loader
Foto

Рамзан Қодиров шофеъий мазҳабининг олими экан, ижозаси ҳам бор

"Оламлар Роббисининг чексиз раҳмати билан Имом аш-Шофеъий издошларининг олий шайхи, тариқатга чинакам содиқликнинг тимсоли бўлган художўй олим, қолаверса, Мисрда Дусукия тариқатининг маънавий устози бўлган – Шайх Абдул-Азиз аш-Шихавий томонидан шахсан ўз қўли билан имзолаган шофеъий мазҳабининг муборак ижозасини улуғ ал-Азҳар масжидида қабул қилиш шарафига муяссар бўлдим", — деб ёзганди Р.Қодиров.

Ижоза – олимдан то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача кўтарилиб борадиган имомлар ва дин пешволари занжири.

Чеченистон Республикаси раҳбари шайх Абдул-Азиз аш-Шихавийнинг аш-Шофеъийга, аш-Шофеъийдан эса – мавжудотларнинг энг яхшисигача (соллаллоҳу алайҳи васаллам) етиб борадиган энг мукаммал занжирлардан бирига эга эканлигини таъкидлаганди.

Хатни Чеченистон Республикаси раҳбарига "Путь" ТРК директори Адам Шаҳидов топширган.

“Менга берилган занжирнинг ҳалқалари Жалолиддин ал-Маҳаллий каби имомлар бўлиб, уларнинг асарлари кечаю кундуз ота-боболаримизнинг қалбини банд этган. Мен учун бу воқеа алоҳида аҳамиятга эга, чунки мен оқсоқолларнинг нутқи ва ҳаракатлари орқали бундай ишоранинг қадр-қимматини англаб етганман. Менинг азиз отам, Чеченистон Республикасининг биринчи Президенти, бу дунёни Аллоҳ йўлида тарк этган Ахмат-Ҳожи аш-Шофеъий мазҳабини ўрганишга катта эътибор берган ва ўргатиш орқали бошқаларга бу ишни осон қилиш учун қўлидан келганини қилган. Айнан унинг халқимизни ҳалокатдан қутқаришга бўлган қатъияти илм олиш учун қулай шарт-шароит яратгани, ўз қарорларида эса шофеъий мазҳабига таянганини айтмаса ҳам бўлади”, – деганди Р.Қодиров.

У ота-боболаридан бири Абдулқодир ҳам шофеъий мазҳабининг билимдонларидан бўлганини эслади.

"Ўзининг ажойиб илми туфайли у машур илоҳиётшунос олимларни етиштирган. Шунингдек, ота-боболаримиз Қурчалойда жойлашган, Шимолий Кавказдаги биринчи Ислом институти бунёд этилиши ва фаолиятига ҳисса қўшган. Аллоҳ таоло беғубор занжирнинг инояти билан бўлсин. Аллоҳ таоло пок уламолар силсиласининг инояти ила дунёга ҳақиқий Исломнинг гўзаллигини кўрсатиб, Ислом ва мусулмонлар манфаати учун хизмат қилишда давом этишимизни насиб қилсин", — дея қўшимча қилганди Чеченистон Республикаси раҳбари.