loader
Foto

Эҳтиёт бўлинг: Лохотрон. Ўйинларга мутелик сабаблари ва оқибатлари

Уларнинг энг қадимгилари эрамиздан аввалги 3500-йилларга мансубдир. Ўшандан бери, қимор ўйинлари бизнеси олдинга қараб катта қадам қўйди, йилдан-йилга тез бойиб кетишни истайдиганларни ўз қаторига қўшиб борди.

Охирги йилларда бир ўйин тизимининг ўрнини бошқа бир ўйин тизими эгаллаб бораётганини кўриш мумкин. Ўйин автоматлари жойлашган биноларни ёпиш ҳақида қрор чиқиши билан уларнинг ўрнини янги технологиялар эгаллаяпти. Бу тизимнинг жони қаттиқлиги сабаби нимада, нима учун тақиқлар ва қонунлар тегишли натижа келтирмаяпти? Бу саволларнинг жавоби, афтидан, инсон табиатида, унинг таваккал қилиш, қизиққонлик ва жон-жаҳд билан киришиб кетиш хислатларида бўлса керак.

Бироқ ҳамма одамлар ҳам бу дардга мубтало бўлмаган, аҳолининг катта қисми кўнгилочарликларнинг бу тури ортида қандай ёвузлик яширинганини билади ва ундан ўзини олиб қочишга ҳаракат қилади. Лекин шунга қарамай, жон-жаҳди билан ва тез қизиқиб кетадиган ўйинчилар кам сонли бўлсада, бу иш билан боғлиқ бўлмаган ўз яқинларига кўплаб муаммолар туғдиради. Ушбу мақолада муккасидан кетган ўйинчилар психологиясини очиб бериш ва шу тариқа ўта салбий ҳодисаларнинг олдини олиш ва бундай одамларга ёрдам кўрсатиш усулларини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрилади.

Замонавий аддиктологияда (асосан турли қарамликлар масалаларини ўрганадиган илмий фан) инсонинг ўйинларга мутелигини ўрганишга муҳим эътибор қаратилади. Бу балога қарши курашда асосий муаммо шу билан изоҳланадики, ўйинлар бизнеси саноатининг кескин ривожланиши сабабли охирги пайтга келиб бу муаммо олимлар эътиборини жалб қилмоқда. Бунгача ушбу ҳолатга етарлича эътибор қаратилмаган, чунки ўйинга қарамлик кам сонли характерга эга бўлган.

Ушбу муаммога доир махсус адабиётларни таҳлил қилишда қизиқ бир нарса маълум бўди. Барча мутахассислар, психологлар ҳам, психиатрлар ҳам шу борада якдил бир фикр билдирадики, ўйинларга мутелик (махсус адабиётларда – «лудомания» ва «гемблинг») ички табиати бўйича гиёҳвандлик ва сурункали алкоголизм касалликларига тенглаштирилади. Муайян ҳолатларда ўйинларга мутеликни  даволашда психофармакология воситаларига мурожаат қилинади ва бемор стационар даволаш учун психиатрия диспансерига жойлаштирилади.

Уаммо шунда ҳаки, ўнинг аҳволи қанчалик оғир эканлигини ўйинчининг ўзи баҳолай олмайди, ўзини мутлақо соғломман ва ўзимни-ўзим назорат қила оламан деб ўйлайди. Бу фикрлар билан у даволаниш йўлларини ёпади ва йилдан-йилга таназзулга юз тутиб боради. Шу сабабдан асосий эътиборни шунга қаратиш керакки, қимор ўйинларига ортиқча қизиқиш намоён этадиган муайян кишиларга бу муаммо осонлик билан бартараф қилиш мумкин бўлган оддий бир қизиқиш эмас, балки касаллик характерига эга эканлигини етказиш лозим.

Ўйинларга мутелик хавфи нафқат индивидуал, балки ижтимоий характерга ҳам эга бўлиши мумкин. Бу ўйинчи жуда катта миқдорда пул ютқазиб, оиласини ҳам ўсиб бораётган қарз ботқоғига ботқизган ҳолаларда кузатилади. Қоидага кўра, бундай одамларни на уларнинг доимо ютқазиши, на оиласи жиддий молиявий қийинчиликлар ҳис қилаётгани тўхтата олмайди. Кўпинча ўйин учун пул топиш мақсадида ўйинчи қонунларни бузади ва жиноят содир этади.

Ушбу муаммо билан шуғулланувчи етакчи мутахассислар фикрига кўра, ўйинларга патологик боғланиб қолганлик қуйидаги сабабларга кўра ўта долзарб аҳамиятга эга бўлади:

1. Жиддий ижтимоий ва молиявий муаммолар мавжудлиги. Хусусан, ўртачалаштирилган маълумотларга кўра, патологик ўйинчилар орасида: 23 фоизи жиддий молиявий қийинчиликлар ҳис қилади; 35 фоизи ажрашиб кетган, 80фоизи оиладаги ўзаро муносабатлар борасида жиддий муаммолар мавжуд.

2. Ноқонуний ҳаракатлар кенг тарқалган: ўйинчиларнинг 60 фоизи жиноий ишлар бўйича жалб қилинган.

