(Мисол учун, Япония, Кореяга ўхшаш давлатлар насроний динларида эмаслар.) Балки, «Ислом ҳақиқатларини билмаслигимиз оқибатида дунёвий нодонликка, моддий билимлардан бехабарлик, тарраққиёт ва маданиятдан қолоқликка учрадик».[1]
«...Баъзан кофир мусулмондан ва куч ҳақдан ғолиб келишига сабаб нима?
Чунки мусулмон доим ҳам Исломга мувофиқ яшамаганидек, ғайри муслимнинг баъзи ҳоллари Исломга уйғун келиб қолади. Масалан, илм олиш, ҳаракатчан бўлиш, ҳунарда илғор юриш мусулмонларнинг ҳаққи бўлгани ҳолда мусулмон кўпинча бу ва шунга ўхшаш соҳаларда орқада қолиши, ғайри муслимлар эса илгарилаб кетишлари мумкин. Шунда ғайри муслимлар устун, мусулмонлар орқада бўлади. Диққат қилинса, бу ерда устун ғайри муслимнинг ўзи эмас, балки илм, ҳаракатчанлик ва ҳунардир. Булар эса ҳақдир. Демак, бевосита ботил эмас, ботил эга чиқиб олган «ҳақ сабаблар» устун бўлади. Мусулмонлар исломиятни ўрганиб, англаб яшасалар, шундагина ҳақ сабаблар билан ҳақ аҳли бирлашади ва устунликка эришилади...».[2]
Ғарб қанчалик тарраққий этса-да, маънавий қашшоқдир. Насроний дини уларнинг қалбларидаги эҳтиёжларини қондира олмади, уларнинг муҳим саволларига жавоб топиб бера олмади, ҳаётларидаги кўпгина муаммоларни ҳал этишга ожиз бўлди. Аксинча, у кўп муаммоларни пайдо қилдики, унинг зарари ҳалигача инсоният тарихида қора доғ бўлиб турибди. Мустамлакачилик, ирқчилик, миллатчилик, атеизм, дарвинизм, фашизм, социализм, коммунизм, либерализмга ўхшаш «таълимотлар» Оврупо давлатларидан тарқалиб, ўзининг зарарли таъсирини бутун дунёга ўтказди ва ўтказиб келмоқда.
Насронийлар юртида «ўзгани ўзинг каби севгин»[3] шиорига амал қилишга даъво қилган ҳолда, атом бомбасини ихтиро қилдилар-ку! Агар бу уларнинг «ўзгаларни севиши» бўлса, севмаслиги қандай бўлади? Иккита жаҳон урушининг содир бўлиши насронийликнинг ўчоғи ҳисобланмиш, ўзларини маданиятли сановчи ғарб миллатлари учун шармандалик эмасми?
«Европо дегани диндан бехабарлик ва фаҳшият манбаи бўлганидан унинг саноатидаги тарраққиёти бизни алдаб қўймаслиги керак. Саноат шунчалик муҳим бўлиши билан бирга, биз қила олмайдиган бир мушкулот эмас. Иқтисодга риоя этилган тақдирда қисқа фурсатда улардан яхшироқ ишларни қилишимиз муҳаққақдир. Биз учун лозим асл асосий нарса, динимизга риоят этган ҳолда шариат ва маънавий салтанатимизни ҳам тикламоғимиздир...». [4]
Улар ҳар қанча тарраққий этсалар-да, ракеталарини учириб, ойга ёки бошқа сайёраларга парвоз қилсалар-да, жамиятларидаги фоҳишабозлик, наркомания, ароқхўрлик каби иллатлардан фориғ бўла олмадилар. Оилавий муносабатларнинг нормал ҳолатда эмаслиги, қўйди-чиқдиларнинг кўпайиб бориши, қариялар уйи, етимхоналар, сан-саноқсиз қотилликлар, оммавий ароқхўрликлар, ёшларнинг бебош бўлиб бораётганлиги ва бошқа кўпгина гуноҳларнинг авж олиб кетиши жамиятдаги маънавиятнинг қадрсизланиб бораётганлигининг далолатидир. Шунинг учун бўлса керак, насроний миллати маънавий муаммоларини бартараф этиш ва адолатли жамият қуриш мақсадида ўзини ҳар тарафга уриб кўрди. Ўша пайтларда биз уларга Ислом таълимотларини ўргатиш ўрнига, ўзимиздаги бор исломий илмларга ҳар хил бидъатларни аралаштириб юбордик. Ислом аста-секин ҳаётимиздан чиқиб кетганлигини ўзимиз сезмай қолибмиз, ислом таълимоти ўрнига ғарбдан келган ботил таълимотлар ҳаётимизнинг барча қатламларига кириб, ўзининг зарарли таъсирини ўтказди ва ўтказиб келмоқда. Оқибатда кўпгина ислом ўлкалари ғарб давлатларининг мустамлакаларига айланиб қолди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин маълум сиёсий ўзгаришлар оқибатида ислом ўлкалари сиёсий мустақилликка эриша олдилар. Энди ғарб бизларнинг сиёсий мустақиллигимизни тан олсалар-да, лекин амалда бизнинг юртларда миссионерлик фаолиятини кенг кўламда ривожлантириб юбордилар. Уларнинг бирдан-бир мақсадлари онгимизга ҳокимлик қилишдир.
