loader
Foto

Кибрнинг сабаблари ва зарарлари

Биринчи сабаб илмдир.

Чунки олим ўзини ягона билимли инсон деб билади. Бошқаларни ўзидан паст ва хор кўради ва бу ҳолат унда кибрни шакллантиради.

Бунинг белгиси - оммадан ҳурмат, хизмат ва улуғлик кутиб тама қилмоқ. Яъни одамларга нисбатан паст назар билан қараш. Одамлар унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмаганларида ҳайрон қолиш. Ёки бировнинг дастурхонига борса, уй эгасини ноқулай аҳволга солади. Билими туфайли ўзини қадами қутлуғ одам деб ҳисоблайди. Охиратда ҳам ўзини Аллоҳ таолонинг энг суюкли бандаси деб ҳисоблайди. Ўзини худди жаннатга кирадигандек, бошқаларни эса азоб кутаётгандек гапиради. Бутун олам менинг дуойимга ва даъватимга мунтазир турибди, одамлар жаҳаннамдан мен туфайли омон қоладилар, деб ўйлайди.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Илмнинг офати кибрдир, яъни ўзини бошқалардан баланд тутмоқ”.

Аслида, бундай ўйлайдиган одамни олим эмас, жоҳил деб аташ керак. Ҳақиқий илм охират хатарларидан хабар беради. Сирот кўпригидан ўтишнинг азоби ҳақида сўзлайди. Буларни ўйлаб кўрган одам кибрдан, ғурурдан узоқлашади. Охиратда илмнинг ўзига қарши ҳужжат бўлишидан қўрқади ва ўзига ортиқча баҳо бермайди.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Қачонки олимнинг билими ортса, дарди ҳам ортади, кибри йўқолади”.

Баъзи олимларнинг илми ортган сайин кибри ҳам икки сабабга кўра ортади:

Биринчиси: ҳақиқий илмни билмаганларидан. Бу дин илмидир. Инсон ўзлигини фақатгина диний билим билангина танийди.

Бу билим инсон дардини орттиради, тушкунликка тушади ва кибри йўқолади. Табиблик,

юлдузлар илми, луғатшунослик, наҳв илми ва давлатни бошқариш илмини ўрганиш кибр-

ни орттиради.

Тўғри ва қийин илм бу фатво илмидир. Бу илм дунёни ислоҳ қилишда қўл келади. Фатво илми дунё илми бўлиш билан бирга дин илми ҳамдир. Бундан одам қўрқув ва таҳликага тушмайди. Лекин фақат бу илмни ўрганаверган кишининг кўнгли қораяди. Кейин кибр устун келади. Бир гап борки: Эшитмоқ кўрган каби эмасдир.

Воизларнинг ажойиб истилоҳлари, қофияли шеьрга ўхшаган амри маъруфлар, қалбни фарёдга солувчи сўзлар, мазҳаблар орасида низолар келтириб чиқарадиган суҳбатлар кўнгилларга ҳасад ва душманлик уруғини сочади. Эшитган омма буни диний маъруза деб билади. Бу илм одамда тушкунликка сабаб бўлмайди. Аксинча, ғурур ва мақтаниш ҳавасини уйғотади.

Иккинчи: Қуръон тафсири, ҳадиси шарифлар, эски давр олимларининг “Сияр”га ўхшаш фойдали китобларини ўқишдир. Бу китобни ўқиганлар ҳам ўзларида баъзан кибр ҳиссини ҳосил қилиб қўядилар. Бундайларнинг ичи ёмон ахлоқларга тўлган бўлади. Уларнинг ҳиммати шу китобларни ўқиш холос. Халқ ичида ном ва довруғ қозонишдан бўлак нарсани ўйламайдилар. Илмга амал қилиш йўқ, худди ошқозонга тушган дорига ўхшайди. Агар ошқозон касал бўлса, дори ҳам бузилади. Бу сифат гўё ёмғир сувидек. Осмондан тушганда оддий сув, лекин ўтнинг устига ёғса, у катталашади. Агар ёмғир аччиқ ўсимликнинг устига ёғса, сув аччиқ, ширин ўтнинг устига ёғса, ёмғир суви ширин бўлиб қолади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ривоят қилади: “Бир қавм келадики, Қуръон ўқийдилар, аммо бўғизларидан нарига ўтмайди. Яна айтадиларки: “Ким бизга ўхшаб Қуръон ўқий олади? Ким бизчалик илм билади?”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейин саҳобаларга қарата: “Эй менинг умматим! Балки, улар сизнинг орангиздан чиқар, ана ўшалар жаҳаннам ўтинларидирлар”.

Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Дин илмларини ўрганганингиздан кибрланманг, бундай илмдан кўра жоҳил бўлган афзалроқ”.

Ҳақ таоло Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга тавозени буюрди:

“Ва сенга эргашган мўминдарга қанотингни-пастлат” (Шуаро сураси, 215-оят).

Шунинг учун саҳобаи киром нафсларини кибрдан сақлаганлар. Бир куни Ҳузайфа имомлик қилаётган эди. Бирдан шундай деди: “Ўрнимга бошқа имом топинг. Кўнглимга сизлардан яхшироқ эканман, деган ўй-фикр келиб қолди”.

Такаббурликдан шунчалик қўрққан бўлса-лар, бошқалар ундан қандай сақланишлари мумкин? Ҳозирги замонда бундай инсонларни учратиш амри маҳол. Ҳатто такаббурликнинг ёмон иллат эканини, ундан сақланиш кераклигини биладиган одамни топиш қийин. Диндор олимларнинг кўпчилиги бу маънодан ғофилдирлар. Улар озгина диний билимга эга бўлгач, кибрдан кўкракларини кериб, фахрланиб юрадилар. “Мен фалончини одам ўрнида кўрмайман, бир тийинга олмайман. Ҳатто назаримга илмайман” каби сўзлар унинг кимлигидан далолатдир. Кибрдан узоқ бўлган олимлар эса Аллоҳ таолонинг назарида ва эл ичида азиздирлар. Ундай зотларнинг юзига боқиш ҳам бир ибодатдир.

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир замонлар келадики, сизлардан бир кимса зиммасидаги вазифаларнинг ўндан бирига амал қила олса ҳам, қутулади”, деган эдилар.

Агар бу ҳадиси шариф бўлмаганда эди, одамлар умидсизликка тушардилар. Ҳозирги замонда озгина амал ҳам кўпгина амалнинг ўрнига ўтади. Чунки динда қувват қолмади, дин ҳақиқатлари ёпилди. Бир киши динга кирса, унга ёрдамчи топилмайди. Заҳмати чексиз, машаққати кўпайган. Шунинг учун оз амал ҳам кўп ўрнида қабул қилинади.



Иккинчи сабаб:

зоҳидликдан пайдо бўлган кибрдир. Бу кибрдан зоҳидлар, сўфийлар қутула олмайдилар. Улар ўзларини бошқалар тарафидан зиёрат қилинишларини истайдилар, ибодатларида халққа миннат сезилиб туради. Гўёки барча одамлар адашган, ўзларини эса бундан қутулгандек ҳисоблайдилар. Бирор киши дилларига озор берса-ю, кейин бирор офатга юз тутса, буни каромат деб биладилар. Унинг ҳалокатига сабаб Аллоҳга яқинликларидан деб биладилар.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Бир киши бошқа бир кишини ҳалок бўлди деса, билсинки, ўзи ҳалок бўлибди”.

Яна Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки: “Бир кимса бошқа бировни хор ва ҳақир деб билса, ўзининг ёмонлигига кифоядир”.

Мусулмон биродаридан ўзини устун деб билган кимса билан ўзини ҳаммадан паст тутган киши орасида еру осмонча фарқ бор. Балки, Ҳақ таоло мағрур кимсанинг даражасини ўзини паст тутган кишига берар, балки, ибодати барокатидан уни бой ва беҳожат қилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ишонч ва ихлос билан Ҳузайфанинг ёнига борди ва сўради: “Эй Ҳузайфа! Менда нифоқ аломатидан бирор нарса сезасанми?”.

Демак, киши тақво ва қўрқув ичида туриши керак. Аҳмоқ обид кўринишда амал қилади, лекин қалби ғурурдан ифлосланган. Бир киши: “Мен бошқалардан яхшиман”, деб ўйласа, ибодатини зое кетказган бўлади. Бу жаҳолатдек катта гуноҳ саналади.

