Агар барча нарсада истисносиз тариқада аёл билан эркак тенг бўлиши шарт бўлганида Аллоҳ таоло инсон зотини аёл ва эркак қилиб икки жинсга ажратиб яратмас эди.
Модомики, инсон аёл ва эркакдан иборат экан, улар биологик ва писхологик жиҳатдан ва бошқа жиҳатлардан фарқ қилар экан албатта мазкур омиллар ҳисобга олиниши зарур. Аёлларга хос масалаларда уларга эркаклардан кўп ҳуқуқ бериши лозим. Чунки, бу масалалар аёллик табиатига мос масалалардир. Эркакларга хос масалаларда эса эркакларга кўп ҳуқуқ бериш керак. Чунки, эркакларнинг ҳуқуқини аёлларга бергандан нима фойда. Аёллар барибир улардан фойдаланмайди. Ҳам аёллар, ҳам эркаклар учун умумий бўлган масалаларда эса икки томонга тенг ҳуқуқ бериш керак бўлади.
Мисол учун мусулмонлар баъзи ғарб юртларида аёл кишининг кўмир конида, ер остида ишлаб туриб кўзи ёригани ҳақидаги хабарни газетда ўқишганда кўзларига ёш олиб, ўша бечора аёлнинг ҳуқуқи поймол қилинганига ачинадилар. Шунингдек, мусулмон меҳмонлар Собиқ Совет Иттифоқи кўчаларида асфалът ётқизаётган аёлларни кўриб, қалбим эзилиб кетмоқда, деб дув-дув ёш тўкканларини тушунса бўлади.
Қадимда аёл кишининг одам ўрнида кўрмай камситилган бўлса, ҳозирда тенг ҳуқуқлик номи ила хўрланаётгани сир эмас. Аёллар ҳуқуқи ҳақидаги масалани ўз жойида алоҳида гаплашишни келишиб олайликда, ҳозир жорий мавзуъимиз аёллар ва тенг ҳуқуқлик ҳақида мулоҳаза юритайлик.
Аёл кишининг тенгҳуқуқлиги ҳақидаги халқаро ҳуж-жатлар эндигина эллик ёшга тўлди. Ислом эса бу масалани ўн беш аср илгари ҳал қилгандир.
Ўша даврда барча халқлар аёл жинсига жирканиш ва таҳқирлаш назари билан қарар эди. Баъзилар, аёл зоти нажас нарса ундан қанча узоқ бўлса шунча яхши, деса, бошқалари, аёл жинси ор-номус келтирувчи манба уни ёшлигида тириклай кўмиб ташлаш керак, дер эди. Аёл ки-шини молу-мулк тариқасида олди-сотди қиладиганлар, ме-рос сифатида тақсимга соладиганла ҳам оз эмас эди.
Ислом эса биринчи бўлиб аёл киши ҳам худди эркак кишидек тўлақонли инсонлигини эълон қилди. Бу маъно Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қайта-қайта баён этилди.
Аллоҳ таоло жумладан «Нисо» сурасида: «Эй одамлар, сизлари бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратган ҳамда икковларидан кўплаб эркаклар ва аёлларни яратган Роббингизга тақво қилинг»-дейди. (1 оят)
Демак, одамликда, инсонликда эркак ва аёл тенг, эркакнинг аёлдан устунлиги йўқ.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида:
«Аёллар эркакларнинг туғишганларидир»-деганлар.
Исломнинг бошқа дин ва тузумлардан аёлларга нисбатан бўлаётган ноҳақ муомаланинг асосини ташкил этувчи нотўғри эътиқодни тузатиши ҳам аёл зоти учун катта ҳурмат бўлган. Маълумки, қадимдан барча кишилар одам зотининг жаннатдан қувилишига аёл киши, Момо Ҳавво айбдор, деб билар ва шунинг учун аёл зотини таҳқирлар эдилар.
