Исмоилбек Гаспринский Русия жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси эди. Туркистонда XIX асрнинг охирларидан кўзга ташланган янгиланиш ҳаракатлари кўп жиҳатлари билан шу номга, унинг «Таржимон» газетасига келиб боғланади. Ва ушбу даврдан эътиборан XX асрнинг 20-йилларига қадар фаолият кўрсатган бирор туркистонли зиёли йўқки, бу номни четлаб ўгган бўлсин. Шу сабабли, унинг ижодий фаолияти ва айниқса, маслак-интилишлари билан танишиш Туркистон жадидчилиги ва жадид адабиётининг шаклланиш ҳамда ривожланиш босқичларинигина эмас, умуман мазмун-моҳиятини англашда, йўналишларини белгилашда ҳам бениҳоя муҳим аҳамиятга эга. Бу ном юз йил муқаддам туркий дунёдаги энг машҳур ном эди. Уни Қашқардан Лондонгача, Санкт-Петербургдан Бомбейгача билар эдилар. У чиқарган «Таржимон» газетасининг 1908 йилдага 25 йиллик тўйида Хитойнинг «Таранча»сидан табрик телеграммаси келган. 1910 йилда эса Франциянинг энг эътиборли журналларидан «Ревю дю монде мусулман» унинг миллат олдидаги буюк хизматлари учун номзодини «Тинчлик борасидаги Халқаро Нобель Мукофоти»га тавсия қилган ва буни хорижий мамлакатлардаги жуда кўп матбуот органлари қўллаб-қувватлаб чиққан эди.
У вафот этган 1914 йилнинг 11 сентябрида машҳур Наримон Наримонов ёзади: «Миллат Исмоилбек каби қаҳрамонларини унутса, ўз ҳаётини барбод этажақдир». Бу баландпарвоз гап эмас. Далил — тарих. У тириклигидаёқ миллатнинг отаси, раҳнамоси деган ном олди. Унинг энг катта хизмати Русия сарҳадида яшаб турган, лекин замоннинг зайли билан бир-биридан узоқ тушган (тўғри-роғи, узоқлаштирилган) ва бегоналашиш даражасига етган туркий халқларни бир-бирига танитди. Беҳбудий сўзлари билан айтганда, «Русиядаги бутун турк-татар халқларини жуда оз тарихий муддатда хайр-хўшлик йўли билан яхлит бир миллий оилага бирлаштирмоққа ноил бўлди». Бу дард ўша давр чор Русияси асоратида ўз эрку ҳуқуқигина эмас, асрий урф-удум, маънавий қадриятларидан тортиб, тил ва дин-эътиқодигача унутишга маҳкум қилинган туркий халқларнинг энг катта дарди, сўнгсиз армони эди.
Исмоилбек Шарқ халқлари маънавий ҳаётида, хусусан, мактаб-маорифида чинакам инқилоб ясаган, «усули жадид» номи билан тарихга кирган «усули савтия»ни бошлаб берди. XX аср Шарқининг энг машҳур, энг тараққийпарвар ҳаракатчилигига — жадидчиликка асос солди.
У барча туркий халқларни яхлит, ягона миллат деб билди. Уларни ҳам илм-маърифатда, ҳақ-ҳуқуқда дунёнинг тараққий қилган миллатлари билан тенг, бақамти кўрмоқни орзу қилди. Бутун ақли-вужудини мана шу муқаддас ишга — миллатнинг равнақи ва муҳофазаси йўлига сарф этди. Бу шунчаки мутаассибона бир орзу эмас, замонасининг баланд-пастидан хабардор, тарих ва тақдирини теран англаган, Шарқни ҳам, Ғарбни ҳам баб-баравар билган ва баб-баравар кўрган бир кишининг аниқ ва режали хатти-ҳаракати эди. Афсуски, унинг бу ишларида айрим «дўстлар»и шаккоклик, кофирпарастлик кўрдилар. Душманлари эса унга сиёсий айб қўйдилар. Туркий қавмларни Русия давлатига қарши бирлаштиришда, ягона турк-татар мамлакати тузишга уринишда айбладилар. Ва бу даъволар машъум 30-йилларда жуда «иш» берди. Унинг номи, унинг хотираси авлодлар қалбидан юлиб олинди. Наслларга ўз халқининг қаттол душмани қилиб кўрсатилди…
Гаспринский 80-йилларнинг охиридан авлодларга қайта бошлади… 1991 йилда Симферополда таваллудининг 140 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди. 2001 йилда 150 йиллиги нишонланди. Ўзбекистонда ҳам у ҳақда рисолалар пайдо бўлди.
Четда 1950 йилда у ҳақда Бурбил деган киши докторлик дис-сертацияси ёзган ва Гамбургда китоб босдирган. Америкалик Эдвард Жеймс Лаззерини диссертацияси 1973 йилда «И.Гаспринский ва Русияда мусулмон модернизми» номи билан Вашингтонда босилиб чиққан. 80-йилларда эса Туркияда Нодир Давлат ва Меҳмет Саройнинг у ҳақдаги монографиялари дунё кўрди. 1991 йилда Тошкентда Э. Аблаевнинг «Исмоил Гаспринский — гуманист, просветитель, педагог» рисоласи босилди. Кейинги тадқиқотлардан бири Ҳоқон Қримлининг «Қрим татарларида миллий кимлик ва миллий ҳаракатлар (1905-1916)» (Анқара, 1996) китобидир. Ниҳоят, 2003-2004 йилда Туркияда Гаспрали «Танланган асарлари» уч жилдлигининг 2 жилди босмадан чиқди.
Исмоилбекнинг ота-боболари Ялта-Алупка йўлида жойлашган Гаспра қишлоғидан. Исмоилбек тахаллус-нисбани шундан олди. Бироқу кўпроқ «Гаспринский» номи билан шуҳрат қозонди. Илк ўзбек матбуотида у «Гаспринский» деб берилади. Исмоилбек Гаспрадан унча узоқ бўлмаган, тўрт томони тоғлар билан ўралган Ажикўй (овчи кўй — овчилар қишлоғи)да 1851 йилнинг 21 мартида — қутлуғ наврўз кунида таваллуд топди.
Ҳаёт йўли
Отаси Мустафобей Кавказ ва Қримнинг генерал губернатори князь Ворондовга таржимон бўлиб ишлаган, садоқатли хизмати учун 1853 йилда поручик унюнига мушарраф бўлган, дворян мартабасига кўтарилган. Лекин кўп ўтмай, Крим уруши бошланади. Оила Бокчасаройга кўчиб келади. Исмоилни 8 ёшида боқчасаройлик Ҳожи Исмоилнинг эски макгабига берадилар. 10 га кирганда эса отаси Мустафобек онаси Фотиманинг эътирозларига карамасдан, Оқмачит — Симферополдаги губерния гимназиясига олиб боради. Унда икки йил ўқигач, Воронеж (Ёл Кермон)даги офидерлар ҳарбий ўқув юртига ўтади. Ўн уч ёшида Москвадаги Милютин гимназиясига ўқишини кўчиради. Шу йиллари айрим рус зиёлиларида авж олган буюк рус миллатчилиги Милютин гимназиясига ҳам кириб келган эди. Хусусан, гимназия мураббийларидан ёзувчи М. Катковнинг панславистик қарашлари ёш Исмоилбекда ўзликни англаш ҳиссини уйготди. Унинг ҳатто Критда юнонлар билан уруш олиб бораётган турк қўшинига кўнгилли бўлиб қўшилиш учун синфдош дўсти литвалик Мустафо Давидович билан Истанбулга отлангани, Одесса бандаргоҳида қўлга олиниб, орқасига қайтарилгани маълум. Хуллас, 1868 йилда Исмоилбек Гаспрали Москвадаги ўқишини битириб, Боқчасаройга қайтади. «Занжирли» мадрасасида рус тилидан дарс бера бошлайди. Д. И. Писарев, Н. Г. Чернишевский асарлари билан яқиндан танишади. Ўқиш-ўрганиш иштиёқи уни 1872 йилда Францияга бошлаб келади. Вена, Мюнхен, Штутгардтда бўлади. Парижда И. С.Тургенев билан учрашади. Унга ассистент-котиб бўлиб ишга киради. Французчани мукаммал эгаллайди. «Эълонлар» идорасида таржимонлик қилади. Машҳур Сорбонна университетига ўқишга қатнайди. Ниҳоят, 1876 йилда Боқчасаройга қайтиб келади ва «Занжирли»да рус тили муаллими сифатида ишни давом эттиради. Шу йили уйланади. Бироқ улар узоқ яшай олмайдилар, ажраб кетадилар. Исмоилбек мутолаага берилади. Қунт ва сабот билан туркий тилни, тарих ва адабиётни ўрганади. Айни пайтда, у шарқона анъанавий таҳсилнинг замондан орқада қолганини, шу туфайли мусулмонларимиз жаҳон тараққиётидан четга сурилиб чиқаётганлигини қўради.
Нима қилмоқ керак? Милютин гимназиясидага ўқитиш усулини, Сорбоннадаги кўрганларини мусулмон мактабларига кўчирса бўлмасмикин? Ҳар бир мактаб, мадраса ўз низом-дастурига эга бўлмоғи лозим. Диний билимлар қаторида дунёвий фанлар ҳам кенг ўқитилиши керак. Бу, масаланинг бир томони. Иккинчи томони шундаки, ўқишни назорат қилиш шакллари, билимни баҳолаш мезонлари бўлиши лозим. Умр дегани, ахир, ҳисобли-ку. Бироқ бу гаплар ўртага тушар-тушмас, Гаспринскийга тош отиш бошланади. Уни кофирдан олиб, кофирга соладилар. Таҳдид, дўқ-пўписа кучайиб боради. Исмоилбек ён беришга мажбур бўлади. Ишни ўзгартиради. Шаҳар бошлиғи вазифасига (1878-1884) сайланиб, Боқчасаройни обод қилишга киришади. 1882 йилда машҳур Қозон татарларидан миллионер Акчуриннинг қизи Зуҳрахонимга уйланади. Улар йигирма йил бахтли турмуш қилдилар. Олти фарзанд тарбия этдилар. «Улардан Дилорахоним ва Исмоил соғ-саломатлар. Тошкентда яшайдилар», деб хабар берган эди «Йилдиз» журнали, 1990 йилда.
И.Гаспринский шаҳар бошлиғи (городской голова) бўлиб узоқ қололмади. Шаҳар Думаси аъзолари Исмоилбекни шаҳар пулини «кўчаларни ёритиш, аҳолига тиббий ёрдамни кучайтириш» каби аллакандай «фойдасиз» ишларга сарф этаётганини кечира олмадилар. Истеъфога чиқишга мажбур этдилар.
У эса, ўз ишида давом этди. 1881 йилда «Русия мусулмонлиги» китобини эълон килди. Унда кўтарилган энг муҳим масалалардан бири Русиянинг ўз мусулмон фуқароларига муносабати масаласи эди.
«Русия мусулмонлиги»
«Сўнгги йилларда Русиянинг Шарқдаги буюк маданийлаштирувчилик хизмати ҳақида тез-тез ўқишга ва эшитишга тўғри келмоқда, — деб ёзади Гаспринский ушбу асарида. — Хўш, бу хизмат нимада намоён бўлиши керак? Наҳотки, унинг маъноси қозини уезд бошлиғига, ноибни приставга, бекликни областу губернияга, ушрни тан солиғи-ю яна бошқа «бер-бер»ларга, ипак тўну бешметни дворянлик ёқасига алмаштириб қўйишдан иборат бўлиб, бошқа қилинадиган иш қолмаган бўлса?»
Гаспринский «Русиянинг Шарқдаги маданийлаштирувчилик роли»га мана шундай танқидий қарайди ва у саволга салбий жавоб беради. Уни аксинча, атайин илм-маърифатдан узоқда сақлаб келаётганликда, мусулмонларнинг тилини, динини, турмуш тарзини бузишда айблайди.
Бир томондан, миллатни маҳв этиб келаётган жаҳолат, иккинчи ёқдан чор ҳукуматининг изчил, режали руслаштириш сиё-сати. Русиядаги мусулмонларнинг тақдири қандай бўларкин?
Исмоилбек мана шу саволга жавоб излайди. Унингча, Русиянинг тобе миллатларга муносабатида 2 йўл турибди: 1. Ассимилядия (руслаштириш). 2. Ҳамкорлик. Биринчи ҳолда мустамлакага, миллий тараққиётга ҳеч қандай йўл берилмайди, у тўла руслаштириб бўлингач, вакиллари мамлакат идора ишларига жалб қилинадилар. Иккинчи ҳодда, унинг миллий тараққиётига имкон яратилади, тегишли даражага кўтарилгач, ҳукумат ишларига тортилади.
Русия ўз мустамлакаларига нисбатан ҳар икки йўлдан фойдаланмоқда. Польшада — биринчи йўддан. Финляндияда — иккинчи йўлдан. У туркий халкларга нисбатан қайси йўлни тутаркин? Русия биринчи йўлни истайди. Лекин бу қийин ва самарасиз. Негаки, туркий халқларнинг жуда катта тарихи, қадим маданияти бор. Уни қалблардан сиқиб чиқариш ғоят мушкул. Маъқули — иккинчи йўл. Бунинг у қадар қийинчилиги ҳам йўқ. Мусулмонлар (муаллиф туркий халқлар ўрнига «мусулмонлар» атамасини қўллайди) озгина туртки билан ўтган муддатда йўқотган зеҳниятларини тиклаб ола оладилар. Ҳатто туртки — ёрдамга ҳам эҳтиёж бўлмас. Озгана хайрихоҳлигу рухсат беришнинг ўзи кифоя. Масалан, халқ анъанавий хайрия йўли билан ҳам мактаб-мадрасаларини тиклай олади. Фақат уни замонавий талабларга жавоб берадиган даражага кўтариш лозим. Биринчи навбатда, дунёвий фанларга зўр бериш керак. Х-ХV аср Туркистонининг қомусий олимларини мана шу мадрасалар етказиб бермадими?! Кўҳна Шарқнинг университетлари мадрасалар эмасми?! Европа университетлари испан Андалузиясидаги мадрасалардан андоза олиб қурилмадими?! Бу масалада ёлғиз биргина шарт бор. У шундан иборатки, Русия мусулмонлари миллий маорифларини ўз миллий воситалари асосида қурмоқлари керак. Айниқса, бошланғич таълим ва тарбия мутлақо ўз она тилида бўлмоғи лозим.
«Русия мусулмонлиги» рисоласи шулар ҳақида эди.
У Русияда яшовчи мусулмонларни шу мамлакатнинг тенг ҳуқуқли фуқароларига айлантириш ва айни пайтда уларнинг ўз миллий, диний жиҳатларини сақлаб қолишга қаратилган ўзига хос дастур эди.
Китоб босилиб чиқиши билан великорус шовинистларининг қаттиқ қаршилигига дуч келди. Айниқса, мусулмонларнинг мактаб-маорифини миллий асосларда қуришлари лозимлиги — миллий мактаб ҳақидаги фикрлар ёқмади.
Буни у биларди. Москвада Милютин гимназиясида ўқиб юрган пайтлари ўриспарастлиги билан донг қозонган М.Н.Катков билан бу масалада кўп тўқнашган эди. Унинг муҳаррирлигида чиққан «Московские ведомости» газетаси билан «Русский вестник» журналини мунтазам ўқиб борар эди. Унинг нуқтаи назари Тошкентда Н.Остроумов ва М.Муропиев, Қозонда Н.Ильминс-кий билан айни бир хилда эканлигини яхши биларди.
Н. Ильминский турк-татар халқининг мактаб-маорифига дахлдор ҳар бир илгари силжишни рус халқига қарши ҳаракат деб билади. Синоднинг обер-прокурори К.П.Победоносдевга ёзган бир хатида очиқдан-очиқ «Русиядаги мусулмон халкларига биронта ҳам ижтимоий-сиёсий ҳуқуқ бермаслик керак», дейди.
Исмоилбек Русия қоидаларини синчиклаб ўрганди. 1882 йилда «Солномаи туркий», «Миръоти жадид» номларида 2 рисола эълон қилди. «Русия мусулмонлиги» асарида кўтариб чиққан масалаларни амалга оширишни матбуотдан бошлади.
«Таржимон» зарурати
Вазиятни ўзгартириш учун уни олдин англатиш керак. Бунинг учун эса минбар зарур. «Таржимон» мана шундай зарурат туфайли юзага келди: «Бир бечора фақирни кўрсак, ачинамиз. Улаётган бечорани кўрсак, юрагимиз изтиробдан оғрийди. Ҳатто бир ҳайвоннинг қийналиши раҳмимизни келтиради. Лекин бир эмас, минглаб кишиларнинг, бутун бир халқнинг жаҳолатдан мислсиз қийналаётганини кўрмаймиз…».
Газетанинг дастлабки сонларидан бирида шундай сўзлар бор эди. Бу жасоратли садо ўша пайтлари жуда ҳам зарур эди.
Руслаштириш авжида. Итил-Волга бўйидаги татарлар орасидан бирор мансабдор у ёқда турсин, масжидга имом ҳам миссио-нер Н.Ильминский рухсатисиз сайланмайди. Мактаб-мадраса китоблари-ку бирмабир қўлдан ўтади. Туркистонда Остроумов — тўра. Кавказнинг ҳам ўз тўралари бор, албатта. Бу тўралар ўз миллатларидан бошқасини миллат деб ҳисобламайдилар.
Миллатнинг ўзлигини кўрсатадиган хусусиятларидан бири тил ва маорифдир. Бу иккиси бўлмаса, миллат мустақил бўла олмайди. Гаспринский 1905 йилда ёзган мақолаларидан бирида миллатнинг асоси иккита: тавҳиди тил (тил бирлиги) ва тавҳиди дин (дин бирлиги) деган эди. Дарҳақиқат, тилнинг ўрни беқиёс: «Инсоннинг оти бўлмаса, ўзи ҳам йўқ демакдир, шунингдек тили бўлмаган инсон ҳам соқовдир».
«Тил бирлиги масаласи бизим ҳаётимизда ҳаёт-мамот масаласидир ва биз бу масалада бир қадам ҳам орқага чекинмаймиз, -ёзади И.Гаспринский 1906 йил 18 декабрда. — Биз учун орқага чекинмоққа йўл йўқ. Яшасин миллат!…
«Таржимон» умумий бир миллий газетадир. Унинг тили ҳам умумий бир миллий. тилдир. Яшасин миллат! Ҳам яшар, чунки у тилда ва фикрда бирликнинг зарурлигини англади. Тил бирлиги эса адабиёт бирлигидир. Бу эса, ўз навбатида, меҳнат ва ҳаракат бирлигининг асоси ўлароқ миллатнинг озодлигини таъмин этажакдир».
Тил миллатнинг жонли, ҳаракатдаги тарихидир. Унинг кеч-миши ҳам, ҳозири ҳам тилда ифода этади. Миллатнинг барҳаётлигига энг муҳим гувоҳ тилдир. Тил миллат учун ҳаёт-мамот масаласидир. Гаспринский ўз мақолаларидан бирини «Тил масаласи — энг муҳим масала» деб номлаган эди.
Туркий халқларнинг муштарак тили ҳақидаги гаплар 1905 йил воқеаларидан кейин, оқ подшо ён беришга мажбур бўлгач, эркинроқайтила бошланди. Ҳатто айрим ишлар ҳам қилинди. 1906 йил Гаспринский айтганидек, «тил йили» бўлди. Жумладан, 1906 йил Нижний Новгородда Русия мусулмонларининг 600-700 ва-кили иштирок этган «Иттифоқи муслимин» йиғилишида умумий адабий тил масаласи ўртага қўйилди. Уни аста-секин шакллантириш ва амалиётга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу қарор ўша муштарак адабий тилда алоҳида рисола бўлиб босилиб ҳам чиқди. Ниҳоят, 1907 йилда Русия давлат маориф инспекцияси мамлакатдаги мусулмонларнинг ўз она тилларида ўқув-ёзувни олиб боришлари мумкинлиги ҳақида қарор қабул қилди. Бироқ бу махсус қарор мусулмон болаларини ўз она тилида ўқитишни фақат маҳаллий шевада олиб бориш зарурлигини уқтирди.
Гаспринский шундан чўчиган эди. У бу қарорни мутлақо нотўғри, ҳатто жиноят деб ҳисоблади:
«Маориф инспекциясининг бу ишини биз бутунлай хато деб биламиз, чунки халқнинг она тили бу миллатнинг адабий тилидир. Агар бизим қадимий адабий тилимизнинг бир ҳалқаси Алишер Навоий тили бўлса, турли шевалардан таркиб топган янги замонавий тилимиз унинг иккинчи ҳалқасидир».
«Таржимон»нинг 1908 йил 13-сонида босилган «Тил ва масъулият» мақоласида яна шу масалага қайтиб, ўз фикрини атроф-лича асослайди. Чиндан ҳам Русиянинг турли жойларида истиқомат қилувчи туркий халқларнинг тиллари, тўғрироғи, шевалари бир-биридан фарқ қилади. Хўш, бу фарқ русларда йўқми? Вятка мужикларининг тили Ярославль ҳунармандлариникидан, тулалиларники Курск, Смоленск ерлилариникидан қанчалик фарқ қилади! Арабларчи? Гоҳо улар орасидаги фарқлар бир-бирларини тушунмаслик даражасига боради-ку? Нима учун Ломоносов, Жуковский, Пушкин, Тургенев каби адиблар, мутафаккирлар ягона адабий тил учун умр бўйи курашдилар?! Нима учун арабнинг кўзга кўринган олим-фозили борки, тил бирлигини тилдан қўймайди?! Немислар нега умумий тил устида бу қадар жон куйдирадилар?!
Тўғри, ягона адабий тил миллий адабиёт билан бирга майдонга келади. Лекин уни шакллантириш учун биргина адабиёт аҳлининг эмас, бутун миллатнинг, биринчи навбатда, зиёлиларнинг ғайрат ва рағбати керак.
Бу ерда ҳам ишни маорифдан бошламоқ зарур. Боланинг илк саводи, майли, шевада чиқсин, лекин иккинчи-учинчи йилданоқ ўқишлар умумий ягона тилда кетмоғи лозим. Бу дегани дунёнинг ташвишларини кўзда тутган, лекин ўз она тилимизда, миллий руҳимизда бўлган ўрта ва олий мактаблар илмий, маданий муассасалар, турли-туман мутахассислар, хуллас, нимаики миллатнинг иқтисодий, сиёсий ва миллий мустақиллигини таъмин этадиган бўлса, ҳаммаси керак. Буларсиз миллат озод бўла олмайди.
Хўш, бизга ҳозир она тилида ўрта ва олий мактаблар очишга рухсат берилса, биз бунга тайёрмизми, деган савол қўяди Исмоилбек Гаспринский ва «йўқ!» деб жавоб беради. Демак, биринчи вазифа, ёш, тараққийпарвар миллий зиёлилар тайёрламоқ, замин ҳозирламоқдир. Уни ҳеч ким қилиб бермайди, ўзимиз қилишимиз керак:
«Бугундан бошлаб умумий тил устида кураша бошламоқ, мактаблар учун дарсликлар, ўқув китоблари, луғатлар тайёрламоқ керак», — деб ёзади Гаспринский «Таржимон»нинг 1907 йил 42-сонида босилган «Дўстларимга» номли мактубида.