3. Ўз жонига қасд қилиш эҳтимоли риски юқори: патологик ўйинчиларнинг 13 фоиздан 40 фоизгача бўлган қисми ўз жонига қасд қилишга уриниб кўради; 32–70 фоизи (турли баҳоларга кўра) ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлайди.

Маълумотлар В.Д. Менделевичнинг «Аддиктология бўйича қўлланма» китобидан олинган.

Рақамларнинг ўзи ҳамма нарсани айтиб турибди. Агар вақтида чора кўрилмаса, бу муаммо эртами-кечми, билвосита бўлсада, ҳар биримизга дахл қилади. Нима бўлганда ҳам бу муаммо ижтимоий характерга эга.

Умуман олганда, жамият ушбу ҳодиснинг салбий характерга эга эканлигини билади, шу асосида бу фаолият соҳасини тақиқлайдиган ёки чеклайдиган қарорлар қабул қилинади. Бироқ амалда бу қарорлар безбетлик билан риоя қилинмайди, бунинг сабаб нимада? Гап шундаки, талаб таклифни юзага келтиради. Ўйинчиларнинг ўзи ўйин муассасалари очилишни интиқик билан кутади, ҳамма нарсадан азарт қидиршга уринади. Улардан талаб қилинган нарсани лаббай деб тақдим этадиган ва бунда катта пул ишлаб оладиган уддабурон одамлар топилади.

Бу одамларни бошқалардан нималар фарқлаб туради? Қандай қилиб нормал, соғлом фикрлайдиган киши муккасидан кетган ўйинчига айланади? Ушбу муаммони ўрганиш билан банд бўлган мутахассисларнинг фикрига кўра, патологик ўйинчини қуйидаги характер жиҳатлари ажратиб туради: эмоционал беқарорлик; ҳаракатлар импульсивлиги; ўзини назорат қилиш сустлиги; ирода кучи сустлиги; орзу-хаёлларга берилувчанлик юқорилиги; унга ўйиннинг якунини олдиндан кўра билишга ёрдам берадиган «олтинчи» туйғу мавжудлиги; рўй бераётган ҳодисиларни вазият тақозоси билан боғлашга мойиллик; масъулиятни ўз зиммасига ола олмаслик.

Бундан ташқари, ўйинларга мойиллик ижтимоий табиатга ҳам эга, яъни патологик ўйинчилар тарбиясига боғлиқ. Хусусан, қуйидаги омилларни ажратиб кўрсатиш мумкин: боланинг ҳаётида модий бойликларни маънавий бойликлардан устун деб баҳолаш; боланинг эътиборини унинг молиявий имкониятларига қаратиш; бошқалар бойлигига ҳасад уйғотиш, ҳамма муаммоларни пул билан ҳал қилиш мумкинлигига ишониш; ва албатта, ота-оналарнинг ўзи ўйинчи эканлиги.

Ўйинга ундайдиган мотивлар орасида тез бойиб кетиш истаги (87,7 %) катта, бироқ у қониқиш ҳисси (92,3 %) ва жон-жаҳд билан ҳаяжонланишдан (92,3%) ортда қолади. Бундан келиб чиқадики, бойиб кетиш истаги асосий мотив эмас. Қимор ўйинларига интилиш кўпроқ руҳан тушкунликка тушган, кундалик ишлардан, оиладан, яқинлар ҳақида ғамхўрлик қилишдан қониқиш ҳисси олмайдиган кишиларга хос. Яъни кўп ҳолларда бу тоифадаги одамлар ёлғон идеаллар билан яшайди, улар учун шахсий ҳаёт мазмунидаги инқироз хосдир. Бундан ташқари, яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаш жоизки, бу ўйинларни ўйинчи шахс ўзи билмаган ҳолда ирим-чиримларгна ишонадиган бўлиб қолади ва қандайдир ритуаллар (бахтли кўйлак, картани маълум бир тарзда тарқатиш  ва ҳ.к.) ютишга ёрдам беради деб ҳисоблайди. Бу эса жаҳолат сари йўлдир.

Диндорларга келсак, бу муаммони дин ҳаётнинг маъносини тўғри тушуниш имконини бериши, шунингдек, бундай фаолият турини Худо томонидан тақиқлаб қўйилгани ва зарарга келтирадиган нарса тақиқланишини тушунган ҳолда хатти-ҳаракатларнинг кучли тартибга солувчиси вазифасини бажариши ҳисобига бартараф қилинади. Оқибатда – одам ўз хоҳиш-истакларининг моҳияти соғлом эмаслигини тушуниб, уларга эргашмай қўяди.

Қимор ўйинлари билан боғлиқ бўлган ёвузликларни тушунтиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот тадбирларини ўтказиш керак. Ҳар бир кишига камдан-кам ҳолларда кузатиладиган ТАСОДИФИЙ ЮТУҚ матбуотда кенг ёритилиши ва оғиздан оғизга ўтиши, жуда кўп сонли  ҚОНУНИЙ ЮТҚАЗИШлар ҳақида эса жим қолинишини етказиш лозим. Асоснинг ўзига таъсир этиш – одамга унинг хулқ-атвори тартибга солувчисига айланадиган ҳақиқий қадриятлар сингдириш зарур.

Хориж матбуоти асосида

Абу Муслим тайёрлади