loader
Foto

Ҳаж учун пулни қандай йиғиш мумкин? Амалий маслаҳатлар

Ҳар йили ҳаётда асосий сафар – Маккага – Ҳаж зиёратини амалга ошираётган яқинларимиз, дўстларимиз, ҳамкасбларимиз билан кўришамиз ва учрашамиз. Ҳар йили биз улардан дуо қилишларини сўраймиз, улар учун чин дилдан хурсанд бўламиз, муқаддас ердан жонли эфирларни томоша қиламиз, тасбеҳни совға сифатида қабул қиламиз ва ўзимизга айтамиз: ҳечқиси йўқ, бир кун келиб мен ҳам бу омадли одамларнинг ўрнида бўламан. Лекин йиллар кетидан йиллар ўтсада, улар У ЕРДА, биз эса ҳамон ШУ ЕРДАмиз. Ўзимизга тан олайлик, агар биз орзуимиз - Маккани кўриш, Каъбага тегиниш учун аниқ ва ишончли қадамлар қўйишни бошламасак, бу афсонавий "бир кун" келмайди.

Ҳаж учун пулни қандай тўплаш мумкин?

Ҳажни миллионерлар, олигархлар, машҳурлар эмас, балки "Аллоҳ ризоси учун ҳаж" ни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва унга эришган энг оддий одамлар амалга оширадилар, шундай эмасми? Бугун биз сизга қандай қилиб тўғри тежашни ўргатамиз ва мутлақо кераксиз нарсаларга қанча пул сарфлаётганимизни айтиб берамиз.

Овқат

Оилангиз ойига озиқ-овқат учун қанча пул сарфлашини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бир қарашда бу ҳаражатлар арзимасдек туюлади, ҳар куни ўзимизни ширинликлар билан меҳмон қилиш, кафеда овқатланиш, уйга суши ва пицца буюртма қилиш одатий тартибга айланиб қолган. Бир оз қотиб қолган нонни ташлаб юбориш, гарчи музлатгич кечқурундан бери истеъмол қилинмаган таомлар билан тўла бўлсада ҳар куни янги ва янги таомлар тайёрлаш ҳам нормал ҳисобланади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш

Бир ой давомида кафега ташриф буюришдан бутунлай воз кечишга ҳаракат қилинг ва ҳар сафар оёқларингиз сизни қаҳва татиб кўриш учун шинам столга олиб борганида, иродали бўлинг ва ширинликларга сарфламоқчи бўлган пулингизни "Ҳаж учун" деб номланган ақчадонга солинг.

Ишга ўзингиз билан бир идишда мазали уй таоми олишга одатланинг, чунки ошхонадада ҳеч қандай тамадди уй таомининг ўрнини боса олмайди. Бутун оила бўлиб бир ойлий таомнома устида ўйлаб кўринг, керакли нарсалар рўйхатини тузинг, гипермаркет ёки улгуржи бозордан озиқ-овқат сотиб олинг ва 30 кун давомида дўконлар борлигини унутинг.

Болаларни ўсимлик мойига тўла печенье ва бутун бошли Менделеев даврий жадвални ўз ичига олган конфетлар билан эмас, балки уй пишириқлари ва мавсумий мевалар билан хурсанд қилинг. Шундай қилиб, сиз бир ўқ билан иккита қуённи урган бўасиз - соғлиғингизни ҳимоя қилиш ва асосий мақсадимиз учун пул тежашга эришасиз.

Кийим-кечак, косметика, уй-рўзғор буюмлари

Кийим-кечак ва косметика сотиб олиш

Йигирманчи рўмол – «Аммо мен бу нозик шафтоли ранги ёнидан шундай ўтиб кетолмадим»; ўқитувчи маошининг ярмига тенг бўлган кофта – «ахир менинг болаларим энг яхши кийимлар кийиши керак»; шунчаки тўлиб ётган шифоньерга сиғмайдиган сумка – «наҳотки шу майда-чуйда билан ўзимни хурсанд қила олмасам».

Ҳа, аёллар – савдони ривожоантирувчи кучдир. Айнан инсониятнинг гўзал ярми учун дўконларда жозибали савдолар, барча турдаги акциялар, сохта фойдали таклифлар ишлаб чиқилади. Натижада, шкафларимиз йиллар давомида кийилмаган нарсалар билан тўлиб, уйнинг барча горизонтал юзалари ҳар хил банкалар, тюбиклар, лаганлар, қозонлар, косалар, ёстиқлар, кўрпа-тўшакларга тўла.