Буларнинг ҳаммасининг боши миллий онг, хусусан, миллий маориф бўлади.
Мамлакатимизда сонига кўра нисбатан озчиликни ташкил этувчи армани, гуржи, латишларни қаранг, қанчалар илгарилаб кетдилар. Финляндия ва Польша мустақилликни олишгача етди. Иқгисоди ҳам жойида. Керакли нарсаси бор. Ҳаммаси миллий онгдан, миллий тил, адабиётдан.
«Миллатнинг икки асоси бор: тил бирлиги, дин бирлиги. Миллатнинг ўзлигини йўқотиш учун шуларнинг биттаси бузилиши кифоя», дейди Гаспринский.
1885 йилда Истанбуддаги Абузиё матбаасида Исмоилбек Гаспралининг «Оврўпо маданиятига бир назари мувозана» деган кичкина рисоласи босилиб чиқди. Европа ўз тараққиётининг ҳадди аълосида турган, Европа турмуш тарзи дунёнинг барча мамлакатларига ўрнак ва тимсол тутилган бир пайтда Русиядай қолоқ бир юртнинг қайси бир бурчагидаги бир мусулмон дунёнинг тараққийпарвар аҳли орасидаги ҳукмрон нуқгаи назарга эътироз билдирди. Фан ва техникаси билан дунёни ҳайратга солган капиталистик Европани ҳам, жаннат ваъда этувчи социалистик Европани ҳам рад этди. Ҳар иккисида ҳам ахлоқсизлик кўрди. Бугунги Европа маданияти қадим Рим цивилизацияси асосида майдонга келгандир. Қадим Рим салтанати эса маънавий-ахлоқий чириганлиги учун барбод бўлган. Бинобарин, «Румолилар асир этлари билан ҳовузларда боқилган балиқларга тўймасдан қандай қулаган бўлсалар, уларнинг фарзандлари бўлган оврўполилар ҳам бутун дунёнинг меваларига тўймайдилар»,- деб ёзади Гаспрали.
Қадим Рим салтанати деганда бугунги ўқувчининг кўз ўнгига, биринчи навбатда, бир тўда тўраларнинг кўнглини очиш учун ўлим билан курашга чиққан гладиаторлар, машҳур Спартак келади. XIX аср эса, Европа колониализмининг гуллаган даври эди. Китоб чоп этилган 80-йилларда оқ подшонинг севимли генерали Скобелев олис Хуросоннинг Кўктепа қалъасини қонга ботириб, Марви шоҳжаҳонни ишгол этган эди. Румолиларнинг XIX асрдаги фарзандларининг бутун дунёнинг меваларига тўймасликлари шундан. Муаллиф фикрича, янги — XIX аср Европа маданияти билан қадим Рим маданияти моҳиятан бир хил. Қуроллар, усуллар, ўрнаклар ўзгарган, холос, натижа ва самара эскича.
Рисолада асосий эътибор «янги дунё» маданиятининг маънавий-ахлоқий жиҳатларига қаратилади. Ворисийликка, оталар ва болалар масаласига тўхталади. Болаларнинг (социалистларнинг) ўз оталари (капиталистлар)ни рад этишларида катта маъно кўради. Айни пайтда, болаларнинг адолат ҳақидаги тушунча ва фикрлари адолатсизликлар билан тўла эканлигини очиб ташлайди. Унингча, олдинги ҳар икки маданиятнинг асосий нуқсони шундаки, уларда ҳаққоният йўқ. Исломдаги ҳаққоният йўқ. Ҳаққоният дегани нима? Авлоний буни шундай тушунтиради:
«Ҳаққоният деб ишда тўғрилик, сўзда ростликни айтилур…» Гаспрали барча инсонларнинг ўзаро муносабатлари бир асосга — фойда асосига қурилганини таъкидлайди, лекин ишлаб чиқариш воситаларини киши фаолиятини назорат қилувчи ушр (ўндан бир миқдордаги йиллик экин солиғи), закот (қирқдан бир миқдордаги йиллик мулк солиғи) кабиларнинг инсон ва жамият ҳаётидаги фавқулодда назоратчилик ролини уқтиради. Шулар Европанинг ҳуқуқ ва ахлоқига асос қилиб олинганида социалистик фикрларга имкон қолмаслигини айтади. Шу тариқа, Европа илм-фани билан ислом ахлоқининг ҳамкорлигида майдонга келадиган янги умуминсоний маданият масаласини кўтаради.
Хўш, ислом маданияти қандай маданият? У нимани кўзда тутади? Европа маданияти шарҳидан кейин бунинг изоҳига ҳам зарурат туғилган кўринади. Ҳар ҳолда Исмоилбекнинг «Мада-нияти исломия» номи билан бир китоби пайдо бўлди ва қисқа муддатда 2 марта чоп этилди. Маданият, унингча, кишиларнинг турмуши, иш фаолияти, касб-ҳунарга муносабати билан белгиланади ва уларни тахминан 3 га (ваҳший, ярим ваҳший, маданий) бўлади.
Гап шундаки, маданият ҳеч қачон ёлғиз бир миллатга ёхуд мамлакатга тегишли бўлиб қолмайди. Турли сабаб ва шароитга кўра бирида озроқ, иккинчисида кўпроқ ёхуд бирида бир, иккинчисида бошқа жиҳати нисбатан фарқли ривожланиши мумкин. Бир вақтлар Европа ундан бебаҳра қолган эди, ҳозирда унинг Осиёдан ўсиб кетганлиги ҳаммага аён. Замонида Европа кийим нималигини билмай, мол терисига ўралиб юрган пайтларда Осиё пахта-ипак матоларини танлаб киярди. Ҳозирда осиёлик от-эшак, қайиқ билан ўн кунда юрадиган йўлни Европа темир йўл ё пароходда бир кунда босиб ўтади. Бу маданият даражасининг самараси. Айни пайтда, у бутун инсониятникидир, — дейди муаллиф.
Кимки бу йўлда хизмат қилса, инсониятга хизмат қилган бўлади. Шу жиҳатдан, мусулмон олами инсониятга нима берди? Умуман, унинг хизмати борми?
Исмоилбек шундай савол қўяди ва «Ҳам бордир, ҳам кўпдур» деб жавоб беради. Шундан сўнг 2 муҳим масалага аниқлик киритади.
Ислом маданиятининг биргина араб маданиятидан иборат эмаслиги. Европада кенг тарқалган бу фикрни муаллиф янглиш ҳисоблайди. Дарҳақиқат у ҳодда француз, инглиз, немис зиёлилари бунёд этган илм-фанни «лотин маданияти» дейиш керак, чунки улар шу тилда ёзилган. Ундай демаймиз ва тўғри қиламиз. Ислом маданиятини ҳам ёлғиз араблар яратмадилар. Унда турк, форс, ҳинд ва бошқа қавмларнинг ҳам улуши бор.
Ислом маданиятининг антик ва ҳозирги Европа маданияти билан ўзаро муносабати масаласи.
Инсониятнинг энг қадим маданияти, шубҳасиз, Миср ва Юнон маданиятидир. Ҳозирги баравж маданияти эса, Европа маданияти бўлиб турибди. Хўш, ислом маданиятининг ўрни қаерда? Европа олимларининг кўпчилиги бугунги Европа маданияти қадим Миср-Юнон маданиятининг бевосита давомчиси дейдилар. «Ва лекин бу иддаолари янглишдир ва хатодир, — деб ёзади Исмоилбек. — Чунки Юнон маданияти охири ила Оврўпо маданияти бошина қадар кечмиш минг йил олам маданиятсизми қолди? Оврўпо маданиятни тўғри Юнондан олган бўлса, нима учун минг йил уни олмасдан кутиб ўтирди?»
Муаллифнинг атрофлича асослашича, юнон маданияти Европадан олдин ислом дунёсига ёйилган ва мусулмонлар уни тараққий қилдириб, нуқсонларини озайтириб, Европага топширдилар. Аристотель, Платон каби ўнлаб машҳур юнон олимлари асарларини Европага танитганлар мусулмонлар бўлади. Буни Ғарб олимлари орасида эътироф этгувчилар йўқ эмас. Америкалик Драбер «Европа аклий тараққиёти тарихи» китобида «Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир», деб ёзган. Ояти карима ва пайғамбаримиз ҳадислари, саҳобалар эътирофи. исломият маданиятнинг асоси ва манбаи эканлигига далил эмасми?
Дарҳақиқат, Қуръони каримда «илм» сўзи 751 ўринда учрар экан…
Ислом оламидан узоқ юнон маданияти мусулмонлар ҳаётига қандай кириб келди?
Исмоилбек буни VIII асрдан, Аббосий халифа Абу Жаъфар Абдуллоҳ ал-Мансур замонидан деб белгилайди. Илм-фанни севган бу халифа ҳинд олимларидан илми нужум ва ҳайъатни ўрганган. Юнонларда бу фанларнинг тараққий топганлигини англаб, таржима қилишни йўлга қўйган. Қисқа муддатда Бағдод, Шом илму ҳикмат хазиналарига айланади. Бу борада Хорун ар-Рашид, Маъмун каби халифалар катта ҳиммат ва жасорат кўрсатадилар. Ниҳоят, булар ўз самарасини беради.
Исмоилбек ўз фикрларини далиллаш учун кўплаб мисоллар келтиради. Чунончи, механика илми даражасини кўрсатувчи шундай факт келтирилган. Хорун ар-Рашид (763-809) нинг Франция ҳукмдори Буюк Карл (742-814) га юборган совғалари орасида занг чаладиган соат бўлиб, барча европалиларни ҳайрат ва таажжубга солган.
Абу Жаъфар юнон ҳукмдори билан иноқ эди. Афинадан беадад китоб олдирди. Маъмун даврида Птоломейнинг «Мажистий»и таржима қилинди (Яҳё ибн Холид Бармакий). Санад бин Али ва Холид бин Абдулмалик Марварудий астрономия бўйича янги маълумотларни қўлга киритдилар. Ер куррасининг узунлик ва кенглик даражалари ўлчаб чиқилди. Сайёрамиз ҳаракатига доир 3 зиж тартиб қилинди. Аббос бин Саййид Жўшарий ибн Исҳоқ бин Касуф, Абдуллоҳ бин Саййид ал-Фарғоний каби машҳур олимлар юнонларнинг астрономияга доир кўплаб хатоларини аниқладилар ва қуёш доғлари, ой-кун тутилиши, думлик юлдузлар борасида бир қанча кашфиётлар қилинди…
Европа ҳандаса (геометрия) илмини хуросонлик Абулвафонинг ҳижрий 5-аср бошида тузилган «Аз-зижи Шомил» ва «Мажистий»сидан ўрганди. Исмоилбек фикрича, бугунги телескоплар ўша замонларда кашф этилса эди, ислом уламоси «балки Оврўпо уламосина илми ҳайъатда ҳеч бир иш қолдурмаслар эди».
Афсуски, XI асрдан замон нотинчликлари кучайиб борди. Бир томондан, ғазнавийлар, салжуқийларнинг мулк дағдағаси, иккинчи томондан, Чингиз истилоси, учинчи томондан, Қуддуси шариф учун бошланиб кетган «салиб юришлари» ислом оламини ларзага солиб, илму ҳунар йўлларини бузиб юборди. Лекин илм-маориф нури сўнмади, аксинча, душманларга ҳам зиё бериб, му-наввар қилди. Мўғулларнинг катта қисми ислом маданиятини қабул этдилар, европалилар эса юз йиллик салиб юришлари давомида қанчадан-қанча санъат ва ҳунарларни ўрганиб қайтдилар.
