loader
Foto

Диний қўмита: Ислом- менинг диним, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом-менинг Пайғамбарим, деган киши борки, аёлни эъзозлаши шарт.

Исломдан аввал аёл киши инсон ўрнида кўрилмас, айрим араб қабилаларида қиз туғилган чақалоқлар тириклайин кўмилар эди. Мана шу иллатнинг ўзи ҳам жоҳилият даврида аёлга бўлган муносабатнинг яққол тасдиғидир.

Ислом дини аёлларнинг ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлади. Уларни эркаклардек жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканини амалда кўрсатиб берди.

Қуръони Каримдаги суралардан бирининг номи “Нисо”, яъни “Аёллар”деб аталиши бежиз эмас, албатта.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб беришда фақат ислом уматига эмас, бутун инсониятга ибрат ва намуна бўлдилар.

Динимизда аёл она, опа, сингил, қиз сифатида улуғланади. Ислом- менинг диним, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом-менинг Пайғамбарим, деган киши борки, аёлни эъзозлаши шарт.

Афсуски, сўнгги пайтларда аёлларни хўрлаш, камситиш ҳолатлари кузатилаяпти. Арзимас баҳоналар билан жанжал чиқариб, турмуш ўртоғини дўппослаётган эркаклар сафи кенгайиб бормоқда. Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида республикамиз миқёсида 25-ноябрдан-10 декабригача “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” номи остида тадбирлар ўтказилаётгани давлатимизнинг аёлларга кўрсатаётган ғамхўрлигининг амалдаги ифодасидир.

Таҳлилларга кўра, айни пайтда дунё миқёсида 33-50 фоиз аёллар эрларининг калтаклаши, дўппослашидан азият чекаётган экан. Бу эса, ўз навбатида, нозик жинс вакилларини маиший жиноятлардан ҳимоя қилиш давр талаби эканлигини кўрсатади.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимига эри томонидан хақоратланган, камситилинган аёллар келиб туришади. Улар билан суҳбатлашиб; “Зулмга учраб, бу ҳақда нима учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилмайсизлар?”, деб сўралганда, опа-сингилларимиз маҳалла-куй олдида истиҳола қилишини, оиласи, эри ва бола чақаси обрўсини ўйлашини айтишади.

Аёлларимиз-ориятли, улар оиласини шаънини ҳамма нарсадан устун қўйишади. Лекин буни суистеъмол қилаётган эркакларимиз андишанинг отини қўрқоқ қўйишмоқда.

Оилада зўравонлик ва камситишларга учраётган аёларнинг асосий қисми ҳаётида моддий ва маиший қийинчиликлар мавжудлиги, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйгани, рўзғор ташвиши, бола тарбияси мисолида масъулиятсиз эканини айтиб ўтишади.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ҳурматли эркаклар, уруш даврини бир кўз олдингизга келтиринг. Ўша пайтлар момоларимиз, боболаримиз қанча машаққату-қийинчиликларга бардош беришган. Наҳотки, бугунги тинчлик, тўкинчилик даврида тўқликка шўхлик қилиб, аёлларни хақоратласак. Ахир, хотин-қизлар наслимиз давомчилари-ку!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Ким-у ҳоҳ эркак бўлсин, ҳоҳ аёл-мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай”(Нисо сураси, 124-оят)да марҳамат қилинади.

Ҳадиси шарифда эса: “Мўминларнинг энг имони мукаммали гўзал хулқлисидир. Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир”(Имом Термизий ривояти).“Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз” (Имом муслим ривояти), дейилади.

Хулоса қилиб айтганда, биз ўзлигимиздан, маънавиятимиздан, миллий қадриятларимиздан қанчалик узоқлашиб бораверсак, бошимизга шунча кулфатлар ёғилаверади. Шу маънода наслимиз давомчиларини таҳқирласак, ўзимизга, келажагимизга зулм қилган, ўзимиз ўтирган дарахт шохини ўзимиз кесган бўламиз.

Шундай экан, аёл зотини тахқирлаш эмас, унга эҳтиром кўрсатиш олий мақсадимиз бўлиши керак. Зеро, мунис оналаримиз, муҳтарама опа-сингилларимиз, вафодор жуфтимиз ҳаётимизнинг кўрки, умримизнинг мазмунидир.

Мунира Абубакирова,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси