2023 йил бошида Бухоро шаҳрида III "Нақшбандия" туризм фестивалини ўтказилади. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Бухоро вилояти ҳокимлиги делегациясининг Малайзияга ташрифи доирасида Жаҳон сўфийлар маркази раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтган.
Жаҳон сўфийлар маркази бош котиби Абдул Карим бин Саид Хадаид билан кечган мулоқот чоғида Ўзбекистонда зиёрат туризми имкониятларини тарғиб қилиш, республикага малайзиялик зиёратчилар оқимини кўпайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Музокаралар натижасида ноябрь ойи бошида Ўзбекистонда ўтказиладиган "Зиёрат туризми ҳафталиги"да иштирок этиш, 2023 йил бошида Бухоро шаҳрида III "Нақшбандия" туризм фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўриш, Ўзбекистон, айниқса, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Термиз шаҳарларидаги зиёратгоҳларни кўриш учун Малайзиядан сайёҳларни жалб этиш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон элчихонаси кўмагида 2018 ва 2019 йилларда Бухорода Малайзия, Индонезия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Туркия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Австралия, АҚШ, Жанубий Африка ва бошқа давлатлардан келган 400 нафардан ортиқ Нақшбандия тариқати издошлари иштирокида "Нақшбандия" сайёҳлик фестивали ташкил этилган.
Малайзия томонига республикада бағрикенглик маданиятини ривожлантириш ва Ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш, зиёрат туризмини янада ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимизда сайёҳлик инфратузилмасини модернизациялаш, тарихий шаҳарларимиз ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилган.
Ўзбекистоннинг ўрта аср олимлари ва мутафаккирларининг илоҳий-фалсафий тафаккур ҳамда бутун Ислом цивилизацияси ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси кенг миқёсда эътироф қозонган. Шу нуқтаи назардан, суҳбатдош Ўзбекистон ҳақли равишда дунёнинг турли бурчакларидан зиёратчиларни ўзига жалб этувчи маскан эканлигини, бироқ арзон нархларда мунтазам тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг йўқлиги мамлакатга келаётган сайёҳлар сонининг ўсишига тўсқинлик қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Жаҳон сўфийлар маркази 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, қароргоҳи Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган нодавлат ташкилоти ҳисобланади.
Маълумки, Нақшбандия — сўфийлар тариқати бўлиб, унинг асосчиси, Бухорода яшаган, Ислом ривожида муҳим ўрин тутган олимлардан бири - Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389) номи билан аталади. Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Индонезия ва Хитой Нақшбандия таълимоти тарафдорларининг асосий марказлари ҳисобланади. Дунёда бу таълимотнинг 60 миллиондан ортиқ издошлари бор. Малайзияда ушбу тариқат вакилларининг сони 250 минг кишини ташкил қилади.