Ислом маданиятининг ўчоқлари биргина Бағдод, Шероз, Нишопур, Самарқанд эмас эди. Бундай марказлар Африка, Испанияда, қўйингки, ислом оламининг деярли барча нуқталарида бор эди ва ҳаммасида илм-фан ривож топди. Биргина Испания ва Африкада етишган ислом уламосининг кашфиётлари ва ёзган асарлари номларининг ўзи, Исмоилбек гувоҳлик беришича, «йигирма жилд» бўлади.
Муаллиф ислом маданиятининг мазмун ва кўлами ҳақида умумий маълумот бергач, «Улуми табиия», «Қонун ва низом», «Тарих», «Ҳикмат», «Тиб», «Адабиёт», «Улуми риёзиййа», «Фани жуғрофия» каби боблар очиб, тасниф этади. Ҳар соҳанинг энг машҳур намояндаларини тилга олади, асарларидан намуна келтиради, баҳолайди. Тасниф ва баҳо кўпинча Европа илм-фани билан таққослаб олиб борилади.
Чунончи, табиий фанлар борасида сўз юритганда, бир қатор соҳаларда «хожа (муаллим)лари ўлан юнонийлардан кўб ўзуб кетган»ликларини, масалан, набототдан «юнон уламосина ҳеч маълум ўлмаян икки минг жинс наботот кашф ва тажруба этилгани»ни, Андалус подшоҳи Абдураҳмон I Қуртабо шаҳри ёнида улкан Ботаника боғи ташкил қилиб, дунё ўсимликларини тўпла-моқ учун Осиё ва Африканинг ҳар томонига махсус кишилар юборганини қайд этади. Шунингдек, ўсимлик-гиёҳларнинг чангланишини аниқлаш, дори ва гиёҳларни шакарда қайнатиб сақлаш, дорихоналар очиш «ислом ҳукуматининг маърифатлари»дан экан. Исмоилбек ер илми, зироат асбоблари борасидаги ўнлаб кашфиётлар мусулмон оламидан олинганлиги европалик олимларнинг ўзлари томонидан қайд этилганини айтади. «Оврўпода бу кунда мавжуд ўлан наботот (ўсимлик) ва ашжор (дарахт) ва чечакларинг кўписи Андалус мусулмонлариндан олинмишдир ва неча аср олдин ўрганилмишдир», деб ёзади.
«Тиб» бобида Хорун ар-Рашиднинг табиби Яҳё бин Мискавейҳ тиббиётга доир 30 жилд китоб ёзгани ва уларнинг арабий, иброний тилдаги нусхалари европаликлар қўлига тушгани, Аб-босийлар даврида етишган Абу Бакр ар-Розий илк бор чечак ва қизамиқни эмлагани, икки юздан ортиқ китоб ёзгани, асарлари XVI асрда итальян тилига таржима қилингани, ундан 50 йил сўнг Эронда яшаган Али бин Аббос юнонийларнинг тиббиётдаги кўплаб хатоларини кўрсатиб, 20 жилд китоб ёзгани, буюк Ибн Синонинг асарлари асрлар давомида Ғарбда дастури амалда келаётгани каби маълумотлар келтирилади.
Ислом олами илмда янги-янги йўналишларни бошлаб берди.
Ҳикмат ва Қуръон оралиғида «Ақоид» ва «Тасаввуф» дунёга келди. Ғаззолий диний ҳикматга доир юзга яқин китоб ёзди. Тасаввуф Муҳйиддин Арабий, Жўнайд Бағдодий, Мавлоно каби улуғ зотларни етказди. «Оврўпода «филўсўф», «мистиқ» дедиклари уламонинг «Сўфиюн» фирқасидир», — деб тугатади «Ҳикмат» бобини муаллиф.
«Қонун ва низом» бобида шариат, мазҳабларнинг жамиятдаги ўрни, Имоми аъзам Абу Ҳанифа, Имом Шофеъи, Имом Молик ва Имом Ханбалларнинг ислом маданияти тарихидаги хиз-матлари ҳақида гап кетади.
«Тарих ёзмая мусулмонлар ҳар миллатдан зиёда хидмат этмишлар, десак жоиздир», — деб бошланади «Тарих» боби. Котиб Чалабий (1609-1658) «Кашфуз-зуннун…»ида 1300 муаррих номини келтирган экан. Исмоилбек уларнинг энг машҳурлари Абул-Фараж, Бурҳонилдин, Ибн Халдун, Масъудий кабилар ҳақида маълумот беради, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалардан ҳикоя қилади. Табиий фанлардан «ҳисоб», «ҳандаса», «жабр»ни қайта яратганликлари, «фани махоикия» (машинасозлик), «фани абсор» (оптика)га буюк хизмат қилганликларини далиллайди. Шунингдек, Муҳаммад Бағдодийнинг ер сатҳини ўлчаш ва харитасини тузиш борасида махсус китоб ёзганини маълум қилади.
Бугунги соатларимиздаги «соат» ва «дақиқа» тақсимхоналари мусулмонлар ҳунари бўлиб, ўрта асрларда Абул Ҳасан Мағрибийнинг китобида муфассал баён қилинган экан. Машҳур Умар Хайём ва Абдураҳмон ал-Харожийнинг «Санайи жалолия» ном олган йил ҳисоби Европа Рум (Григорян) календаридан бир неча аср илгари ва аниқ тузилган.
Жуғрофиячи? Батлимус (Птоломей) «Жуғрофия»си Маъ-мун замонига келиб эскирди. Унинг амри билан махсус ҳайъат тузилиб мукаммал жуғрофия китоби — «Расмул-арз» яратилди, олдингисига тузатишлар берилиб, хариталар илова этилди. Ва улар асрлар давомида Европада дастуруламал бўлдилар. Шоҳруҳ топшириғи билан Абдураззоқ Самарқандий Ҳиндистон ва Хитой жуғрофиясини ўрганди: Мирзо Улуғбек кўрсатмаси билан Али Қушчи ернинг кенглик даражасини, сатҳини ўлчашда жуда катта ютукларни қўлга киритди.
Денгиз хариталари мусулмонлар ихтиросидир. 1497 йилда денгиз сафарига чиқиб, кўплаб ороллар кашф этган Васко да Гаманинг арабча ёзилган бир денгиз харитасидан фойдаланганлиги маълум.
Исмоилбек айрим Европа олимларининг «турк халқлари зеҳну салоҳиятдан ноқис ва ожиз бўлганлигидан қора ва паст ишлардан бошқасига ярамайди» деган фикри билан баҳсга киришади. Идрок-истеъдоднинг, зеҳн ва ақлнинг бу халқда бошқалардан заррача ҳам кам эмаслигини, ахлоқ ва одобда, садоқат ва тўғриликда, ор-номус ҳимоясида сайёҳлар тилида келишини таъкидлаб кўрсатади ва ўз фикрларини «Бир халқ(н)инг ё бир қавм(н)инг ахлоқ касб этмаси истеъдоду ақлиясиндан туғар. Ноқис ақлдан мақбул ахлоқ ва адаб туғмас», — деб ёзади. Сўнг мисолларга ўтади: «Олами исломиятда машҳур ва Оврўпо Фарангистон уламосина маълум «муаллими соний» номини касб этмиш Абунаср Форобий ҳазратлари турк ўғли турқдирки, ҳам биринчи уламодан, ҳам биринчи ҳукамодандир. Али Ҳусайн ибн Сино ҳазратлари Оврўпода «Ависсина номи ила машҳур ўлан экан. Турк ўғли туркдир. Юнон қавми Буқрот каби табиб ва Арасту каби филўсўф ила ифтихор эдар. Ибн Сино эса, ҳам табиби машҳур, ҳам филўсўфи нодир эди. Ибн Сино Арастунинг акси дагил эди ва лекин Арастунинг шогирди ўлмаюб, ўзининг истеъдоди ақлия ва зеҳнияси ила Арастуя баробар келмишдир. Ибн Сино Бухоро мевасидир…»
«Ғазнавийларинг ва темурийларинг саройлари уламо ва ҳука-мо жамиятлари ила шарафландиги тарихларда ёзилмишдир…» Муаллиф «ҳисса» чиқаради: «Ҳар миллат(н)инг ва халқ(н)инг буюклиги, зўрлиги «чўқлик» («кўплик»), «мол ва касб», «шижоат» ила ўлчанилур эса-да, энг шарафли мезон ва ўлчов «илм ва ҳунар»дирки, буларга эга миллат, халқ энг улуғ, энг буюк халқдир».
Сўнгги боб «Исломият ва маданият» деб номланган. Ундан мазкур рисола XIX аср ўрталарида кечган ислом ва илм-фан мавзуидаги баҳсга ўзига хос жавоб эканлиги маълум бўлади. Исмоилбек Европа матбуотида гоҳ-гоҳ кўзга ташланиб қоладиган «исломият маданиятга мутаносиб эмас» деган фикрнинг келиб чиқиш сабаблари устида тўхтаб, уни чаламулла дин пешволаримизнинг жаҳолатидан кўради. Ҳолбуки, буни аниқлашнинг йўли жуда осон. 1. Диннинг асосини, қоидаларини ўқиб билмак. 2. Шу диндаги халқнинг аҳволини ўрганмак. Ҳар икки жиҳатдан ҳам ушбу диннинг мукаммал бир маданият манбаи эканлиги маълум бўлади. «Қуръони азимуш-шон бир китобдирки, ҳар нуқгаси воситаи маданиятдир, — деб ёзади Исмоилбек. —Пайғамбаримизнинг ҳадислари ва ғайри аозим ислом(н)инг калимот ва ҳукмиёти бир қонуни филлоҳ ва маданиятдур. Дунёда шариати муҳаммадия қадар ҳаққоният ва мусовот асоси узра таъсис ўлинмиш ҳеч бир мукаммал қонун йўқдир.
Маданиятнинг бош ва аркони ўлан маориф, саъй ва амали иттиҳод, мусовот, ҳуррият, муҳаббати ватан каби авсофи мамдуҳа дини ислом(н)инг биринчи даражада амр ва тавсия этдиги аҳкоминдандир».
Яна бир далил: бошқа миллатлар ўз олимларини қамоқ ва зиндонларда чиритганида, мусулмон уламоларига юксак мартабалар берилиб, саройларда, шоҳ дастурхони атрофида умр кечирдилар.
Муаллиф иккинчи масалага — мусулмонлар аҳволига тўхталар экан, арабларнинг «жоҳилият» деб ном олган исломгача бўлган тарихини мисол қилиб келтиради. Ислом бу қавмни тамом янгилади, миллат ҳолига келтирди. Улар юз йил ўтмай, Африка ўрталаридан Самарқандгача, Ҳиндистондан Франциядаги Пириней тоғларигача чўзилган салтанатни майдонга келтирдилар. Қанчадан-қанча халқлар бу динни қабул қилиб, маданиятнинг катта кўчасига чиқиб олдилар. «Оврўпо халқларининг ҳозирдаги ҳунар ва маданиятларина асос уламои ислом(н)инг самаройи саъйи ўлдиғини инкор этиб бўлмас», — деб ёзади Исмоилбек ва бунинг далили сифатида бугунги илм-фан, шаҳар маданияти, деҳқончилик, боғдорчилик, экология кабиларнинг ҳаммаси ислом маданиятига бориб тақалишини кўрсатиб беради.
Табиийки, ундаги бу ғоялар муайян билим ва идрокка суянган эди. Туркий халқларнинг ўтмиш маданиятини, руҳиятини теран англашдан, унинг кейинги асрларда тақдир тақозоси билан тушиб қолган тутқун ва турғун турмушини теран идрок этишдан, унга йўл излашдан келиб чиққан эди. Бу жиҳатдан Исмоилбекнинг «Туркистон уламоси» китоби муҳим.
