Россия диктатори Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга туғилган кунида генерал-полковник унвонини тақдим этди. Бу унинг Россия Қуролли кучларининг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери иккинчи бор кўтарилишидир.
Қодиров погонлари ҳақида 4 октябрь куни ўзининг расмий телеграм-канали орқали хабар қилди.
«Сиз билан яна бир хушхабарни баҳам кўрмоқчиман. Россия Президенти менга генерал-полковник унвонини берди. Фармон 709 рақами билан чиқди. Владимир Владимирович бу ҳақида шахсан менга хабар берди ва мени табриклади», - деб ёзди Қодиров.
Шунингдек, у «ҳозирги пайтда» Россия армияси ДХР ва Херсон вилоятида муваффақиятли ҳужум операцияларини амалга ошираётгани, стратегик жиҳатдан муҳим нуқталар ва аҳоли пунктларини «қўлга киритаётгани» ни айтди. У аҳоли пунктлари номини айтмади. Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Бир неча ой давомида Донбассда Россия Федерацияси Қуролли кучларининг жиддий ютуқлари бўлмаган ва Херсон вилоятида Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми натижасида Россия фронти умуман сочилиб кетди.
Қодировнинг қандай хизматлари учун погон олгани ҳақида хабар берилмаган. У ҳарбий операцияларда қатнашмайди. Унинг шахсий армияси ("қодировчилар" деб номланган) эса, кўплаб манбаларга кўра, олдинги чизиқда бўлишни эмас, балки орқада ўтиришни, у ерда НАТО билан қаҳрамонона кураш ҳақида видеофилмларни ёзиб олишни афзал кўради.
Яна бир муҳим жиҳат. Қодиров Россия армияси раҳбариятини Украина фронтларидаги мағлубиятлар учун жуда кескин танқид қилганидан бир неча кундан кейин бу погонларни олди. Чеченистон раҳбарининг унвонини кўтариб, Путин амалда унинг баёнотларини қўллаб-қувватлади ва шу аснода ҳарбийлар билан ўз можаросини кучайтирди. Россия Федерациясининг генераллари ушбу ҳодисани, эҳтимол, шахсий ҳақорат сифатида қабул қилишди.