loader
Foto

Таҳоратнинг одоблари

Шарҳ: Ушбу ҳадис ила таҳоратнинг одоблари ҳақидаги боб бошланмоқда. Унда уйқудан туриб таҳорат қилмоқчи бўлган одам таҳорат қилишдан олдин сув бор идишни энгаштириб ёки бирорта кичик идиш билан олиб, уч марта қўлини ювиб ташлаши суннат экани баён қилинмоқда. Шу билан бирга, бу ишни нима ҳикматга биноан жорий қилингани ҳам баён этилаяпти. Одам уйқусида қўли қаерларга борганини, нималарни ушлаганини идрок эта олмайди. Эҳтимол, нопок нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Бинобарин, қўли биринчи сувга уриладиган ва бошқа аъзоларини ювадиган бўлгани учун аввал қўлини ювиб олгани маъқул. Шу мулоҳазага биноан, нафақат уй¬қудан турган одамга, балки ҳар бир таҳорат қилувчига аввал қўлини уч марта ювиб олиши тавсия қилинади.

Ҳанафий мазҳаби уламолари поклиги гумон бўлган нарсани уч марта ювиш зарурлигини мана шу ҳадисдан олишган.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Таҳорати йўқнинг намози йўқ. «Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслигини олдинроқ мукаммал ўрганиб чиққан эдик. Энди эса

«Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ», деган жумлани ўрганиб чиқайлик.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу бу ҳадиснинг зоҳирий маъносини олиб, «Бисмиллаҳ»¬ни айтмаган одамнинг қилган таҳорати таҳорат бўлмайди, деганлар.

Бошқа уламолар эса, бу ҳадиси шарифдаги «Бисмиллаҳ»ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати йўқ» дейилгани, «таҳоратининг камоли йўқ», дегани, дейдилар. Бу араб тили қоидаларида, хусусан, ҳадиси шарифларда бор нарса.

Мисол учун, «масжиднинг қўшнисига масжиддан бошқа жойда намоз йўқ» деган ҳадис масжиддан бошқа жойдаги намози комил бўлмайди, дегани экани ҳаммага маълум.

Шунга биноан, «Бисмиллаҳ»ни айтмай таҳорат қилган одамнинг таҳорати комил бўлмайди, савоби тўлиқ бўлмайди. Уламоларимиз, агар таҳоратнинг аввалида «Бисмиллаҳ»ни айтишни унутиб қўйса, эслаган вақтида айтади, дейдилар.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим», дедилар».

Молик ва Бухорий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бизда мисвок қилиш, деб ишлатиладиган истилоҳ, тишни ишқалаб ювиш маъносидадир. Ўша вақтда маълум бир буталарнинг, аниқроғи, арок номли бутанинг учи юмшатилган новдалари билан тиш тозаланган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этмаганларини таъкидлашларидан бу ишга қанчалик аҳамият берилганини билиб олса бўлади.

ўарблик олимларнинг таъкидлашларича, дунё тарихида кишиларни тишни тозалаб юришга биринчи бўлиб амр қилган киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Ҳа, Ислом дини ҳали ҳеч ким тиш ювиш нима эканини билмасидан аввал мусулмонларни тишларини тозалаб юришларини суннати муаккадага айлантириб қўйган эди.

Уламоларимиз таҳорат олган одам мисвок қилмоғи суннати муаккада, деганлар.

Баъзилар бу ишни мустаҳаб, деганлар. Аммо нима бўлса ҳам уни қилишга ундаганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо мисвок қилар эдилар. Вафотлари олдидан ҳам мисвок қилиб турганлари маълум ва машҳур.

Мисвок кўпроқ арок дарахти шохларидан олинади. Олимлар ўша дарахт шохларини кимёвий таҳлил қилиб кўрдилар. Диққат билан олиб борилган кенг кўламдаги илмий ишлардан сўнг ўша дарахтдаги мавжуд моддалар ҳозирги мавжуд тиш маъжунларининг ҳаммасидан кўра тиш ва соғлик учун фойдалироқ экан, деган хулосага келинди.

