Исроил ҳаво ҳужумлари ва Фаластиннинг ракета ҳужумларига сўнгги дақиқаларгача тўхтамаганига қарамай, якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 23:30 да сулҳ бошланди.
Ҳар икки томон ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга рози бўлган бўлса-да, бир-бирини ҳар қандай зўравонликка куч билан жавоб беришлари ҳақида огоҳлантирган. Бироқ кузатувчилар сулҳга риоя қилинаётганини билдиришмоқда.
Ғазода маҳаллий ҳукуматлар ўз эшикларини жамоатчиликка очишини, университетлар ҳам талабалар учун қайта очишларини эълон қилишди. Ғазо муниципалитети ва бошқа муниципалитетлар ҳам вайроналарни тозалаш ва зарарни дастлабки баҳолашга ҳаракат қилиш учун ўз кучларини юборишларини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, жума кунидан бери Исроил Ғазони ҳеч қандай сабабсиз қаттиқ бомбардимон қилмоқда, биноларни вайрон қилмоқда ва қочқинлар лагерларига зарбалар бермоқда. Исроил ҳарбийлари уларнинг нишонлари "Ислом жиҳоди" аъзолари, жумладан, гуруҳнинг юқори мартабали қўмондонлари эканини айтди, бироқ Фаластин расмийларига кўра, ҳалок бўлган 44 кишининг деярли ярми тинч аҳоли вакиллари эди.
Камида 350 нафар фаластинлик тинч аҳоли ҳам яраланган.
Бунга жавобан "Ислом жиҳоди" Исроилга юзлаб ракета отди, бироқ уларнинг аксарияти тутиб олинди. Исроил фавқулодда хизматлари Исроилда уч киши осколкали жароҳати олгани ва яна 31 киши енгил жароҳат олгани ҳақида хабар берди.
Ғазодаги бу зўравонлик ўтган йилги 11 кунлик урушдан бери энг ёмони бўлиб, Ғазода камида 250 киши ва Исроилда 13 киши ҳалок бўлди.
Якшанба кунги сулҳга БМТ ва Қатар ёрдами билан Миср воситачилик қилган. "Ислом жиҳоди" бош котиби Зиёд ан-Наҳаланинг айтишича, асосий келишувлардан бири Мисрнинг Исроил қўлида бўлган гуруҳнинг икки етакчисини озод қилишига ёрдам бериш кафолатидир.
"Ислом жиҳоди ўз шартларини қўяди. Биринчидан, барча фаластинликларни бирлаштириш. Иккинчидан, биз душмандан очлик еълон қилаётган биродаримиз Халил Ававдани, учинчидан, Шайх Бассем ас-Саъдийни озод этишни талаб қиламиз", деди ан-Нахала Эрон пойтахти Теҳронда журналистларга.
Миср "Ававдани озод қилиш" ва "даволаш учун ўтказиш" учун саъй-ҳаракатларини амалга ошираётгани ҳамда ас-Саъдийни "имкон қадар тезроқ" озод қилишга ҳаракат қилаётгани ҳақида баёнот берди.
Ал-Саъдийнинг ўтган ҳафта босиб олинган Ғарбий Соҳилда ҳибсга олиниши сўнгги кескинлашувнинг асосий омилларидан бири бўлди. Унинг ҳибсга олинишидан сўнг Исроил кучлари ҳар қандай жавоб ҳужумларининг олдини олиш учун Ғазо секторида "олдини олиш" деб аталмиш рейдларни бошлади. "Ислом жиҳоди" қўмондонлари Тайсир ал-Жабарий ва Холид Мансур жума ва шанба кунги ҳужумларда ўлдирилган.
Исроил кучлари, шунингдек, босиб олинган Ғарбий Соҳилда яна 19 нафар "Ислом жиҳоди" аъзосини ҳибсга олди. Исроил ўз амалиёти ўз мақсадларига эришганини ва энди узоқ муддатли ҳарбий ҳаракатларга эҳтиёж қолмаганини маълум қилди.
Ғазода сулҳ ҳақидаги хабар ўнлаб одамларнинг байрам учун кўчаларга чиқишига сабаб бўлди.
АҚШ ва БМТ ҳам сулҳни олқишлади.
АҚШ президенти Джо Байден унинг мамлакати ўт очишни тўхтатишга воситачилик қилгани учун Абдулфаттоҳ ас-Сисига миннатдорчилик билдирди ва "фожиа" деб атаган тинч аҳоли қурбонларини тергов қилишга чақирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ бўйича элчиси Тор Веннесленд кескинликни тўхтатиш, тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва "фаластинлик маҳбуснинг ишини текшириш" учун "қўлдан келган барча ишни қилиш" мажбуриятини таъкидлади.
"Вазият ҳали ҳам жуда заиф, - деб ёзди у Твиттерда. - Мен барча томонларни ўт очишни тўхтатишга риоя қилишга чақираман".