Ислом эса биринчи бўлиб хатони Ҳавво билан Одам ҳам қилганлигини, тавбадан кейин Аллоҳ икковларини мағфират қилганини эълон қилди. Аёл зотига Момо Ҳавводан мерос бўлиб қолган абадий гуноҳ бор, деган гапни ботилга чиқарди.
Эркак аёлнинг инсонликда тенг эканликлари эълон қилинганидан сўнг уларнинг фазилатлар касб қилишда ва уларга оладиган савобларда ҳам тенг ҳуқуқли эканликлари эълон қилинди.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида бундоқ дейди: «Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёлар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва зокира аёллар учун Аллоҳ мағфират ва улкан ажрни тайёрлаб қўйгандир». (35 оят)
Ҳаммага маълумки, Қуръони каримга ўхшаш дастур ҳуж-жатларда юқоридагига ўхшаб гапни майдалаш одат бўлмаган. Ҳар бир тилда, жумладан араб тилида ҳам хитоб эркак ва аёлга бир хил сийғада бўлаверади. Аммо, бу ерда ҳар бир сифатни аёлларга хос сийғасини ҳам алоҳида келтиришдан мақсад уларни мазкур нарсаларда эркаклар билан тенг эканлигини таъкидлашдир.
Демак, ибодатларда ва амали солиҳларда ва уларга бериладиган ажр савобда ҳам эр ва аёл тенг ҳақли.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Эркак бўлсин, аёл бўлсин ким мўмин ҳолида солиҳ амал қилса, Биз уни, албатта, покиза ҳаётда яшатурмиз ва қилган амалларининг энг яхши ажр-лари ила мукофотлармиз», деса, «Оли Имрон» сурасида:
«Роббилари уларнинг (дуоларини) ижобат қилиб: «Мен сизлардан эркау аёл қилувчининг амалини зое қилмайман. Баъзингиз баъзингиздансиз», деган. (195-оят).
Ислом эътиқод, дин ва савоб касб қилишдан ташқари илм маърифат соҳасида ҳам аёлларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима фарздир», дедилар.
Шунингдек, молу-дунё касб қилишда ва уни тасарруф қилишда ҳам аёллар эркаклар билан баробар ҳуқуққа эгалар.
«Нисо» сурасида:
«Эркаклар учун қилган касбларида насиба бор. Аёллар учун қилган касбларида насиба бор», дейилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида ота-оналарга хитоб қилиб:
«Совға беришда болаларингиз орасида тенгликка риоя қилинг, агар бировни афзал қўйгувчи бўлганимда, албатта, аёлларни афзал қўяр эдим»-деганлар.
Ўғилга кўп нарса тортиқ қилиб, қизга озроқ нарса бериш ҳам Исломий қоидага зиддир. Ўғил қизга тенг қилиб бериш зарур. Ўша тенг нарсани беришда эса кўнгли нозиклигини эътиборга олиб олдин қизлардан беришни тавсия қилинади.
Исломий тарбия уламолари ҳам, бозордан мева-чева, қанд-қурс олиб келган киши болалар олдига югуриб келганда олдин қиз болаларга нарса бериш керак, деб тавсия қиладилар. Бунга ўхшаш таълимотлар жуда кўп лекин гапни чўзиб юбормаслик мақсадида мазкурлар билан кифояланамиз.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Исломда аёл кишига эркак билан тенглик масаласида керакли барча нарса берилган.
Юқорида айтилган гапларга илова тарзида қуйидагиларни таъкидламоқчимиз:
Ислом аёлларга ўз ҳуқуқларини беришда биринчи бўлиб иш бошлаганини билиб олдик. Исломни аёлларга душман қилиб кўрсатаётганлар душманлик руҳида иш тутишларини, бу ишга ўз динидан бехабар баъзи бир мусулмонман, деб юрувчилар ҳам қўшилишини ҳам билиб қўйишимиз лозим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