«Туркистон уламоси»
Ушбу китоб 1900 йилда Бокуда босилди. Муаллиф «Ноширдан бир сўз»да «Оврўпода улум ва фунун бик оз мунташор улан бир замонда Туркистон қитъасинда ақлий ва нақлий илмлара чолишмоқда эмишлар», — деб изоҳ берган.
Гаспринский замондошларини кўҳна Туркистоннинг юздан ортиқ уламоси билан таништирар экан, уларни саҳни кенг гулшандан саралаб олинган бир даста гул сифатида тақдим этади, ўлканинг нодир истеъдодларга бениҳоя бойлигини таъкидлайди. Китоб ўн фаслга бўлинган. Дастлабки фаслда «Туркистонда етишан уламои машойих, муҳаққиқиндан баъзилари» ҳақида гап кетади. Фасл «шоҳ Нақшбанд» — машҳур Муҳаммад Баҳовуддин Нақшбанд (1318-1389) билан бошланади. Муаллиф унинг тасаввуфга дахлдор «Далилул- ошиқин» билан «Ҳаётнома»си «арбоби ур-фон»нинг ҳар доим назар-эътиборида келганлигини хабар қилади. Шайх Нажмиддин Кубронинг «618 санаи ҳижриясинда Чингиз аскари тарафиндан шаҳид» этилганини маълум қилиб, асарларини шарҳлайди. Абдухолиқ Ғиждувонийнинг ўнлаб машҳур мутасаввифларга мураббийлигига тўхталади. Гаспринский «жоруллоҳ» Замаҳшарийни, қонуншунос, илоҳиёт олими Абуллайс Самарқандий (1075— 1144)ни (Навоийга дарс берган Фазлуллоҳ Абуллайсийнинг аждодларидан), «Ахлоқи Муҳсиний»нинг муаллифи Ҳусайн Воиз Кошифий (1440—1504) ни «Муфассири киром» (улуғ тафсирчилар) фаслига киритади. «Шуҳрати таъриф ва баёндин мустағни ўлан» Замахшарий ҳақида сўзлаб, «тафсир, ҳадис, фиқҳ, луғат, баён, наҳв илмларинда замонининг энг биринчиси эди»,— деб ёзади. 20 дан ортиқ китобини санаб кўрсатади. Фақиҳи муҳаққиқ Абуллайсийнинг 7 китобини тилга олади. Ҳусайн Воизнинг 4 китобига тўхтайди. Буюк муҳаддислардан Имом Бухорийнинг 19, Муҳаммад бинни Исо Термизийнинг 6 асари ҳақида фикр юритади.
Китобдаги фасллардан бири «улуми адабия» вакилларига бағишланган. Фасл фороблик Абунаср Исмоил бин ал-Аҳмад Жавҳарий (в. 1003) билан бошланади. Унинг «Тож ул-луғати ва саҳиҳ ул-арабияти» номли луғати келтирилган. Араб тилига оид бу китоб, чамаси, ўз даврида бениҳоя машҳур бўлган. Замахшарийнинг, бу тилни мукаммал эгаллагани учун, «жоруллоҳ» (Оллоҳнинг қўшниси) лақабини олгани маълум эди. Муаллиф келтиришича, Жавҳарийнинг замондошлари ушбу китобни араб уламоси қўлига бериб, «Луғатингазни ажнабий бир одамдан ўрганингиз!», деган гапи машҳур бўлиб кетган экан (10-бет).
Сарф, наҳв, маоний, адаб, мунозара, қофия фанларидан баҳс юритган «Мифтоҳул-улум» («Илмлар калити»)нинг муаллифи хивалик Сирожиддин Юсуф Саккокий (в.1229), унинг ҳамшаҳари «Ҳадойиқус-сеҳр»и билан шуҳрат қозонган Рашидилдин Ватвот (в.1188), «Ан-наҳж» («Усул»), «Наводирул-усул» («Усул жилолари») каби китоблар ёзган Абу Абдулло Термизий (Ҳаким Термизий) (в.816) каби ўндан ортиқ уламо ҳақида маълумот ушбу бобда келтирилган.
Навбатдаги фасл «соҳиби девон машоҳири шуаро» (девон тартиб этган машҳур шоирлар) ҳақида. Унда «Сайрул-ибод»и билан илоҳиёт мавзуига янги йўналиш берган Санойи (в.1054)дан «девони мажор-венгр уламосиндан мусьё Вамбери тарафиндан немис дилина даржима ўлинмиш» Махтумқулигача бор. Муаллиф аждодлари Кеш — Шаҳрисабздан бўлганликларини кўзда тутиб, Амир Хисрав Деҳлавийни ҳам киритган. Шунингдек, мақбараси Табризда бўлган, «илми ҳикмат ва шеърда машҳури замон» Зоҳир Фарёбий (в.1202), «қувваи хаёлияи шоирона»да беназир Шавкат Бухорий (1636 йилда Исфаҳонда вафот этган) каби умрининг сўнгги бошқа юртларда кечган қаламкашлар ҳам ўрин олган. Ахсикатлик шоир Асириддин Ахсикатий (в.1212) ни Анварий (Авҳадилдин Анварий, 1105-1187), Ҳоқоний каби «азим шуаро» қаторига қўяди. Сайфиддин Исфаранги деган шоирнинг шеърлари Улуғбек замонасида ғоят шуҳрат топганини маълум қилади: «Девони ашъори 12 минг байт жамъ ўлуб, аксарият Улуғбек мажлисинда қироат ўлинурди», «Исфара Мовароуннаҳрда бир қасабадур», деб изоҳ беради муаллиф. Паҳлавон Маҳмуд (Пурёйвали)нинг «Канзул-ҳақойиқ»и, Лутфийнинг «мусаввада қолан» шеърий «Зафарнома»си ҳақида ҳам айрим қайдлар учрайди.
Муаллиф Алишер Навоий ва унинг адабий муҳити ҳақида кенг тўхталган. Хусусан, Навоий борасида «лақаби зуллисонайн ўлуб, ҳижратинг тўқузунчи асри авохиринда етишан чиғатой ва Ажам шуаросининг энг машҳурларидандур, бохусус, турк(н)инг «раис ул-шуароси» дея талқин ўлинадур. Илми хат, расм, мусиқи, наққошлиқ санъатларинданда воқиф эди…» (13-бет) деб ёзади. «Мавлоно Жомий ила муосир (асрдош) Лутфий»ни «форсий, бохусус туркий назмда сонийи Алишер» атайди. Султон Ҳусайн Бойқаронинг «қувваи табъи»ни таъкидлаб кўрсатади.
Фаслнинг энг диқкатта сазовор жойларидан бири Ойшайи Самарқандий, Меҳри Нуржаҳонбегим, Лола хотун, Асимий, Иффатий ва Дўхтари Қошғарий — жами 7 «турк шоираси» ҳақидаги фикрлардир. Афсуски, улар ҳақидаги материаллар қайддан нарига ўтмаган. Лекин шу ҳолда ҳам унинг Туркистон адабий тарихини ўрганишда мутахассислар учун фойдали эканлигига шубҳа йўқ. «Туркистонда етишган ҳукамо (ҳакимлар) ва атиббо (табиблар)» фасли Ибн Сино билан очилади. Гаспринский уни «доҳий» атайди. Лотинчага таржима қилинган «Қонун»и «Оврўпо дорилфунунларинда тадрис ўлинурди» деб ёзади. Тил билимини юксак баҳолайди: «Ҳақила воқиф ўлдиғи лисонлар: араби, форси, турки, юнони эди». Фаслда 11 ном келтирилган. Булар машҳур Форобий, Хўжа Фахриддин бин Авҳадий Сабзаворий (1384—1463), Ҳаким Азрақий Марвий, Нажибилдин Самарқандий, Абу Язид Балхий, Абдураҳмон ал-Марзуйи, Абу Иброҳим Гургоний (в. 1137), «Ёдгори тиб»нинг муаллифи Шариф Шарафиддин, «маданияти исломиянинг энг буюк ходимлариндан «50 парча асари вор» Абул Аҳмад бин Табиб Сархуший (в. 897) кабилардир. Алжабр асосчиси Ал-Хоразмий, Нилнинг сувини ўлчайдиған «миқёсул-жадид» асбобини яратган Аҳмад Фарғоний (в.861), Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид — жами 12 киши «нужум, ҳайъат ва риёзия уламоси» сирасида берилган. Мазкур фаслдаги «Зижи Абу Маъшар»ни тузган, риёзиёт ва илми нужумга оид ўнлаб асарлар ёзган Абу Маъшар Балхий, Қозизода Румий китобига шарҳ ёзган ҳайьатшунос Муҳаммад Чағминий, ҳандасага доир китоблари билан шуҳрат қозонган Шамсиддин Самарқандий (в.1204), олтмиш қадамлик устурлоб ясаган Муҳаммад Хўжандий, Ой ҳақидаги кузатишлари ев-ропаликларни маҳлиё қилган, «Ал бадиъ» («Гўзал яратилиш») асарининг муаллифи Абул Ҳасан, Маъмун «байтул-ҳикмаси» (академияси)нинг бир оғиздан эътироф этилган олими Абдулло бинни Суҳайл ал-Фарғоний каби ҳаёт ва ижодлари нисбатан кам ёри-тилган олимлар ҳақида тўпланган маълумотлар, шубҳасиз, ўзининг аҳамиятини бугунги кунгача сақлаб келади.
Муҳими шундаки, Ғарб ва Шарқни баравар билган Гаспринский туркистонлик ушбу олимлар ижоди Европада қандай ўрга-нилаётганлигига ҳам диққат қилади. Жумладан, Улуғбек «Зиж»ининг 1665 йилги Оксфорд нашри, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Абу Маъшар асарларининг Европада кутиб олиниши, баҳоланишига оид маълумотлар келтиради.
«Туркистон уламоси»да «тарих ва жуғрофия уламоси» ҳақида ҳам боб бор. Ўнта тарихчи киритилган. Буларнинг бир қисми таниш, Хондамир, Табарий, Ҳофизи Абрў, Абдураззоқ Самарқандий. Жамолилдин Абдулло Нишопурий (в.1512), Абу Саид Ал-Марвозий (в.1167), Мир Абдулкарим Бухорий (в.1830) номлари кўпчиликка у қадар маълум эмас. Гаспринский Жамолилдин Нишопурийни асли мовароуннаҳрлик деб таништиради. «Равзатул -аҳбоб» («Дўстлар боғи») номли китоби борлигини, «Китоби так-милуссиноа» («Ажойиботга қўшимча»)сини Навоий номига ёзган-лигини, Абу Саид ал-Марвозийнинг эса 28 жилд (шундан 10 жилди «Тарихи Марв», 8 жилди «Тарихи ансоб») асари борлигини, Мир Абдулкарим Бухорийнинг Туркистон ва Афғонистонга доир бир китоби 1876 йилда Парижда мусьё Шефр томонидан французчага таржима қилинганини бизга етказади.
Гаспринский Туркистон уламоси ҳақида тўхталар экан, бир фаслини махсус фақиҳларга (диний ҳуқуқ олимларига) бағишлайди.
