loader
Foto

Муштумзўр фирибгарнинг дастидан дод!

Қонида сал муттаҳамлик, аперислик бор эканми, бирданига кучайиб, бўйни йўғонлашиб кетди. Энг олдин маҳалладаги ҳамма одамнинг пулини йиғиб олди. “Менда яхши сақланиб туради, зарур бўлганида бераман, сизлар йўқотиб ё ишлатиб қўясизлар” деб лақиллатиб, бор пулларимизни “даранг-дурунг” қилиб очиладиган темир сандиғига босди. Норқўзибойнинг пачка-пачка бели букилмаган, қарс-қурс қиладиган червонларию Мўминжон отанинг нафақага олган “ёғли” пуллари ҳам бир кечада Муштумзўрнинг темир сандиғида ғойиб бўлди.

Кейин маҳалладаги одамларни “дўст-душман”га ажрата бошлади. Ўзига ўхшаган дасти дароз, “керилма ғоз” одамларни ёнига олиб, омади юришмаган, қўли қисқароқ ёки ҳаёти ночорроқ одамларни четлатиб ташлади. Муштумзўрнинг ялтоқи шотирлари нима деса – ҳақиқат, бошқаларнинг гапи “адолатсизлик, маҳалла тартибларини бузиш, белгиланган тамойилларга хиёнат” саналади. Энди қаерда тўй-маҳрака бўлса, ана шу саноқли одамгина таклиф қилинади. Маҳалладошлар пули устидан дамланган ёғли паловларни еб, устидан газли шарбатларни ичиб, “гар-гар” кекириб, тишларини ҳафсала билан кавлаб чиқишади. Пулларини сўнгги тийинигача Муштумзўрга топшириб қўйган “тили қисиқ” ночорлар бу кўргиликларга “ғиринг” дея олишмайди. Деб ҳам кўришсин-чи! Муштумзўрнинг шериклари бир зумда барини маҳаллада “яккамохов” қилиб қўяди.

Ҳай, бу ҳақсизликларга ҳам чидаб, зўравонларга Худодан инсоф тилаб юрувдик. Аммо ҳангомаларнинг зўри кейин чиқди. Ҳамманинг бор пулини қўлга киритиб, маҳалладошларини роса қўрқитиб олган Муштумзўр бошлиқ зўрлар яна бир юзсизлик қилишди. “Мушукнинг кўнгли қийма тилабди” дегандай, энди бутун маҳаллага якка хўжайиндай одамлар хонадонидаги ички икир-чикирларга ҳам бемалол аралашаверадиган бўлиб олишди. Маҳаллада тўлақонли ҳукмдор бўлиш учун беш-олти “гапга юрадиган” оқсоқоллардан ўзларича бир ҳайъат – Бошқариладиган Маҳалла Ташкилоти тузишди. Уйида сал ғишава чиққан одамнинг оёғини ерга теккизмай, идорага судраб чиқишади: “Хўш, нега хотинингнинг айтганини қилмаяпсан, тўшакка таклиф қилса, “касалман” деб бош тортибсан?” Шўрлик минг тавба-тазарру билан кечирим сўраб, бир амаллаб улар дағдағасидан қутулади. Эртасига иккинчи бир одамнинг гирибонидан олишади: “Сенга кўчанинг чап четидан юришни буюрувдик, нега ўнг томонга ўтиб олдинг?” Буниси: “Машиналар тўзитган чангни шамол чап томонга учириб келганидан қочувдим”, деб аранг гап топади. Яна бирини “Нега боланг наша чекаман деса, пул бермай қийнайсан?” дея адабини беришса, бошқасини “Хотинга феодалларча муносабат даври ўтиб кетган, энди этаги тиззадан юқорида туришига, “кўксига шамол тегиши”га чидайсан!” деб дўқ уришади.

Хулласи, улар дастидан ё қочиб, ё кўз очиб бўлмай қолди. Хонадонларда ахлоқ, тартиб, удум, итоат деган нарсаларнинг “уйи куйди”, оилавий  тотувлик анқонинг уруғига айланди. Эр ва хотин бир-бири билан ит-мушук... Болалар оталарига ғаним... Фарзандларига сўзини ўтказа олмай отанинг боши қотган. Оила катталари насиҳат қилай, тарбия берай деса, болалар дарров идорага чопишади: “уйимизда адолат бузиляпти, отамиз (ё онамиз) бизни таъқиб қиляпти!”.

“Ҳай, бу кунлар ҳам ўтар-кетар, кампирнинг куйган ери битар” деб ўзимизни овутиб, ёнган юракларни совутиб юрувдик. Бир куни де, ишнинг янаям “йўғони” чиқиб қолди. Раҳматли бобомларнинг “Киройи кофир шавед, губернатур шавед” деган гаплари бўлар эди. Шуни ҳам тушунмайсанми? “Кофир бўлдингми, энди ҳеч йўқ губернатурликни эгалла” дегани. Муштумзўр бошчилигидаги муттаҳамларнинг иштаҳаси ана шунақа  ҳаккалак отиб кетди: “Зўрмизми, энди бутун маҳаллага зўрлигимизни бир кўрсатиб қўяйлик” деб, ўзига тўқроқларнинг хонадонига “Қоч!” юриши бошлашди. Қани энди қочмай кўр-чи! Бунга сабаб-баҳоналар ҳам осонгина топила қолди: “Ҳусайн мўйлов уйига бомба яшириб қўйибди, эртага у бехос портлаб кетса, бутун маҳалланинг кули кўкка совурилади-ку!” Гулдур-гулдур, ваҳшат-ҳайбат билан пичоқ-болталарини ўйнатиб Мўйловникига кириб келишди. Ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб, бомба тугул, ҳатто унинг суратини ҳам топишолмади. Аммо бундан асло хижолат бўлишмади. Хатоларини яшириш учун Мўйловга сохта айб (“нега мўйловни катта қўйгансан?”) тақаб, ўласи қилиб роса калтаклашди. Кейин уйидагиларни кўчага ҳайдаб чиқиб, бор мол-мулкларини эса ташиб чиқиб кетишди.

