Украинанинг босиб олинган Қримдаги Россиянинг Саки ҳарбий аэродромига ҳужуми "Қора денгиз флоти ҳарбий-денгиз авиациясининг жанговар самолётларининг ярмидан кўпини ишдан чиқарди", деди Ғарб разведка хизмати расмийси брифингда, хабар қилади Twitter ижтимоий тармоғида ITV News британ канали журналисти ва CNN Москва бюросининг собиқ ходими Эмма Берроус.
"Россия Қора денгиз флотининг ҳақиқий ҳикояси. Улар ўзларининг флагмани «Москва»ни, Илонли оролини йўқотдилар, денгиз авиациясининг ярмини йўқотдилар, ҳарбий штаб-квартираси ҳам ҳужумга учради", деди разведка ходими.
Россия Қора денгиз флоти ўқ ёмғири чизиғига тушиб қолмаслик учун мудофаа позициясини эгаллади, деди Ғарб разведкаси расмийси.
Унинг сўзларига кўра, Россия расмийлари ҳозир муваффақиятсизликлар учун жавобгарларни қидириш билан банд. Разведка тахминларига кўра, Россиядаги, шунингдек, Қрим ва Россия Федерацияси томонидан босиб олинган бошқа ҳудудлардаги портлашлар ортида Украина турибди.
Шу билан бирга, разведка ҳамжамиятининг вакили бундай ҳужумлар сони ортиб бораётганини, жумладан, "одамларнинг ақл бовар қилмайдиган жасорати ва янги имкониятлар уйғунлиги" туфайли ҳам кўпаяётганини таъкидлади.
Ахборот агентликларининг эслатишича, ўтган ҳафта Саки аэродромига қилинган ҳужум натижасида Россия камида саккизта самолётини йўқотган, буни сунъий йўлдошдан олинган суратлар тасдиқлайди.
The New York Times ва The Washington Post газеталари Украинадаги юқори мартабали суҳбатдошларига таяниб, портлашлар ортида Украина махсус кучлари ва партизанлари тургани ҳақида хабар беришди.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги портлашлардан сўнг, сабаб ўқ-дориларнинг портлаши бўлганини ва бунинг натижасида авиация техникаси зарар кўрмаганини даъво қилди. Мутахассисларнинг фикрича, Россия Украинага қарши айбловлар билан чиқмаяпти, чунки бундай қадам қўйилган тақдирда у Украина армиясининг босқинчилар сафи ортидаги ҳаракатларига қарши ожизлигини тан олган бўлади.