Ҳозир баъзи ширкатлар арок дарахтидан фойдаланиб, тиш маъжуни ишлаб чиқардилар. Бу ҳам ҳадиси шарифнинг илмий мўъжизаси ҳисобланади.



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир», дедилар».

Бухорий, Шофеъий ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Мисвок ҳадисда айтилганидек, оғизни покловчидир. Оғизни пок тутиш инсон соғлиги учун қанчалик зарур эканини ғайримусулмонлар эндигина тушунишди. Таом еган, турли ичимликлар ичган одамнинг оғзида, тишларида қолган чиқиндилар ўз вақтида тозалаб турилмаса, беморлик ва зарарга сабаб бўлиши энди ҳаммага маълум.

Шу билан бирга мисвок:

«Роббни рози қилувчидир».

Яъни, ким мисвок қилса, тозаликка риоя қилгани, дин-шариатнинг амрини амалга оширгани, мисвок қилиш ибодатини адо этгани учун Аллоҳ таоло ундан рози бўлар экан.

Ислом дини афзаллигини қаранг, инсоннинг ўзи учун ўта фойдали ишни, соғлиги учун керакли ва ҳусни-жамоли учун зарур нарсани бир йўла Аллоҳ таолони рози қиладиган иш қилиб қўйибди. Шариатнинг амрини бажарадиган мусулмонни ҳам соғлик-саломатлигини яхшилаб, ҳам ажру савоб оладиган қилиб қўйибди. Бу ҳолат дунёдаги ҳеч бир тузумда ёки динда йўқ.

Энди бу нарсага ҳаётимизда қандай муносабатда эканимизга бир назар солайлик.

Ҳамма мусулмон ҳам ўз вақтида таҳорат қиладими?

Ҳамма таҳорат қилганлар ҳам мисвок қиладиларми?

Қилишса, мисвок оғизни покловчи, Роббни рози қилувчи эканини англаб етадиларми?

Афсуски, йўқ.

Мисвокнинг ҳақиқатини, ҳадиси шарифдаги руҳини тўла ва тўғри тушуниб, унга амал қилаётганларимиз жуда оздир.

Баъзиларимиз арокдан ёки бошқа дарахтдан мисвок қилиб, уни ёнимиздан қўймай олиб ҳам юрамиз. Ҳар таҳоратда мисвок ҳам қиламиз. Лекин мисвок, деганда ўша чўпни тишга тегизиб қўйиш, деб тушунамиз. Шунинг учун ҳам ҳар таҳоратда мисвок қилсак ҳам тишларимиз сар¬ғайиб юради. Мисвокимиздан ҳадисда кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди.

Баъзи бирларимиз мисвок қиламиз, қилганда ҳам яхшилаб, замонавий воситаларни ишга солиб қиламиз. Тишларимизни иложи борича ялтиратишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу ишни фақат урфни деб, чиройли бўлишни кўзлабгина қиламиз. Мисвокни ибодат учун қилмаймиз, Роббни рози қилиш учун қилмаймиз.

Ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қиладиган бўлсак, биз мусулмонлар дунёда энг оғзи пок, тиши энг тоза ва чиройли, ўзи энг соғ ва бу ишлари учун Аллоҳ таолонинг розилигини олган кишилар бўламиз. Шунинг учун ҳаракат қилайлик.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок қилар ва мисвокни ювишим учун менга берар эдилар. Мен дарҳол аввал ўзим мисвок қилар ва сўнгра уни ювиб, у зотга берар эдим».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо мисвок борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир одатларини баён қилмоқдалар. Бу кўпроқ оилавий шароитдаги ҳолат бўлиб, уни айнан Оиша онамиз ривоят қилишлари жуда ҳам табиийдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак оғиз ва тишларини тозалаб бўлганларидан кейин, тиш тозалагич(мисвок)ни ювиб қўйишни йўлга қўйган эканлар. Бу ҳам шахсий покизалик ишларида ўта муҳим. Инсон тишини ва оғзини тозалаганида унга оғиздаги нарсалар илашади. Ана ўша нарсалардан мисвокни тозалаб қўйиш керак. Чунки улар мисвокда қолмагани маъқул.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвок қилиб юрганлари.