1999 йил 20 майда Канада олий суди эркаклар билан эркаклар ўртасидаги никоҳни тан олди. Бир журналист биродаримизнинг таъбири билан айтганда, «Энди оталари билан қизларини, оналари билан ўғил фарзандларини, итнинг хўжайини билан итларининг никоҳини қайд қилишларини тан оладиларми?” Ахир бундай никоҳларга бепарволик билан қараш одамийликка тўғри келадими? Бу ҳол Оврупо давлатларида ҳам кузатилаётгани ачинарлидир. Албатта, бунга насоролар ҳам қаршилар, аммо улар ўз уйларида инсонийлик фазилатларини тиклаш ўрнига бизларга нажот ҳақида сафсата сотиб юрибдилар.
Уларга Павелнинг Пётрга:
«Мен эса улар Инжил ҳақиқати бўйича ҳаракат қилишмаётганлигини кўриб, ҳаммага эшиттириб Петрга: “Агар сен яҳудий бўла туриб, яҳудийлар каби эмас, мажусийлар каби яшаётган бўлсанг, қандай қилиб мажусийларни яҳудийлашмоққа мажбур этяпсан?” дедим»[5] деб айтган гапларини эслатиб ўтамиз. Сабаби, уларнинг ўзлари Инжил кўрсатмаси билан яшамайдилар, лекин бизнинг Инжил ақийдалари асосида яшашимизни хоҳлайдилар.
Миссионерлар ҳамласи ортида кимларнинг ғаразли манфаатлари ётибди экан?
Нега улар ўзларининг юртидаги мавжуд маънавий инқироздан чиқиб кетиш йўлларини изламасдан, келиб, бизларни «тарбияламоқчилар»?
Улар Бухорий, Термизий, Марғилоний, Беруний, Навоий, Улуғбек каби буюк сиймоларнинг авлодларига маънавиятни ўргатмоқчиларми?
Биз уларнинг «маънавият» дарсларига муҳтожмизми? Ахир имом Бухорий ўзларининг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ”ларини ёзган вақтларида баъзи бир ғарб халқларининг ҳатто алифболари ҳам йўқ эди-ку!
Насроний дини ҳеч қачон яхлит дин бўла олмаган. Бу дин асосий уч йўналиш – католиклар, православлар ва протестантларга бўлиниб кетди. Буларнинг ҳар бири ўз навбатида яна турли оқимлар, йўналишлар, гуруҳлар, секталарга ажралиб, бу бўлиниш ҳамон давом этиб келмоқда. Улар бир-бирларини тан олмаган ҳолда, ошкора ёки махфий тарзда бир-бирларининг “гўшт”ларини емоқдалар.
Насроний дини ўзининг вужудга келган илк кунларидан бошлаб, ханузгача бўлинишда, парчаланишда, фирқа, оқим ва гуруҳларга бўлинишда давом этишига сабаб, уларда мукаммал диний кўрсатмаларнинг йўқлиги бўлса керак. Мукаммал диний кўрсатмаларининг йўқлигининг сабаби эса ихтилофлардан холи бўлган асл муқаддас илоҳий китобнинг мавжуд эмаслигидир.
