Умумий гап шуки, намозда адашган кишининг хатоси икки нарсадан бирига ё намознинг феъли — ҳаракатларига ёки намозда айтиладиган зикр - сўзларга тегишли бўлади. Чунки намоз ҳаракат ва зикрдан иборат ибодатдир. Ҳаракатга тегишли хатолардан бири, масалан, қиёмга туриш керак бўлган ўринда ўтирса ёки ўтириш керак бўлган ўринда қиёмга туриб кетса, фарз амални ўзгартиргани учун, яъни, қиём каби фарзни ўз вақтидан кечиктиргани ёки аввалги қаъда каби вожиб амални тарк этиб, қиёмни олдинроқ адо этгани учун саждаи саҳв қилади.
Муғира ибн Шўъбадан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳис-салом иккинчи ракъат эканини унутиб, учинчи ракъатга туриб кетди. Иқтидо қилувчилар адашиш содир бўлганига ишоратан «субҳоналлоҳ» дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом қаъдага ўтирма-ди, яна «субҳоналлоҳ» дейишди. Расули акрам орқага қайтмасдан намозни давом эттирди, кейин саждаи саҳв қилиб қўйди.
Шунингдек, сажданинг ўрнига рукуъга эгилса, рукуъ қилиш ўрнига саждага кетса, ё икки марта рукуъ қилса ёки уч марта сажда этса, фарзни ўрнидан ўзгартиргани ёки вожибни кечиктиргани учун саждаи саҳв қилади. Агар битта саждани унутиб, намознинг охирида уни эслаб қолса, унутган саждасини адо этади ва саждаи саҳв қилади. Чунки у битта саждани ўз вақтидан кечиктирди. Агар «ташаҳҳуд» ўқийдиган миққорда ўтиришдан олдин ёки шунча миқдордан камроқ ўтириб, бешинчи ракъатга туриб кетса, бу хатоси эсига тушган заҳоти дарҳол ўтириб олади, кейин саждаи саҳв қилади. Чунки фарз амал — охирги қаъдани ўз вақтидан кечиктирди ёки намознинг «саломи» каби вожиб амални кечиктирди.
Ҳасан ибн Зиёд «Амолий» китобида Абу Ҳанифадан келтиришича, агар аввалги қаъдада «ташаҳуд»дан сўнг «солавот» ҳам айтилса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Абу Юсуф ва имом Муҳаммад наздларида вожиб бўлмайди.
Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг далиллари шуки, агар аввалги қаъдада «ташаҳҳуд»дан сўнг «салавот»ни қўшиб юборган киши саждаи саҳв қилиши керак бўл-са, бу иш нуқсонни тузатиш учун вожиб бўлади. Шундай экан, Пайғамбар алайҳис-саломга солавот айтишни нуқсон дейиш мумкинми, бу иш ақлга сиғмайди.
Абу Ҳанифа дейди: «Аввалги қаъдада «ташаҳҳуд»дан сўнг «салавот» айтган кишига саждаи саҳв вожиб бўлиши Пайғамбар алайҳиссаломга солавот айтгани учун эмас, балки намознинг фарзи бўлган қиём ама-лини кечиктиргани учундир, гарчи бу кечиктириш солавот сабабли бўлган бўлса ҳам. Демак бу ҳолатда Пайғамбар алайҳис-саломга солавот айтгани учун эмас, балки намознинг фарзи бўлган қиём амалини кечиктиргани учун саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади.
Агар намозда сажда оятини ўқиса-ю, сажда қилиб қўйишни унутса, кейин намознинг охирида эсига келса, аввал унутган саждасини адо этади, сўнг саждаи саҳв қилади. Чунки у вожибни вақтидан кечиктирди. Агар пешиннинг фарзини ўқиётганида намозни тугатдим деган ўйда иккинчи ракъатдан кейин «салом» бериб қўйса ва ҳали ўрнидан қўзғалмасдан икки ракъат ўқиганини билса, намозини давом қилдириб, охирига етказади ва саждаи саҳв қилади. Иккинчи ракъатдаги «салом» адашиб берилгани учун у намоздан чиқармайди, демак намоз давом қилдирилиб, охирига етказилади.
Бунда саждаи саҳвнинг вожиб бўлиши фарз амални, яъни, кейинги ракъатдаги қиёмни кечиктиргани учундир. Аммо тўрт ракъатлик намознинг иккинчи ракъатидан сўнг «мусофирман» ёки «жумъа намозини ўқияпман» деган гумонда салом берса, кейин адашга-нини билса, намози бузилади. Чунки намозда бундай гумон келиши камдан-кам учрайдиган ҳолат бўлиб, унинг берган «салом»и адашишдан эмас, билган ҳолда берилган «салом» деб эътибор қилинади ва у намозни бузади.
«Таъдилул аркон», яъни, намоз рукнларини бажа-ришда баробарликни сақлаш амалининг тарк қилиниши, масалан: рукуъ билан сажда орасидаги тик туриш ёки икки сажда орасидаги ўтириш каби амаллар билмаган ҳолда тарк қилиниши хусусида уламолар ўртасида хилма-хил фикрлар бор. Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад «таъдилул аркон»ни вожиб амал дейишса, баъзи олимлар уни суннат амал дейишган, бу юқорида зикр қилинди.
Шунга биноан, кимдир ўқиётган намозидаги бир амал хусусида иккиланиб қолди (масалан, зам сурани ўқидимми ё ўқимадимми, деганга ўхшаш), токи иккиланишини аниқ қилиб олгунча бироз вақт кетди. Иккилантираётган амал ўқиётган намозига ёки ундан бошқа намозларга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Агар иккиланишини аниқ қилиб олгунча кетган вақт сажда, рукуъ каби намознинг битта рукнини адо қилиш мумкин бўлган миқдорда бўлса, саждаи саҳв вожиб бўлади, агар ундан кам бўлса, вожиб эмас. Бунда иккиланган нарсаси ўқиётган намозига тегишлими ё бошқа намозга тегишлими, фарқи йўқ. Чунки иккила-нишини аниқ қилиб олгунча кетган вақт намознинг битта рукнини адо қилиш мумкин бўлган миқдордан кам бўлса, бу ҳолда вожибни тарк қилиш, фарз ё вожибни ўзининг аслий вақтидан ўзгартириш каби саждаи саҳвни вожиб қиладиган сабаб юзага чиқмади. Инсон ҳар қандай ҳолда озгина ўйланиб қолишдан холи эмас. Қийинчилик бўлмаслиги учун бу ҳол узрли саналади.
Агар узоқ ўйлаши ўқиётганидан бошқа намозда содир бўлган иккиланиш сабабли бўлса, саждаи саҳв вожиб эмас. Агар ўқиётган намозида содир бўлган иккиланиш сабабли бўлса ҳам қоидага кўра, саждаи саҳв вожиб эмас. Аммо бу ҳолатда саждаи саҳв қилинишини айрим уламолар чиройли санашган.
Агар узоқ ўйлаши ўқиётган намозида содир бўлган иккиланиш сабабли бўлса ҳам қоидага кўра, саждаи саҳв вожиб эмас, дейилди. Қоида шуки, саждаи саҳв қилиш учун намозда нуқсон бўлиши керак. Ўйдаги қайсидир амални адо қилганини эслаш ҳақида кетяпти. Хаёлга келган фикр саждаи саҳвни вожиб қилмайди, худди намозда озгина ўйлаб қолиш саждаи саҳвни вожиб қилмагани каби.
Шунингдек, ўқиётган намозида бошқа намоздаги қайсидир амалнинг қилинган ё қилинмагани хусусида иккиланиш пайдо бўлса, кейин у амалнинг қилинганини эсласа, бунинг учун ҳам саждаи саҳв вожиб бўлмайди, гарчи эслаши узоқроқ чўзилган бўлса ҳам.
Агар узоқ ўйлаши ўтқиётган намозида содир бўлган иккиланиш сабабли бўлса, саждаи саҳв қилишни баъзи уламолар чиройли санашган эди. Бунинг сабаби шуки, ўқиётган намозида содир бўлган иккиланиш рукнларни ўз вақтидан кечиктиради. Шу билан намозда нуқсон пайдо бўлади. Бу нуқсонни саждаи саҳв билан ўнглаш лозим. Оз вақт ўйлаш ва бошқа намозда содир бўлган иккиланишда эса бундай эмас. Чунки ўқиётган намоздаги нуқсон шу намознинг ўзида ўнгланади. Бошқа намоздаги нуқсонни эса ўқиётган намозида ўнглаб бўлмайди.
Агар саждаи саҳвни қилган ё қилмагани хусусида иккиланиш пайдо бўлса, саждаи саҳв қилганман, деган тахмин эътиборга олинади ва саждаи саҳв қилмайди. Чунки битта намозда такрор саждаи саҳв қилиш шариатда буюрилмаган (бу ҳақда кейинроқ зикр қиламиз). Қолаверса, бундай ҳолатда қилинган сажда хатони ўнгламайди. Акс ҳолда, бундай иккиланиш иккинчи, учинчи марта ҳам такрорланаверса, уларни тузатиш учун тўхтовсиз саждаи саҳв қилишга тўғри келади.
Шу ўринда китоб мусаннифи Алоуддин Косоний мавзуга оид бир воқеани келтиради. Ҳикоя қилинишича, Муҳаммад ибн Ҳасан (Абу Ҳанифанинг шогирди имом Муҳаммад) холасининг ўғли Кисоий (машҳур нахв олими)га деди: - Шундай хотиранг бўла туриб, нега фиқҳ илми билан шуғулланмайсан? — Киши бир илмни пухта билса, ўша билими уни бошқа илмларда ҳам тўғри йўлга бошлайди, — деди Кисоий. Шунда Муҳаммад айтди: - Ундай бўлса, сенга фиқҳ илмидан бир масала айтаман, жавобини наҳв илмидан чиқариб берчи. — Айтинг, — деди Кисоий. — Саждаи саҳв қилган ё қилмаганини унутган кишига саждаи саҳв вожиб бўладими? — сўради Муҳаммад. Кисоий озгина ўйлаганидан сўнг: - Унга саждаи саҳв вожиб эмас, — деди. Муҳаммад айтди: — Бу тўғри жавобни наҳв илмининг қайси бобидан чиқардинг? Шунда Кисоий: -Кичрайтирилган исм яна кичрайтирилмайди (масалан, «китобча» сўзини яна кичрайтириш учун «китобчача» дейилмагани каби) деган бобдан, - деди. Имом Муҳаммад унинг заковатига тан берди.