2. Эр ўз хотинига шахсий тозаликка доир ишларни буюриши.

3. Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз муҳаббат ва ҳурматлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан мисвокни олиб, дарҳол ўзлари мисвок қилгач, сўнгра ювишлари шунга далил.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли нарсани табаррук билиш.

5. Эгаси рози бўлса, бировнинг мисвоги ила мисвок қилиш мумкинлиги.

6. Мисвок қилгандан кейин уни ювиб қўйиш. Шунингдек, мисвокни ишлатишдан олдин ҳам бир ювиб олиш.

Биз мусулмонлар бу таълимотларга оғишмай амал қилмоғимиз, болаларимизни ҳам шу руҳда тарбияламоғимиз зарур.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўн нарса фитратдан (соф табиатдан)дир; мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвок, бурунга сув олиб тозалаш, тирноқларни олиш, бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ (туки)ни юлиш, қовуқ (туки)ни қириш, истинжо қилиш ва Мисъаб, ўнинчисини унутдим, оғизни чайиш бўлса керак», деди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Оиша онамиздан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсон учун ўта муҳим бўлган шахсий озодалик ишларига тарғиб қилмоқдалар.

Ўша ўн нарсанинг ичида мисвок қилиш ҳам бўлганидан ҳадис бу бобда келтирилмоқда.

Энди мана шу ҳадис аввалида зикр қилинган «фитрат» сўзининг асл маъносига эътибор қилайлик.

«Фитрат» бизнинг тилимизда «соф табиат» маъносини англатади. Уламоларимиз таърифида эса:

«Анбиё ва Расуллар, мўминлар қадимдан амал қилиб келаётган, худди яратилишларига қўшиб қўйилганга ўхшаб кетган амалларга «фитрат» деб айтилади».

Ушбу ҳадисда шундай фитратда бор нарсалар ўнта экани айтилмоқда. Улар билан танишиб чиқайлик:

1. «Мўйлабни қисқартириш».

Бу иш суннат эканига уламоларимиз иттифоқ қилишган. Мўйлабни эгаси ўзи қисқартирса ҳам бўлади, бошқа биров қисқартириб қўйса ҳам бўлади. Мўйлабни қисқартиришдан мурод лабнинг атрофи кўриниб турадиган қилиб қўйишдир. Ҳанафий уламолар мўйлабни бир йўла олишни тавсия қилганлар. Чунки мўйлаб оғизга тушиб турса, унга илашган чанг ва микроблар таом ва шаробга қўшилиб ичкарига кириб кетса, зарар етказади.

2. «Соқолни ўстириш».

Буни баъзилар соқолга умуман тегмасдан ўстириш, қандоқ бўлса, шундоқ қўйиб юбориш маъносида дейдилар.

Кўпчилик уламолар эса, бир қабзадан ортиғини қисқартирса, томоғи остини олса бўлади, чунки Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу шундоқ қилганлар, дейишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада қандоқ иш тутганлари «Либос» бобида келади.

3. «Мисвок».

Мисвок нималигини юқорида ўтган ҳадисларни ўрганиш давомида билдик. Баъзи бир қўшимча маълумотлар келтирамиз. Мисвок қилиш фақат таҳорат вақтига боғлиқ эмас. Бошқа ҳадисларда намоз ўқишдан олдин, уйқудан тургандан кейин ва бошқа вақтларда ҳам мисвок қилингани айтилган. Шунингдек, таомдан кейин оғизни ча¬йиш ҳам таъкидланган.

Уламоларимиз мисвокнинг фойдалари ҳақида ҳам батафсил гапирганлар. Жумладан, мисвок оғизни тозалаш, Роббни рози қилиш, тишни оқартиришдан ташқари ҳидни яхшилаши, қоматни тўғрилаши, соч-соқолнинг оқаришини кечиктириши, зеҳнни ўткир қилиши, ахлоқни яхшилаши каби фойдаларини ҳам зикр қилганлар.

