Путин ва унинг иттифоқчиларини бундай йўл тутишга нима мажбур қилаётганини тушуниш учун афсоналар доирасида четга назар ташлаш керак.
Москвада 2000 йил Владимир Путин ҳукумат тепасига келган пайтдан бошлаб, Россия сиёсатининг мамлакат доирасидаги ва хориждаги таҳлилчилари унинг режимини асосан икки хил талқин қилишга қаратилган. Биринчи талқин шундан иборатки, Россия мафия давлати ҳисобланади ва унинг ҳукмрон элитаси асосий мақсади – мамлакат ичкарисида пул ўғирлаш, сўнгра уни хорижда яшириш ва сарфлаш деб ҳисобланади. Иккинчи изоҳ қуйидагича: Путин ўз машҳурлигининг қурбонига айланган, шу сабабли, Россия нима иш қилмасин, қандай ҳаракатни амалга оширмасин, ҳаммаси унинг машҳурлик рейтингини ушлаб туриш мақсадини кўзлайди.
Бундай назариялар Россияни тушуниш учун жуда қулай контекст яратади. Яна уларда насиҳатгўйлик, одоб-ахлоқ ўргатиш оҳанглари ҳам мавжуд. Мана шу сабабдан ушбу талқинлар Россиялик ва Ғарб мамлакатларининг кўплаб олимлари, сиёсатчилари ва таҳлилчилари томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва маъқулланмоқда. Бироқ бундай изоҳлар ҳақиқатга мос келмайди. Кремлнинг мотивларини ҳақиқатда тушуниш учун биз Кремл бу афсоналарни қандай фош қилишини кўриб чиқишимиз лозим.
Албатта, Кремл доираларида коррупция жуда катта. Бу одамлар мамлакатни бошқариш асносида катта пул ишлаб топиб, қўлга киритган пулларни оффшорлардаги банк ҳисобрақамларига жўнатмоқда, Лондонда кўчмас мулк харид қилишга сарфламоқда ва ўз фарзандларини ғарб мамлакатларида ўқишга жўнатмоқда. Лекин агар Россия элитаси ҳақиқатда мафиячи давлат бўлганидек ва фақат ўзининг фаровонлиги ҳақида ўйлаганида эди, у чет эл инвестициялари ва харажатларига халал берадиган ҳеч нарса қилмаган бўларди. Бироқ сўнгги йиларда Путиннинг сурбетларча ташқи сиёсий авантюралари, айниқса, Қрим воқеалари, Россия элитасининг катта қисми томонидан қўллаб-қувватланмоқда ва оғриқли санкцияларга олиб келмоқда.
Шубҳасизки, Путин – худди аксарият сиёсатчилар, айниқса, авторитар популистлар каби, ўз оммавийлиги ҳақида қайғуради. Қримни Россияга қўшиб олишнинг асосий мақсадларидан бири ҳам унинг тушиб кетган рейтингини кўтаришдан иборат бўлган. Лекин у фақат шу ҳақидагина ўйламайди ва буни яқинда рўй берган ҳодисалар ҳам тасдиқлайди. Июл ойида Россия парламенти пенсияга чиқиш ёшини оширишга овоз берди, бу эса кучли норозилик тўлқинига сабабчи бўлди. Жамоатчилик фикри сўровлари шуни кўрсатадики, россияликларнинг 90 фоизи бундай чораларга қарши экан. Улар ҳатто кўча намойишлари ҳам ўтказдилар. Бироқ Кремл барибир бу ислоҳотни қатъийлик билан давом эттирмоқда. Путин ички сиёсатда оммага мақбул келмаган ҳаракатларни биринчи марта амалга ошираётгани йўқ. У ижтимоий имтиёзларни қисқартириб, оммавий норозиликларга сабаб бўлган солиқлар ва йиғимлар жорий қилган.
