loader
Foto

Янги йил: афсона ва воқеълик чорраҳасида

Янги йил қадимдан Ер куррасидаги кўпчилик халқларнинг асосий байрами бўлиб келган. Ҳар бир халқ янги йил ҳисобини одатда қандайдир тарихий ёки афсонавий воқеага боғлаб ўзича белгилаган. Мисрликлар йил санасини ҳар бир сулола ҳукмронлиги бошланишидан ҳисоблашган бўлса, римликлар милоддан олдинги 753 йилдан, яъни Римга асос солинганидан бошлаб юритишган. Яҳудийлар буни гўё дунё яратилган милоддан олдинги 3761 йилдан ҳисоблашган бўлса, Искандария солномаси эса олам яралишини милоддан олдинги 5493 йилдан бошлайди. Янги йилни нишонлаш деярли ҳамма вақт афсунгарлик маросимлари ва урф-одатлари ёрдамида ўтганки, уларнинг таъсири ҳатто бугунги кунимизгача сақланиб қолган. Тақвим ислоҳ қилингунга қадар Русияда янги йил византияликларнинг амалдаги  йил ҳисоби бўйича 1 сентябрда нишонланган. Бу йил санаси “Оламнинг яратилиши”дан, яъни милоддан олдинги 5509 йил 1 сентябрдан юритилар эди. Жон-жаҳди билан Русияни оврупалаштиришга интилган подшоҳ Пётр Биринчи ўзининг 1699 йил 15 декабрдаги фармони билан Русда йил бошини 1 январдан деб белгилади ва “Исо Масиҳ таваллуди”дан (Рождество Христово) бошланган ғарбий Оврупа милодий санасини жорий этди. Подшоҳ фармонининг асли маъноси бундай эди:

Буюк подшоҳ фармони олий арз эттиларким:‎ Буюк шоҳга маълумким, нафақат кўпгина Оврупа насроний мамлакатлари, балки бизнинг ‎шарқий православ черковимиз билан тўлиқ ҳамфикр бўлган славян халқлари, инчунин: ‎волоклар, молдаванлар, серблар, далматлар, болгарлар ва буюк шоҳнинг тобеълари ‎черкаслар ва бизнинг православ динимиз олинган юнонлар – бу халқларнинг барчаси ўз ‎йилларини Масиҳнинг мавлидидан саккиз кун ўтгач, яъни дунёнинг яратилишидан эмас, балки 1 январдан бошлар эрди...

Пётр Биринчининг ҳаракати билан Русияда “Олам яралиши”дан ҳисобланган 7208 йилнинг 31 декабридан “Исо Масиҳ таваллуди”дан ҳисобланган 1700 йилнинг 1 январига ўтиб қолинди, яъни йил санаси Исо (алайҳиссалом) туғилган кундан ҳисобланадиган бўлди. Бироқ янги йилнинг бошланишини Исо алайҳиссалом туғилган кундан бошлаш, юмшоқ қилиб айтганда, одобдан ҳам, тўғри ҳам эмас эди. Чунки Исо алайҳиссалом ҳам, ҳаворийлари ҳам, шунингдек, олдинги икки асрда яшаган илк насронийлар ҳам янги йилни нишонлашмаган, ҳатто у билан боғлиқ маросимларни мажусийлик ва шайтоний амаллардан деб ҳисоблашган. Бундан ташқари, Исо алайҳиссаломнинг аниқ туғилган санасига ойдинлик киритувчи ишончли (саҳиҳ) манбалар ҳали фанга маълум эмас. Шундай экан, ҳақли савол туғилади: у ҳолда проваслав черкови юлиан тақвими бўйича йил боши сифатида нишонлаётган 7 январ, католик черкови григориан тақвими бўйича нишонлаётган 25 декабр саналари қаердан пайдо бўлиб қолди? Агар, юқорида айтилганидай, қадимги Христиан черкови бу санадан бехабар экан, демак, янги йилни асло нишонламаган бўлиб чиқади. Бу саволга жавоб топиш учун тарихга бироз саёҳат қилишга тўғри келади.