Насроний динининг ақийдаси асосан II ва IV асрлар оралиғида шаклланган. Бу жараён эса енгил кечмаган. Ақийдавий ихтилофлар Рим империясининг ҳар бир бурчагигача кириб борди. Баҳслар асосан “Ийсо алайҳиссалом Худоми ёки инсонми?” деган савол устида борар эди. Баъзи гуруҳлар «Ийсо алайҳиссалом Бани Исроилга юборилган пайғамбар» дейишса, баъзилари Ийсо алайҳиссаломга туҳмат қилиб, уни «Худо» дедилар ва бу фикр Рим империясининг асосий ақийдаси бўлиб қолди. Императорлар бутун насронийларни мазкур ақийдада бирлаштирмоқчи бўлдилар. Бу ақийдани тан олмаганлар қувғинга учрадилар.
Бир инжилшунос олим гуруҳларнинг бир-бирларини куфрда, бидъатда, муртадликда айблашларини кўриб, «Уларни ҳар хил динга мансуб бўлса керак, деган фикрга бориш мумкин эди» деган эди.
Инсоф билан таъкидлаш лозимки, насронийларнинг кўп фирқалари бу ақийдага қўшилмадилар. Уларнинг ичида кўзга кўринган оқимлардан бири Арийчилик эди. Улар расмий черковнинг ота худо ва ўғил худо(Ийсо)нинг бир моҳиятга эга экани ҳақидаги асосий ақийдаларини қабул қилмай, буни «Икки худоликни тан олиш» деб ҳисоблаган.
Арийчилик «Фақат ягона Худо азалий бор ва абадий мавжуд, «худонинг ўғли» эса илоҳий моҳиятдан эмас, балки йўқликдан яратилган», деган ақийдага ишонган тоифа эдилар. Шунга ўхшаш ҳар хил оқимлар ўша пайтда қувғинга учраганлар. Улар фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум этилиб, қийноқ ва азоблар билан қўрқитилишларига қарамай, ушбу оқим анча вақт ўз мавқеини сақлаб қола олган.
Ислом дини ўзининг байроғини баланд кўтарганида, асл насроний оқим вакиллари Исломни ҳақ дин дея қабул қилганлар. Шом, Кичик Осиё ярим ороли, Миср, Шимолий Африка халқлари, Ироқ ва Эрон насронийларининг кўпчилиги ҳеч иккиланмасдан, Исломни қабул қилганлар. Балки шунинг учун бўлса керакки, Ислом Атлантика океанидан то Ҳиндистон ярим оролигача яшин тезлигида тарқалган. Ҳозирда христиан оламидаги кўплаб кишилар фақат Исломга юзланиб, Қуръони Каримга иймон келтириб, боши берк, зулматга чўмган кўчаларни тарк қилиб, порлоқ манзилли, нурли йўлларга қадам босаётганлари бежиз эмас.
Зеро, Ҳазрати Ийсо алайҳиссаломни ҳақиқий мақомларида улуғлаган, у зотнинг пок номларини ҳар хил бўлмағур туҳмату бўҳтонлардан асраган ҳам Исломдир, Қуръони Каримдир.
«Аллоҳ нозил қилган бу Қуръон яхши ишларга ундагувчи, ёмон ишлардан қайтаргувчидир, аввалги пайғамбарларнинг йўли ва ибратидир. Қуръонда сизлар ҳақингизда, ўтган умматлар тўғрисида ва келажакдаги ишлар хусусида хабарлар бор, сизларнинг орангиздаги ишларни ҳал этгувчи ҳукмлар бор. Қуръон кўп такрорлангани ва кўп истифода этилгани билан эскириб қолмайди, Қуръоннинг мўъжизалари тугамайди. Қуръон ҳазил эмас, ҳақ. Қуръон билан гапирган одам тўғри гапирган бўлади. Қуръон билан ҳукм қилган одам одил ҳукм қилган бўлади: Қуръонга таяниб уришган одам зафар қучади, Қуръонга биноан ҳукм чиқарган одам тўғри йўл тутган бўлади, Қуръонга амал қилган одам савоб топади, Қуръонни маҳкам ушлаган одам тўғри йўлга йўлланади. Қуръондан бошқа нарсадан ҳидоят кутган одамни Аллоҳ адаштиради, Қуръондан бошқа нарса билан ҳукм чиқарган одамни Аллоҳ ҳалок этади. Қуръон ҳикматлар зикридир, равшан нурдир, тўғри йўлдир, Аллоҳнинг тийран риштасидир, шифобахш малҳамдир. Қуръон ҳукмини маҳкам тутган одамни у асрайди, унга эргашган одам нажот топади. Қуръонда тузатиш лозим бўлган қинғирлик йўқ. Қуръон ҳақиқатдан йироқ кетмайди, шу боис айблашга, таъна-маломатга учрамайди».[6]