loader
Foto

Байден БМТ минбаридан туриб Россияни ушбу ташкилот Низомини бузганликда айбламоқчи

АҚШ президенти Жэо Байден эртага БМТдаги нутқида Россиянинг Украинага қарши уруши БМТ Низоми тамойилларини бузиш еканлигини эълон қилмоқчи. Бу ҳақида Reuters хабар бермоқда.

Агентликнинг қайд этишича, Байденнинг вазифаси "дунёни Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши бирлаштириш". Бунинг учун 21 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида чиқиши режалаштирилган нутқида у Россия 1945 йилда имзоланган ва кейинги ўн йилликларда халқаро муносабатларнинг асоси бўлиб хизмат қилган БМТ Низомини бузганлигини эълон қилмоқчи.

Низомда айтилишича, "кейинги авлодларни уруш балосидан қутқариш" ва халқларнинг "бирга тинчликда яшашлари" учун шароит яратишга интилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар "ўз халқаро муносабатларида ҳар қандай давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши таҳдид ёки куч ишлатиш" ёки Бирлашган Миллатлар ташкилотининг мақсадларига зид бошқа йўл билан ҳаракат қилиш"дан тийилиш мажбуриятини олади.

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ДЖейк Салливаннинг айтишича, бу баёнотга қарамай, Байден БМТ Бош Ассамблеясига Россияни БМТ Хавфсизлик Кенгашидан чиқариш масаласини киритишни режалаштирмайди.