Константин ва Қуёш “худо”си

313 йили Рим императорлари Буюк Константин ва Литсиний виждон эркинлиги ҳақида қўшма баёнот эълон қилишди. Шундан бошлаб бутун салтанатда насронийларни ҳар қандай таъқиб қилишга барҳам берилди. Насроний жамоалари бошида узоқ вақт осилиб турган ажал шамширининг батамом қириб ташлашдай даҳшатли хавфи ниҳоят йўқ бўлди. Аммо янги ва хавфли бир муаммо пайдо бўлди. Олдинлари, таъқиблар пайтида насронийлар сафида самимий, холис ва ўта художўй кишиларгина қолиб, уларда қатъият, холислик, биродарлик, жонбозлик каби хислатлар мужассам эди. Илгари насронийлик ва Римнинг мажусий маданияти ўртасида аниқ чегара бор эди. Эндиликда эса, динга эътиборсиз, бефарқ турли сиёсий манфаатпарастлар, риёкор ва мунофиқлар насроний жамоаларига ёпирилиб кира бошлади. Чунки Константин насроний руҳонийларини ҳадялар билан сийлаш, улкан имтиёзлар беришни авж олдириб юборган эди. Табиийки, у буларни насронийларнинг қора кўзлари учун ёки ўзининг диний қизиқишлари туфайли қилмаётган эди: у бутун умр бўйи мажусийлигича қолди. Шунчаки у насронийликка қарши курашиш ўрнига яхшиси ундан давлат манфаатлари йўлида фойдаланиш керак, деган фикрга келган эди. Шу тариқа черков давлат хизматига кирди ҳамда насронийлик ва мажусийлик эътиқоди ўртасидаги чегаралар тобора йўқола бошлади. Константин энди черковнинг ички ишларига бемалол аралашар, насронийликни ўзига керакли ўзанга йўналтирар эди. Натижада насронийлар сони ортди, аммо мажусий бошқараётган дин тобора расволаша бошлади.

Диний ислоҳотларгаю юқоридан бўладиган босимларга қарамай, салтанат аҳолиси, айниқса, қишлоқ фуқаролари орасида қадимги мажусийлик ақидаси ва маросимлари ҳамон ўз кучида қолган эди. Айнан шунинг учун ҳам лотинчада “қишлоқ фуқароси” маъносини билдирувчи “«paganus» сўзи “мажусий”, “насрониймас” маъносида қўллана бошлади. Руслардаги бошда барча насрониймасларга ишлатилган «поганые» сўзи ҳам шундан олинган.

Бир сўз билан айтганда, тезда нимадир қилиш керак эди. Афсуслар бўлсинки, дунёнинг лаззатлари ва Константиннинг сурбетларча ҳомийлиги қаршисида ўзини тутолмай қолган насроний руҳонийлари аввалда Исо алайҳиссалом ҳазар қилган мажусийлик ақидаси, сирлилиги ва маросимларини насронийларники, деб эълон қила бошлади. Черков осонгина мажусийларнинг “худо”лари номини насронийлар авлиёлари исми билан алмаштирди, мажусий саналарини черков тақвимига мувофиқлаштирди. У шу тариқа мажусийликни одамлар онги ва ҳаётидан сиқиб чиқаришни, шу йўл билан салтанат аҳолисини Исонинг ердаги ягона халифаси бўлмиш императорга бўйсундириб беришни ўйлаган эди. Булар охири нимага олиб келди? 

Рим салтанатида форсларнинг одам-“худо”си, қуёш тимсолларидан бири Митранинг туғилган куни зўр дабдаба билан байрам қилинарди. Шунинг учун бу байрам қишки кун қайтиши, яъни айнан 25 декабрда нишонланар эди. Мажусийликнинг одам-“худо” Митрага сиғиниш эътиқодига кўра, нон ва шароб истеъмоли маросими мавжуд бўлиб, унда мажусийларнинг худолардан таомланиш қадимги анъанасига кўра гўё “худо”нинг танини еган, қонини ичган бўларди. Руҳонийлар нима қилиб бўлса ҳам мажусийларнинг Митра умумхалқ байрамини қисиб чиқариш истагида ўзларининг 354 йилги фармони билан 25 декабрни Исо (алайҳиссалом) туғилган кун деб расман белгилади. Ваҳоланки, юқорида айтилганидай, пайғамбарнинг (алайҳиссалом) ўзи ҳам, ҳаворийлари ҳам, қадимий насроний черкови ҳам бундай сана борлигини билишмаган ва уни нишонлашмаган. “Исонинг туғилиши” санаси шу тариқа пайдо бўлди ва бугунги кунда кўплаб диндорлар томонидан пайғамбар Исонинг (алайҳиссалом) туғилган кун дея чин дилдан қабул қилинмоқда.

