loader
Foto

Путин Эрдўғанни Самарқанддаги ШҲТ саммитига таклиф қилди

Россия президенти Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўғанни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари йиғилишида иштирок этишга таклиф қилди.

Бу ҳақда Туркия етакчиси Сочидан қайтгач, журналистларга маълум қилди, деб хабар қилди РИА Новости.

"Учрашувимиз давомида жаноб Путин ҳам сўради: агар имконият бўлса, у ерда учрашувда қатнашамиз, умид қиламан бунга. Хитой келади, бошқа томондан Саудия Арабистони келади, Қатар келади. Биз у ерда бўлишга интиламиз. Умид қиламанки, агар ҳозир ғайриоддий ҳодиса содир бўлмаса, мен ҳам у ерда бўламан”, деди Туркия президенти.

Эслатиб ўтамиз, 2021-2022 йилларда Ўзбекистон ШҲТга раислик қилмоқда. Ташкилотнинг навбатдаги саммити 15-16 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

Айни пайтда 2001 йилда ташкил этилган ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон киради. Айни дамда Эрон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишга тайёрланмоқда. Аввалроқ Беларус ташкилотга аъзо бўлиш учун ариза берганди. Афғонистон ва Мўғулистон - кузатувчи-давлатлар ҳисобланади.