loader
Foto

Толибон хорижий журналистларни ҳайдамоқда

Ғарблик журналист Стефани Глински Афғонистонга кира олмаяпти. Қатор халқаро ахборот воситаларига мақолалар узатадиган Глински тўрт йилдан бери бу мамлакатда эди. Материалларида хотин-қизлар ҳаёти ва ижтимоий масалаларга диққат қаратади.

“Толибон мен билан боғланиб, ҳисобот талаб қилди. Улар мени уйдирмада ҳам айблашди", - дейди Глински 10-октабрдаги твитида.

Толбон журналист билан "WhatsApp" орқали гаплашиб, унинг манбаларини суриштирган. Бироқ журналист уларни бермаган.

“Уларнинг айтишича, энди толиблар ҳаммани жавобгарликка тутар эмиш ва қонунлар ва тартиб бузилса, жазоланар эмиш. Визалар бекор қилинар эмиш ёки Афғонистондан ҳайдаласиз", - дея ёзади Глински.

Толибон "Америка Овози"нинг бу борадаги саволларига жавоб бермайди.

"Foreign Policy" журнали мухбири Лин Одоннел июл ойида ҳибсга олинган. Журналист уни азоблашганини ва видео ҳамда ижтимоий тармоқларда туҳмат ёзишга мажбурлашганини айтади.

Одоннелл "Америка Овози" билан суҳбатда дейдики, Толибон - "ёлғончилар, қотиллар, жиноятчи ва террористлардир".

“Улар бу ишларининг фош этилишини хоҳлармиди? Яна улар тан олиниш илинжида бўлса?", - дея сўрайди у.

Толибонга кўра эса Одоннеллни уларнинг нуфузини тушириш учун ёлғон тарқатган, уларни ялпи жиноятларда айблаган.

Бу йил Толибон покистонлик ва ҳиндистонлик журналистларни ҳам чиқариб юборган.

Британиялик журналист Ивон Ридли йиллар олдин 11 кун Толибон қамоғида ўтирган. Мухбирларга виза бермаслик ҳоллари Ғарбда ҳам кузатилади, дейди у, хусусан АҚШда.

Ридли Афғонистонга бемалол кириб-чиқаётганини билдиради.

“Вазирликларга кира олдим, шунингдек, хотин-қизлар билан мулоқот қилдим", - дейди Ридли.

Айрим толиб сиёсатчилар, масалан, Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний чет эл ахборот воситаларига интервюлар берган.

Толибон ўтган йили ҳокимиятни эгаллаганидан бери кўплаб медиа, хорижлик ва маҳаллий журналистлар мамлакатни тарк этган.

540 ахборот воситасидан 215 таси ёпилган. "Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти аниқлашича, шу кунларда бир пайтнинг ўзида бир неча чет эллик мухбир назоратга олинган.

Толибоннинг асосий баҳонаси, дейди кузатувчилар, у ёки бу журналистнинг гўёки исломга зид ҳаракат қилаётгани ёки мусулмончиликка ҳурматсизлик қилаётгани. Кобулдаги бошқарувга кўра, Афғонистон ҳақида уйдирма тарқатганларга тоқат қилинмайди.

Ҳуқуқ ташкилотлари тобора авж олаётгани бу кампанияни қораламоқда.