Ҳофиз ибн Ҳажар розияллоҳу анҳу мисвокнинг ўттиздан ортиқ фойдаларини келтириб ўтган эканлар.

Бугунги кунимиз табиблари эса, мазкур фой-далар рўйхатига мисвокнинг асабга, кўзга, нафас олиш, ҳазм қилиш аъзоларига ва бошқа муҳим нарсаларга ҳам фойдаси борлигини қўшмоқдалар.

4. «Бурунга сув олиб тозалаш».

Буруннинг инсон ҳаётида тутган ўрнини гапириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Шундоқ муҳим аъзони яхшилаб, озода ҳолда тутиш ҳар бир мусулмон учун диний мажбуриятдир. Ҳар таҳоратда бурунга яхшилаб сув олиб, ичкарисига тортиб, сўнгра чиқариб ташлашни уч марта қилиш бор. Бу билан бурунга кириб қолган турли зарарли чанг-ғубор ва микроблар чиқарилиб юборилади ва инсон соғлиги учун муҳим иш амалга оширилади.

Яқинда олимлар бу борада илмий тажриба ўтказдилар. Бунинг учун бир гуруҳ намозхон ва бир гуруҳ бенамоз одамларни, яъни, бурнини доимо тозалаб юрадиган ва тозаламайдиган одамларни олдилар ва уларнинг бурунлари ичини ўрганиб чиқдилар. Намозхонларнинг бурунлари тоза, ичида соғликлари учун зарарли нарсалар йўқлиги маълум бўлди. Бенамозларнинг бурунлари ичидан эса турли микроблар чиқди. Уларни исмлари ва миқдори рўйхатини туздилар. Сўнгра бурнини тозаламайдиганларда мавжуд беморликлар рўйхати тузилди. Бурнини тозалайдиганлар бу беморликлардан фориғ эканлиги аён бўлди. Агар гап чўзилиб кетиши истиҳоласини қилмаганимизда илмий нашрлардан бирида чоп этилган мақолани тўла таржима қилиб, мазкур китобга киритган бўлардик.

Биргина шу мисолнинг ўзидан ҳам Ислом динимиз қанчалик улуғ дин эканини англаб олиш мумкин, деб ўйлаймиз.

5. «Тирноқларни олиш».

Бу ҳам суннат амал. Тирноқни ўстириб юриш яхши эмас. Тирноқни олиш, кийимнинг озодалиги маданият одобининг зарурий шартларидан биридир. Уни ўстириб юриш жуда хунук иш бўлиши билан бирга инсонга кўп жиҳатдан зарар келтиради. Буни ҳар бир одам жуда яхши билади.

6. «Бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш».

Яъни, ўша жойларга кир тўпланиб қолишига йўл қўймаслик. Бу эса бадан поклигига ғоятда катта эътибор бериш аломатидир. Демак, таҳорат ва ғусл қилганда, аъзоларни ювган вақтда эътибор билан, бадандаги ҳеч жойни қолдирмасдан сув етказиб, тозалаб ювиш керак.

7. «Қўлтиқ (туки)ни юлиш».

Бу ҳам суннат амал эканига ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар. Қўлтиқ тукини ўстириб юриш ёмон нарса. Чунки бунда у ерда кир тўпланиши, тер билан аралашиб инсондан қўланса ҳид чиқиб турадиган бўлиб қолиши мумкин. Бу иш турли касалликларга, жумладан, тери касалликларга сабаб бўлиши аниқ.

8. «Қовуқ (туки)ни қириш».

Бу ҳам суннатдир. Эркак ва аёлнинг жинсий аъзоси атрофидаги мўйлар олиб турилмаса кўпгина зарарлар келиб чиқишини тушунтириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Мазкур жойдаги мўйни қириш, юлиб ташлаш ёки бошқа воситалар билан ҳам кетказиш мумкин. Мусулмон одам бу суннат амалига алоҳида эътибор ила қараши лозим.

