loader
Foto

Путиннинг муваффақиятсиз куни

Нефт ва газ бозорлари Россия диктаторининг углеводород таъминотини тўхтатиш ҳақидаги баёнотларини жиддий қабул қилмади. Нархлар энг паст даражага тушди, деб ёзади "Новое Время".

Лондоннинг ICE биржасида 7 сентябр оқшомида Brent маркали нефт нархи 3 февралдан бери биринчи марта бир баррел учун 89 доллардан пастга тушди.

АҚШнинг WTI маркаси ҳам 25 январдан бери биринчи марта баррелига 85 доллардан пастга тушди.

Бундан ташқари, ICE Futures биржасида TTF учун октябрь фьючерсларининг нархи минг куб метр учун 2134 долларгача, яъни "Шимолий оқим"ни тўхтатиш ҳақида ҳали ҳеч қандай шов-шув бўлмаган август ойи бошидаги даражага тушди.

Аввалроқ, 7 сентябр куни Владивостокда бўлиб ўтган Шарқий иқтисодий форуми-2022да сўзга чиққан россиялик диктатор Владимир Путин, агар Ғарб бу ресурсларга нарх чегарасини ўрнатса, нефт, кўмир ва нефт маҳсулотлари етказиб беришни тўхтатиш билан таҳдид қилган эди.

"Умуман олганда, агар бу бизнинг манфаатларимизга, бу ҳолда иқтисодий манфаатларга зид бўлса, биз ҳеч нарса етказиб бермаймиз. Биз на газ, на нефт, на кўмир, на мазут – ҳеч нарса етказиб бермаймиз. Агар кимдир бизга ниманидир юкламоқчи бўлса, шуни таъкидламоқчиманки, мажбурлаётганлар бугун бизга ўз хоҳиш-истагини ўтказадиган ҳолатда эмас. Ақл-ҳушини йиғиб олишсин [...] Мажбурламоқчи бўлишган ҳеч нарсани қилмаймиз. Ва бизда фақат битта нарса қолади, таниқли рус ертагидагидек: "Музла, музла, бўри думи", - дейиш қолади, - деди Путин.

Кўринишидан, Россия диктаторининг етказиб беришни тўхтатиш ҳақидаги баёноти энергия ресурслари нархининг ошишига олиб келмади.