Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров "бутун мамлакат бўйлаб ҳарбий ҳолат эълон қилиш" ва Украина қуролли кучларига қарши "ҳар қандай қурол" ишлатиш зарурлигини эълон қилди. Бу ҳақида у ўзининг телеграм-каналида ёзган ва шу билан бирга "фуқаро, ватанпарвар ва кўнгилли сифатида" шахсий фикрини билдирганини таъкидлаган.
Қодиров, шунингдек, Россиянинг ҳар бир минтақасини Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаши керак бўлган "куч ва воситалар" беришга чақирди. Бир кун олдин унинг ўзи Чеченистондаги ҳарбий операцияларга қўшилишни истаганлар рўйхатини тузишни буюрди.
"Сафарбарликни кутмаслигимиз керак, ҳар бир минтақа бор кучларини ва воситаларини бериши керак. Қўлидан келган нарсани таклиф қилсин. Гапириш осон, ёзиш осон, лекин иш билан шуғулланиш – умуман бошқа", деди Қодиров.
Украина армиясининг Харьков вилоятидаги муваффақиятли қарши ҳужумидан сўнг дарҳол Қодиров Мудофаа вазирлиги "хатоларга йўл қўйганини" ва Балаклея, Купянск ва Изюмни қайтаришни ният қилганини айтди. У "агар бугун ёки эртага махсус операция ўтказиш стратегиясида ҳеч қандай ўзгаришлар қилинмаса", Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва мамлакат раҳбарияти билан боғланиш, "уларга ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлган вазиятни тушунтириш"га ваъда берди.
Украина Қуролли кучлари қарши ҳужуми пайтида, Украина ҳукумати ва урушги ўрганиш институтига (ISW) кўра, бир ҳафта ичида 9000 квадрат километр атрофидаги майдон озод қилинди. Айни пайтда, таҳлилчилар "озиригача урушиш" деб атаган Донбассдаги беш ойлик жанглар давомида Россия қўшинлари атиги 5200 квадрат километрни эгаллашга муваффақ бўлишди.