Худо-одам Митра байрамидан ташқари Осирис (Миср), Орфей (Юнонистон), Аттис (Рим), Дусара (Арабистон), Таммуза (Бобил)  эътиқод ва диний маросимлари ҳам бор эди. Юнон аҳолиси январ ойида инсонларга нажот берувчи, ҳалок бўлиб қайта тириладиган Дионис “худо”сининг байрамини нишонлар эди. Русларда эса диний-афсунгарлик маросимлари ва мажусийлик байрамлари ҳам мавжуд эди, мисол учун “святка”лар - рождество байрами кунлари билан яхшигина қоришиб кетган эди. 

Демак, Исо (алайҳиссалом) таваллуд топган кунни кўпинча янги йил, дейишимиз тарихий асосларга эга эмас, бу куннинг Исо пайғамбарга (алайҳиссалом) ва унинг таваллуд кунига ҳеч қандай алоқаси ҳам йўқ. Биз хурсандчилик ила нишонлайдиган янги йил соф мажусийлик илдизларига эга. Янги йилни нишонлаш мазмуни барча халқларда деярли бир хил: сеҳр-жоду амаллар, инсон ва ҳайвонларни қурбон қилиш эвазига “худо”ларини рози қилиш ва шунинг билан бирга келаётган янги йилда оила учун бахт ва барака сўраш бўлган.

“Худо” Клаус ва Мокош

Пётр Биринчи нафақат 1 январни янги йил боши деб жорий қилган, балки у Москва аҳолисига янги йил кечаси уйларни қарағай (сосна) дарахтлари ва шохлари билан безатилишини буюрган: “...Яхши ният билан бошланган ва янги юз йиллик асрини подшоҳлик пойтахти бўлмиш Москвада... баъзи дарахтлар ва қарағай... шохлари ила... безатилсин...”

Подшоҳ фармонига кўра, ҳамма бир-бирини табриклаши, янги йил кечаси эса гулханлар ёқиши (“гулхан эрмаги”) ва “отишма” уюштириши шарт эди. Агар подшоҳ қайта тирилса эди, унинг фармонига, айниқса, “отишма” уюштириш ва игнабаргли дарахтларни йўқ қилиб ташлашга мана 300 йилдан бери қатъий амал қилиб келаётганини кўриб, ҳайратда қолар эди. Аммо, бари бир подшоҳ ўз фармонида ягона эмас ва велосипедни қайта ихтиро ҳам қилиб ўтирмаган эди.  Гапнинг сийқаси қанчалик чиқмасин – аммо ҳамма янги нарса анча олдин унутилган эскиликдир.

Янги йил байрамлари, мўл-кўлчилик ва ҳосилдорлик олиҳаларига сиғиниш -мажусийлик “аграр” эътиқодларига бевосита боғлиқ бўлган. Масалан, Миср аҳолиси ҳар йили январ ойида ҳалок бўлиб қайта тириладиган ҳосилдорлик “худо”си Осирис байрамини нишонлар эди. Бу эса қадимги ҳосилдорлик эътиқодидаги ҳалок бўлувчи ва қайта тирилувчи ўсимлик руҳи ҳақидаги афсонанинг бир кўриниши эди. Мажусийлар янги йил киришини доим дабдабали зиёфатлар билан нишонлар эди, яъни маросим таомлари:  ширинликлар, пиширилган тухумлар, тоза либослар тайёрланарди. Бу таомлардан “худо”ларга ёки ерга назр қилишар эди. Замонамизда кузатилаётган янги йил тайёргарчиликлари, яъни инсон сўнгги пулини сарф қилиб бўлса-да ва бир тийинсиз қолса-да, янги йилни кутсам бўлди, дейиши шулар билан боғлиқ. Асосий масала - “худо”ларнинг ғазабини келтириб қўймаслик (бугун эса – одамларнинг). Рақс ва ўйинга тушишлар деярли барча мажусий аграр эътиқодларининг сиғиниш маросимларида мавжуд эди, булар эса янги йилни тантана билан нишонлашнинг бир қисми эди. Кўпинча маросим рақсларида турли ниқоблардан фойдаланишар эди.  Янги йил маскарадлари айнан Оврупада нишонланадиган деҳқончилик (зироатчилик)  мавсумларига аталган байрамлардаги ўйин-кулги, рақс ва кўча маскарадларидан келиб чиққан. Табиийки, славянларда ҳам деҳқончилик “ҳомий”лари учрайди. Колядлар – янги йилда ижро қилинадиган қўшиқлар бўлиб, славянларнинг афсонавий қаҳрамони Спас Коляд номидан олинган. Ўз вақтида колядлар унинг шаънига ўқиладиган мадҳиялардан иборат эди.  Мажусийлар хурофотига кўра, қарағай шохлари байрамни расво қиладиган, бузадиган ёвуз руҳ ва жинларга тикандек санчилиши ва кескир игналари билан уларни ҳайдаши керак эди. Мордвинлар эса байрамни нишонлаётганида таом солинган саватларни “худо”ларига атаб дарахтларга илиб қўйишар эди. Бу ҳозирги кундаги арчаларнинг янги йил арафасидаги безатиб қўйилишига ўхшаб кетади.

