loader
Foto

Ёмон гумондан узоқ бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гумондан, ҳақиқатдан узоқ бўлган ғайбни гапиришдан қаттиқ қайтарганлар: “Гумондан сақланинглар, чунки у сўзларнинг ёлғонидир” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гумонни ёлғон сўз, деб санадилар. Чинакам мусулмон ёлғонни ҳиди келадиган сўзни ҳам айтмайди-ку, ёлғон сўзни қандай айтсин.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олий кўрсатмалари гумондан қайтарар, уни энг ёлғон сўз деб санар экан, бас, у мусулмонларни одамларнинг ишларини зоҳирини олишга, улар ҳақида ёмон гумон қилишдан узоқ бўлишга юзлантиради. Инсонларнинг сирларини очиш, уларнинг ишларига аралашиш мусулмоннинг хулқи эмасдир. Бундай ишлардан узоқ бўлиш саҳобалар ва тобеинлардан иборат салафи солиҳларнинг хулқидир.

Абдурраззоқ Абдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуддан ривоят қилади, айтади: “Умар ибнул Хаттоб розияллоҳу анҳуни шундай деяётганини эшитдим: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ваҳийдан маълумот олар эдилар. Ваҳий тўхтади. Бизлар ҳозир сизларнинг ишларингиздан зоҳирини оламиз. Ким бизларга яхшиликни кўрсатса, унга ишонамиз ва уни ўзимизга яқин оламиз. Унинг ичи билан ишимиз йўқ. Аллоҳ унинг ботинини Ўзи ҳисоб-китоб қилади. Ким бизларга ёмонликни кўрсатса, гарчи уни ичи яхши дейишса ҳам, унга ишонмаймиз, уни тасдиқламаймиз”.

Шу сабабдан мусулмон инсон гапираётган ҳар бир сўзида, чиқараётган ҳар бир ҳукмида ҳазир бўлиши керак. Унинг фикри-хаёлидан Аллоҳ таборака ва таолонинг унга хитоб қилиб айтган Сўзи кетмаслиги лозим:

“(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)” (Исро сураси, 36-оят).

У мана шу ҳикматли буйруқларга амал қилар экан, фақат билганини гапиради, аниқ ишонганига қараб ҳукм чиқаради. У одамларнинг ишига аралашиш, уларга ёмон гумон қилиш гуноҳига тушиб қолишдан қўрқуви ошади, зеро, унинг қалбида тилидан чиққан ҳар бир калимани, ундан содир бўлган ҳар бир сўзни санаб турувчи унга бириктирилган, кузатувчи фаришта гавдаланади.

“У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз килса), унинг олдида ҳозир-у нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)” (Қоф сураси, 18-оят).

Мана шу оят, ҳадисларнинг маъноларини тушунган мусулмон банда оғзидан чиқаётган калиманинг нақадар масъулиятли эканини билиб қўрқувдан титрайди. Шунинг учун уни доимо айтаётган сўзининг вазнини ўлчаётганини, сўзлашдан аввал ўйлаётганини кўрасиз, чунки у тилидан чиқаётган сўз уни Парвардигорининг ризолик мақомига кўтаришини, ёки, аксинча, уни Парвардигорининг ғазабига дучор қилишини билади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Албатта, киши Аллоҳни рози қиладиган бир сўзни айтар экан, бу қандай даражадаги сўзлигини билмайди. Аллоҳ таоло унга ўша сўзи учун Қиёмат кунига қадар Ўз розилигини ёзади.

Яна бир киши Аллоҳни норози қиладиган сўзни айтар экан, у қандай даражадаги ёмон сўзлигини билмайди. Аллоҳ таоло унга ўша сўзи учун Қиёмат кунига қадар ўз ғазабини ёзади”.

Сўз масъулияти нақадар буюк! Вайсовчи тиллар айтган гапларнинг таъсири нақадар катта!

Тақводор инсон одамларнинг вайсашига қулоқ тутмайди, ҳозирги кунда жамиятимизда тўлиб-тошган сўзлар, миш-мишлар, гумонлардан иборат эшитган гапларга парво қилмайди. Яна у одамлардан эшитган ана шу миш-миш, гумонларнинг аниқлигини билмай туриб, уларни айтиб юришга рози бўлмайди. Балки у эшитган нарсасини тўғрилигини билмай туриб бошқаларга етказишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари далолат қилган ҳаром қилинган ёлғон деб билади: “Эшитган нарсасини айтаверишлик - кишининг ёлғончилигига кифоядир” (Муслим ривояти)

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси