Хотин эрига пул ё мол бериб, талоқни олиши, ўзини ундан халос қилиши гуноҳ эмас.
Ислом динида биринчи хулъ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида содир бўлди. Имом Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қиладилар: "Собит ибн Қайс Ансорийнинг хотинлари (розияллоҳу анҳум) Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб мурожаат қилди: "Ё Расулуллоҳ! Мен Собит ибн Қайсни на хулқда, на динида айблайман. Аммо Исломда ношукрлик қилишни ёмон кўраман", Расулуллоҳ ундан сўрадилар:"Унга боғини қайтариб берасанми?" Аёл: "Ҳа" деб жавоб бергач, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Собит ибн Қайсга (розияллоҳу анҳу): "Боғни олгин-да, уни бир талоқ қўйгин", дедилар. Собит ибн Қайс у хотинига уйланганида маҳрига хурмо боғини берган эди.
Бу ўринда шуни билиш муҳим: аёлнинг талоқ учун ҳали олмаган маҳридан кечиши ё олган маҳрни эрига қайтариб бериши ўз хоҳиши билан бўлиши лозим. Нисо сурасининг 4 ояти мазмуни бундай: "Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверингизлар".
Азоб ё қийноқ таъсирида хотини маҳридан кечган эр ҳурсанд бўлмасин. Аллоҳ таоло эътиборида бу хотиннинг ҳуқуқлари эрнинг зиммасидан тушмайди. У эр икки бор: хотининга зулм қилиб, азоблагани учун бир ҳисоб берса, хотинининг ҳаққини егани учун яна бир ҳисоб беради.
Муҳаммад Аҳмад Канъоннинг
"Эр-хотинлик асослари" китобдан