Бир куни саҳобалардан бирини роса мақташди. Шу пайт тасодифан ўша киши кириб келди. Кейин бошқа саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ! Фалончи яхши одам экан, гапимизнинг устига келди”, дейишди. Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен унинг юзида шайтоний аломатлар кўряпман”, дедилар.

Саҳобалар бундан шошиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Аллоҳ таоло ҳаққи, ростини айт, ҳозир ақлингга сендан яхшироқ одам йўқдек туюлдими?” деб сўрадилар. У деди: “Ҳа, рост, шундай деб ўйладим”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нубувват кўзи билан одамнинг қалбидаги хиёнатни кўра олган эдилар. Шайтоний аломат бу - кибр эди. Кибр сифати олимлар ва обидлар учун катта офатдир. Бу йўлда уч табақа бор:

Киши кўнглини кибрдан сақлашга куч топа олмайди. Лекин тиришиб ҳаракат қилиб, камтарликка эришиши мумкин. Бошқаларнинг устун жиҳатларини кўрадилар, муомала ва сўзда кибр қилмайдилар. Бундай одамлар кўнглидан кибр дарахтини кесиб ташлай олмайди-ю, лекин шохларини, бутоқларини кесганга ўхшайди.

Ичида кибр бўлса ҳам, ундан тилини ҳимоя қилади, уни кўрсатмайди. “Мен ўзимни ҳаммадан паст деб кўраман”, деб билади.

Лекин бундай одам баъзи ҳолларда ўзининг такаббурлигини кўрсатиб қўяди. Дастурхонда юқорига ўтиришни, унга эътибор беришларини истайди. Баъзи олимлар одамлар билан бир дастурхонда ўтиришга ор қиладилар, юзларини бурадилар. Булар билмайдиларки, илм ва амал одамлардан юз буришда эмас, балки кўнгилдадир. Кўнгилдаги иймон нури унинг шафқат ва марҳаматида, очиқ чеҳрасида намоён бўлади. Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг олими, энг тақводори эдилар ва ҳеч кимса у Зоти Муборакдан тақводорроқ эмас. У зот очиқкўнгил ва камтарин эдилар.

Одамларга ўта самимий муносабатда бўлар эдилар. У зот бундай дер эдилар:

“Ва сенга эргашган мўминдарга қанотингни пастлат” (Шуаро сураси, 215-оят).

Яна бундай дер эдилар: “Аддоҳнинг раҳмати ида уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Киши тили билан кибрини ифода қилади. Ўзини ўзи мақтайди. Ўзининг кароматгўй эканини оммага ёяди. “Фалончининг амали йўқ, мен ундан кўп рўза тутаман. Ҳар кеча хатм қиламан. Менга ёмонлик қилган киши ҳалокатга учрайди, фалончи менга ёмонлик тилаган эди, ўзи балога йўлиқди. Касри болаларига урди”, каби сўзларни сўзлайди.

Одамларнинг кечалари намоз ўқиётганларини кўрса, улардан кўпроқ ўқиганини мақтанади. Рўзадорларга ўзини қирқ кунлаб рўза тутишини айтади. Олим бўлса, устозини-ю, ўқиган китобини мақтанади. Баҳс-мунозарада фақат ўзини ғолиб бўлишини истайди. Ҳатто ноҳақ бўла туриб бошқаларни енгиб ташлайди. Доим бир хил сўзларни қайтараверади. Мажлисларда фақат ўзини кўрсатади. Ғайриоддий жумлалар, сўзларни ёдлаб, азиз кишиларни ҳам ҳайратда қолдиргиси келади. Олим ким бўлишидан қатъий назар, у дин олими бўладими, ёки тилшуносми, ёки бўлмаса обид бўладими, бундай кибрдан узоқ турмоғи лозим.

Бир кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини ривоят қилади: “Қалбида бир узум данагичалик кибри бўлган кимсага жаннат ҳаромдир”. Шундай экан, кибр нечун керак?! Нега Аллоҳдан қўрқиш керакмас?! Ҳақ таоло марҳамат қиладики: “Ўз наздингда қадр-қийматинг бўлмаса, Менинг даргоҳимда азиз ва қадрлисан. Агар ўзингча қадрли бўлсанг, Менинг наздимда ҳеч ким эмассан”.