Пешин намозини ўқишга киришган киши намоз давомида аср намозини ўқияпман деган гумонга борди ва шу гумон билан бир-икки ракъат ўқиб қўйди. Кейин пешин намозини ўқиётгани эсига тушди. Бу кишига саждаи саҳв вожиб эмас. Чунки ниятда қайси намозни ўқиётганини таъйинлаш намознинг бошланишида шартдир. Намозга киришаётган пайтда ҳосил бўлган асл ният бутун намоз давомида айни ҳолатда сақланиши шарт қилинмаган. Демак пешин намозини ўқиётган кишининг аср намозини ўқияпман, деган гумони билан фарз ўзгармаяпти, вожиб тарк бўлмаяпти. Агар шу гумон билан намоз рукнини кечиктирадиган даражада ўйланиб қолса, саждаи саҳв қилиши чиройли саналган.
Агар «Оллоҳу акбар» деб намозга киришиб, қироат қилганидан сўнг такбири таҳримани айтгани хусуси-да иккиланиб қолса, кейин қайтадан такбири таҳрима ва қироатни такрор айтса, сўнгра олдин қам такбири таҳрима айтгани эсига тушса, саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади. Чунки такбир ва қироатни қўшимча айтиши билан кейинги рукн — рукуъни кечиктирди.
Иккилангандан сўнг то шубҳаси аниқ бўлгунча узоқ ўйланиб қолиш намознинг ўртасида бўладими ёки охирги қаъдада «ташаҳҳуд» ўқийдиган миқдорда ўтиргандан сўнг бўладими, ҳар икки ҳолда саждаи саҳв вожиб. Чунки намоз охирида «ташаҳҳуд» ўқийдиган мивдорда ўтиргандан сўнг узоқ ўйланиб қолса ҳам, вожиб амал — «салом»ни кечиктирган бўлади.
Агар битта томонга «салом» берганидан кейин «саждаи саҳв» қилишим керак эмасмиди, деб ўйланиб қолса, сўнг бундай хато ўтмаганлигини аниқ эсласа, бу ҳолда саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки бир томонига салом бериши билан у намоздан чиқди ва намоз тугади. Йўқ намознинг вожибини кечиктириш билан унга нуқсон етказиш тасаввурга сиғмайди. Демак бу ҳолда нуқсонни ўнглашда маъно бўлмайди.
Шунингдек, бу масала билан қуйида келтирилмоқчи масаланинг ўртасида фарқ йўқ. Яъни, бир кишининг намозда таҳорати бузилди, кейин у таҳоратни янгилашга кетди, то таҳорат қилиб, намозга қайтгунча унда бир иккиланиш пайдо бўлди ва ўйланиб қол-ди, сўнг шубҳаси ойдинлашди. Агар бу киши шубҳаси ойдинлашгунча узоқроқ ўйлаб қолган бўлса, унга саждаи саҳв вожиб бўлади. Чунки у таҳоратни янгилаб келгунча, гарчи намозни адо қилаётган бўлмаса ҳам, намознинг ичида бўлгани учун намознинг ҳурмати сақланади, валлоҳу аълам.
Бу айтилганлар намоз ичида иккиланиш пайдо бўлганида қилинадиган саждаи саҳвга оид ҳукмлар эди.
Энди намоз ичида бир шубҳа пайдо бўлса, шу шубҳа билан намозни давом эттириш керакми ёки қайтадан ўқиш керакми, деган масалага оид ҳукмлар ҳақида тўхталамиз.
Бир киши намозни уч ракъат ёки тўрт ракъат ўқигани хусусида шубҳага борди. Агар бу шубҳа унда биринчи марта содир бўлаётган бўлса, намозини қайтадан ўқийди. «Бу шубҳа биринчи марта содир бўлаётган бўлса» деган гапнинг маъноси — умрида бирор марта бундай шубҳага бормаган бўлса, дегани эмас, балки бу ҳолат унинг учун одатга айланмаган, деганидир.
Имом Шофеъий наздида, намозни уч ракъат ёки тўрт ракъат ўқигани хусусида иккиланиб қолган киши камроғига амал қилади, яъни, уч ракъат ўқийди. Бунга Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳис-саломдан қилган ривоятини да-лил келтиради: «Сизлардан бирортангиз намозини уч ракъат ўқидими ё тўрт ракъат эканини билолмай қолса, шубҳани йўқ қилсин ва камроғига амал қилсин». Мана, Пайғамбар алайҳис-салом «бундай иккиланиш одатга айланганми ёки айланмаганми» деб ажратмасдан камроғига амал қилишга буюряпти. Чунки биз айтаётган нарсада аниқликка амал қилиняпти, амал бекор бўлмаяпти, мана шуниси яхшироқ.
