loader
Foto

Ноҳақ танқидга қандай муносабатда бўласан?

Сен ўз ҳаётингда модомики хайру-саховат, бунёдкорлик, фидокорлик билан кўзга кўринар, гуллаб-яшнар экансан, шак-шубҳасиз аччиқ бўҳтон – ёмонлашларга, ҳеч тинчимайдиган тишли-тирноқли тўқнашувларга дуч келаверасан.

Улар токи сен «Ерга (кириб кетадиган) бирон тешик ёки осмонга (чиқиб кетадиган) бирон нарвон истаб — топиб», қочиб кетмагунинггача сенга тинчлик беришмайди, аммо сен ўшалар орасида яшар экансан, сенга ёмонлик қилишларига, кўзингдан қонли ёшлар оқизишларига, ётоғингда ҳам тинч қўймасликларига кўз тутавергин.

Ерда ўтирган одам йиқилмайди, одамлар ўлик итга тегмайдилар, лекин улар ғазабланурлар, чунки сен улардан ё илм, ё адаб, ёки мол-давлат борасида юқорисан, демак сен уларнинг наздида то бу хислатларингдан, Оллоҳнинг сенга берган неъматларидан, мақтовга лойиқ сифатларингдан ажраб, улар каби аҳмоқ, бахтсиз, тугаган мирқуруқлар, беақл-бефаҳмлар қаторига тушиб қолмагунинггача кечириб бўлмас гуноҳкорсан гўё. Улар аниқ шуни хоҳлайдилар. Бас сен уларнинг сўз ва танқидларига, буҳтон ва хақоратларига Уҳуд – тоғининг саботи каби - саботли бўлгин; ўзининг мавжудлигини, боқий қудратини исботлаш учун ҳар қандай дўл-довул остида қолса ҳам мардона турадиган ҳайбатли харсанг тош каби бўлиб олгин. Агар сен уларнинг гапига қулоқ тутсанг, ундан таъсирланадиган бўлсанг, уларнинг ҳаётинг, умрингни кир-бахтсиз қилишдек жирканч орзуларини рўёбга чиқарган бўласан, балки сен уларни чиройли тарзда кечиргин, улардан юз ўгир, уларнинг макр-ҳийлаларига сиқилмагин, чунки уларнинг тубан танқидлари сенинг таржимайи ҳолингда ҳурматга лойиқ саҳифа бўлиб қолади.

Сен уларнинг оғизларини ёпишликка, тилларини боғлашликка қодир эмассан, лекин сен уларнинг аҳмоқлигига бепарво бўлишлик, уларнинг сўзларини тингламасликка қодирсан: «Бу адоватларинг билан ўлиб кетинглар!", деб айтинг!». (Ол-и Имрон сураси, 119-оят) Сен ўз фазилатларингни яна ҳам оширишлигинг, янада ўзингни тўғри тутишлигинг билан уларнинг оғизларига қалампир уруғини солиб қўйган бўласан. Демак сен агар барчага бирдек манзур, маҳбуб бўлишликни, айбсиз кўринишни истасанг, узун ва ушалмас орзуни умид қилибсан.

Оиз ал-Қарнийнинг

"Маҳзун бўлма" китобидан

Арабчадан Заҳириддин МАНСУР таржимаси