Учинчи сабаб:

инсоннинг насл-насаби билан фахрланишидир. Агар инсоннинг наслида азиз инсонлар, хожалар ўтган бўлса, унинг ҳам қалбида кибр бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Улар бу кибрни ташқарига чиқармасалар ҳам, бундан ғурурланадилар. Сўзларида кибр изҳор қиладилар. “Сенинг биз билан тортишишга қандай журъатинг етди? Бизнинг кимлигимизни биласанми?” дейдилар.

Абу Зар Ғифорий бундай дейди: “Бир киши билан тортишиб қолдим. Унга: “Эй Ибн савдо (Эй қора хотиннинг ўғли)!” - деб юбордим. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга бундай дедилар: “Эй Абу Зар! Ҳаддингдан ошма, оқ хотиннинг ўғлидан қора хотин ўғлининг ҳеч қандай кам жойи йўқ”.

Абу Зар: “Тупроқ устига ётиб унга: “Кел! Оёғингни юзимга бос, мени кечир”, дея узр сўрадим.

Абу Зар айтган гапи кибр эканидан уялди, очиқкўнгил бўлгани учун ўзини одамнинг оёғи остига отди.

Икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бир-бирларини мақтай кетдилар. Бири ўзининг тўққиз насл-насабини айта кетди. Иккинчиси ўзининг қавми-қариндошини мақтай кетди. Шу аснода Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлди ва шундай дедилар: “Мусо алайҳиссаломнинг ёнида икки киши бир-бирини шундай мақтади. Бири тўққизта бобосини санай кетди. Аллоҳ таоло марҳамат қилдики: “Сиз мақтанган тўққиз киши ҳозир жаҳаннамдадир. Мақтанган киши уларнинг охиргисидир”.

Яна Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладиларки: “Ота-боболарингиз билан мақтанишни бас қилинг. Бўлмаса улар жаҳаннамга ўтин бўладилар. Ёки Аллоҳ наздида бурни билан нажосатни ҳидлаган қора қўнғиздан ҳам баттарроқ хор бўласиз”.



Тўртинчи сабаб:

Бу - юзининг гўзаллиги билан фахрланиш туйғуси. Бундай кибр кўпроқ аёлларда бўлади. Ойша розияллоҳу анҳо бир аёлни “У пакана аёлдир” дегани учун Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Ойша, ғийбат қилдинг” деган дашномни эшитиб олган эди. Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳо бу сўзи орқали ўзининг бўйи билан кибрланган эди. Агар унинг ҳам бўйи пакана бўлганда эди, бундай демаган бўлар эди.



Бешинчи сабаб:

Бой бўлганидан кибрланиш. Менинг мол-дунёим, пулим шунча. Истасам, сендақасидан ўнтасини сотиб оламан, деб ғурурланиш. Каҳф сурасидаги икки оғайнининг ҳикояси қуйидагича: Бири иккинчисига деди: “Менинг молим сеникидан кўп. Мен сендан бойман. Халқ олдида менинг қадр-қимматим сеникидан баландроқдир”.



Олтинчи сабаб:

Заифларга нисбатан кучли инсонларнинг кибри. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Куч бошқа бировни енгиш, кўтариб ерга уриш дегани эмас. Куч-қудрат нафснинг истакларини енгишдадир”.



Еттинчи сабаб:

Бир кимсанинг талаба ва муридларининг кўплигидан фахрланиши. Баъзи инсонлар муридларининг кўплиги билан ҳам кериладилар. Баъзилар эса ўзларининг очиқкўнгил эканликлари билан ҳам мақтанадилар. Бу ҳам кибрнинг бир кўринишидир.



Кибрнинг майдонга келишининг бош сабаби бу душманлик ва ҳасаддир. Бир киши бошқа бирини ўзига нисбатан душман тутса, мақтана бошлайди. Ёки риё сабабли одамларга мақтана бошлайди. Одамлар уни мақташини хоҳлайди. Ўзидан билимлироқ киши билан баҳслашса, ўзини ундан баландроқ тутади.

Имоми Ғаззолийнинг

"Қалбнинг давоси" китобидан