loader
Foto

Тўғри фикрлашга тўсиқ бўладиган омиллар

Қуръони каримда, кўпинча, тўғри фикрлашга тўсиқ бўладиган омиллар ҳам санаб ўтилади. Қуйида шу сабабларга бирма-бир тўхталамиз. Улар 3 та:

1. Эски фикрлардан воз кеча олмаслик.

Ота-боболаридан қолган урф-одатларни ёки одамлар орасида ёйилган турлича тақлидий ўлчовларни ўзига намуна қилиб олиш натижасида инсон тўғри фикрлай олмайди. Табиийки, инсон ўзига таниш бўлган, олдиндан ўрганган нарсаларга кўпроқ мойилдир. Улардан воз кечиш учун кучли хоҳиш-ирода ва нафсига қарши чиқиш талаб этилади. Эски фикрлардан қутулиб, янгиларига назар солиш учун эса ақл-идрок ва таҳлилий ёндашув бўлиши лозим. Баъзи инсонлар учун бу катта машаққатдир. Ахир ўрганиб қолган урф-одатларидан воз кечиб, янгиликни қабул қилиш учун ақл-тафаккур керак. Бу ҳақда Қуръони каримда кўп оятлар келтирилган. Яъни, ота-боболарнинг қотиб қолган ақидалари, яшаш тарзи ва ўйлаб топган ибодатларига кўр-кўрона тақлид қилиш натижасида пайғамбарлар олиб келган илоҳий хабарларга тоқатсизлик ва жоҳилона муносабат пайдо бўлгани баён этилган.

«Улар: "Сен бизни оталаримиз тутиб келаётганида топган нарсамиздан буриш учун ва икковингизга ер юзида кенглик бўлиши учун келдингми? Биз икковингизга имон келтирувчилардан эмасмиз", дедилар» (Юнус сураси, 78-оят).

«Йўқ! Улар: "Биз ота-боболаримизни бир динда топдикки, албатта, биз уларнинг изларидан ҳидоят топгувчидирмиз", дедилар».

«Шунингдек, Биз сендан илгари ҳам қайси бир қишлоқ-шаҳарга огоҳлантиргувчи юборсак, албатта, унинг зодагонлари: "Таъкидки, биз ота-боболаримизни бир динда топдик ва, албатта, биз уларнинг изларидан эргашгувчилардирмиз", дедилар» (Зухруф сураси, 22-23-оятлар).

«Уларга: "Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга келинглар", дейилса, "Биз ота-боболаримизни нимани устида топган бўлсак, ўша етарли", дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсага ақли етмайдиган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳам-а?!» (Моида сураси, 104-оят).

«Уларга: "Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашин-гиз", дейилса, улар: "Йўқ, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз", дейдилар. Оталари ҳеч нарсага ақли етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!» [Бақара сураси, 170-оят).

«Улар: "Сен бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?! Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!" дедилар» (Аъроф сураси, 70-оят).

«Қачонки уларга Бизнинг очиқ-ойдин оятларимиз тиловат қилинса, "Бу одам ота-боболарингиз ибодат қилиб юрган нарсадан тўсмоқни ирода қилади, холос", дедилар ва: "Бу тўқилган уйдирмадан бошқа нарса эмас", дедилар. Ва куфр келтирганлар ўзларига ҳақ келган чоғда: "Бу очиқ-ойдин сеҳрдан бошқа нарса эмас", дедилар» (Сабаъ сураси, 43-оят).

Фикрнинг бу тарзда қотиб қолиши инсон учун энг зарарли омилдир. Фикрлашнинг бир жойда қотиб қолиши инсонни ҳайвон мақомига ёки ундан пастроқ мақомга туширади. Қуръони карим бизни бу хавфдан огоҳлантиради. Ҳар бир ишда ақлни ишлатиб, фикр юритишга чорлайди. Ота-боболарига кўр-кўрона тақлид қилувчи мушрикларни қаттиқ танқид остига олади. Инсонларга ер юзида кезишни, турли ўлкалардаги махлуқотлар билан танишишни тавсия қилади. Яъни, дунёқарашни ҳамиша бойитиб боришга ундайди. Булардан мақсад - фикр эркинлигини таъминлашдир. Шунингдек, илм йўлида турли хурофотлар ва бидъатлардан тийилишимиз кераклигини уқтиради. Чунки булар ҳам фикрни турғунликка мубтало этувчи сабаблардан ҳисобланади. Бу ҳақда Қуръонда жуда кўп мисоллар келади:

«Аллоҳ на "баҳира", на "соиба", на "васила" ва на "ҳомий" (каби одатлар)ни (қилишга амр) қилмаган. Лекин куфрдаги кишилар Аллоҳ номидан ёлғон тўқийдилар ва (уларнинг) аксарияти ақлларини ишлатмайдилар (Моида сураси, 103-оят).

«Улар: “Сен бизларни ота-боболаримизни (амал қилган ҳолда) топган (динимиздан) буриб юбориш учун ва (Ҳорун билан) икковингизга Ер юзида кенглик бўлиши учун келдингми? Биз икковингизга имон келтирувчилардан эмасмиз!» (Юнус сураси, 78-оят).



2. Маълумотларнинг етарли эмаслиги.

