болаларни бу ташаббусдан қайтариш истагида бўлган ота-оналар ва ўйлаб иш қиладиган, мулоҳазали руҳонийларнинг қўлидан ҳеч нарса келмасди, боз устига, халқ оммаси ушбу салиб юришидан буюк натижалар кутаётганди.

Бундан ташқари, оломон бошқача фикрдаги кишиларни ўзининг гуноҳсиз эканлиги биланоқ уларнинг аждодлари гуноҳкорлиги сабабли йўқотган «Муқаддас Тобут»ни қайтариш лозим бўлиб кўринган болаларда Муқаддас Руҳ нишонасини тушунмаганлиги учун кескин танқид қиларди.

Франция қироли тентак ёшларга уйига қайтишни буюриб, бу беъманликни тўхтатишни талаб қилди. Болаларнинг бир қисми буйруққа бўйсунди, лекин кўпчилик унга эътибор ҳам бермади ва тез орада бу ташаббусга катталар ҳам жалб қилинди.

Салиб юриши францисканлар ордени томонидан қўллаб-қувватланди. Унга руҳонийлар, ҳунармандлар ва деҳқонлар, лекин шу билан бирга, ватанни тарк этиш истагида бўлган ўғрилар ва бошқа жиноятчилар ҳам қўшилиб олди. Ва ниҳоят, юришга аёллар ва қизлар ҳам қўшилди.

Юриш тобора кучайиб, борган сари кўплаб одамларни ўз қаторига қўшиб оларди: олдиндан гиламлар солинган аравада тансоқчилар қуршовидаги чўпон бола, унинг ортидан эса муқаддас жойларга йўл олган 30 минг атрофидаги  сайёҳ зиёратчилар борарди.

Оломон Марселга етгач, икки нафар қулфуруш бу «Исо Масиҳ учун курашчилар»ни «Худонинг ажри» учун Сурияга етказиб қўйиш таклифини билдирди. Улар, айтишларича, еттита кемада йўлга чиқдилар, шундан иккита кема Сардиния яқинидаги Сан-Пьетро ороли яқинида ҳалокатга учради.

Қолган бешта кемани жиноятчилар Мисрга олиб келиб, қул сифатида сотиб юборади. Минглаб болалар Халифа саройига келтирилиб, тарихчиалрнинг ёзишича, «у ерда насронийлик динида қатъият кўрсатган ҳолда чидамлилиги билан муносиб ажралиб турдилар».

Иккала жиноятчи қулфуруш кейинроқ император Фридрих II қўлига маҳбус сифатида тушади, ўлим жазосига ҳукм қилиниб, осиб ўлдирилади. Бундан ташқари, ушбу император, айтишларича, 1229 йил султон ал-Комил билан сулҳ тузган пайт бебахт сайёҳ зиёратчиларнинг катта қисмини озоздликка чиқаришга эришади.

Францизк болаларини ўз оғушига олган тентаклик ва беақллик  Германияга ҳам, айниқса, Қуйи Рейн вилоятида кенг тарқалди. Бу ерда ҳали 10 ёшга ҳам тўлмаган, отаси, жирканч ва қабиҳ қулфуруш томонидан бошқарилган Николай исмли болакай ўзини кўрсатди.

Бу ота бечора боладан ўз мақсадлари учун фойдаланди, бунинг учун келгусида ўз умрини бошқа алдоқчилар ва жиноятчилар билан бирга дорда якунлайди. Николай "Т" латин ҳарфи кўринишидаги хоч жойлаштирилган дастгоҳ билан пайдо бўлади.

У ҳақида денгизни қуруқ оёқлар билан кечиб ўтиб, Қуддусда абадий ҳукмронлик ўрната олиши маълум қилинганди. У қаерда пайдо бўлмасин, албатта болаларни ўз олдига чорларди. 20 минг нафар ўғил ва қиз болалардан, шунингдек, ҳар ҳил қаланғи-қасанғилардан ташкил топган оломон Альп тоғлари орқали жануб томон йўл олди.

Уларнинг катта қисми йўлда очликдан ва қароқчилар ҳужумидан ҳалок бўлди ёки юриш қийинчиликларидан ҳайратда қолган ҳолда ортига қайтиб кетди: лекин шунга қарамай, бир неча минг киши Генуяга етиб келди, у ерда улар ортга қайтарилди.

Шундан сўнг улар Бриндизигача етиб келдилар, лекин бу ерда ўша жойдаги епископнинг серғайрат ҳаракатлари уларга денгиз бўйлаб Шарққа саёҳат қилишларига халақит берди. Шунда уларнинг ортга қайтишдан бошқа иложи қолмади.

Ўғил болаларнинг бир қисми Пападан салиб юриши онтига рухсат сўраш учун Римга йўл олади. Лекин Рим Папаси уларнинг илтимосини бажо келтирмади, айтишларича, уларга бу аҳмоқона ташаббусини бекор қилишни айтди.

Энди эса уларга салиб юришини то вояга етмагунларига қадар кечиктиришни айтди. Ортга йўл давомида болалар қўшинининг қолган қисми деярли тўлалигича йўқ бўлиб кетди. Юзлаб болалар очликдан тинкаси қуриб қулаб қоларди ва катта йўлларда аянчли ўлим топарди.

Қизларнинг тақдири энг аянчли бўлди, улар бошқа ҳар қандай кулфатлардан ташқари турли найранглар ва зўравонликларга учрарди. Бир нечта қиз яхши оилаларда қўним топишнинг уддасидан чиқди ва Генуяда ўз қўллари билан пул ишлаб топа бошлади.

Айрим оилалар тарихи ўша ерларда қолиб кетган немис болаларига бориб тақалади; лекин кўпчилик аянчли тарзда ҳалок бўлди, қўшиннинг очлик ва касалликдан силласи қуриган, мазаҳ остида қолган кичик бир қисмигина омон қолди ва ватанига қайтиб келди.

Николай эса кейинчалик, 1219 йил Мисрда Дамьетте учун жанг қилади. Рўй берган воқеа-ҳодисаларнинг ҳалокатлилик даражаси ҳозирги кунгача охиригача тушуниб етилмаган.

Бироқ ушбу юриш тарихи – католиклар онги аста-секинлик билан ўзгаришида бурилиш нуқталарига айланган оғир можаролардан бири бўлди ва охир-оқибатда диннинг Европа жамиятидан буткул қувғин қилинишига олиб келди.

Интернетдан

Абу Муслим таржимаси