Санта-Клаус аслида Қорбободир ва яна у кароматгўй авлиё Николайнинг ўзгинасидир (у янги йил арафасида кутилмаган совғалар улашишни яхши кўрар эмиш).  Эҳтимол, у ҳам ўтмишдаги деҳқончилик мавсумида ёки янги йил арафасида  омад ва мўлчилик келтирадиган “худо”ларнинг бири бўлгандир. Масалан, қадимги Римдаги қабилалар “ҳомий”и  - Клаус ҳам умумдавлат миқёсидаги эътиқодга айланган бўлиши мумкин, чунки Қадимги Римда шунга ўхшаш ҳодисалар  жуда кўп учраб турар  эди. Кейинчалик Авлиё Клаусга айланган, яна кейин эса силсила бўйча – Авлиё Николайга. Масалан, славянларнинг момақалдироқ  олиҳаси Перун Или пайғамбар исмини олди, чорва “худо”си  Велес эса  – авлиё Власийга айланди. Шундай қилиб, болалар учун совғалар (тўғриси улар текин эмас) улашадиган бугунги оқсоқол Клаус, қадимда мажусийлар сиғинадиган, омад сўраладиган ва унга қурбонликлар аталадиган  “худо” бўлган бўлиши мумкин. 

Қорқиз қаердан пайдо бўлди? Мажусийлик эътиқодида ҳосилдорлик “худо”лари билан бирга уларнинг афсонавий санамлари ёки ҳосилдорликнинг хотин “худо”лари бўлганини ҳам таъкидлаш керак (масалан, Бобил ва Мисрда). Қадимги хеттларда ҳосилдорлик “маъбуда”си Буюк она номи билан маълум, унинг шериги эса Аттис ҳисобланган. Қизиқ томони шуки, афсонага кўра, ёш ва ўктам Аттис буюк онанинг ишқий тазйиқларидан қочиш мақсадида, ўзини-ўзи бичган (ахта қилган) ва қарағай дарахти остида жон берган.  Шунинг учун ҳам қарағай муқаддас ҳисобланар эди. “Қарағай дарахти ва шохларини безаш” ҳақидаги подшоҳ фармони сархуш калладан ёзилмаган ва у ҳаводан ҳам олинмаган, балки булар эски мажусийлик эътиқодларига асослангандир. Ҳа, айтмоқчи, кейинроқ барибир Аттисни севиб қолган “маъбуда” уни қайта тирилтирилган. Буларнинг ҳаммаси - Аттиснинг ҳалок бўлиши ва қайта тирилиши диний маросимга асос бўлди, маросим чоғида кўп сонли оломонга қарата коҳинлар: “Аттис тирилди!” деб нидо қилишарди. Бу олиҳаларга сиғинишнинг деярли барчаси ишрат базми каби бўлиб, улар ибодатхонада фоҳишалик ва бундан ҳам даҳшатлиси, коҳинларнинг ўзларини-ўзлари бичиши билан тугар эди. Қорқизга қайтамиз: славянларнинг жуда кўп олиҳалари орасида аёл “худо” Мокош ҳам борлигини ҳисобга олган ҳолда, Қорбобо шериги Қорқиз - деҳқончилик ва ҳосилдорлик эътиқодининг қишда тириладиган ва баҳорда эса қуёш нурларига эриб ҳалок бўладиган собиқ бир “худо”си эканига ишонч ҳосил қилса бўлади.

Умуман олганда, янги йилни байрам қилиш, Арасту айтмоқчи, доим “ихтиёрий жиннилик”ка айланади, бошқача сўз билан айтганда, оммавий ичкиликбозлик ва айш-ишратга айланиши “вакханалия”ни эслатади - фракия-фригийларнинг ичкилик “худо”си Вакха шарафига қилинган байрам одатда исрофгарчилик, фоҳишабозлик ва турли бузуқликларга айланиб кетар эди. Ҳатто, милоддан олдинги 186 йили Рим сенати ҳаддидан ошган айш-ишратлардан келиб чиқаётган бебошликларни ва фоҳишабозликларни ман қилишга мажбур бўлган. Сенат етти мингга яқин диний ишрат (оргия) базми иштирокчиларини маҳкамага тортган ва уларнинг деярли ярмини ўлим билан жазолаган.