Инсон бир масалада етарлича маълумотга эга бўлмаса, унинг фикрида хатоликлар юз бериши мумкин. Далил-исбот ва етарли маълумотлар бўлмаса, тўғри хулоса чиқариш қийин. Ҳатто ақлли ва донишманд кишилар бир масала юзасидан етарли маълумотга эга бўлмай туриб, ҳукм чиқаришдан ўзларини тиядилар. Лекин одамларнинг аксари бундай эмас. Ўз фикрларини шошма-шошарлик билан билдириб, миясини ундан фориғ этишни истайдилар. Унинг нечоғлик тўғрилигини ўйлаб кўришга ҳам вақти йўқ. Қуръонга мурожаат қиладиган бўлсак, унда муайян маълумотга эга бўлмай туриб фикр билдирмаслик буюрилади. Хабар топган нарсага эргашиб кетавериш қораланади.

«Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил - ана ўшалар масъулдирлар» (Исро сураси, 36-оят).

«Одамлардан Аллоҳ ҳақида билмасдан тортишганлари ва бебош шайтонга эргашганлари ҳам бор» (Ҳаж сураси, 3-оят).

«Одамлар орасида Аллоҳ ҳақида билмасдан, ҳидоятга ёки нурли китобга эга бўлмасдан туриб тортишадиганлари бор» (Ҳаж сураси, 8-оят).

«Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиганлар Аллоҳ томонидан ҳам, имон келтирганлар томонидан ҳам қаттиқ ғазабга қолурлар. Аллоҳ шундай қилиб ҳар бир мутакаббир ва зўравон қалбни муҳрлар» (Ғофир сураси, 35-оят).

Муайян масала юзасидан инсонда маълумот етарли бўлмагач, ўз-ўзидан тахмин ва гумонларга шўнғийди. Муаммони ечиш учун ана шуларга суянишга мажбур бўлади. Кўпинча бу каби тахминлар нотўғри бўлиб чиқади. Шунингучун инсон имкон қадар тахминларга эмас, аниқ ҳужжат-далилларга суяниши зарур. Мабодо тахмин қилган тақдирда, ҳақиқатга яқинроғини ва текширувдан ўтганларини қабул қилиши керак.

«Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи Зотдир» (Юнус сураси, 36-оят).

«Вақтики: "Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир ва (Қиёмат) соатида шубҳа йўқдир", дейилса, сиз-лар: "Қиёмат соати нима эканини билмасмиз. Биз фақат гумон қиламиз, холос. Биз аниқ ишонгувчи эмасмиз", дедингиз» (Жосия сураси, 32-оят).

Юқоридаги фикр-мулоҳазаларга таяниб айтамиз-ки, ақлли одамда бир муаммони бартараф этиш нияти бўлса, шу муаммога тааллуқли маълумотларни кўпроқ тўплаши керак. Маълумотларнинг ҳақиқатга яқинлиги, бир-бирига боғлиқлиги ва кетма-кетлигига жиддий эътибор қаратиши лозим. Акс ҳолда, у тўғри фикрлай олмайди ва танлаган йўли хато натижаларни келтириб чиқариши мумкин.



3. Инсоннинг руҳий ҳолати, эҳтирослари.

Инсон бирон нарсани ёқтирса, унинг ҳақиқатга айланишини чин қалбдан истайди. Гарчи барча далиллар унинг зиддини билдириб турса-да, ўзи ёқтириб, кўнгли тусаган ҳолатга мойиллик билдиради, ҳиссиётга берилиб, уни ҳақиқат деб қабул қилаверади. Бу эса тўғри фикрлашга тўсиқ бўладиган сабаблардан биридир. Биламизки, кўпинча инсонлар ўз ҳис-туйғуларидан келиб чиқиб қарор қабул қилиб юборадилар. Биз буни "инсоний фикрлашга ҳавойи нафснинг аралашуви" деб ҳам аташимиз мумкин. Айни шу аралашиш инсонни тўғри фикрдан чалғитади. Натижада, инсон оқни қорадан ажратолмай қолади.

«Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан кўра ҳам гумроҳроқ ким бор?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» (Қасас сураси, 50-оят).

«Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир» (Сод сураси, 26-оят).

«Эй имон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир» (Нисо сураси, 135-оят).

«(Эй Муҳаммад!) Ҳавойи нафсини ўзига “илоҳ" қилиб олган, Аллоҳ уни билган ҳолида залолатга солган ва қулоғига ҳамда қалбига муҳр босиб, кўзига парда тортиб қўйган кимсани Аллоҳдан бошқа ким ҳидоят қила олади?! Эсламайсизларми?!» (Жосия сураси, 23-оят).

«У (бут)лар сиз ва ота-боболарингиз қўйган номлардан ўзга ҳеч нарса эмас. Аллоҳ бунга ҳеч ҳужжат туширган эмас. У (мушрик)лар, Раббиларидан ҳидоят келганига қарамай, гумон ва ҳавойи нафс хоҳишига эргашарлар, холос» (Нажм сураси, 23-оят).

Демак, биз ўзгарувчан руҳий ҳолатга, нафсимизга эмас, ақлимизга, имонимизга қулоқ тутган ҳолда яшашимиз керак экан. Шундагина ҳақни ботилдан ажрата оладиган тўғри фикрловчи инсон бўла оламиз.

Акмал Аваз ўғлини

"Нур қатралари" Қуръонда таълим ва тафаккур китобидан