9. «Истинжо қилиш».

Истинжонинг луғавий ва шаръий маъноларини, унга оид бошқа маълумотларни истинжога тегишли бобда батафсил ўргандик. Бу ерда эса истинжо қилмаслик турли касалликларга, ифлосликка, қўланса ҳид чиқиб туришига сабаб бўлишини айтиб ўтмоқчимиз.

10. Фитратда бор нарсаларнинг ўнинчисига келгач, ҳадиснинг ровийлардан бирлари – Мисъаб розияллоҳу анҳу аниқ эслаб қола олмаган эканлар. Шуни илмий омонат юзасидан, Аллоҳдан қўрқиб очиғини айтибдилар. Уламоларимиз у киши қандай айтган бўлсалар шундоқ нақл қилибдилар. Мисъаб розияллоҳу анҳу ўша ўнинчи нарса– оғизни чайиш экани эҳтимоли кучлилигини ҳам айтибдилар. Дарҳақиқат, оғизни чайиш ҳам таҳоратнинг суннатларидан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таомдан ке¬йин, айниқса, гўштли ва ёғли таомлардан кейин оғизларини чайганлар. Оғизни доимо чайиб, тозалаб юриш қанчалик фойдали иш экани ҳаммага маълум ва машҳур. Шунингдек, вақтида оғзини чаймаслик оқибатида келиб чиқадиган ноқулайлик ва зарарлар ҳам ҳаммага маълум.

Аллоҳга ададсиз шукрлар бўлсинким, шариатимизда соғлигимиз, гўзаллигимиз, саришталигимиз учун зарур бўлган ишларни савоб ҳам оладиган ишимизга айлантириб қўйибди.



Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача (бўлган сув) билан ғусл қилар эдилар ва бир мудд билан таҳорат қилар эдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: «Соъ» – 2,75 литр сув сиғадиган идиш. Бир муд сув эса 0,688 литр бўлади. Демак, Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам камида 2,75 литр сув билан, кўпида 3,440 литр сув билан ғусл қилганлар ва 0,688 литр сув билан таҳорат қилганлар.

Бу ҳадисни таҳоратнинг одоблари бобида келтириш ила таҳоратда сувни иложи бўлса, Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ишлатган миқдорича ишлатсак одобни жойига қўйган бўламиз, дейишдир. Бунда ер юзидаги ҳаётнинг муҳим омили бўлмиш сувни тежаш тарғиботи ҳам бор.

Бир вақтлар «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай¬ҳи васаллам сув ўта танқис жойда яшаганлари учун шундоқ қилганлар», деган фикр ҳам бўлган. Лекин вақт ўтиб, ҳаёт ўзгариши туфайли сув ўта сероб жойларда ҳам муаммолар пайдо бўлмоқда. Ҳатто денгизлар ҳам қуриб қолмоқда. Бу эса каттаю кичик ҳар бир нарсада сувга нисбатан ниҳоятда тежамкор бўлиш заруратини келтириб чиқармоқда.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ратл сув сиғадиган идишдан таҳорат қилар эдилар ва бир соъ ила ғусл қилар эдилар».

Абу Довуд ривоят қилганлар ва:

«Аҳмад ибн Ҳанбал: «Бир соъ беш ратл ва учдан бир ратл бўлади», деганлар», деб таъкидлаганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қанча миқдордаги сув билан таҳорат ва ғусл қилганлари ҳақида сўз бормоқда. Бир ратл сув 408 грамм бўлади. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 816 грамм сув билан таҳорат, бир соъ сув билан ғусл қилганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу бир соъ беш ратл ва учдан бир ратлга тенг, деган эканлар. Бу эса 2176 грамм бўлади.



Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу ўз ўғилларининг:

«Эй бор Худоё, қачонки жаннатга кирсам, жаннатнинг ўнг томонидаги оқ нарсани менга беришингни сўрайман», деяётганини эшитиб қолиб:

«Эй болам, Аллоҳдан жаннатга киритишини ва дўзахдан паноҳ беришини сўра! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Келажакда, албатта, ушбу умматнинг ичида покликда ва дуода ҳаддидан ошадиган қавмлар бўлажак», деганларини эшитганман, дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, Абдуллоҳ ибн Муғаффал ро-зиял¬лоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал ал-Музаний розияллоҳу анҳу Мадинада истиқомат қилдилар. Умар ибн Ҳаттоб халифалик даврларида Басрага Исломдан дарс бериш учун ўн нафар саҳобани юборадилар, уларнинг орасида Абдуллоҳ ибн Муғаффал ҳам бор эдилар.

Бу зот ҳаммаси бўлиб, 43та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан Абдуллоҳ ибн Бурайда, Абу Муаммар, Абдулворис, Ҳусайнул Муаллимлар ривоят қилишди. Бу зот ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 57-санасида Басрада вафот этдилар.

Исломда ота-онанинг болалар тарбияси бўйича масъулиятлари жуда ҳам катта. Ота-она ўз фарзандининг ҳар бир хатти-ҳаракати шариатга мувофиқ бўлиши учун жавобгар. Бу масъулиятли вазифани аввалги мусулмонлар қойиллатиб амалга оширганлар. Мана, ўша аброрлардан бирлари Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу ўз ўғилларининг Аллоҳ таолога илтижо ила қилаётган дуосида суннатга бироз тўғри келмайдиган ҳолатни сезиши билан дарҳол унга танбеҳ бериб, тўғри йўлни кўрсатмоқдалар. Ўғлининг:

«Эй бор Худоё, қачонки жаннатга кирсам, жаннатнинг ўнг томонидаги оқ нарсани менга беришингни сўрайман», деб қилган дуосини ота дуода ҳаддан ошиш, деб баҳолади. Чунки мусулмон одам энг аввало, Аллоҳдан жаннатга киришни ва дўзахдан қутилишни сўраши керак. Аллоҳ таолонинг лутфи карами ила жаннатга киргандан кейин у ернинг мартабалари бу дунёда қилинган амалларга қараб бўлаверади.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу ўғилларига берган танбеҳлари ўз фикрларидан чиққан нарса эмас, балки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига асосланган гап эканлигини билдириб:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Келажакда, албатта, ушбу умматнинг ичида покликда ва дуода ҳаддидан ошадиган қавмлар бўлажак», деганларини эшитганман, дедилар».

Бу ҳадисда покликда ҳаддан ошувчилар ҳақида гап борлиги учун у ушбу бобда келтирилмоқда. Демак, покликда ҳам ҳаддан ошмаслик керак экан. Ҳадд эса шариат кўрсатган чегарадир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-она ўз фарзандларининг ҳар бир ишини шариатга мувофиқ бўлишини кузатиб туриши зарурлиги.

2. Боладан хато содир бўлганда ота-она яхшилик билан тушунтириб, тўғри йўлга солиб қўйиши зарурлиги.

3. Аллоҳдан жаннатдаги маълум нарсаларни эмас, жаннатнинг ўзини сўраб дуо қилиш.

4. Аллоҳдан дўзахга киритишдан паноҳ сўраб туриш кераклиги.

5. Дуода ҳаддан ошмаслик.

6. Покликда ҳаддан ошмаслик.

7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг келажакда бўладиган ишлардан хабар беришлари.

Ушбу ҳадиси шарифдан ўрнак олиб, болаларимизнинг тарбиясига алоҳида эътибор билан қарамоғимиз лозим. Ҳатто уларнинг ибодатлари ва қилаётган дуоларида ҳам нуқсон бўлмаслиги учун ҳаракат қилишимиз лозим экан.

Бизда шу руҳ мавжудми? Кўпчилигимизнинг болаларимиз билан умуман ишимиз йўқ. Уларнинг нима қилаётганлари билан деярли қизиқмаймиз. Дуосидаги хатоси у ёқда турсин, иймонсиз, кофир бўлиб юрса ҳам биз бефарқ қараб тураверамиз.

