Имом Дора Қутний Абу Айюб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки тиззадан юқори нарса авратдандир. Киндикдан пастдаги нарса авратдандир», деганлар.
Имом Дора Қутний Амр ибн Шуъайбдан, у киши отасидан, у киши бобосидан розияллоҳу анҳум қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ёш болаларингизни етти ёшликларида намоз ўқишга амр қилинглар. Ўн ёшга етганларида унинг учун уринглар ва ётар жойларини алоҳида қилинглар. Қачон бирингиз ўз чўрисини қулига ёки мардикорига никоҳлаб берса, унинг киндигидан пастига ва тиззасидан юқорисига назар солмасин. Чунки, киндикдан пасти ва тиззадан юқориси авратдандир», деганлар.
Чўриники ўша билан бирга елка тарафи ва қорни ҳамдир.
Баъзи уламолар, икки биқини ҳам аврат, деганлар. Бу ўша қул ва чўрилар бор вақтнинг тақозоси ила бўлгандир. Ўша вақтда чўриларнинг ҳоли бошқача бўлган.
Ҳур аёлнинг жамийки бадани авратдир. Юз, икки қўл ва оёқ бундан мустасно.
Бу ҳукмнинг далиллари:
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Сен мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фарж-ларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар», деган (31-оят).
«Зоҳир бўлган зийнатлар» деганда намозда юз, икки қадам ва икки кафт англанади. Намоздан ташқарида икки қадам ҳам авратдир.
«Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар.»
Яъни, бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Асмаа бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар ва:
«Эй, Асмаа, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», – деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилдилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Ибн Жарир Тобарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадиларки:
«Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёл киши балоғатга етгандан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди».
Демак, мазкур аврат жойларни намозда тўсиб ўқиш фарздир. Баъзи аъзолар очилиб қолса нима бўлади ва шунга ўхшаш саволларга кейинги жумлаларда жавоб келади.
Бир аъзонинг тўртдан бирининг очилиши намозни манъ қилади.
Агар унутиб очилган бўлса ва очилиши бир рукннинг адо этилишича вақт давом этса ва аъзонинг чорагидан ози очилса, намоз ботил бўлмайди. Агар мазкур миқдорни намозхон қасдан очса, намози дарҳол бузилади.
Болдирнинг ўзи бир аъзодир.
Унинг тўртдан бири очилиб қолса ва мазкур муддатгача ёпилмаса, намоз ботил бўлади.
Сон, закарнинг ёлғиз ўзи ва икки турмуқ ҳам. Осилиб тушган соч ҳам.
Буларда ҳам олдинги зикр қилинган ҳукм собит бўлади.
«Авратни тўсиш» деганида шариат талабига биноан тўсиш кўзда тутилган.
Бунда авратни тўсадиган нарсага қуйидаги шартлар қўйилган:
1. Кийим баданнинг рангини билинтирмайдиган даражада қалин бўлиши лозим.
2. Кийим баданнинг ҳамма тарафини тўсиши лозим. Бирор тарафи очилиб қолса ҳам, бўлмайди.
Кийим танқис бўлганда аввал ғализ авратни, кейин бошқаларини тўсиш керак бўлади. Агар фақат битта авратни тўсадиган нарса бўлса, у билан орқани тўсиб, олдини қўли билан тўсади.
Бошқаси бўлмаганда ҳаром кийим ила, мисол учун, эркак киши ипак кийимда намоз ўқиса, таҳримий кароҳат ила намоз бўлади.
Нажасни кеткизадиган нарсаси бўлмаган одам у билан намоз ўқийверади. Кейин қайта ўқимайди.
Бунда зарурат юзасидан рухсат берилади.
Кийимининг тўртдан бири пок бўлган кишининг яланғоч ҳолда намоз ўқиши жоиз эмас.
Чунки, бу ҳолда «тўртдан бир» зарурат юзасидан «тўлиқ»-нинг ўрнига ўтади.
Ундан ози пок бўлган кийимда ўқиш афзал.
Яъни, кийимнинг тўртдан биридан ози пок бўлганда, яланғочдан кўра ўша кийимда намоз ўқиган афзал.
Кийими йўқнинг тик туриб намоз ўқиши жоиз. Ўтириб имо билан ўқиши мандубдир.
Авратини тўсишга ҳеч нарса топа олмаган одам, ҳеч бўлмаса лой билан бўлса ҳам уни тўсади ва ўтириб имо билан намоз ўқийди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Кифоя" китобдан