Буларнинг ҳаммаси нимадан далолат беради? Нима учун Россия режими Путин атрофидагиларнинг шахсий фаровонлиги соладиган ва президент рейтингига зиён етказадиган қадамлар қўйган ҳолда такрор ва такрор риск қилмоқда? Чунки Россия бу сизга Филиппин ёки Гватемала эмас. Россия элитаси глобал нафсониятга эга. Путин ўз тарафдорлари билан бирга Россия куч-қудратини намойиш этиши, бутун дунёга – иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий соҳаларда таъсир кўрсатиши лозим деб ҳисоблайди.
Бу жиззакилик илдизлари Россия тарихига ва унинг асрлар давомида мавжуд бўлиб келган улкан ҳудудига бориб тақалади. Москва совуқ урушда мағлубиятга учрагач, улар бироз сусайди. Ўша пайтлар Россия элитасининг катта қисми Ғарб ғолиблари жамоасига қўшилиб олишни маъқул кўрганди. Лекин бу вақтинчалик кайфият эди.
Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан кейин рўй берган дастлабки йирик жаҳон инқирози саналган 2008 йилги молиявий инқироз ғарб иқтисодиётига, ишончга путур етказди. Сўнгра АҚШ 2012 йил Магнитский қонунини қабул қилиб, россиялик ишбилармонлар ва Путиннинг иттифоқчиларига қарши санкциялар жорий қилди. Бу икки ҳодиса биргаликда Ғарбнинг иқтисодий ва сиёсий нуқтаи назардан ишончсиз эканлигини намойиш этди.
Путин эса, Ғарбдан фарқли равишда, ҳукмрон синфлар активларини сақлашнинг ишончли кафили бўлиб чиқди. Иқтисодий инқироз даврида у йирик маҳаллий ищбилармонларга катта ҳажмдаги давлат кредитлари берган ва уларнинг ғарб кредиторларидан фақат кафолат депозитлари киритиш ҳақида талаблар олган компанияларини қутқарган ҳолда сўнгги инстанциядаги Россия кредиторирга айланди. Янги ғоя пайдо бўлди ва мустаҳкамланди: давлат қанчалик кучли бўлса, уни ҳимоя қилиш имониятлари шунчалик катта бўлади. Глобал таъсирни намойиш этиш эса бундай куч мавжудлигини исботи ҳисобланади.
Шу сабабли Россия охирги йилларда Сурия ва Украинага қўшинларини жўнатган, кибероперациялар амалга оширган ҳамда Филиппин, Африка, Европа ва Латин Америкаси сиёсий кучлари орасида «кўп қутбли дунё» учун курашда иттифоқчилар излаб топишга (баъзан анча муваффақиятли) ҳаракат қилган ҳолда бутун дунёга мушакларини кўз-кўз қилмоқда. Баъзида бу Ғарб томонидан жавоб реакцияси хавфини туғдиради, лекин буларнинг барчаси умумий стратегиянинг бир қисми ҳисобланади.
Ҳатто ички фронда ҳам Путин ўзининг иттифоқчилари билан Россияни дунёда муносиб ўрин билан таъминлашга ҳаракат қилади. Россияда пенсия ёши иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар аксарияти билан таққослаганда паст бўлиб, келгусида пенсия тизимига киритилиши лозим бўлган маблағлар кескин ортиши кутилмоқда. Ҳукумат бунда миллий иқтисодиётнинг ривожланиши учун тўсиқ кўрмоқда – бундай ҳаракатлар мамлакат аҳолисинниг катта қисмига хуш келмаса ҳам.
Таҳлилчилар ва сиёсий раҳбарлар айниқса, Россия ва Путин Ғарб онгида катта ўрин эгаллаган ҳозирги кунларда бу омиллар йиғиндисини тушунишлари лозим. Айрим совет етакчилари «Ғарбга етиб олиш ва ундан ўзиб кетиш» ҳақида баёнот берарди. Лекин Путиннинг мақсади бошқача. У Россия элитаси вакиллари бўлган ўз маслакдошлари билан Ғарбдан нафақат ўзиб кетиш, балки унга етиб олиш имкони йўқлигини ҳам тушуниб етган. Шу сабабли улар муқобил вариант ишлаб чиқишни режалаштирган.
Александр Баунов - Москва Карнеги маркази катта илмий ходими, Carnegie.ru портали бош муҳаррир.
Абу Муслим таржимаси