loader
Foto

Юнус Эмро “ваҳдатул вужуд” эътиқодига, қаноатига соҳибдир

...Юнус Эмро тасаввуф жиҳатидан Хожа Аҳмад Яссавий мактабига мансуб; бу - биринчиси, иккинчидан, Юнус “ваҳдатул вужуд” эътиқодига, қаноатига соҳибдир. Маълумки, тасаввуфда ваҳдатул вужуд бор. Яъни:

“махлуқотнинг вужуди нисбийдир. Борлиқ Аллоҳнинг борлиғидир. Қолгани ҳаво, бўшлиқ, йўқликдир”, дегани. Лекин ваҳдатул вужудни лицейдаги китоблардан ўрганиб бўлмайди. Зеро, “ваҳдатул вужуд”, жиддий эътибор берилмаса, оёғи куфрга тойиб кетадиган даражада тушуниш қийин бўлган нозик бир мавзудир. Яъни қулнинг ўз борлигини йўқ деб билиши, Аллоҳнинг борлиғи ягона борлиқ эканини ҳис қилишидир. Юнус мана шу мақомда, ваҳдатул вужудда соликдир. Масалан, биз шахсан қайси таълимотдамиз? Биз “ваҳдатуш шуҳуд”-га соликмиз. Бу Имом Раббоний ҳазратларининг йўли (қаноати)дир. Улар дейдиларки: “Мен муроқабаларимда, хилватимда, тасаввуфий изланишларимда жуда кўп маротаба бутун диққатимни ишга солиб, масалани такрор ва такрор текширдим; ваҳдатул вужуд йўқ, ваҳдатуш шуҳуд бор!” Шуҳуд нима дегани? Аллоҳнинг борлигига шоҳидлик берувчи ҳамма нарса; бу шоҳидларнинг бирлиги бор... Аллоҳ бор, унинг ташқарисида яратилмиш нарсалар - махлуқотлар бор. Муҳйиддин Арабийнинг айтганидек эмас, “ваҳдати шуҳуд” бор демоқчи бўлган.

Юнус Эмро ҳам Муҳйиддин Арабийнинг фикридек фикрга соҳибдир. Бу ҳам маъқул, тушунарли. Чунки Муҳйиддин Арабий қаноатининг, тасаввуфий таълимотининг Онадўлига ёйилишига сабаб бўлган Садриддин Кўнёвий Кўниёда узоқ муддат хизмат қилган. Малатяга ва бошқа ерларга борган. Шундай қилиб, ваҳдатул вужуд тушунчасини Онадўлига олиб кирган Садриддин Кўнёвийдир. Яна бошқа мутасаввиф шоирлар ҳам бор. Мавлоно ҳам ваҳдатул вужудга мансуб.

Адҳам Жабажи ўғли деган бир талабам бор эди, Ҳожи Байрам Валини ўрганди, ҳозир Илоҳиёт факультетида доцент. Мен нафақага чиққанимдан кейин ундан “Ҳожи Байрам Валини ўрганиб чиқдингми?” деб сўрадим. Шогирдим: “Афсус, устоз, у ҳам ваҳдатул вужудчи экан”, деди. Ҳолбуки, афсус дейишга ҳожат йўқ. Ваҳдатул вужуд у қадар надомат чекадиган бир ишонч эмас, фақат жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Азиз биродарларим! Инсоннинг шариатни яхши билмай туриб тасаввуфга кириши хатарлидир. Олдин ҳадис илмини ўрганиши, тафсирчи бўлиши, фиқҳ илмини ўрганиши керак, ундан кейин тасаввуфий мавзуларни ўрганса, оёғи тоймайди. Бу илмларни билмай туриб тасаввуфий мавзуларга шўнғиса, тақлидан бир кишидан эшитган сўзни айтса, жуда катта хавф-хатарларга учрайди.

Маҳмуд Асъад Жўшоннинг

"Юнус Эмро ва тасаввуф" китобидан

Сайфиддин Сайфуллоҳ таржимаси