loader
Foto

Сафни тўғри ва жипс қилиб туриш суннат эканлиги ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ таоло ва малоикалар биринчи сафга салавот айтади”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, биринчи сафга ҳам, денг”, дейишди саҳобалар. “Албатта, Аллоҳ таоло ва малоикалар биринчи сафга салавот айтади”, дедилар Пайгамбаримиз алайҳиссалом. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули, биринчи сафга ҳам, денг”, дейишди. “Иккинчи сафга ҳам”, дедилар. Сўнгра: “Сафларингни тўғри тутинг, елкаларингиз орасини баробар қилинг. Орангизда очиҳ жой крлдирманг. Чунки шайтон орангизга кичкина улоқча каби киради”, дедилар”.

Имом Аҳмад “Муснад”ида келтирган. “Мажмаъуз завоид”да келишича, ровийлари ишончли. “Тарғиб”да: “Буни Имом Аҳмад ривоят қилган, санади “лаа баъса биҳи”, дейилган. Лекин унда “Албатта, Аллоҳ таоло ва малоикалар...” жумласи уч марта айтилган. “Мишкот”да ҳам уч марта айтилган.



Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафларингизни жипслаштириб, орасини яқин қилиб туринглар. Бўйинларингизни баробар тутинглар”, дедилар.

Имом Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган. Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган (“Булуғул маром”).

Сафни тўғри ва жипс қилиб туриш суннат эканлиги ҳақидаги бобга шарҳ

Бизга Ҳошим ҳадис айтди... ” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Ҳадис бобнинг биринчи бандига далолат қилиши равшан. Ҳадисдаги лафзлар амр сийғасида келган ва у вожибни ифодаласа ҳам, аммо бу ерда мустаҳабликка ҳамл қилинади. Чунки бу бобда бир қанча ҳадислар турли лафзлар билан келган. Жумладан, Бухорийда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: “Намозда сафни тўғри қилинглар, сафни тўғри тутиш намознинг чиройидандир”. Унда яна Анас розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда ривоят қилинади: “Сафларингизни тўғри қилинглар, сафни тўғри қилиш намозни қоим қилишдандир”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да айтади: “намозни қоим қилишдандир”, деган жумлани Бухорий Абу Валиддан ривоят қилган. Бошқа муҳаддислар эса “намознинг комиллигидан”, деб келтирган. Шунингдек, Исмоил Ибн Ҳузайфадан, Байҳақий эса Доримий орқали, булар иккаласи ҳам Абу Валиддан ривоят қилган. Абу Довуд Абу Валид ва бошқалардан, Имом Муслим ва бошқалар эса жамоанинг йўли орқали Шўъбадан ривоят қилган. Ибн Ҳазм “намозни қоим қилишдандир” жумласини сафни тўғри тутиш вожиб эканлигига далил қилиб: “Чунки намозни қоим қилиш вожиб, вожибга боғлиқ амал ҳам вожибдир”, деган. Лекин бу ҳадисда ровийлар ушбу жумлага иттифоқ қилишмаган.

Ибн Баттол Абу Ҳурайра ривоятининг зоҳирини олиб, сафни тўғри тутиш суннат эканлигига далил қилган ва: “Чунки бир нарсанинг чиройли бўлиши тўлиқ бўлганидан кейинги зиёдаликдир”, деган. Бу сўзга эса “Намознинг комиллигидандир”, деган ривоят зид келади. Ибн Дақиқ Ийд бунга жавоб тариқасида шундай деган: “Намознинг тўлиқлигидандир”, деган сўз мустаҳабликни билдиради, чунки бир нарсанинг комиллиги унинг ҳақиқий рукнларидан зиёда нарса бўлади, гарчи баъзи ўринларда ҳақиқий рукнга ишлатилса ҳам”. Бу фикр ҳам ҳақиқатдан узоқ, чунки Шореънинг сўзи араб тилида қайси маънода ишлатилса, фақат ўша маъно эътиборга олинади. Зеро, қайси ўринда бўлса ҳам, Шореъ мақсад қилган маъно олинади, гапираётган кишининг мақсади эмас”.