Биз айтдикки, бир киши намозни уч ракъат ёки тўрт ракъат ўқигани хусусида шубҳага борса, бу шубҳа унда биринчи марта содир бўлаётган бўлса, намозини қайтадан ўқийди. Бунга далилимиз Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳис-саломдан ривоят қилган ушбу ҳадисидир: «Бирортангиз намозида қанча ракъат ўқигани хусусида шубҳаланиб қолса, намозни қайта ўқисин». Ҳадисда янгидан ўқишга буюриляпти. Бу ҳадис Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумлар томонидан ҳам турли лафзлар билан айни маънода ривоят қилинган.
Чунки намозни уч ракъат ёки тўрт ракъат ўқигани хусусида шубҳага борган киши намозини қайта адо қилса, фарзни аниқ тўлиқ ўқиган бўлади. Агар камроғини олиб ўқиса, комил адо қилган бўлмайди. Мабодо тўрт ракъат ўқиган бўлса, фарзга бир ракъат қўшилиб қолади. Қўшимча киритиш намозда нуқсонни пайдо қилади. Қолаверса, тўртинчи ракъатни учинчи деб ўйлаб фарз бўлган охирги қаъдада ўтирмасдан қиёмга турар экан, намози бузилади. Шундан келиб чиқадики, бундай ҳолатда намозни қайта ўқиш намозни бекор қилиш эмас. Чунки намозни мукаммал адо қилиш намозни бузиш ҳисобланмайди. Бу ҳолатда намозни комил қилиш эса намозни янгидан бошлаш билан ҳосил бўлади. Энди имом Шофеъий далил қилиб келтирган ҳадисни шундай тушуниш тўғрироқ: намозда бундай шубҳанинг туғилиши кимдадир бир неча марта воқе бўлса ва аниқ неча ракъат ўқигани хусусида бир қарорга келолмаса, камроғига амал қи-лаверади. Адашиш биринчи марта содир бўлаётган бўлса, биз ривоят қилган далилга кўра, намозини қайта ўқийди. Агар бу ҳол кўп марта такрорланаётган бўлса, зоҳир ривоятга кўра, аниқ неча ракъат ўқиганини чамалаб кўради, чамаси қайси томонга кўпроқ оғса, намозини шунга биноан адо қилади.
Ҳасан Абу Ҳанифадан қилган яна бир ривоятга кўра, намозда неча ракъат ўқилгани хусусида иккиланиш пайдо бўлганида камроғига амал қилинади. Юқорида ривоят қилганимиздек, имом Шофеъий ҳам шу қарашда эди. Аслида, тахмин қилишдан бошқа йўл қолмаганида тахминга юз тутилади. Бу ерда эса унга зарурат йўқ. Чунки бу озроғини олиб, тахминсиз ҳам аниқликка етиш мумкин бўлган ҳолат. Бу ўринда тахмин қилишга ҳожат йўқ.
Биз айтамизки, бир киши намозни уч ракъат ёки тўрт ракъат ўқигани хусусида шубҳага борса ва аниқ неча ракъат ўқигани хусусида бир қарорга келолмаса, тахмин қилади, тахмини кўпроқ томонга биноан намозини давом эттиради. Бунга далилимиз Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар алайҳис-саломдан ривоят қилган ҳадисидир: «Бирортангиз намозини уч ракъат ё тўрт ракъат ўқиганини билолмаса, чамаласин ва тахмини кўпроқ томонга биноан намозини давом эттирсин». Чунки бу ҳолатда у узрли бўлиб қолди, шубҳани аниқлаштирадиган бирорта далил унда йўқ эди. Бирорта далил мавжуд бўлмаган бундай вазиятда, худди қиблани аниқлаш масаласида бўлгани каби, тахминий қасд қилиш далил ўрнига ўтади. Бундай ҳолатда намозни қайтадан ўқишга ҳам сабаб йўқ. Акс ҳолда, бу адашиш иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳоказо марта такрорланиши, оқибатда намозни қайта ўқиш ниҳоясиз давом этавериши мумкин. Тахмин қилиб ўқишга зарурат бўлганида камроғига амал қилишга ҳам сабаб йўқ. Чунки бу йўл ҳам зиммадаги намозни комил адо қилишга олиб бормайди. Юқорида айтилганидек, бундай йўл тутилса, ё ортиқча нарса фарзга қўшилиб қолади, ё намоз бузилади. Имом Шофеъийнинг келтирган далили шундай бир ҳолат учунки, намозда неча ракъат ўқиганида шубҳаланаётган киши тахмин қиляпти, лекин тахмини аниқ бир нарсада тўхтамаяпти. Мазҳабимизда ҳам бундай ечим бор: уч ракъат ўқидим-ми ё тўрт ракъатми, деб иккиланаётган киши тахмин қилса-ю, тахминида аниқ тўхтамга келолмаса, камроғига амал қилади.