Ўзимиз ҳам дуода ҳаддан ошмаслигимиз, бошқаларга ҳам бу маънода имкон борича ўз билганларимизни айтиб тушунтирмоғимиз лозим.

Шунингдек, поклик ишларида ҳам ҳаддан ошиб, чегарадан чиқиб, васваса даражасига етиб қолмаслигимиз лозим. Шариатимиз кўрсатган чегарада турсак маъқул бўлади.



Ал-Ҳакам ёки Ибн ал-Ҳакам отасидан ривоят қилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сийдилар, сўнгра таҳорат қилдилар ва фаржларига сув сепдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Аввало, ал-Ҳакам ва у кишининг ўғиллари билан танишиб олайлик:

Ҳакам ибн Суфён ибн Усмон ас-Сақафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатда бўлганлар. Бу зотнинг исмларини аниқлашда бироз ихтилофлар бор. Баъзилар бу ҳадисни Ибн ал-Ҳакам оталаридан ривоят қилганлар, дейишади.

Имом Бухорий ва Ибн Абу Ҳотимлар эса бу ҳадисни Ҳакам ибн Суфён оталаридан ривоят қилдилар, дейишлик саҳиҳдир, деб айтишади.

Таҳорат қилгандан сўнг фаржга сув сепиш ки¬йимнинг устидан бўлади. Бу иш асосан шайтоннинг васвасасини рад қилиш учун маслаҳат берилади. Баъзи одамлар таҳорат қилиб бўлгандан кейин фаржидан сув чиқиб, кийимига текканга ўхшаб, иккиланиб қолади. Ана ўша нарса, сув сепганда йўқ бўлади.

Имом Термизий қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил менга: «Эй Муҳаммад, таҳорат қилганингда сув сепиб юбор. Чунки шайтон фаржни ҳаракатлантиради», деди», деганлар.



Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув васвасасидан сақланинглар», дедилар».

Шарҳ: Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Улуғ саҳоба Убай ибн Каъбнинг куниялари Абу Мунзирдир. Умар ибн Ҳаттоб бу кишини «Сай¬йид ал-муслимин» деб чақирар эдилар.

Бу зот иккита Ақаба байъатида, Бадр ва ундан кейинги ҳамма ғазотларда иштирок этдилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бўлган олти қозининг бири эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умматимнинг қориси Убай ибн Каъбдир», деб марҳамат қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ менга Қуръоннинг Баййина сурасини Убайга ўқиб беришликка буюрди», деб айтдилар.

Убай ибн Каъб Исломга киришларидан олдин яҳудий бўлиб, уларга нозил бўлган китобларни ўқиб чиққан ва ўзлари ҳам китоб ёзар эдилар. Исломга кирганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бири бўлдилар.

Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 164та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан бир нечта кишилар ривоят қилишди.

Бу зот ҳижратнинг 30-санасида вафот этдилар.

Ибн Замра айтдилар:

«Мадинага келсам халқ қўзғалган, шов-шув бўлаётган экан. Нима бўлди, деб сўрасам «Бу шаҳарлик эмасмисан, ахир мусулмонлар ва қорилар саййиди вафот этдилар-ку», деб айтди».

«Валҳон»нинг луғавий маъноси «ўта берилган» деганидир. Демак, шайтонларнинг ичида кишиларни таҳоратда васваса қилишга ўта берилганлари бор экан. Унинг васвасасидан эса таҳорат ва ғуслни бошлашда «Аъузу биллаҳи» ва «бисмиллоҳи»ни айтиш билан, эътиборни ва хаёлни бир жойга қўйиб, турли шубҳали фикрлардан узоқда бўлиш билан сақланиш мумкин.



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир латталари бўлиб, таҳоратдан кейин артинар эдилар».

Икковини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳадисдан таҳоратдан кейин сочиқ билан артинса жоиз эканлиги чиқади. Лекин Пай¬ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам артинмаган ҳоллари ҳам бўлган. Баъзи кишилар шу иккинчи ҳолатни олганлар. Умумий қилиб айтганда, иккиси ҳам бўлаверади.

"Ҳадис ва Ҳаёт"дан