Ҳофиз “Фатҳул Борий”да айтади: “Ибн Ҳазм бу борада чегарадан чиққан ва сафни тўғри тутмаслик намозни ботил қилади, деб қатъий айтган. Сафни тўғри тутиш вожиб эмас, деган кишиларга жавобан қуйидаги ҳадисларни далил қилган: “Умар розияллоҳу анҳу сафни тўғрилашда Абу Усмон Нахдийнинг оёғига урди”. Сувайд ибн Ғафладан ривоят қилинади: “Билол розияллоҳу анҳу намозда елкаларимизни тўғрилар, қадамларимизга уриб баробар қиларди”. Умар ва Билол розияллоҳу анҳумолар вожиб бўлмаган амал учун бировни урмайдилар”.

Лекин бунда мулоҳаза бор, чунки у иккаласи суннатни тарк қилганларга ҳам таъзир бериб қўйиш керак, деб ўйлагандир” (“Фатҳул Борий”).

Бу сўз Ибн Ҳажарнинг наздида вожиб эмаслиги саҳиҳ эканига далолат қилади. Имом Бухорий ҳам сафни тўғри тутиш вожиб эканлигига мойил бўлган ва ижмога хилоф қилган. Ўзининг “Саҳиҳ”ида бир боб келтириб уни “Сафни тўлиқ қилмаган кишининг гуноҳи” деб номлаган. У бобда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтирган: “Анас ибн Молик Мадинага келганида, у кишидан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ахд қилганингиздан буён бирор нарса ёқмаган ҳолат бўлганми?” деб сўралди. Шунда у киши: “Бирор нарсани инкор этмагандим, магар сафни тўлиқ қилмаслигингизни инкор этаман”, деди.

Ҳофиз Ибн Ҳажар бунга эътироз билдириб: “Инкор қилиши суннатни тарк қилингани учун ҳам бўлиши мумкин. Бу эса гуноҳ эканига далолат қилмайди”, деган.

Бизнингча, бу вожиб ва гуноҳликка далолат қилмайди, чунки Анас розияллоҳу анҳу уларга сафни қоим қилмаслигини бошидан инкор этма-ди, балки улар савол берганидан кейин инкор этганини айтди. Агар сафни тўғри тутиш вожиб бўлганида эди, Анас розияллоҳу анҳу улар савол бергунча кутмас, аввал бошдан инкор қиларди. Бу эса суннат ва мустаҳаб амалларда кузатилади, фарз ва вожибларда эмас. Ундан ташқари, мусулмонлар саҳобалар замонидаги вожиб амалга енгил қараши мумкин эмас. Анас розияллоҳу анҳунинг сўзи ўша вақтда мусулмонлар омматан енгил қараганига далолат қилмокда.

Аллома Айний Бухорийга ёзган ҳошиясида шундай дейди: “Намозда сафни тўғри тутиш Имом Абу Ҳанифа, Шофеий ва Молик наздида суннатдир”.

Мазҳабимиз имомларининг сўзлари зоҳиридан суннати муаккада эканлиги кўринади. Чунки улар буни тарк қилишни макруҳ дейишган. Зеро, макруҳни мутлақ айтишганида таҳримий макруҳ тушунилади. Баъзи имомларимиз буни очиқ айтишган.



Анас розияллоҳу анҳудан... ”деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Бу ҳадисда жипслаштиришга ва бўйинларни баробар қилишга буюрилмокда. Бундан мурод сафни тўғри тутишдир. Сафни тўғри тутиш бизнинг мазҳабимизда суннат, дедик. Сафни жипслаштириш ҳақида Ибн Ҳумом “Фатҳул қадир”да шундай деган: “Сафнинг суннатларидан яна бири унда жипслашиб туриш, сафларнинг орасини яқин қилиш, сафда тўғри туришдир”.

Баъзи бировлар: “Мен мазҳабимизда сафда жипс туришнинг даражаси айтилганини кўрмадим”, дейишган.

