“Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон Тамимий Бустий ҳофиз, имом, аллома, муҳаддис бўлиб, кўп китоблар битган зот эди. У 280/893 йилда туғилиб, 354/965 йилда вафот этган. Аллоҳ у зотни Ўз раҳматига олсин! У Насоий, Ҳасан ибн Суфён, Абу Яъло Мавсилий, Абу Бакр ибн Хузаймадан ҳамда Мисрдан Хуросонга қадар яшаб ўтган сон-саноқсиз кишилардан ҳадис эшитган эди.
Ибн Ҳиббон Самарқанднинг қозиси бўлган. У динда фақиҳ, кўп асарлар ҳофизи, юлдузлар илми, тиб ва бошқа фанларнинг билимдони эди. Шунингдек, у оқил инсон, кучли фиқҳ, ҳадис, луғат билимдони, ваъз-насиҳат қилишда илм булоғи эди. У узоқ давом этган сафаридан сўнг 340/951 йилда туғилиб ўсган шаҳри Бустга қайтади ва ўша ерда яшаб қолади. Ибн Ҳиббон олтмишга яқин китоблар битган. Унинг китобларида келтирган маълумотларни эшитиш учун олимлар у зотнинг ҳузурига сафар қилишарди. У ўзининг “Ал-Анвоъ ват-тақосим”, яъни “Саҳиҳ” китобида: “Икки мингдан ортиқ шайхдан эшитганларимизни ёздик”, деган”.
Имом Заҳабий сўзини давом эттириб, шундай дейди: “У фиқҳни, араб тилини чуқур билиши, ёрқин фазилатлар эгаси бўлиши, кўплаб китоблар ёзган бўлишига қарамай, илм талабида кўп сафарлар қилган. Ҳиммат дегани мана шундай бўлибди”.
Аллома Ёқут Ҳамавий ўзининг “Муъжамул-булдон” китобида “Буст” сарлавҳаси остида қуйидагиларни айта-ди:
“Буст” сўзи “бо” ҳарфининг заммаси билан ўқилади. У (ҳозирги Афғонистон ери саналган) Сижистон, Ғазнин ва Ҳирот ерлари орасидаги шаҳардир. Уйлашимча, у Кобул вилоятига қарашли, ҳавоси иссиқ, катта дарёлари ва боғлари кўп шаҳардир. Бироқ вайроналиги яққол кўриниб туради. У ердан фозил инсонлар етишиб чиққан. Улардан бири Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон Муоз Тамимийдир. У имом, аллома, фозил, пухта илм соҳиби, ҳадислари, сафарлари, шайхлари кўп, матн ва санадлар билимдони бўлган зотдир. У ҳадис илмида ўзгалар қила олмайдиган даражада кўп ҳадис ривоят қилган. Киши унинг ёзган китобларига инсоф назари ила қараса, унинг илми бамисоли денгиз эканини кўради. У ўзининг “Ал-Муснадус-саҳиҳ ъалат-тақосим вал-анвоъ” номли китобида: “Шош ва Искандария орасидаги икки мингдан ортиқ шайхдан эшитганларимизни ёзиб олдик”, деган.
У Шош ва Искандария ўртасидаги катта ҳудудда кўп сафар қилиб, имомлару уламоларни, олий санадларни топган. У ҳадис фиқҳини ва унинг маъноларини туб-тубигача етиш илмини имомлар имоми Абу Бакр ибн Хузаймадан олган. Уни устоз тутиб, шогирд бўлган. Ибн Ҳиббоннинг ёзган китоблари ноёб бўлса-да, муҳаддисларга дастак бўлган.
Қадимда илм ўрганиб, унга рағбат қилувчилар шундай бўлишган: кўп сафар қилган, баданларига озорлар етган, вақт сарфлашган, роҳат кўрмаган, шу билан бирга сусткаш ҳам бўлмаган. Уларни уламолар зиёратига боришдан ҳеч қандай қийинчилик тўса олмаган. Илм ўрганиш ва динга хизмат қилишдаги орзулари уларни илмни янада кўпроқ олишга ундаган ҳамда учраши мумкин бўлган қийинчилигу машаққатларни унуттира олган.
Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг
"Саҳифалар" китобидан