loader
Foto

Хонкендида рус қўшинлари қўмондони генерал Волковга қарши қўзғолон бўлди

Арман манбаларига кўра, кеча Хонкендининг марказий майдонида Россия тинчликпарвар кучларининг "ҳаракатсизлиги"га қарши навбатдаги норозилик акцияси ўтказилди. Тўпланганлар қўмондонликдан Россия тинчликпарвар кучлари контингентини Қорабоғдан олиб чиқиб кетишни талаб қилишди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорабоғдан келган арман қочқинлар Россия ва Франциянинг Еревандаги элчихоналари олдида худди шундай талаблар билан норозилик намойишлари ўтказиб, Францияни минтақага ўз қўшинларини юборишга чақирган эди. Хонкендида эса ўзини "фуқаролик жамияти фаоли" деб атайдиган бир гуруҳ арманлар Россия тинчликпарвар кучлари қўмондони генерал Александр Волков билан учрашди.

"Малол келмаса, ўз ишингиз билан шуғулланинг, акс ҳолда биз ҳаракатларимизни ўзгартирамиз", деди намойишчилардан бири Гаяне Арустамян.

Россия тинчликпарвар контингенти қўмондони билан учрашувда иштирок этган намойишга бошчилик қилган "Тоғли Қорабоғ инқилобий партияси" раиси Артур Осипян россиялик генералнинг сўзлари умид уйғотмаганини айтди.

"Кеча биз Қорабоғда тинчлик қарор топишига ишонтирадиган ҳеч нарса эшитмадик", - деди Осипян.

Мухолифатчининг қайд этишича, тўпланганлар тинчликпарвар кучлар қўмондони томонидан ҳеч қандай аниқ кафолат олмагани учун учрашувдан норози.

"Маълум бўлишича, тинчликпарвар кучларнинг бу ерда муносиб тинчлик сақлашга на имкони, на кучи, на ваколати бор. Тинчликпарвар кучларнинг ваколатлари фақат ўзини ҳимоя қилиш учун етарли, шунда ҳам тўлиқ ҳажмда эмас", — деди Осипян.

Таъкидлаш жоизки, Озарбайжон армиясининг Келбажар ва Лочин шаҳарларида ўтказган "Қасос" операциясидан сўнг Россия тинчликпарвар кучлари арман жангарилари билан биргаликда ноқонуний арман қуролли тузилмалари постларини қўриқлай бошлагани ҳақида хабарлар кела бошлади. Бироқ, арманлар ноқонуний арман қуролли гуруҳлари аъзолари билан постларда ёнма-ён турган тинчликпарварлардан қониқмаганга ўхшайди. Арманистон ва Қорабоғ арманлари орасида Россия тинчликпарвар кучлари ва умуман Москвага қарши норозилик намойишлари кучаймоқда. Россия тинчликпарвар кучлари арманларнинг Хонкенди ва бошқа ҳудудларда Озарбайжонга бўйсунмасдан тинч яшашининг ишончли кафолатига айланади, деган хаёллар барбод бўлмоқда. Бундай хавфсизлик кафолати фақат Озарбайжон қонунлари ва Конституцияси доирасида берилиши мумкин.