Менимча, баъзи бировларнинг бундай дейиши сабаби мазҳабимиз уламолари китобларига кам мурожаат қилганидир. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: “Жипслашиб туринглар”, деган сўзлари вожиблик учун эмас. Бунинг далили Имом Муслим Жобир ибн Самурадан ривоят қилган қуйидаги ҳадис: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб, бизнинг ҳалқа-ҳалқа бўлиб турганимизни кўрдилар ва: “Нега бўлак-бўлак бўлиб турибсизлар?” дедилар. Сўнгра яна чиққанларида: “Малоикалар Роббисининг ҳузурида саф тортиб турганидек саф тортиб турмайсизларми?” дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, малоикалар Роббининг ҳузурида қандай саф тортиб туришади?” деб сўрадик. “Аввалги сафни тўлдириб, сафда жипслашиб туради”, дедилар.

Бу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом тарғиб қилиш билан чекландилар, хилоф қилган кишига ваъид айтмадилар. Демак, матндаги ҳадисда келган буйруқ кўринишидаги лафзни ҳам тарғиб ва ундашга йўйилади, вожибликка эмас. Чунки жипслашиб туриш ҳам сафни тўғри тутишга киради. Бунинг вожиб эмаслигига ижмо ҳам собит бўлган.



Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким сафни боғласа, Аллоҳ ҳам уни боғлайди. Ким сафни узса, Аллоҳ ҳам уни узади”, дедилар.

Имом Насоий, Ибн Хузайма ва Ҳоким ривоят қилган. Ҳоким: “Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ”, деган (“Тарғиб”).

“Абдуллоҳ ибн Умардан.... ” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Баъзи бировлар: “Бунда сафни узган кишига ваъид келмоқда, демак, уни боғлаш вожиб бўлади”, деган. Менимча, бу ваъид охиратга таллуқли бўлса, унинг маъноси “Аллоҳ таоло уни Ўзига боғлайди ва Аллоҳ таоло уни Ўзидан ёки хос мақомидан тўсади”, дегани бўлади. Дунёга тааллуқли бўлса, “Аллоҳ уни биродарларига ва ўзи хохдаган нарсасига боғлайди ва Аллоҳ таоло уни дўстлари ва суюклиларидан узади”, дегани бўлади. Буни қуйида келадиган ҳадис ҳам қувватлайди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Сафда) ҳар хил турманглар, қалбларингиз ҳар хил бўлиб қолади”, дедилар. Ҳадис сафни тўғри тутишнинг вожиблиги ҳақида эмас.

Бизнинг мазҳабимизда сафни боғлаш аввалги сафни тўлдириб, кейин иккинчи сафга ўтиш бўлади ва бу суннати муаккададир. Сафни узиш эса аввалги сафда жой бўлатуриб, кейинги сафда туриш ва бу макруҳ. “Дуррул мухтор”да келишича, шофеийлар ҳам буни макруҳ дейишган. Аллома Шомий бунинг макруҳлигига сафни тўлдирмаганликни сабаб қилган ва: “Макруҳи танзиҳийми ё таҳримийми? Макруҳи таҳримийлигига Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: "Ким сафниузса, Аллоҳҳам униузади”, деган сўзлари ишора қилади”, деган. Унда яна “Ашбоҳ ван назоир”дан нақл қилиб бундай деган: “Агар имомни руку ҳолатида топса, ракатни топиш учун сафнинг орқасида бўлса ҳам, намозга киргани сафни боғлашдан кўра афзалроқ”. Аммо охирги сафга етолмайдиган бўлса, ёлғиз ўзи бир сафда турмайди, балки сафдаги бўш жойга бориб туради, гарчи ракатга етолмаса ҳам. “Муня”нинг шарҳида “фазилатга етишишдан кўра макруҳни тарк қилиш авлороқдир”, дейилган. Бу эса сафни тўлиқ қилишдаги макруҳлик орқа сафда ёлғиз ўзи тургандаги макруҳликдан енгилроқ эканини билдиради. Зоҳиридан сафни тўлиқ қилиш уламолар наздида вожиб эмас, балки суннатдир.

Ушбу ҳадисни баъзи уламолар: “Яхшиликларини комилликка боғлайди ва яхшиликларини комил бўлишдан узади”, деб шарҳ қилишган. Азизий айтади: “Ким сафни боғласа, Аллоҳ уни боғлайди”, дегани унинг яхши-ликларини зиёда қилади ва раҳматига дохил қилади” маъносидадир. “Ким сафни узса, Аллоҳ ҳам уни узади”, жумласини яхшиликлари зиёда бўлишини тўхтатади, деган маънода изохданади.