Орадан бир ҳафтача ўтиб, талаба ўғиллари билан тор ҳовлисида тинчгина яшаб юрган Усмон чўлоққа навбат келди. “Сан ҳовлингга қизилча экибсан, нима, қизилларга хайрихоҳмисан?” деб уйига ўт тортиб юборишди. Талаба ўғиллари аранг қочиб жон асради. Усмон чўлоқнинг куни битган шекилли, зўравонлар ўлигини ярим тунда бекитиқча кўмиб келишди.

Энди ман санга айтсам, буларга ҳам бир амаллаб, тишимизни тишимизга босиб чидаб юрувдик. Ишлар бундан ҳам расво бўлиб кетди-да, ахир! Бугунга келиб зўравонлар янги “ўйин” бошлаган. “Анқовлар қиши” деган пўписа остида хонадонларда минг йиллардан буён ҳукм суриб келаётган, ҳеч кимга зарари тегмаган, ҳамма кўникиб бўлган тартиб-қоидаларни ўзгартирамиз, деб туриб олишди. Нима учун бунақа қарорга келишди, дейсанми? Э, менданам сўтак, овсар экансан-ку! Каллани ишлат оғайни, манави хомкаллангга сал “заряд”дан юбор. Ҳамманинг пули чўнтакда, “ғиринг” деганни гирибонидан олишга куч етади. Қўлни қаёққа узатса, етиб турибди. Олдинлари мушугини “пишт” дейишга қодирлар ҳам ҳозир зўравонлар билан тиклашишга юраги бетламай, жон олдириб қўйган.

Маҳалланинг ҳамма тан олган энг зўравони, ягона хўжайини бўлиш учун эса ваҳима-қўрқитишни янаям кучайтириш, одамларга ўзининг кимлигини яна бир карра билдириб қўйиш керакми?. “Анқовлар қиши” деган ваҳимали найранг худди шунинг учун ўйлаб топилди. Бир-икки довдир маҳалладош: “Ўғлимни уйлатмоқчи эдим, шунга пулимдан бироз бериб турсангиз” ёки “Ҳадеб бизга дўқ ураверманг, биз ҳам тагли-тугли одамлармиз, насл-насабимиз нақ Худоёрхонга бориб тақалади-я”, дейишга журъат қилгандай бўлувди. Муштумзўр шотирларини ёнига олиб, уларнинг таъзирини беришга астойдил енг шимарди. Бирининг оиласида шунақанги жанжал-тўпалон чиқардики, бечора шикоятчи бошқа маҳаллага кўчиб кетиб аранг жон сақлади. Иккинчисининг хонадонида шунақа бир фитна бошлаб юборишди-ки, айтишларича, ҳозир оила бошлиғи рўзғорининг бутун жиловини болаларига топшириб, ўзи чойхонада тунаб юрганмиш. Учинчи хонадонда ҳам уруш-жанжал тинмай қолди.

Аммо осонгина адабини берамиз деб ўйлашганига қарамай, маҳалланинг Тарвуз кўчасидаги Маъмур кўсага кучлари етмай, ишлари битмай қолди. Уйидагиларни оила бошлиғига қарши қайраб кўришди, аммо бундан ҳеч бир иш чиқмади. Ҳовлисини тошбўрон қилишди, шунда ҳам Маъмур кўса ён беришни ўйламади. “Энди пулларингни музлатамиз, ундан сариқ чақани ҳам ололмайсан!” деб пўписа ҳам қилиб кўришди, Кўсанинг парвосига келмади. Ота ва унинг жангари ўғлини маҳалла судига тортмоқчи бўлишди, лекин бу ҳам фойда бермади. Кўса занғарнинг юраги тошдан ясалганми, Муштумзўр ва унинг «гвардияси» қилаётган зўравонликлар кўсага чивин чаққанчалик таъсир қилмасди. Энди Муштумзўр ва унинг шотирлари Маъмур кўсани маҳалладан бутунлай бадарға қилишнинг қандайдир янги режаларини тузаётганмиш...  

Мана шунақа гаплар, оғайничалиш! Бу муштумзўрларнинг дастидан маҳаллада тинчгина, ўз билганингча яшаб бўлмай қолди. Барча ишингга бурнини суқади улар. Ҳамма нарсангга, ҳатто қандай нафас олиб, қандай чиқаришинггача аралашади. Устидан бирор кишига арз қилай десанг, “Қонунни чиқарувчи ҳам, ижро қилувчи ҳам, хоҳлаган томонимизга бурувчи ҳам ўзимиз, додингни Худога айт”, деб пўписа қилади. Ҳақиқатан додимизни Худога айтишдан бошқа йўл қолмади шекилли, нима дейсан, оғайни?!

Соли сўтакнинг чаққон котиби Шолтой БОЛТОЕВ