«Камроғига амал қилади» деган ҳукм қандай суратда амалга оширилади? Масалан, бир ракъат ўқилдими ё икки ракъатми, деган иккиланиш пайдо бўлганида, бир ракъат ўқилган деб эътибор қилади. Икки ракъат ўқилдими ё уч ракъат, деганида эса икки ракъат деб, уч ракъатми ё тўрт ракъат, деганида уч ракъат деган эътибор билан намозини давом эттиради. Биринчи ракъат деб ёки иккинчи ракъат деб ё учинчи ракъат деб эътибор қиладими, камроғига амал қилар экан, буларнинг ҳар биттасида гўё намознинг охирги қаъдасидагидек, «ташаҳҳуд» ўқийдиган миқдорда ўтириши лозим. Чунки охирги қаъда фарз, балки камроғига амал қилиб ўқиётгани охирги ракъат бўлиб қолса-чи?! Мана шу эҳтимолнинг олди-ни олиб, «ташаҳҳуд» ўқийдиган миқдорда ўтирилади. Акс ҳолда, фарз тугамасдан нафлга ўтилиб кетилиши мумкин, натижада намоз бузилади. Шунинг учун ҳам камроғига амал қилар экан, ўша ракъатда намознинг охирги қаъдасидагидек, «ташаҳҳуд» ўқийдиган миқдорда ўтиради.
Ҳаж рукнларида шундай иккиланиш пайдо бўлса, бунинг ҳукми қандай? (Масалан, «тавоф»ни неча марта қилганини унутгани каби).
Уламолардан Жассос зикр қилишича, агар кишида бу кўп такрорланадиган ҳолат бўлса, худди намоз бобида айтилганидек, иккиланаётган нарсанинг биттасини қасд қилади. Зоҳир ривоятда иккиланаётган нарсасининг биттасини тахмин билан аниқлаштириб, аниғини олади, дейилган.
Намоздаги иккиланиш билан ҳаж ибодатидаги иккиланишнинг фарқи шуки, ҳажда бир амални зиёда қилиш, рукнни такрорлаш билан ҳаж ибодати бузилмайди. Масалан, тавофни олти марта қилдимми ё етти, дея иккиланган киши яна бир марта тавоф қилиб қўйса, ҳақиқатда олтита қилганми ё еттитами, ҳар икки ҳолатда ҳам аниқлик таъминланади. Аммо намозда бир ракъат зиёда қилинса, агар охирги қаъдада ўтирмаган бўлса, намози бузилади. Демак бундай ҳолатда камроғини олишдан кўра, тахминга суяниб амал қилиш эҳтиёт жиҳатидан кучлироқдир.
Юқорида саждаи саҳвга тегишли намоздаги феъллар ҳақида сўз борди. Намозда феъллар билан бирга зикрлар (айтиладиган сўзлар) ҳам борки, қуйида саждаи саҳвга сабаб бўладиган шундай зикрлар ҳақида тўхталамиз. Улар тўрттадир: қироат, қунут, ташаҳҳуд ва икки қайит такбирлари.
Аввалги икки ракъатда қироатни тарк қилган киши уни кейинги икки ракъатда ўқийди ва саждаи саҳв қилади. Чунки баъзи уламолар наздида, айнан аввалги икки ракъатда қироат қилиш фарз эмас. Балки тўрт ракъатлик намознинг қайси икки ракъатида бўлса ҳам, қироат қилиш фарз. Унутиб вожибни тарк қилган экан, саждаи саҳв қилиш вожиб. Баъзи уламолар наздида эса, айнан аввалги икки ракъатда қироат қилиш фарз. Кейинги икки ракъатда қилинган қироат аввалги икки ракъатда тарк этилган қироатнинг қазосидир. Қироатни аввалги икки ракъатда ёки биттасида тарк қилар экан, демак у билмаган ҳолда фарзни ўз ўрнидан ўзгартирди. Бас, унга саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади.
Агар бир киши аввалги икки ракъатда ё биттаси-да «Фотиҳа» сурасини ёки ҳар икки ракъатда ё биттасида зам сурани ўқимаган бўлса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Чунки мазҳабимизда аввалги икки ракъатда айнан «Фотиҳа» сурасини қироат қилиш вожибдир. Шофеъий раҳимаҳуллоҳ наздида, олдин баён қилганимиздек, фарздир. Шунингдек, аввалги икки ракъатда «Фотиҳа» сурасига яна бир сура қўшиб ўқиш ёки уч оят миқдорида қисқа бир сурадан қироат қилиш ҳам вожибдир. Демак булар тарк этилса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Бу Абу Юсуф ва имом Муҳаммаддан ривоят қилинган.
Махфий намозни жаҳрий ёки жаҳрий намозни махфий ўқиб, қироатнинг сифатини ўзгартириш икки хил ҳолатда: ё имом бўлиб, ё намозни ёлғиз ўқиган ҳолда бўлиши мумкин. Агар имомдан шундай хато ўтса, мазҳабимизга кўра, саждаи саҳв қилади. Имом Шофеъий наздида эса, бу ҳолатда саждаи саҳв йўқ. Сабаби, намозда айтиладиган сўзларни жаҳрий -овоз чиқариб ва махфий — ичдан айтиш қироат рукнининг бир кўриниши бўлиб, барча рукнларда бўлгани каби у ҳам бир суннатдир. Масалан, қаъдада қўл панжасини тизза устига қўйган ҳолда ўтириш суннат бўлгани каби.