XIX асрнинг охирида яшаган ва дунё кўрган зиёлиларнинг бирортаси ҳам Туркистоннинг ўша давр аҳволидан қаноат ҳосил қилмайди. Исмоилбек хонликлар салтанатининг сўнгги давр аҳволини шундай баён қилади:
«Шоҳ Темур замонинда ҳар бири бир арслон ўлан туркистонийлар бу замонда таъсири зулм ва истибдод ила бирор сочсиз хотин, соқолли заифалар поясина кирмиш эди. Эски илм ва уламодан ҳам деярли асар қолмаган. Холис ва ҳалол (киши) қолмай, узун чопонларга, хилъатларга ўралган риёкор кўпайган эди. Золимлар йўлини тўсадиган шариат аҳли тугаб, золимларга фатво топиб бериб, 5—10 тилла-олтун учун сабоҳдан оқшома қадар «омин», «омин» айтиб, миллатни хароб ва барбод этганлар саноқсиз эди. Қандай бахтсизликки, бир учи Садди Чинга, дигар учи Ўрта ер денгизига чиққан салтанат баҳодирларининг авлоди ёшликда баччалик, сўнг эса баччабозлик ҳаромликлари ичида умр кечирадирлар эди. Умаро ва вукалонинг аксари ё Эрон асирларидан, ё баччалик қилганларидан мансабга кўтарилар эди. Шижоат майдонида Темурларнинг, Шайбонийларнинг исми-шарифлари унутилгани каби илм майдонида Ибн Синолар, Форобийлар, маориф майдонида Али Қушчи, Улуғбеклар ёддан чиқиб, бутун Мовароуннаҳр бир хонақойи паришон ва диёри дарвешон ўлмиш эди. Илм, ҳилм, маориф иззат-нафс ва ҳайсият (ҳурмат-эътибор) риёкорликка айланган эди. Бу сўзлар балки аччиқ сўзлардир, лекин тўғри сўзлардир. Тарих ёзадиган муаррих мадҳия ёзадиган мирза эмас».
Мана шу «хонақойи паришон» ватанга, «дарвеш» ва «риёкор»лар миллатга айланмас экан, Туркистоннинг келажаги йўқдир. Бу биргина Туркистон эмас, бутун Русия мусулмонларига тегишли. Исмоилбек фикрича, аҳволни тузатмоқ учун уч нарса керак: 1. Миллий фикр. 2. Миллий тил. 3. Миллий маориф. Миллий фикр, биринчи навбатда, миллат бирлиги фикридир. Тил ягона адабий тил масаласидир. Миллий маориф она тиддаги таълим-тарбияни йўлга қўйишдир. Фикр ва тилни матбуот тарбия қилади. Матбуот ходимларини етказувчи эса маорифдир. Демак ишни маорифдан бошлаш керак. «Таржимон» ҳам, «усули жадид» ҳам шу мақсадда дунёга келган эди. У ёзади:
«Йигирма беш санадан бери дедигим, ёздиғим, чолишдиғим будир: йўл очмоқ. Бошқа бир нарса эмас. Чунки қудратли, нажиб, умрли, чидамли ва жасоратли бўлган турк миллатининг пароканда бўлиб, Садди Чин (Хитой девори)дан Оқ денгиз (Ўрта ер денгизи)га қадар ёйилиб, нуфузсиз, товушсиз қолиши тилсизлигидан, яъни «Лисони умумия»я эга бўлмаганидан майдонга келгандир. Бу эътиқод билан яшадим. Бу эътиқод билан мозорга киражакман».
Миллат ва унинг манфаатини ҳар нарсадан муқаддам ва муқаддас тутган Исмоилбек «Ҳаёт» газетасига йўллаган табригини шундай тугатган эди: «… Лекин ягона шартни — унутма: ҳар на ёзажак эсанг, қаламни уч капиклик қора сиёҳга ботирма, юрагингга ботириб, қонинг билан ёз, сўзинг унар, виждонлара етар, акс ҳолда бесамар кетади».
Туркистон сафари
Исмоилбек 1893 йилда Туркистонга келади. Бухоро амири Абдулаҳадхон билан Қримда учрашган эди. Улар бир-бирларини билардилар. Исмоилбекка ширвонлик Мажид Ғанизода ҳамроҳлик килади. Самарқандлилар «усули савтия» ғоясини яхши кутиб оладилар. Тезда «усули жадид» йўлга қўйилиб, иш бошланади. Исмоилбек Шаҳрисабзга кетади. Мажид Ғанизода 40 кун Самарқандда қолиб, «усули савтия»дан дарс беради.
Исмоилбекнинг Туркистонга иккинчи сафари 1908 йилга тўғри келади. Сафар тафсилотлари «Бухорода на кўрдим?» сарлавҳаси остида «Таржимон»нинг ўша йил сонларида (47,50,57-59,64,78) босилган. Каспийдан «Генерал Скобелев» кемасида келиб, Красноводскдан поездга ўтаркан, Кўктепа урушини эслайди. Калъа аҳолисининг «бутун Осиёга шуҳрат ва ибрат дея бола-чақаси баробар қиличдан кечурулуб, от оёғида топталгани»ни алам ва изтироб билан ёдга олади. Исмоилбекни Янги Бухоро (Когон) стандиясида амир одамлари ва Русия сиёсий агентлиги таржимони Мирҳайдарбек кутиб оладилар. Амир уни Карманага таклиф этади. Зиёфат асносида Валиаҳд Саййид Олимхон билан учрашади. Валиаҳднинг Русия матбуотини мунтазам ўқиб боришини, дунё воқеаларидан хабардорлигини кўради. Самарқандга ўтади. «Усули жадид» мактаблари билан танишади. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулқодир Шакурий билан узоқ суҳбатлар қуради. Гап тарих ва келажак, муқаддас обидалар ва уларнинг тақдири, рус истилочилик сиёсати ва ўзликни сақлаб қолиш ҳақида эди.
Қайтишда яна Бухорога тушади. Қушбеги Остонақулбек билан тўхтаб қолган янги мактабни юритишни гаплашади. Асосий тўсқинлик қозикалон томонидан эканлигини англаб, ҳузурига боради, ваъдасини олади. Бухородаги нўғойлар Исмоилбекни меҳмонга чақириб, «Жамияти хайрия»ларига фахрий аъзо қиладилар. Янги очилган бир мактабни унинг шарафига «Исмоилия» атамоқчи эканликларини айтадилар. Исмоилбек унамайди. Амир Абдулаҳадхоннинг марҳум падари ҳурматига «Музаффария» номлашни маслаҳат беради…
Мактабларгина эмас, мадрасалар ҳам ислоҳ қилиниши керак. Иложи бўлса, янги замонавий олий ўқув юртлари — университетлар қурмоқ керак. Исмоилбек бу фикрга 1885 йилдаёқ келган эди.
«Эй давлатлулар! — деб ёзган эди Бухоро ва Хива хонларига мурожаатида, — майдони сиёсатда мағлуб ўлуб, истиқлолни бой берди(нгиз). Бу замонда ғафлат эдилурса, майдони иқтисод ва маишатда миллат мағлуб тушуб, сабаб ўланлари дунё турдиқча масъул тутажакдир…».
ГАСПРИНСКИЙНИНГ БАДИИЙ НАСРИ
Исмоилбек бадиий иқтидорга ҳам эга эди. Унинг «Фарангистон мактублари» (1887), «Дорур-роҳат мусулмонлари» (1889), «Судан мактублари» (1889), «Хотинлар ўлкаси» (1890), «Гулбобо зиёрати» (1908), «Арслон қиз», «Кун туғди», «Иван ва Сулаймон» (1897), «Балойи ислом» (1905), «Муколамайи салотин» каби кўплаб насрий асарлари бор. Айримлари ўзбек тилига таржима ҳам қилинган. Воқеалари деярли ҳаммасида муаллиф тилидан ҳикоя қилинади. Номи — Мулла Аббос Франсавий-Тошкандий. Асли тошкентлик, Европада ўқиган, саёҳатни яхши кўради. «Муколамаи салотин» (1906) («Султонлар суҳбати») Амир Темур ҳақида. «Арслон қиз» (1893) Шарқий Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатларига бағишланган. Марказида Гулжамол билан қўқонлик машҳур Яъқуббек туради. «Кун туғди» (1905) — автобиографик роман. Дониёлбей — Исмоилбекнинг ўзи. Хуллас, Гаспринский бадиий асарларининг деярли ҳаммаси қай бир даражада Туркистон ва туркистонлилар ҳаёти билан боғланади.
«Дорур-роҳат мусулмонлари»
«Таржимон»нинг 1887 йил сонларида босилган. 1906 йилда Боқчасароида алоҳида нашр этилган. 1997 йилда «Қалб кўзи» газетаси қайта чоп этди.
Муаллиф асарнинг жанрини «фантастик рўмон» деб белгилайди. Асарнинг ширин тахайюл асосига қурилгани сарлавҳасиданоқ кўриниб турибди. Муаллиф хаёлий-афсонавий бир мамлакат — Дорур-роҳат (сўзма-сўз — роҳат уйи), яъни обод ва фаровон бир юрт фуқаролари ҳақида ҳикоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
Бунинг учун 8 аср давомида мусулмонлар тахти фармонида келган ва ислом давлати сифатида Европа мамлакатларига наму-на бўлган Андалузияни танлайди. Ҳижрий йилнинг 98 ида (мил.668) Марокашнинг Фаси билан Испания орасидаги Жабал-ут-тариқ (Гибралтар) бўғозини саркарда Мусо ибн Нусойр қўшини кесиб ўтиб, Андалузияни забт этган эди. Андалуз дастлаб Шомга тобе эди. 756 йилдан уммавий Абдураҳмон тахтни эгаллади ва ўзини халифа эълон қилди. Испанияни мусулмонлардан қирол Фердинанд (1452-1505) қайтариб олди. Сўнгги мусулмон ҳукмдор Ал-Ҳисорий, сўнгги сарой Ал-Ҳамро (Қизил сарой), сўнгги пойтахт Ғарната (Гренада) бўлган эди.
Исмоилбек тахайюлнинг реал асосларига тўхтар экан, олис тарих қатларида қолган турли-туман маълумотлар, сайёхларнинг бир вақтлар ислом шуури билан гуллаб-яшнаган Андалузия — араблар Испаниясининг маънавий-маданий турмушига оид кўплаб факт ва рақамларни топиб, ўқувчи диққатига ҳавола қилади. Араблар испанларнинг тақир саҳроларини обод ўлкага айлантирдилар, — деб ҳикоя қилади муаллиф. — 12 минг қишлоқ, 80 қўрғон, 300 шаҳар, 300 минг жомеъ бино қилинган. Замонида пойтахт Қуртабода 200 минг хонадон яшар эди. 600 жомеъ, 500 шифохона, 800 мадраса, 900 ҳаммом мусулмонлар хизматида эди. Ғарната, Тулиду (Таледо), Сибелё (Севилия) каби шаҳарлар ҳам Қуртабо (Кордова)дан қолишмас эди. Бойлигичи?! Фаранг тарихчилари ёзишича, Қуртабо халифалигининг хазинасига жами Европа мамлакатлариникини қўшганда ҳам етмас экан. 852 йилда Қуртабо кутубхонасида 600 минг китоб бўлган. Бутун ўлкада 70 улкан кутубхона бор эди. Фаранглар келиб, Андалузия мактаб-мадрасаларида ўқидилар. Европа Қуртабо мадрасаларидан андоза олиб, университетларини қурди… Хуллас, инсоният тараққиётини янги бир босқичга олиб чиққан Ғарб илм-фанининг тамал тоши олис XII-XIII асрларда Андалузия — мусулмонлар Испанияси томонидан қўйилган эди. Бироқ ҳар нарсанинг ўз кушандаси бўлганидек, мутаассиблик жуда қисқа муддатда бу ўлкадаги юксак ислом маданиятини йўқ қилиб ташлади. Фердинанд Андалузияни мусулмонлар қўлидан қайтариб олгач, ўлкани жоҳилона бир суръатда мусулмонликдан «тозалаш» бошланди. Мўъжизавий сақланиб қолган «Жомеъул-кабир» (Катта мачит) ва «Ал-Ҳамро»гина олис мусулмон Андалузиясининг бир вактлар балқиган нуридан етиб келган шуъладек йилтиллаб турадилар…
Ушбу маълумотлар сайёҳ — муаллиф тилидан берилган бўлиб, асарнинг мазмунига сингдириб юборилган. Таҳририятнинг ихчам изоҳида асарнинг бош қаҳрамони тошкентлик Мулла Аббос эканлиги, Франция саёҳатидан кейин «Франсавий» деб ном олгани, ўз кўрган-билганларини «Фарангистон мактублари» сарлавҳаси остида «Таржимон»да эълон қилиб келгани, мактубларнинг иккинчи қисмидан Андалузия саёҳати ўрин олгани, муаллиф-сайёҳ «бахтиёрона бир сурати маишата етишмиш жамияти муслимадан баҳс этажаги» айтилади.
