loader
Foto

Сомали пойтахтида "аш-Шабоб" жангарилари меҳмонхонага ҳужум қилди. Қурбонлар бор

Полиция маълумотларига кўра, ҳужум қилганлар меҳмонхона яқинида иккита портловчи мосламани ишга туширган, сўнг бинога бостириб кириб, ўт очишган.

Қайд этилишича, полициянинг махсус бўлинмаси ўнлаб меҳмонлар ва меҳмонхона ходимларини қутқариб қолган.

"Хавфсизлик кучлари хоналаридан бирига кириб олган террорчиларни зарарсизлантиришда давом этмоқда. Одамларнинг кўпчилиги қутқариб олинди. Аксарияти тинч аҳоли бўлган 12 кишининг ўлими тасдиқланди", - деди расмий Муҳаммад Абдиқодир.

Аввалроқ Могадишо тез тиббий ёрдам хизмати раҳбари Reuters агентлигига бинодан тўққиз нафар ярадор олиб чиқилганини маълум қилганди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган видеотасвирларда меҳмонхона деразаларидан чиқаётган тутун, шунингдек, ҳайқириқлар ва кучли портлашлар акс этган.

«Иккита бомба ўрнатилган автомобиль Hayat меҳмонхонасига етиб келди, - деди полиция ходими Reuters агентлигига. – Улардан бири меҳмонхона ёнидаги тўсиққа, иккинчиси эса дарвозага келиб урилди. Жангарилар бинога кириб олган».

"Аш-Шабоб" гуруҳи "ал-Қоида"нинг бўлимларидан бири саналади ва федерал ҳукумат билан узоқ муддатли можарони келтириб чиқарган.

Федерал ҳукумат амалдорлари муҳим учрашувларни кўпинча Hayat меҳмонхонасида амалга оширадилар.

"Аш-Шабоб" асосан Сомалининг жануби ва марказида фаолият юритади, бироқ ўз таъсирини ҳукумат назорати остидаги ҳудудларга ҳам кенгайтира олди.

Бу гуруҳнинг шу йилнинг май ойида Сомалининг янги Президенти Хасан Шайх Маҳмуд сайланганидан бери пойтахтдаги биринчи ҳужуми.

"Аш-Шабоб" Саудия Арабистонида расман қабул қилинган Исломдаги ваҳҳобийлик йўналишига амал қилади, сомалиликларнинг аксарияти эса тасаввуфга эътиқод қилади.

Гуруҳ назорати остида бўлган ҳудудларда шариатга асосланган қаттиқ қонунлар жорий қилинган, жумладан, зинода гумон қилинган аёлларни тошбўрон қилиб ўлдириш ва ўғриларнинг қўлларини кесиш жазоси амал қилади.