Агар сиз Ҳажга бориш орзуингизни рўёбга чиқармоқчи бўлсангиз, шунчаки минималист бўлишингиз керак. Ўйлаб кўринг, бизни ўраб турган ҳамма нарса, ҳар бир нарса, ҳар бир кичик нарса маълум миқдорда пул туради. Ўйлаб кўринг, бу чой сервизи, ошхона тахтакачи, янги пардалар, қўл креми ёки буларнинг барчаси сизнинг жавонларингиздаги яна бир ўлик юкка айланади. Гардеробингизни янгилашдан олдин, сизда мавжуд бўлган кийимларни кўриб чиқинг ва ўзингизга тўғри жавоб беринг: ҳақиқатан ҳам кийиш учун ҳеч нарса йўқми?

Дам олиш, кўнгилочарликлар

Кўнгилочарликлар: боулинг

Яқин келажакда зиёрат қилишни мақсад қилиб қўйсангиз, воз кечишингиз керак бўлган яна бир харажат - бу кўнгилочарликлар. Ҳар дам олиш кунлари кинотеатрларга, кўнгилочар клубларга, истироҳат боғларига боришга салмоқли маблағ сарфласак-да, Ҳажга пулимиз йўқ, дейиш аҳмоқликдир.

Албатта, сиз оилавий таътилга, фарзандларингизни хурсанд қилиш учун пул сарфлашни хоҳлайсиз, аммо биз сизни бундан бутунлай воз кечишга ундамаймиз. Дам олиш кунларини кўнгилочар клубда ўтказиш ўрнига, болалар билан табиат қўйнига боринг, тўп ўйнанг, оловда чой қайнатинг, чўғда картошка пиширинг. Ҳақиқатан ҳам улар бундай ўйин-кулгидан камроқ завқ олишади деб ўйлайсизми?

Таъкидлаш керак бўлган яна бир нуқта-бу байрамлар. Аниматорлар билан туғилган кунлар, қимматбаҳо совғалар, санъат асарига ўхшаш тортли дастурхонлар, ҳатто ҳеч ким емайдиган замонавий байрамона таомлар. Нима учун бундай байрамларни ташкил қиламиз? Instagram саҳифангизни чиройли фотосуратлар билан безаш, қариндошлар орасида энг сахий ва меҳмондўст оила сифатида обрўга эга бўлиш учунми? Аммо ҳар сафар пулни бундай бехуда сарфлаганимизда Маккадан, Мадинадан, барча гуноҳларимиз учун мағфират олиш имкониятидан узоқлашамиз.

Глобал харидлар

Мебель сотиб олиш

Нархи Ҳаж сафарининг ярмини ташкил этадиган телевизор, ошхона ёки ётоқхона мебеллари. Биз қимматбаҳо ускуналар ва мебеллар учун пулимизни индамасдан берамиз, аммо агар Маккага саёҳат нархи бир неча миллион сўмга кўтарилса, биз жуда ғазабланамиз.

Агар сиз ҳақиқатан ҳам яқин келажакда Ҳажга боришни истасангиз, унда сиз яшаш хонасида янги диван сотиб олишдан ва ҳаммомни таъмирлашдан воз кечишингиз керак бўлади. Бунга тайёр бўлинг ва ўзингизни алдаманг.

Ҳаж учун пул йиғадиган ақчадонни тўлдириш учун айфонингизни сотиб юбора оласизми? Эҳром кийиш имконияти учун арзон машинага ўтишга тайёрмисиз? Агар бу саволларнинг жавоби ҳа бўлса, унда Парвардигор сизга ёрдам беришига ва муқаддас заминдан қайтиб келганингиздан кейин бу дунёдан янада кўпроқ фойда олишингизга амин бўлинг.

Агар қалбингизда шубҳа бўлса, унда сиз шошилинч равишда ўзингиз устингизда ишлашни бошлашингиз керак. Ёдингизда бўлсин, Ҳаж фарз амалдир, биз уни биринчи имкониятда бажаришимиз керак ва йўқ жойда баҳона изламайлик.

Сафия Фокина

Абу Муслим таржимаси