loader
Foto

Қуръони карим инсонларни энг чиройли тил билан исломга чақиради

Бақара сурасининг 256-оятида: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди. Бас, ким шайтон (ёхуд бутлар)ни инкор этиб, Аллоҳга имон келтирса, демак, у бузилмас, ишончли ҳалқани тутибди. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” деб марҳамат қилинади. Ҳар ким мана шу хитобни ўз ақли билан мушоҳада этиб исломни қабул қилади.

Наҳл сурасининг 125-оятида: “(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир” деб марҳамат қилинади. Ушбу оят инсонларга даъват йўлида юксак туйғуларни ифодалайди.

Қуръон ҳақ динга ҳикмат ва гўзал насиҳатлар ҳамда чиройли тил билан инсонни даъват қилади. Айрим ғарб мутафаккирлари айтганидек тажовузкорликка ундамайди.

Наҳл сурасининг 82-оятида ҳақиқатни баён этар экан Аллоҳ Таоло Расулига: “ (Эй, Муҳаммад!) Агар улар (имондан) юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангизда фақат (ҳақиқатни) равшан қилиб етказиш бор, холос” деб буюради.

Кўриниб турибдики, расулнинг вазифаси даъватдан иборат. Ҳар ким ўз ақли билан бу даъватни англаб етади ва қабул қилади.  

Ислом вужудга келиши асносида юз берган муҳораба-ларни дастак қилиб олган баъзи фикрлар ислом қурол воси-тасида пайдо бўлганини илгари сурадилар. Ҳолбуки, мусул¬монлар қуролдан ўзларини ҳимоя қилиш учун фойдаланган эдилар. Агар шундай қилишмаганида мушриклар уларни қириб юбориши тайин эди. Мусулмон-лар миссионерлик воситасида турли моддий манфаатларни таъминлаш йўли билан ўз динига даъват этувчи айрим гуруҳлардан фарқ қилади. Мусулмонлар фақатгина Қуръони каримда билдирилган йўл билан гўзал дини ҳисобланган исломга даъват қиладилар. Расулнинг вазифаси рисолатдан иборат.

Шўро сурасининг 15-оятида: “Бас, (эй, Муҳаммад!) мана шунинг учун даъват қилинг ва ўзингизга буюрилганидек, тўғри йўлда бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг ва айтинг: “Мен Аллоҳ нозил қилган Китобга имон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда адолатли бўлиш-га буюрилдим. Аллоҳ Раббимиз ва Раббингиздир. Бизлар-нинг амалларимиз ўзимизга, сизларнинг амалларингиз ўз-ларингизгадир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда (бирор) хусумат йўқдир. Аллоҳ (қиёматда) барчамизни жамлар ва қайтишлик ҳам (ўша куни) фақат Унинг ҳузуригадир”” деб марҳамат қилинади.  

Яна Муҳаммад сурасининг 19-оятида: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур” деб марҳамат қилинади.

Бу муқаддас калом билан инсонларни биру бор бўлган Аллоҳга даъват этиш буюрилмоқда. “Ла илаҳа иллаллоҳ”, яъни “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”. Демак, даъват фақатгина Унинг Ўзигадир. Аллоҳнинг борлиги Унинг зотига хосдир. У ҳеч бир нарсага ўхшамайди. У барча нарсадан пок ва барча нарса Унга муҳтождир. У азалдир, абаддир. Туғилмаган ва туғмайди. Банда “Ла илаҳа иллаллоҳ” каломи билан азалий ва абадий бир бўлган Аллоҳни тасдиқлайди. “Муҳаммадун расулуллоҳ” каломи билан эса Муҳаммад алайҳисаломнинг Аллоҳнинг расули экани, унга нозил бўлган Қуръони карим Ҳақ Китоби экани ва унинг амрларига сўзсиз бўйсуниш лозимлиги ифодала-нади. Инсон Расулуллоҳнинг (с.а.в.) Ҳақ расули эканига ишониб, унинг даъватига эргашиш билан ҳақиқий мусул-мон бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 112-ояти билан: “Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир”. Қуръони карим билдирган илоҳий ҳукмлар орқали ўз йўлимизни танлашимизни буюради.

Тавба сурасининг 11-оятида: “Агар тавба қилсалар ва намозни баркамол адо этиб, закот берсалар,  у ҳолда (улар) сизларнинг дин жиҳатдан биродарларингиздир. Биладиган қавм учун оятларни батафсил баён этурмиз” деб марҳамат қилинади.

Кўриниб турибдики, Қуръони карим эътиқод ва амалда гўзал йўлларга чорлайди. Инсон ҳақиқий ишонч ва Қуръони карим буюрган амаллар орқали ҳақиқий мусулмон бўлади. Куфрдан қайтган киши намоз ўқийди, рўза тутади, закот беради, барча илоҳий амрларга бўйсуниб ҳақиқий мусулмонга айланади. Кофир ва мунофиқларнинг тажовузи ҳамда ғийбатларига чиройли сабот ила сабр қилишга чақиради.

Муззаммил сурасининг 10-ояти билан Аллоҳ Таоло Расулига: “Улар (мушриклар) айтаётган сўзларга (озорларига) сабр қилинг ҳамда уларни чиройли тарзда тарк этинг!” деб марҳамат қилади. Бу билан Қуръони карим инсонларга гўзал ахлоқ ва гўзал тарбияни ўргатади.

Наҳл сурасининг 82-оятида: “(Эй, Муҳаммад!) Агар улар (имондан) юз ўгирсалар, у ҳолда Сизнинг зиммангизда фақат (ҳақиқатни) равшан қилиб етказиш бор, холос” деб марҳамат қилинади.

Кўриниб турибдики, Қуръони карим барча оятлари билан инсонларни эзгуликка, энг тўғри йўлга чақирган ва бунда асло зулмга йўл қўймаган. Аксинча, инсоннинг кучи ва бардоши етадиган йўллар билан исломга даъват қилган.

Адҳамжон қори  Мирзачаев