loader
Foto

Одамларнинг мақтови ва танқиди

Одамларнинг мақтовига ўч бўлиш хасталигидан қутулиш қуйидагича бўлади. Аввало, одамлар сизни қайси сифат ила мақташаётганига назар солинг.

Агар ўша сифат ҳақийқатан ҳам сизда бор бўлса, икки хил бўлади.

Биринчиси – илм ва тақво каби хурсанд бўлишга арзийдиган сифат. Бундай ҳолатда мақталган одам оқибатдан ҳазир бўлиши керак. Ўша қўрқинч уни мақтовга маст бўлишдан сақлайди. Агар оқибати яхши бўлиши хурсандчилик сабаби бўлса, Аллоҳ таоло берган фазлдан хурсанд бўлиш керак. Одамларнинг мақтовидан эмас.

Иккинчиси – мансаб ва молга ўхшаш хурсанд бўлишга арзимайдиган сифат. Бу нарсалардан хурсанд бўлиш худди тезда қуриб хашакка айланадиган кўкатдан хурсанд бўлишга ўхшайди. Бундан эса, фақат эси пастларгина хурсанд бўлади.

Агар сиз мақталган сифат сизда бўлмаса ҳам мақтовдан маст бўладиган бўлсангиз, бу эсипастликдан бошқа нарса эмас.

Танқидни ёқтирмаслик ҳам оғир дард ҳисобланади. Уни ҳам эринмасдан зудлик билан даволаш лозим. Бу борадаги гапнинг қисқаси қуйидагича: Агар сизни танқид қилган кишининг гапи тўғри бўлиб, насийҳатни ирода қилган бўлса, ғазабланмасдан унинг гапини яхши қабул қилиш керак. Чунки, у сизга айбларингизни ҳадя қилмоқда.

Агар танқидчи насийҳатни ирода қилмаган бўлса, у ўз дийнига нисбатан жиноят қилибди ва сиз унинг гапидан фойда олибсиз. Чунки, у сизга билмаган нарсангизни билдирибди ва унутган нарсангизни эсингизга солибди.

Агар танқидчи сизда йўқ нарсаларни айтиб бўҳтон қилган бўлса, сизга қуйидаги уч нарсадан бири бўлади:

1. Агар сиз мазкур айбдан холий бўлсангиз ҳам, унга ўхшаш бошқа айблардан холий эмассиз. Аллоҳ таоло ошкор қилмай турган айбларингиз кўп. Аллоҳ таоло танқидчига сизнинг ўша айбларингизни билдирмаганига шукр қилинг.

2. Танқидчининг туҳмати сизнинг гуноҳларингизга каффорот бўлади.

3. Бўҳтончи ўз дийнига нисбатан жиноят қилди. Ўзига қарши Аллоҳ таолонинг ғазабини қўзитди. Сиз Аллоҳ таолодан уни афв қилишини сўранг. Бир киши Иброҳим Адҳамни уриб бошини ёрганда, унинг ҳақига дуо қилиб шундай деган экан: «Бунинг сабабидан ажр олдим. Менинг сабабимдан азобга қолмасин».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Руҳий тарбия" китобидан