Дарҳақиқат, асар роман-саргузашт характерида. Воқеа Мулла Аббоснинг Фарангистонда орттирган таниши мадмуазел Маргарита билан хайрлашиб, Испанияга отланишидан бошланади. Мулла Аббос илк таҳсилни Тошкентда олган. Фарангистонда «илми жадид»га ошно бўлган. 27 ёшда, саёҳатни севади. Андалузия ҳақида ўқиган, эшитган. Унинг ўз даврида жаҳонни ҳайратга солган илму фанидан, юксак маданиятидан хабардор. Шунинг изларини кўрмоқчи. Уни ҳозир Испания деб атайдилар…
Поезд қирқ уч соат юриб Мадридга олиб келди. Ажойиб ўлка, хушҳаво, серҳосил. Бир ёни тоғ, бир ёни сув. Ҳаммаёқда гул. Обидалар. Қуртабодаги, қуббаси 80 устун устига ўрнатилган жомеъ, беш асрдан ошибдики, ҳамон улуғвор. Мулла Аббос бир ҳафта Қуртабода қолиб, жомеъни қайта-қайта зиёрат қилади. Сўнг Ғарнатага Малик ибн Аҳмар шарафига 1343 йилда қуриб битирилган Ал-Ҳамро саройи зиёратига боради. Мулла Аббос унга тамом маҳлиё бўлиб қолади. Ал-Ҳамро хизматчисига саройни зиёрат этиш учун Туркистондан махсус келганини айтиб, хоналарида тез-тез бўлиш ва узоқроқ қолишга изн сўрайди. Бир ой қолиб кетади. Зиёратларидан бирида сарой нақшларининг, пештоқрангларининг кун ва туннинг турли паллаларида турли товланишларига маҳлиё бўлиб, тунаб қолади. Арслонлар майдони деб аталган гўшада намоз асносида мудраб, хаёлга толади. Олис ва шавкатли тарих намоён бўлади. Шу пайт ногоҳ оёқ товушлари эшитилиб, енгил кулги кўтарилади. Булар ким бўлса? Кўзларини очиб қараса, бири-биридан гўзал 12 қиз. Араб қизлари. Қаҳрамонимиз оҳиста уларга эргашади. Улар бегона одамни сезиб қий-чув кўтарадилар. Шу пайт хоналарнинг бири остонасидаги мармартош кўтарилиб, оқ салла кўринади. Парижда танишган дўсти — Шайх Жалол. Мулла Аббос уларга эргашиб, «Қизлар кўшки»дан яширин йўл орқали ер остига тушади ва «Боби саломат»дан узоқ юриб, яна юқорига ер устига кўтарилади. Бу жойнинг номи «Дорур-роҳат», қизлар эса, аъло ўқиганликлари учун тақдирланиб, «Ал-Ҳамро» саёҳатига юборилган «Дорул-улум» талабалари эдилар. Бу диёрга беш асрдирки, бегона назар тушган эмас, унинг йўлини ҳеч ким билмайди. Буни Мулла Аббос Шайх Жалолдан билиб олади. Қолганини унга ҳамроҳлик қилган Фаридабону тушунтириб боради.
Дарвоқе, улар арабча гаплашадилар. Шайх Жалол барча йўлчиларга бу сирли диёрга кириш оддидан кўзларини боғлашни буюрган эди.
Дорур-роҳат Ғарнатадан 3-4 соатлик йўл. Ниҳоятда гўзал манзарали бир ерда. Сатҳи у қадар катта эмас. Эни 2, бўйи 3 соатда кесиб чиқса бўладиган майдонда жойлашган.
Фаридабону тилидан айтилган тарихи эса қуйидагича эди: Андалузия забт этилиб, ислом ғоялари ёйилгач, қисқа муддатда ўлка «олам дарсхонаси»га, ўлка аҳли эса «муаллими жаҳон»га айланади. Қўшни фаранглар ундан ибрат олиб, ғафлат уйқусидан уйғонадилар. Бироқ инсон қонидаги танбаллик, беғамлик, кин-нифоқ бир жўш уради-ю 300 йиллик шуҳратшиор Андалуз давлати ичдан емирилади. Қудратли мамлакат Туркистон сингари учга бўлиниб, ўзаро қирғин-барот урушлар бошланади. Бундан фойдаланган Кастилия қироли Фердинанд 1484 йилда катта қўшин билан Ғарнатани қамал қилади. Узоқ ва давомли уруш бошланади. Халифа Абу Абдуллоҳ Ал-Ҳамрода яширин мажлис ўтказиб, иш таслимга борса, бола-чақаларни қандай асраб қолмоқ кераклигини маслаҳат қилади.
Ал-Ҳамронинг бир томони ўтиб бўлмас юксак Съера Невада тоғларига туташиб кетган эди. Суданлик асирлар келтирилиб, сарой ичидан тоғ томонга лаҳм қаздирилади. Яширин йўлни билганлар секин-аста вафот этадилар. Омон қолган асирлар озод қилиниб, юртларига қайтарилади. Ундан воқиф икки киши қолади. Халифа ва кекса бир боғбон. Мулла Аббос «Қизлар кўшки»дан шу йўлга тушган эди.
Ғарната мудофаани давом эттиради. Халифа Истанбулга элчи йўллаб, усмонлилардан ёрдам сўрайди. Султон муҳорабада бўлгани учун ёрдамга келмайди. Халифанинг сустлигидан халқ жунбушга келади. Бироқ халифа Фердинанд одамлари билан хуфя алоқа боғлаб, саройни тарк этади. Сал олдинроқ эса довюрак сардори Мусо охирги нафасгача жанг қилиш лозимлигини айтганида шоҳдан муносиб жавоб ололмаган ва алам устида бир ўзи душман устига отилиб, мардона ҳалок бўлган эди. Хуллас, Сардор Мусонинг яқинларидан 140 киши уни излаб, бўм-бўш саройга келадилар. Саройнинг сиридан хабардор якка-ёлғиз кекса боғбон вақтни қўлдан бермай, уларни лаҳм орқали пастга олиб тушади. Лаҳм йўли билан тоғ оралиғидаги, атрофини тик баҳайбат қоялар ўраб олган сайҳонликка чиқадилар. Барча керакли ашёлар, биринчи навбатда минглаб китоблар саройдан янги ватанга ташиб келтирилади ва яширин йўл бекитиб ташланади. Бу бир ҳовуч мусулмон душманга таслим бўлмай, тоғ бағрида макон тутиб турган бир пайтда халифа Абу Абдуллоҳ Фердинанд ҳузурида шаҳарнинг калитларини унга топширар эди. Шу тариқа, испанлар тоғ ичига бекинган бир тўп мусулмонлардан бехабар қолдилар. Тоғ ичида омон қолганлар қаҳрамон сардор Саид Мусонинг авлодлари эдилар. Халифа эса, қилмишидан пушаймон бўлди. Лекин фойдасиз эди. Фердинанд ҳеч кимга шафқат қилмади. Мусулмон мактабларини ёпди, вақфларини олиб қўйди, мачитларни бекитди. Аҳли исломнинг молини талон қилиб, ўзларини асир-хизматкор этдилар. Юз минглаб аҳоли ота-боболари ётоғи—қабрларини душманга омонат қолдириб, ҳижратга юз тутдилар. Ободлик ўрнини вайронлик олди. Замонлар айланиб, дунё илгарилаб, испанлар, фаранглар ҳам мағлуб бўлган миллатни йўқ этиш инсоф ва адолатдан эмаслигини, улар билан тенгма-тенг ҳамкорлик қилмоқ лозимлигини англаб етдилар. Бироқ бунинг учун ҳам уч аср керак бўлди, деб ҳикоясини тугатади Фаридабону.
Шайх Жалол сўзларидан маълум бўлишича, Дорур-роҳатдагилар дунёдаги барча ўзгаришлардан бохабарлар, лекин булар ҳақида билишмайди. Чунки булар дунё билан алоқага киришмайдилар, ҳақлари йўқ. Саодатли тақдирларига сабабчи бўлган Сардор Мусо ҳижрий 1500 (милодий 2078) йилгача ушбу макондан чикмасликни васият қилган. Васиятнома шу санада очилмоғи керак. У 40 қулф остида, 40 калити 40 имомга омонат топширилган. 40 имом Дорур-роҳатдаги 40 қишлоқдан вакил. Ўлканинг амири Али исмли киши бўлиб, Мусо авлодидан. Ҳуқуқ ва низом шариатга, ақлга, иттифоққа суянади…
Ўлканинг ҳар қадами мўъжиза. Қизларнинг қўлида ўзи ёнар фонуслар — электр чироқлари. Кириб чиққанда ўзи очилиб-ёпиладиган эшиклар.
Муаллиф Фаридабону Мулла Аббосни олиб борган қишлоқнинг манзарасини чизади. Марказида кенг майдон. Тошдан муҳташам бинолар. Жомеъ, мадраса, мажлисхона, девонхона. Атрофида гуллар, боғ-боғчалар, улкан хурмо дарахтлари. Боғ ва гулзорларга кўмилган ҳовлилар… ҳаммаёқ озода, батартиб. — Бу жойлар аслида балчиқ, тўқайзор бўлган, — дейди Шайх Жалол, — кишилар илму фан ёрдамида мўътадил иқлим ва муҳит яратишга муваффақ бўлганлар, тоғлардан тоза сув туширганлар.
Қишлоқ имоми Мулла Аббосдан довруғи оламга кетган Бухоро мадрасалари, Туркистон маорифи ҳақида сўрайди. Дин ва шариатдан бошқа нарса ўқитилмаслигини билгач, таажжубга тушади. «Сизнинг диёрларда табиб, кимёгар, меъмор, муҳандис ўлмаюрми? Сизнинг хонлар ва ҳукуматлар идораи мулк ва давлат учун умури идорая, фунуни молияя, моҳир маъмура ва тўралара ҳожат кўрмаюрларми?» — деб сўроққа тутади. Уларсиз ҳар қандай миллатнинг ҳалокати муқаррарлигини таъкидлайди: «Ёҳу, ўғлум, кўзи боғлиқ киши юрарми?!» — дея ҳайрон қолади… Лекин бу буюк ўлканинг келажагига ишонади: «Санга оғирлиқ келмасун, ўғлум. Иншооллоҳ, замона келур, аҳли Туркистон даҳи фунун ва камолот ошноси ўлуб, тариқи тараққияя етишар…» дея тасалли беради.
Умуман, Туркистон ҳаёти асарнинг бошидан охиригача муаллифнинг диққат марказида туради. Масалан, асар бошида Андалузия буҳрони, испанлар-фарангларнинг ўзаро жанжаллари ҳақида гап кетар экан, Бухоро ва Қўқоннинг XIX аср ўрталаридаги бир-бирларига қилган қатлу ғоратларига шама қилиб ўтади. Бошқа бир ўринда эса, ҳар бир юртнинг тимсолига айланган дарёлари ҳақида сўзлар экан, Зарафшонни қайноқ бир меҳр билан тилга олади.