Мазҳабимиз уламолари наздида, жаҳрий ўқиладиган намозда овоз чиқариб, махфий ўқиладиган намозда ичдан қироат қилиш имом учун вожиб, бунинг сабабини юқорида баён қилдик. Адашиб жаҳрий намозни махфий, махфийни жаҳрий қилар экан, саждаи саҳв вожиб бўлиши учун неча оят миқдорида адашган бўлиши керак, деган масалада мазҳабимиз уламолари турлича фикр билдирганлар.
Абу Сулаймоннинг «Наводир» китобида зикр қилинишича, бу масалада жаҳрий ва махфий қироат орасида фарқ бор. Агар қироати махфий намозда жаҳрий ўқилса, овоз чиқариб ўқиб юборилган оят кўпми, озми фарқи йўқ, ҳар қандай ҳолда саждаи саҳв вожиб бўлади. Агар жаҳрий намознинг қироатини махфий қилса, масалан, «Фотиҳа» сурасининг ярмидан кўпини ёки «Фотиҳа»дан бошқа суранинг уч оятини ичдан ўқиса, саждаи саҳв вожиб бўлади, агар айтилган миқдордан кам бўлса, вожиб бўлмайди.
Ибн Симоъа имом Муҳаммаддан ривоят қилиши-ча, жаҳрий намозда ҳам, махфийда ҳам уч оят ёки ундан кўпроқ миқдорда адашиб, жаҳрий ва махфийнинг ўрни алмашиб кетса, саждаи саҳв вожиб бўлади, ундан кам бўлса, вожиб эмас.
Ҳасан Абу Ҳанифадан ривоят қилишича, бир оят миқдорда бўлса ҳам жаҳрий намоз махфий ўқилса ёки махфий намоз жаҳрий ўқилса, саждаи саҳв вожиб бўлади.
Абу Юсуфдан шундай ривоят ҳам бор экан, агар махфий ўқиладиган намозда бир ҳарф жаҳрий ўқилса ҳам, саждаи саҳв вожиб.
Абу Сулаймон қилган ривоятнинг далили шуки, махфий ўқиладиган намоздаги махфий қироат жаҳрий ўқладиган намоздаги жаҳрий қироатдан муҳимроқдир. Қаранг, намозни ёлғиз ўқувчи кишига қироати жаҳрий намозда ҳам ичдан ўқишга ихтиёр берилади. Аммо қироати махфий намозда жаҳрий ўқиш ихтиёри унга берилмаган. Агар жаҳрий ўқиса, намозга нуқсон етади ва бу нуқсонни саждаи саҳв билан тузатиш вожиб бўлади. Аксинча бўлса, яъни, жаҳрий ўқиладиган намозни махфий ўқиса, намозга нуқсон етмайди. Лекин бу ҳолатда ҳам уч оят ё ундан кўпроқ миқдорда махфий ўқиса, саждаи саҳв вожиб бўлади.
Ибн Симоъа ўз қарашида Абу Қатодадан қилинган ривоятга асосланади: «Гоҳида Пайғамбар алайҳис-салом пешин ва аср намозларини адо қилар экан, бир ё икки оятни бизга эшиттириб ўқирди». Бу махфий намозда жаҳрий ўқиш мумкинлигини тасдиқлайди ва ўз навбатида жаҳрий намозда махфий ўқиш мум-кинлигини кўрсатади. Чунки бу икки ҳолат ўзаро тенг, ўхшашдир. Кейин ҳадисда махфий қироатнинг жаҳрий қилингани бир ё икки оят миқдорида бўлгани келтириляпти. Бундан ортиғи ҳадисда айтилмаяпти. Демак ҳадисда айтилганидан ошиб кетса, вожиб тарк қилинади, саждаи саҳв вожиб бўлади.
Имом Ҳасан ривоятининг далили Абу Ҳанифанинг «қироатнинг фарзи битта оятни ўқиш билан адо бўлади» деган фикрига биноандир. Бунда оятнинг узун ё қисқалиги эътиборга олинмаган. Демак Абу Ҳанифа наздида, мана шу миқдорда қироатнинг сифати ўзгарса, саждаи саҳв вожиб бўлади. Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад наздларида эса, қироатнинг фарзи битта узун оят ёки учта қисқа оятни ўқиш билан адо қилинади. Шунга кўра, қироат сифатининг ўзгариши мана шу миқдордан ошмаса, саждаи саҳв вожиб бўлмайди.
Бу айтилганлар намозда имом бўлган кишига тегишли эди. Намозини ёлғиз ҳолда ўқиётган киши жаҳрий намозда қироатни махфий қилишга ихтиёрлидир, бунга шубҳа йўқ. Негаки, олдин эслатганимиздек, муқтадийлар имомнинг қироатидан манфаат ҳосил қилишлари учун жаҳрий ўқиш имомга вожиб. Намозини ёлғиз ўқиётган кишида бу мақсад бўлмагани учун жаҳрий намозни ичидан ўқиса ҳам, намозига нуқсон етмайди. Шунингдек, акси бўлса ҳам. Чунки қироатни шовқин-сурон, бекорчи ишлардан сақлаш учун кундуз куни қироатни махфий қилиш вожиб бўлган. Бу жиҳат оммавий адо қилинадиган жамоат намозларида заруратдир.
