loader
Foto

«Газпром» техник ишларни рўкач қилиб «Турк оқими»ни тўхтатади

«Турк оқими» газ қувурининг ишлаши йиллик режали техник хизмат кўрсатиш туфайли тўхтатилади, деб хабар бермоқда «Газпром» матбуот хизмати Телеграмда.

«Режадаги профилактика ишлари ўтказилиши сабабли «Турк оқими» газ етказиб бериш 2022 йил 21 июндан 28 июнгача вақтинчалик тўхтатиб турилади», — дейилади хабарда.

Компания газ ташишни тўхтатиб туриш ҳақида барча томонлар олдиндан келишилганлигини таъкидлади.

«Турк оқими» - Россиядан Туркияга ҳамда Жанубий ва Жануби-Шарқий Европа мамлакатларига Қора денгиз ва Туркия ҳудуди орқали газ етказиб берадиган газ қувури. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 31,5 миллиард кубометр газни ташкил этади.

14 июн куни «Газпром» компанияси «Шимолий оқим» орқали газ ташиш ҳажмини 40 фоизга қисқартиришини эълон қилди. Компаниянинг тушунтиришича, етказиб беришнинг қисқариши «Портовая» компрессор станциясидаги вазият билан боғлиқ. Операторнинг сўзларига кўра, Германиянинг Siemens компанияси газ насос агрегатларини ўз вақтида таъмирдан қайтармаган. Бундан ташқари, муаммолар газ компрессор агрегатларини капитал таъмирлаш муддатини ишлаб чиқиш ва двигателларнинг аниқланган техник носозликлари билан боғлиқ.

Кўп ўтмай, Франциянинг Engie, Германиянинг Uniper, Италиянинг Eni ва Австриянинг OMV компаниялари Россиядан ёқилғи етказиб беришнинг қисқаргани ҳақида хабар беришди. Бундан ташқари, Франция Германиядан газ олишни тўхтатганини маълум қилди.