Қишлоқ имоми Мулла Аббосни мактабга бошлайди. Ёруғ, озода. Ҳар бир фан учун махсус жиҳозланган ўқув хоналари, қироатхона, кутубхона… 8 ёшдан 12 ёшгача барча мактабда. Ўғил ва қиз болалар алоҳида ўқийдилар.
Саёҳат давом этади. Шайх Жалол машина тайёрлигини айтиб, шаҳарга таклиф қилади. Европада кўргани оташароба. Бироқ тутуни йўқ, ўзи ҳам бошқачароқ, электр билан ҳаракат қилади.
Ўлка маркази Дорус-саодатга кетмоқдалар. Йўлда қишлоқлар кўринади. Бир-бири билан телефон, телеграф орқали боғланган. Электр мошина Дорус-саодат вокзалида тўхтайди. Шаҳар ҳам тамом бошқача. Бу биноларни Мулла Аббос Туркистонда ҳам, Европада ҳам кўрган эмас. Шайх Жалол меҳмонни меҳмонхонага жойлаб, қозига кетади. Меҳмоннинг Дорур-роҳатга қандай келиб қолганини билдириш керак.
Кеч тушади. Бирдан ҳаммаёқ ёришиб чароғон бўлиб кетади. Меҳмон ҳайрон. Бундай ҳолни олдин кўрган эмас. У буларнинг кечда ёниб, тонгда ўзи ўчадиган электр эканлигини сўнг билади. Эрталаб ҳаммомга тушиб, Шайх Жалол билан қози ҳузурига борадилар. Кўчалар, майдонлар ҳам бошқача. Масалан, майдонларнинг бири «Озод» деб номланган, бири халифа Абдураҳмон III номида. Кўчалардан бири Тариқ ибн Зиёд деб аталади. Абдураҳ-мон III майдонидаги муҳташам бир бинога борадилар. Мармардан, нақшинкор. Эшиги тепасига олтин ҳарфлар билан хатти кўфийда «Бобул-ҳуқуқ» деб ёзиб қўйилибди. Қозихона — шу. Қози, ўнг тарафида котиб, йўлакда хизматчи.
Шайх Жалол Мулла Аббос Туркистонийни таништиради. Қози уни мамлакатнинг тартибларидан хабардор қилади. Бир нарсани алоҳида таъкидлайди: «Ўлкамизча энг буюк кдбоҳат ва жиноят ялон сўйламакдир. Жазоси даҳи бик оғирдир. Ялончи ҳибс ўлини-юр, аммо ҳибсхона очиқ турар, атрофинда минг киши ўлса-да, сўзламая бир киши топилмас…»
Бу ҳол ҳаммасидан ошиб тушади. Қандай мамлакат бу?! Қаҳрамонимиз бу ердаги урф-удум, ахлоқ, илм ва маданият борасида қози билан суҳбатлашар экан, тобора ўзини ўнғайсиз сезиб боради. 12 йил мадрасада умри бекор кетибди. Фарангистондаги 2 йил ўқишини сўзлар экан, Маргаритага бўлган муҳаб-батигача айтишга тўғри келади. Бу ердагиларнинг яшаш қонуни шундай: Улар Оллоҳдан қўрқадиган даражада ёлғондан қўрқадилар. Ёмонликдан жаҳаннамдан қочгандек қочадилар. Жаннатга интилгандек кишиларга муҳаббат қўядилар. Бу гаплар қози тилидан юртнинг янги меҳмонига биргина қардошлик насиҳати эмас, маъмурий-шаръий амр сифатида ҳам айтилган эди. Бу ўлка инсон табиатининг икки буюк иллатидан — ёлғондан ва ҳақсизликдан қутулган эди. Шу жиҳатдан у Ғарбнинг ҳам, Шарқнинг ҳам, Ев-ропанинг ҳам, исломнинг ҳам қусуридан холи эди. Бу ердаги илм ва ахлоқ олдида Туркистон бадавий, Фарангистон олчоқ эди. Ҳолбуки бу ўлка дунёдан тамом узилиб, баланд тоғлар орасига яширинган бир жойда аждодларининг илму ҳунари соясида ўз ҳолларича шундай даражага етдилар. Мулла Аббос бозор ёнида яна бир воқеага дуч келади. Бир араб дуч келган одамга илтижола боқиб, ҳол-аҳвол сўрар, ҳеч ким унга эътибор қилмасди. Сотувчи экан. Бир кишининг ярим динорлик ҳақига хиёнат қилибди. Қози уни текшириб аниқлагач, айбдор деб топибди. Шундан буён у ҳаммага бегона. У билан ҳеч ким сўрашмайди, гаплашмайди. Одамлар уни вабодан қўрққандек четлаб ўтадилар. Ҳатто хотини, бола-чақаси ҳам тарк этади. У ўз хоҳиши билан мамлакат четидаги махсус жойларда ибодат ва таҳсил билан ўзини поклайди. Сўнг жамиятга янгидан қабул қилинади. Бу бечора ёшлигида озгина касал бўлгану тарбияси етишмай қолган, гуноҳ қилгани шундан. Кейинги тўрт йил ичида юртда бундан бошқа жиноят содир бўлган эмас.
Бу юртда ҳамма нарса ғайритабиий. Масалан, Мулла Аббос меҳмонхонасига келса, 2 хат ва бир газета турибди. Бири Фаридабонудан, иккинчиси маҳаллий «Истиқбол» газетасидан. Фаридабонунинг қариндошлари меҳмон билан танишмоқ истайдилар. Газета эса Мулла Аббосдан олис Бухоро ва Туркистон ҳақида мақола сўрабди. Бироқ бу хатлар ёзилган қоғозларни у илгари ҳеч кўрмаган, тамом бошқа материалдан. Конвертларида марка йўқ, бепул. Шайх Жалол шошиб 5—6 тухум кўтариб киради, жўжа очирмоқчи эмиш. Мулла Аббос ҳайрон, қандай қилиб, товуқсиз жўжа очади.
Шайх Жалол сирни очади. Тухумдан жўжа чиқиши товуқнинг босишидан эмас, ҳароратдан. Бу янги гап эмас. Бу қадимдан маълум эди. Мулла Аббос ва унинг туркистонлик ҳамсабоқлари эски илмнинг моҳиятини ўрганган эмаслар. Гап шунда. Қогозни ҳам кўп нарсалардан тайёрлаш мумкин. Дорур-роҳатдагиларнинг иши шу йўлдаги тажрибалардан бири холос.
Мулла Аббос «Истиқбол» газетасини варақлайди. Бухоро, Хива, Қўқон хонликларининг Русия томонидан забт этилиши тарихи ҳақидаги мақолага кўзи тушади. Муаллиф, олис тарих, хусусан Амир Темур борасидаги ҳоким қарашларга қарама-қарши ўлароқ унинг ярим дунёни эгаллашида илм-фан ва қаҳрамонлик самарасини кўрган эди. Унингча, жаҳолат ва нодонлик билан футуҳот ва шижоат ҳеч қачон бир ерда жам бўла олмайди. Мақолада кўҳна Туркистоннинг таназзули сабаблари ҳақида сўз юритилиб, шундай ёзилган эди:
«Бир давлат ё миллат хароб ўлажақ эса, энг ибтидо илмсиз ва маърифатсиз қолур. Бу ҳолда қўй ҳайвони каби фаҳмсизлануб ўз бошларини ўзлари узатуб турарлар! Нима қилсинларки, кўзлари боғлангандир!»
Мақола охирида Туркистондан Мулла Аббос деган бир кишининг ажиб бир ҳол билан Дорур-роҳатга келиб қолганлиги маълум қилиниб, унинг бу ерда ўз билимини ошириш мақсади бор-лиги мамнунлик билан қайд этилган эди.
Ҳа, булар дунёни биладилар. Дунё буларни билмайди, хаёлидан ўтказади Мулла Аббос.
Фаридабонунинг уйида кўрганлари бундан ҳам ҳайратланарли эди. 80 ёшлик шайх Туркистоннинг забт этилиши истилодан юз йил олдин маълум бўлганлигини айтади ва Ибн Марвоннинг «Қиёс ва эҳтимолот сиёсати» китобини ўқишни тавсия қилади…
Мулла Аббоснинг Амир билан учрашуви эпизоди ҳам бор. Унинг сирли мамлакатдан чиқиб кетиши дунёга номаълум бу ўлка учун фалокатга сабаб бўлиши мумкин. Шунга кўра, бу масалани амир ҳал қилиши лозим. Лекин адолат қонуни уни ихтиёрига қарши ҳолда олиб қолишга йўл бермайди. Сайёҳ Амир билан учрашади: 30 ёшларда, чўққисоқол, очиқ юзли, хуш боқишли. Бухоро ва Туркистон турмушидан сўрайди. «Ришта» хасталигидан сўз очади. (Чор ҳукумати Зарафшон сувини тўсиб қўйгач, Бухорога сув бормай, ҳовузларда ришта тарқалган эди.) Бухорога тоза сув келтириш йўллари ҳақида фикр билдиради…
Амир Аббосга рухсат бермайди. Аббос ўзининг асир эмаслигини айтади. Амир бундай масъулиятли масалани бир ўзи ҳал қилолмаслигини, Олий Мажлисдан сўраб ҳал қилишини айтади… Бир қатор можаролар, Фаридабону — Мулла Аббос муносабатлари, шу аснода хотин-қизлар тақдири, Туркистон, Бухоро манзаралари, 1500 йилда очилажак «Васиятнома» билан боғлиқ гап-сўзлар сўнггида рухсат берилади. Мулла Аббос бу ерда орттирган дўстлари билан видолашиб, унга қандай сирли келиб қолган бўлса, шундай сирли тарзда чиқиб кетади.
«Дорур-роҳат мусулмонлари» Русиядаги туркий халқлар адабиётининг янги даврдаги биринчи йирик намунаси эди. Шу сабаб у Волгабўйи ва Туркистон халқлари янги адабиётининг шаклланишида муҳим роль ўйнади. Бу гап ўзбек адабиётига ҳам тегишлидир.
Иккинчи томондан эса, Исмоилбекнинг бадиий ижоди унинг қизғин ва самарали кечган жадидчилик фаолиятининг маънавий давоми, буюк миллатпарвар қарашларининг олижаноб тахайюли мевалари эди.
Гаспралининг хотин-қизлар ва уларнинг жамиятдаги ўрни ма-саласи ҳақидаги қарашлари «Хотинлар ўлкаси» номли хаёлий-саргузашт қиссасида акс этди. Унда ҳам воқеалар тошкентлик Мулла Аббос Франсавий тилидан ҳикоя қилинади. Асар аёлларни «сочи узун, ақли калта» дегувчи ислом мутаассиблигига киноя бўлганидек, эмансипация ниқоби остида уларнинг аслий хусусиятлари ҳисобланиши лозим бўлган назокатдан узоклаштирилишига, «эркаклаштирилиши»га қарши исён ҳам эди. Бу мавзунинг ҳам Туркистонда нақадар қизғин муҳокама қилингани маълум.
Хулоса қилиб айтганда, И.Гаспралининг ҳаёти ва сермазмун фаолиятини Туркистонсиз, унинг тарихи ва тақдири ҳақидаги ўйларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Улуғ мутафаккир Туркистон халқларининг бой маънавий меросини Русия мусулмонлари борасидаги янгиланиш ва ислоҳотчилик ҳаракатлари учун маънавий омил деб билади. Айни пайтда, бутун вужуди билан Туркистон учун ҳам нажот йўлини излайди ва буни янгиланишда, исло-ҳотда кўради. Шунга кўра, унинг қарашлари ҳам Туркистон билан теран боғланган эди. Шу сабабли, бу фикр-қарашлар Турқистонда акс-садо топдигина эмас, туркистонлик тараққийпарвар зиёлилар учун дастуруламал вазифасини бажарди.
Бегали Қосимов