Бу уламолар ушбу ҳадисни Аллоҳ таолодан ва яхшиликдан мутлақ узи-лишга эмас, балки тарғибга йўйишганини билдиради. Ибн Ҳажар Ҳайтамий “Завожир” китобида сафни узиш ва тўғри тутмасликни кабира гуноҳлардан санаб, шундай деган: “Бу иккаласи кабира гуноҳлардан саналиши Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзларида: “Ким сафни узса, Аллоҳ ҳам уни узади”, деб у ҳақда қаттиқ ваъид келганидир. Чунки бу “Аллоҳ уни лаънатлади” ёки шунга якин маънодир”.

Лекин мен бошқа бирор киши буларни кабира гуноҳлардан санаганини кўрмадим. Сафни узиш ва уни тўғри тутмаслик, бизнинг наздимизда кабира гуноҳ нари турсин, ҳатто ҳаром ҳам эмас, балки макруҳдир. Абу Довуд келтирган ҳадисда шундай дейилади: “Агар қавм аввалги сафдан охирги сафга чекинаверса, Аллоҳ таоло уларни дўзахнинг энг орқасига ташлайди”. Уламолар бундан мурод зохири эмас, балки сафни ноқис қилишдан зажр қилингани ва одамларни имкони борича сафни тўғри ва тўлиқ қилишга ундаганини тушунишган”.

Имом Таҳтовий “Мароқил фалоҳ”нинг ҳошиясида айтади: “Муновий”да келишича, сафни узишдан мурод сафда турган вақтда заруратсиз чиқиб кетиш ёки сафга келиб қўшилганда ёнидаги киши билан орасида очиқ жой қолдириш тушунилади. Менимча, биринчи сафда жой бўлатуриб, иккинчи сафда намоз ўқиш ҳам тушунилиши мумкин”.

Биринчи кўриниш кейинги иккитасидан кўра қаттиқроқ, чунки унда заруратсиз намоздан чиқиб кетиш бўлмокда. Бу эса ҳаром саналади. Унга уч киши ҳақидаги ҳадис ҳам далолат қилади. Ҳадисда айтилади: “Пайғамбар алайҳиссалом масжидда одамлар билан ўтирганларида уч киши масжидга кириб келди. Улардан бири Пайғамбар алайҳиссалом ўтирган ҳалқага, иккинчиси ҳалқанинг орқасида ўтирди. Биттаси қайтиб чиқиб кетди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Мен сизларга бу уч кишининг хабарини берайинми? Улардан бири Аллоҳнинг паноҳига келди, Аллоҳ унга паноҳ берди. Иккинчиси ҳаё қилди, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Учинчи киши юз ўгирди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”, дедилар. Имом Бухорий ривояти. Аллома Айний айтади: “Бу ҳадисда ким олимнинг илм мажлисидан юз ўгирса, Аллоҳ таоло ундан юз ўгириши келмокда. Ким Аллоҳдан юз ўгирса, Унинг ғазабига йўлиқади”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”да “Аллоҳ ундан юз ўгиради” деган сўзининг шарҳида айтади: “Яъни унга ғазаб қилади. Бу эса юз ўгириб кетган киши учун, узр билан кетган кишига тааллуқли эмас”.

Маълумки, намозда муқтадий имомга яқин туриши керак, ким имомга яқин туриб, кейин ҳеч бир узрсиз орқага чекинса, юз ўгирган бўлади ва Аллоҳнинг ғазабига йўлиқади. Шунга кўра, бу ҳадиснинг зоҳиридан ухровий ваъидга ҳамл қилинади. Худди мана шу узишнинг муқобилидаги боғлаш вожиб бўлади. Охирги иккита кўринишдаги узиш эса макруҳ бўлади.



Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафнинг олдига келиб одамларнинг кўкраклари ва елкалари орасини тўғрилар ва: “Ҳар хил турманглар, акс ҳолда, қалбларингиз ҳар хил бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло ва малоикалари биринчи сафга раҳмат айтиб туради”, дер эдилар”.

Ибн Хузайма “Саҳиҳ”ида келтирган (“Тарғиб”).



Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга юзлари билан ўгирилиб: “Сафларингизни қоим қилинг (уч марта), Аллоҳга қасамки, ё сафларингни қоим қиласиз ёки Аллоҳ таоло қалбларинги: орасини ихтилофли қилиб кўяди”, дедилар. Мен одамларнинг елкасини ёнидаги шеригининг елкасига, тиззасини шеригининг тиззасига ва тўпигини шеригининг тўпигига ёпиштириб турганини кўрдим”.

Имом Абу Довуд ривояти. Ибн Хузайма саҳиҳ санаган (“Фатҳул Борий”).



Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафларимизни тўғрилаб чиқар, уни камон ўқидек ҳилар эдилар. Ҳатто биз буни тушуниб етганимизни кўрдилар. Бир куни чиқиб, намозга такбир айтмокчи бўлиб турганларида бир киши кўкрагини сафдан чикариб турган кишига: “Эй Аллоҳнинг бандалари! Сафларингни тўғри тутасизлар ёки Аллоҳ таоло юзларингизни бир-бирига қарши қилиб кўяди”, дедилар”.

Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти. Абу Довуднинг яна бир ривоятида қуйидагича келган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турсак, тўғрилаб чиқардилар, яъни сафларимизни. Тўгри туриб бўлганимиздан кейин такбир айтардилар”.



Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сафларингизни қоим қилинг, мен сизларни орқамда бўлсангиз ҳам кўриб тураман”, дедилар. Биздан ҳар бир киши елкасини ёнидаги шериги елкасига, оёгини унинг оёгига ёпиштириб турар эди”.

Имом Бухорий ривояти. Ҳофиз “Фатҳул Борий”да айтади: “Исмоилий бу ҳадисни Маъмардан, у Ҳумайддан қуйидаги лафз билан келтирган: “Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен кўрдимки, бизлардан ҳар бир киши...”. Маъмар бир ривоятида: “Агар ҳозирги кунда бирор кишига шундай қилсанг, улар асов хачирдай қочишади”, деди”.



“Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан... ” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Баъзи бировлар: “Бу ҳадис сафни тўғри тутиш вожиб эканига далолат қилиши равшан, чунки тўғри турмаган кишига ваъид келмоқда”, деган. Менимча, бу ердаги ваъид дунёга тааллуқли ваъид, у вожибни ифода қилмайди.

“Нўьмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан...” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Мазкур ваъид борасида ихтилоф мавжуд. Ҳофиз “Фатҳ”да айтади: “Бир ривоятда айтилишича, ушбу ваъид ҳақиқатига кўра олинади, бундан мурод юзни тескари қилиб, орқа томонга ўгириб, жойини текис қилиб қўйишдир. Буни зоҳирий маъносини олишимизни Абу Умоманинг қуйидаги ҳадиси ҳам қувватлайди: “Сафларни тўғри тутасизлар ёки юзлар текис қилиб қўйилади”. Бу ҳадисни Имом Аҳмад келтирган. Санадида заифлик бор.

Баъзи уламолар ушбу ваъидни мажозга ҳамл қилишган. Имом Нававий айтади (Нававий “Шарҳи Муслим”да зикр қилган.): “Валлоҳу аълам, бу “ораларингизга адоват ва нафрат солиб, қалбларингизни қарама-қарши қилиб қўяди”, деган маънода бўлади. Мисол учун, фалончининг юзи ўзгарди, деса, яъни юзида унга нисбатан ёқтирмаслик аломати, қалбида унга нисбатан нафрат пайдо бўлган. Сафларда ҳар хил туриш зоҳирий ихтилоф. Зоҳирий ихтилоф эса ботиний ихтилофга сабабдир. Буни эса Абу Довуд ва бошқалар келтирган қуйидаги ривоят қувватлайди: “Аллоҳ шаоло цалбларингиз орасини ихшилофли қилиб куяди”.

Буни Имом Муслим келтирган Абу Масъуднинг ривояти ҳам қувват-лайди: “Ихтилофли бўлманглар, акс ҳолда, қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолади”. Абу Масъуд: “Сизлар бугунги кунда қаттиқ ихтилоф қилмоқдасизлар”, деган”.