Намозини ёлғиз ўқиётган киши учун бу зарурат йўқ. Қироатини шовқин-сурондан сақаш учун у махфий ўқишга мажбур эмас. Демак ёлғиз ҳолда намоз ўқиётган киши махфий намозни жаҳрий ўқиса ҳам, вожибни тарк қилган бўлмайди, саждаи саҳв унга вожиб эмас.
Бу масала биз учун янгилик бўлди. Чунки шу пайтгача кўрилган фиқҳий манбаларимизда хоҳ имом, хоҳ ёлғиз ўқувчи бўлсин, махфий намозни жаҳрий ўқиса, саждаи саҳв вожиб бўлади, деб айтилган ва мазҳабимизнинг аксар уламолари шу қарашда эка-нини юқоридаги ривоятлардан билдик. Урганаётган китобимиз мусаннифи Алоуддин Косонийнинг бу масаладаги фикри шу жиҳатдан сал фарқланди. Ҳар ҳолда, мазҳабимиз уламолари орасида мазкур масала юзасидан фикрлар хилма-хиллигига ва ҳар фикрнинг ўзига яраша асоси борлигига гувоҳ бўлдик.
Агар намозхон бир сурани бошлаб, кейин адашиб бошқа сурага ўтиб кетса, фарз ё вожибнинг ўзгариши, вожиб тарк бўлиши каби саждани вожиб қиладиган сабаблар бўлмагани учун саждаи саҳв вожиб эмас. Қолаверса, Қуръондан муайян оятларнигина ўқиш белгилаб қўйилмаган.
Имом Муҳаммаддан ривоят қилинишича, намоз-нинг аввалги икки ракъатининг биттасида «Фотиҳа» сураси икки марта ўқилса, саждаи саҳв вожиб. Чунки «Фотиҳа» сурасини икки марта ўқиш билан ундан кейинги вожиб амал зам сура ўқишни кечиктирди. Агар «Фотиҳа» сурасидан кейин зам сура ўқиб бўлгач, яна «Фотиҳа» сурасини ўқиса, саждаи саҳв вожиб эмас. Бунда гўёки у узунроқ сурани ўқиган бўлади.
«Ташаҳҳуд»ни икки марта ўқиса ҳам, саждаи саҳв қилмайди. Агар рукуъда, саждада ва рукуъдан қад ростлаб қиёмга турган ҳолатида Қуръондан оят ўқиса ҳам, саждаи саҳв вожиб эмас. Чунки бу санодир ва мазкур рукнлар сано ўринларидир.
Витр намозида унутиб «қунут» дуоси ўқилмаса, саждаи саҳв қилинади. Иншаоллоҳ, буни ўз ўрнида зикр қиламиз.
Шунингдек, икки ҳайит намозларида қўшимча такбирлар адашиб тарк қилинса, камайтирилса ё кўпайтирилса, ўз ўрнидан бошқ жойда айтилса, фарз ёки вожиб амални ўзгартиргани учун саждаи саҳв вожиб.
Бошқа фиқҳий манбаларда бу масаланинг давоми ўлароқ келадики, мазкур сабаблар юзага чиқанида саждаи саҳв вожиб, аммо ҳайит намозларидаги шароит тақозосига кўра соқит. Масалан, ҳайит намозида қавм масжид ҳонақоҳлари, айвонлари, ҳатто кўча-ларгача тўлиб кетгани учун имомнинг саждаи саҳв қилаётганидан бехабар қолишлари аниқ. Улкан жамоатнинг бирлигини сақлаш, тартибсизликларнинг олдини олиш учун бу масала шундай ҳал қилинган.
Шунингдек, намозхон охирги қаъдада «ташаҳҳуд» ўқийдиган миқдор ўтирса-ю, «ташаҳҳуд»ни ўқимаса, кейин «салом»дан олдин ёки «салом» берганидан сўнг унутгани эсига келса, «ташаҳҳуд»ни ўқийди, салом бериб, саждаи саҳв қилади. Чунки «ташаҳҳуд»ни қироат қилиш вожиб эди.
Шунингдек, аввалги қаъдада «ташаҳҳуд» ўқийдиган миқдор ўтириб, «ташаҳҳуд»ни ўқимаса ҳам, саждаи саҳв қилиши чиройли саналган. Қоидага кўра, аввалги қаъдада «ташаҳҳуд» ўқимаслик витр намозида «қунут» дуосини ва икки ҳайит намозларида зиёда такбирларни унутиш билан баробардир. Бу ҳолатларда саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Чунки бу зикрлар суннатдир. Уларни тарк қилган билан намозга катта нуқсон етмайди. Демак бу ҳолатларда саждаи саҳв вожиб бўлмайди, худди «сано» («субҳанака» деб бошланувчи зикр) ва «таъаввуз» (аувзу биллаҳи минаш шайтонир рожим) тарк қилингандаги каби.