Бугунги воқеълик

Қанчалик ачинарли бўлмасин, биз хоҳлаймизми ёки йўқми, мана минг йиллар ўтдики, биз ҳалигача  мажусийларнинг ҳеч бир аҳамиятга эга бўлмаган одам-“худо” ҳисобланмиш Митранинг туғилган  кунини нишонлаб юрибмиз. Фарзандларларимиз қалбига ярим афсонавий кароматгўй Николайга (Санта-Клаус) кераксиз  муҳаббатни пайванд қилдирмоқдамиз. Улар эса, унга ўз орзулари, истаклари ва илтимослари билан мурожаат қилишмоқда. Оммавий ичкилик “худо”си Вакха шарафига айш-ишрат қиляпмиз. Арчалар атрофида эса диний-маросим мазмунидаги рақслар ва фусункор юришлар қилиш учун катта ўрмон майдонларини саҳрога айлантирмоқдамиз, балки ҳали ҳам уч юз йил олдин ўтиб кетган подшоҳ фармонига кўр-кўрона амал қилаётгандирмиз, балки ҳис-туйғуларимиз ёмонлик ва ёвузликлардан “арчалар” имконияти орқали паноҳ истаётгандир? Агар Исо пайғамбар (алайҳиссалом) унинг таваллуд кунини янги йил қилиб, айш-ишрат қилишларини кўрганида қаттиқ изтироб чеккан бўлар эди. “...Ва модомики ораларида эканман, уларга гувоҳ бўлдим. Мени Ўзингга олганингдан сўнг, Сенинг Ўзинг уларга кузатувчи бўлдинг. Зотан, Сен ҳар бир нарсага гувоҳсан” (Моида сураси, 117-оят).

Ҳар қандай байрам ўз моҳиятига кўра  одамлар учун маънавий, ижобий кўмак бериши, ҳеч бўлмаса жамиятнинг ночор қатламига моддий фойда  келтириши керак-ку. Янги йилни байрам қилиш, ёппасига ичкиликка берилиб кетиш эса одамларга кўпроқ руҳий жароҳат етказади ҳамда буларнинг табиий давоми эса кўплаб касалликларга мубтало бўлиш, бахтсиз ҳодисалар ва ўлим билан тугашдир. Сунъий (сохта) хурсандчилик нархи жуда баландлаб кетмаяптими? Ватандошларимиз байрам олдидан озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини илтифот ила осмонга кўтариб юборишлари эътиборга олинса, жуда катта моддий зарарлар ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Бу руҳий жароҳатлар ва жуда катта исрофлар нимага керак? Бу қурбонлар кимга керак? Балки булар кимгадир аталган қурбонликдир? Наҳотки, буларнинг бари шароб-ароқ ва доим яшнаб турган арча сотувчиларининг ҳаккалак отган иштаҳаларини қондириш учун бўлса?!  Эҳтимол, Митра байрамини нишонлашдан ягона шуларгина сезиларли даражада фойда кўраётгандир?!

Кўпинча, биз “бу нарсалар бизга керакми?” деб ўйлаб ҳам ўтирмай бир ишга киришамиз. Биз БУНИ қиламиз, чунки БУНИ ҳамма қилади, чунки одамлар (ўтмишда “худо”лар) тушунмаслиги мумкин, чунки модомики... Ўз амалларимизни ақл тарозисига солмай, бошқалар учун умримизни хазон қиляпмиз, биз онгли равишда “ҳамма шундай қилмоқда” деган қолип асосида яшамоқдамиз.

Тез орада ҳаммамиз ўламиз, албатта бундай ҳолатда қилиниши керак бўлган барча маросимлар қилинади, уларнинг маънолари бизларга тушунарсиз бўлса ҳам. Аммо, буни ҳамма қилади-ку. Мен кимга керак эдим? Нега мен яшадим? Нега мен дунёга келдим ва қайси жойга бораман?

Бу саволлар қанчалик оғир туюлмасин, бироқ кўпчилик одамлар учун “чунки ҳамма шундай яшаб ўтган” деган жонсиз ва бемаъни жумлалар кўпчилик одамларга ана шу саволларга жавоб бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Абу Муслим таржимаси

(www.islamcivil.ru)