Демак, бундаги ваъид дунёвий. Хулоса шуки, зоҳирда сафда ихтилофли бўлиш ботиний ихтилофни келтириб чиқараркан. Ундан эҳтиёт бўлиш лозим. Бу ҳадисда сафни тўғри тутиш вожиб эканига далолат йўқ. Акс ҳолда, Абу Масъуд буни тарк қилган кишиларга: “Сизлар бугунги кунда қаттиқ ихтилоф қилмоқдасизлар”, дейиш билан чекланмаган бўлар эди. Абу Масъуднинг ушбу гапи сафда ихтилофли бўлиш саҳобаи киромлар замонида ҳам содир бўлганига далолат қилади. Уларнинг замонида вожиб амал умуман тарк этилинмаган.



Анас розияллоҳу анҳудан....” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Бир тоифа мусулмонлар бизнинг замонимизда ҳам ушбу ҳадиснинг зоҳирини ушлаб олишган. Улар намозда оёғини ёнидаги кишининг оёғига қаттиқ ёпиштириб олишади ва намознинг охиригача ўзларини ортиқча қийнаб шундай тутишади. Маълумки, оёқни оёққа, елкани елкага ва тиззани тиззага ёпиштириб намознинг охиригача туриш қаттиқ машаққат келтириб чиқаради. Машаққат ва ҳараж шариат томонидан кетказилган. Айниқса, намозхонлар қомати турлича бўлганда ушбу аъзоларнинг ҳаммасини бир вақтда баравар ёпиштириб туриш жуда қийин. Ҳадисда бу аъзоларни бир-бирига яқин қилиб туриш кўзда тутилган, ёпиштириб туриш эмас. Ҳофиз “Фатҳул Борий”да Бухорийнинг “Сафда елкани елкага, оёқни оёққа ёпиштириб туриш боби” деган сўзи шарҳида бундай деган: “Бундан мурод сафни тўғри тутиш ва ораларда очиқ жой қолдирмасликка қаттиқ эътибор беришдир”.

“Авнул маъбуд”да Ибн Умарнинг ривояти шарҳида келади: “Елкаларни баробар тутинглар”, яъни бир-бирига баробар қилиб туринглар, намозхонлар барчаси елка, бўйин ва оёқларини бир қаторда текис тутсинлар, дегани”.

Шайх айтади: “Агар ёпиштиришни тўғри маънода тушунсак ҳам, ундан мурод иқомат айтилганда сафни тўғри тутиш учун ёпиштириб туришдир. Яъни бошланишда ёпиштириб турилса, кифоя қилади. Ҳадисда намоз давомида ёпиштириб туришга далолат йўқ. Ким намоз давомида ёпиштириб туриш керак деса, далил кўрсатсин”.

Анас розияллоҳу анҳунинг “бизлардан ҳар биримиз” ва “Мен кўрдимки, бизлардан ҳар биримиз” деган сўзлари мазкур феъл Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг замонларида бўлгани, ундан кейин бўлмаганини билдиради. Бу эса Маъмарнинг ривоятида: “Агар ҳозирги кунда бирор кишига шундай қилсанг, улар асов хачирдай қочишади”, деб очиқ-ойдин айтилган. Агар бу намоздаги суннати муаккадалардан бўлганида эди, саҳобалардан бирор киши буни тарк қилмас, ва бундан ҳеч ким қочмас ҳам эди. Саҳиҳроғи эса, биз айтганимиздек, иқомат айтилганда намозга кириш вақтида сафни тўғри тутиб бошлашга қаттиқ эътибор бериш учундир.



Бизга Имом Молик хабар бериб айтди, унга Нофеъ хабар берди, у Ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

У одамларга сафни тўғри тушишни буюрар; келганида сафни тўғри бўлганини айтганидан кейин намозга такбир айтарди”.

Имом Муҳаммад “Муватто”сида келтирган, санади саҳиҳ. Имом Молик ҳам буни Нофеъдан: “Умар ибн Хаттоб одамларга...” деб келтирган. “Таҳзиб”да келишича, у мунқотеъ. Лекин Имом Муҳаммадда келган ривоят мавсулдир.



