loader
Foto

Салмон Рушди ҳақида

— (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф) Хў-ўш, Салмон Рушдига ўлим ҳукми Эрондан чиқарилди. Менга сиздан бошқа кишилар ҳам бу саволни кўплаб беришди. Жавоб битта: у ҳам бўлса — мусулмонларнинг пайғамбарини, Қуръонни ёки динини ҳақоратлаш — мусулмонларни ҳақоратлаш билан тенг. Мусулмон киши ўзи ҳақоратланса чидайди, сабр қилади, лекин муқаддас нарсаларининг ҳақоратланишига асло чидамайди. Шунинг оқибатида Салмон Рушди ва унинг китоби атрофидаги воқеалар содир бўлди. Ўлим ҳукмига келсак бунга аввалдан ўйлаб, вазиятни ўрганиб — Рушди ўзи ким, қайси шароитларда ёзди, нияти нима — шу нарсаларни ўрганиб туриб, кейин ҳукм чиқариш керак бўлади. Бу фикрни яқинда бўлиб ўтган Ислом мамлакатлари қонференцияси иштирокчилари ҳам таъкидлашди. Бу конференция, яъни бутун мусулмон мамлакатларининг ташқи ишлар министрлари иштирокида ўтган анжуманда Эроннинг ҳукмига қўшилишмади. Қоралаш маъносида қўшилди, лекин ўлим маъносида қўшилишмади. Афсуски, бизда ҳам тўғри, тоза ниятда айтилган гапни тескари талқин қилувчилар учрайди. «Московские новости» хафталиги мухбири саволларига жавоб бергандим. Унда мусулмонларнинг ҳис-туйғусини, эътиқодини ҳақоратлашдан атеистлар эҳтиёт бўлсинлар, деган истак баён этилганди. Буни аксинча тушуниб, агар яна шунақа бўлса, мусулмонлар тўполон қиладими, Совет Иттифоқида ҳам атеистларни ўлимга ҳукм қиладими, деб талқин қилувчилар чиқиб қолди. Бу мутлақо нотўғри фикр.

«Ёш қуч» журнали, 1989 йил, 8-сон

...Бизнинг атеистларимиз орасидан Салмон Рушди чиқмас деб ўйлайман. Ўзингиз ўйланг — агар бир кишининг шахсиятига тегилса у судга беради. Миллионлаб кишиларни ҳақорат қилса-чи? Уларнинг муқаддас динини, китобини, пайғамбарини ҳақоратласа-чи? Китоб «Шайтон суралари» деб номланишининг ўзи бориб турган ҳақорат. Мусулмонлар доимо чидамли, сабр-бардошли бўлиб келишган. Лекин пайғамбар шахсияти ҳақида ҳақоратомуз гаплар айтилганда мусулмонлар қараб турмайди...



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

«Наука и религия» журналининг 1989 йил, 7-сонидан