loader
Foto

Сўконғичлик ва сиддиқлик бир бирига тескари экани баёни

Абу Абдуллоҳ деди: Сўконғич ўзбилармондир. Чунки сўкиш таг томир билан қўпоришдир. Агар унинг айтгани амалга ошса, ҳалок қилади. Амалга ошса, ҳаддан ошиш ва ўзбилармонлик ишга тушган бўлади. Бас, у жавр қилувчидир. Жавр қилувчининг шаҳодати - гувоҳлиги ўтмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинишича, сўконғичлар ўзларидаги кўролмаслик, адоват ва жавр туфайли гувоҳ ҳам, шафоатчи ҳам бўла олмайдилар. Чунки уларнинг қалблари раҳм-шафқатдан холидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинадики, у зот демишлар: «Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, бирортангиз, оммага то ўзининг энг яқинига раҳм қилганидек, раҳм қилмагунича жаннатга кирмас».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр ўз қулларидан бирини сўкаётганини эшитиб қолиб, унга ўгрилиб қарадиларда: «Эй Абу Бакр! Сўконғичлар ва сиддиқлар!!! Йўқ!!! Каъбанинг Робби ила қасам!..» дедилар.

Ўша куни Абу Бакр қулини озод қилиб юборди ва у зотнинг ҳузурларига келиб: «Энди қайтармайман, ё Аллоҳнинг расули», деди».

Ҳаким Термизийнинг

Расулллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидаги нодир асллар китобидан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ таржимаси