Бизга Имом Молик хабар берди, унга Абу Суҳайл ибн Молик (Имом Моликнинг амакиси. Уни Имом Аҳмад, Абу Ҳотим ва Насоий ишончли санашган) ва Умар ибн Убайдуллоҳнинг мавлоси Абу Назр хабар берди, улар Молик ибн Абу Омир Ансорийдан ривоят килади:

Усмон ибн Аффон хутбасида: “Намозга иқомат айтилса, сафларни тўғри тутинглар, елкаларингизни баробар килинглар, зеро, сафларни тўғри тутиш намознинг тўлиқлигидандир”, дерди. Ундан кейин сафни тўғрилашга вакил қилинган кишилар келиб сафни, тўғри бўлганини айтсагина такбир айтиб намозни бошларди”.

Имом Муҳаммад “Муватто”сида келтирган. Муҳаммаддан бошқалари жамоанинг ровийлари. Имом Муҳаммад ҳам ишончли имом. Бу ҳадисни Имом Молик ҳам “Муватго”сида бундан бошқа лафз билан келтирган.



Амр ибн Маймундан ривоят қилинади:

“Мен Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд қилинган кунда гувоҳ бўлганман. Биринчи сафда туришимга у кишининг ҳайбати тўсқинлик қилган. У киши жуда ҳайбатли одам эди. Мен ўша куни иккинчи сафда эдим. Умар розияллоҳу анҳу аввалги сафга юзланиб, сафдан чиққан ёки ичкарига кириб қолган кишиларни қамчи билан нуқиб тўғрилаб, кейин намозга такбир айтарди. Мана шу нарса мени ундан тўсиб турарди”.

Имом Ибн Саъд, Ҳорис, Абу Нуъайм ва Лоликоий “Сунна” китобида келтирган ва саҳиҳ дейишган. “Канзул уммол”да шундай келган.



Ҳофиз “Фатҳул Борий ”да айтади:

Саҳиҳ ҳадисда келишича, Умар розияллоҳу анҳу сафни тўғрилаш учун Абу Усмон Наҳдийни урган”.



Сувайд ибн Ғафладан ривоят қилинади:

Билол розияллоҳу анҳу намозда елкаларимизни текислар ва оёғимизга уриб тўғриларди”.

Бизга Имом Молик хабар берди...” деб бошланувчи икки ҳадис ҳақида. Улар сафларни текис тутишга қаттиқ эътибор қилишга далолат қилиш равшан. Чунки бунда имом сафнинг текислигини аниқ кўрмагунча такбири таҳрима айтмаяпти. Бу юқорида Нўъмон ибн Баширнинг “Текис туриб бўлганимиздан сўнг такбир айтардилар”, деган сўзида ҳам ўтди. Ибн Малак ҳадис шарҳида бундай деган: “Бу ҳадис имом сафларни текислаб, кейин такбир айтиши суннат эканига далолат қилади. “Мирқот”да ҳам шундай келган” (“Авнул маъбуд”).

Агар: “Бу ҳанафийларда машҳур бўлган “Муаззин “Қод қоматис солат” деганида имом такбири таҳрима айтиши суннат”, деган сўзга хилофку!” дейилса, биз айтамизки, бу муаззин ушбу сўзни айтишидан олдин сафлар текис қилинганида бўлади. Имом Муҳаммад “Муватто”да айтади: “Муаззин “Ҳаййа ъалал фалаҳ”, деганда қавм туриб, сафларни текис қилиб сафланиши, елкаларини баробар тутиши лозим. Муаззин “Қод қоматис солат”га етганида имом такбири таҳрима айтади. Бу Абу Ҳанифанинг қавли ҳамдир”. Агар муаззин “Қод қоматис солат”га етганида қавм сафни текис қилиб сафланмаган бўлса, имом сафларни текислаб, ундан кейин такбири таҳрима айтиши суннатдир.



Амр ибн Маймундан...” деб бошланувчи ҳадис ҳақида. Бу ҳадис ҳам бундан олдинги иккита асар далолат қилган сафларни текис тутишга қаттиқ эътибор қилиш лозимлигига далолат қилиши равшан. Умар ва Билол розияллоҳу анҳумонинг бу борада қавмни уришини сафни текис тутиш вожиблигига далил қилиш тўғри эмас. Чунки ҳофиз Ибн Ҳажар айтганидек, суннат тарк қилингани учун таъзир берган бўлиши мумкин.

Шайх Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий

"Эълоус сунан", 4-жилд