Бу ҳолатларда саждаи саҳв қилиш чиройли санал-ганининг сабаби, мазкур зикрларни намозда айтиш вожибдир. «Қунут» дуоси ва икки ҳайитдаги зиёда такбирларнинг вожиблиги масаласига келсак, улар ўз ўрнида айтилади.
Аввалги қаъдада «ташаҳҳуд»ни айтишнинг вожиб-лиги Пайғамбар алайҳиссалом ва Оллоҳ улардан рози бўлсин, саҳобалар бу зикрни доим айтганлар.
Аммо булардан бошқа зикрлар — «сано», «таъаввуз», рукуъ ва саждадаги такбирлар, тасбиҳлар тарк қилинганида омма уламо наздида саждаи саҳв вожиб эмас.
Имом Молик айтади: «Агар намозхон учта такбир-ни унутиб айтмаса, саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади, худди икки ҳайит намозида такбирлар айтилма-са, саждаи саҳв вожиб бўлади, деган қоидада айтилганидек». Бизнинг мазҳабимизда бу ҳолатда мазкур қоидани қўллаш нотўғри. Чунки ҳайит намозидаги такбирлар вожиб амал, бу ўз ўрнида зикр қилинади. Саждаи саҳв вожиб амалга тегишли. Рукуъ ва сажда такбирлари эса суннат амал. Суннат амалида йўл қўйилган нуқсон вожиб амал бўлган саждаи саҳв билан ўнгланмайди. Нуқсон етган амални мартабада ундан юқорироқ турувчи амал билан ўнглаш вожиб эмас. Чунки нуқсон мартабада ўзига тенг турувчи амал би-лан ўнгланади. Шунинг учун ҳам вожиб амал атайин тарк қилинса, саждаи саҳв билан ўрнига келмайди. Масалан, аввалги қаъдада ўтирмасдан билган ҳолда туриб кетилса, бу нуқсон саждаи саҳв билан тузалмай-ди. Чунки вожиб амални қасддан тарк этиш билмасдан тарк этишдан кўра каттароқ нуқсондир. Шариат саждаи саҳв амалини билмасдан қилинган хатоларни тузатиш учун белгилаган, қасддан қилинган хатоларни ўнглаш учун эмас. Нуқсон мартабада ўзидан паст турувчи амал билан ўнгланмайди. Шунинг учун ҳам намознинг фарзига нуқсон етса, бу нуқсонни вожиб амал бўлган саждаи саҳв билан тузатиб бўлмайди.
Агар ўнг томонидан аввал чап томонига салом бер-са, саждаи саҳв вожиб эмас. Чунки «салом»да тартиб-га риоя қилиш суннат амаллар жумласидандир. Саж-даи саҳв суннат амалларга тегишли эмас.
Ташриқ кунлари (қурбон ҳайитининг арафа кунидан то ҳайитнинг тўртинчи кунигача) жамоат на-мозларида фарз намозини адо қилиб бўлгандан сўнг айтиш вожиб саналган такбир унутилса, саждаи саҳв вожиб эмас. Чунки бу ерда намознинг ичидаги вожиб-лари тарк қилингани йўқ.
Агар намозхон бир нечта вожиб амални тарк этса ҳам, битта саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади. Баъзи уламолар наздида бу ҳолда ҳар бир тарк этган вожиб амали учун битта саждаи саҳв лозим бўлади. Улар Пайғамбар алайҳис-саломнинг ушбу сўзини далил қилишади: «Ҳар хато учун «салом»дан сўнг икки сажда бор». Чунки ҳар бир хато битта нуқсонни юзага чиқаради, демак ҳар бир нуқсон битта тузатувчини талаб этади.
Биз: бир нечта вожиб амални тарк этса ҳам, битта саждаи саҳв қилиши вожиб бўлади, деган эдик. Бунга Пайғамбар алайҳис-саломдан ривоят қилинган ушбу ҳадис далил: «Намоздаги ҳар бир зиёда ва нуқсонга икки сажда кифоядир». Ривоят қилинадики, Пайғамбар алайҳис-салом намознинг аввалги қаъдасини тарк этганида бир марта саждаи саҳв қилди. Ҳолбуки, бу ерда учта хато содир бўлган эди: қаъдада ўтирилмади, «ташаҳҳуд» ўқилмади, қиём ўрнида бажа-рилмади. Мана шу учта хато учун битта саждаи саҳв кифоя қилди. Саждаи саҳв нима учун нуқсон содир бўлган ўринда адо этилмасдан намознинг охирида қилинади? Сабаби, намозда такрор содир бўлиши мумкин хатоларнинг ҳар бири учун саждаи саҳв қилишга муҳтож бўлинмаслиги учун. Акс ҳолда, саждаи саҳвни намоз охирида қилишнинг маъноси йўқ. Энди ҳадисда айтилган «ҳар хато учун... » деган сўзларни «ҳар битта хато учун алоҳида битта саждаи саҳв вожиб» деб эмас, балки «битта намозда мавжуд бўлган барча хатолар учун битта саждаи саҳв вожиб» деб тушуниш тўғрироқ.
Алоуддин Касоний
"Бадоеус маноеъ"дан
Шайх Алоуддин Мансур таржимаси ва шарҳи